Қайднома

Қидирув

Ўғирлик пайтида қўлга тушган футболчиларни биласизми?

Ўғирлик пайтида қўлга тушган футболчиларни биласизми?

  09.05.2017 00:51
  0
  2724
Ўғирлик пайтида қўлга тушган футболчиларни биласизми?

Москванинг «Локомотив» клуби собиқ ҳужумчиси, шотландиялик Гарри О’Коннор яна бир бор ноқулай вазиятга тушиб қолди - кийимлар дўконидан пиджак ўғирлаганликда айбланди. Championat.com сайти ушбу воқеа баҳона шу каби жиноят чоғида қўлга тушган бошқа футболчилар ҳақида мақола тайёрлади.

Де Хеа ва кулча (пончик), 2011 йил

Ҳозирда де Хеа жаҳоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Аммо «МЮ»даги илк мавсумида испаниялик кипернинг манзилига танқидлар ёғдирилганди. Топ-клубда яхшигина шартномага имзо чеккан 20 ёшли йигитчанинг Манчестердаги дўконда кулчани паққос тушириб, ҳақини тўламагани Англия жамоатчилигининг ҳайратига сабаб бўлганди. Давид мазкур ҳолатга аниқлик киритаркан, инглизчани яхши ўзлаштириб улгурмагани боис сотувчи билан тушунмовчилик юзага келганини таъкидлаганди. Факт шуки, футболчини ташқарига чиқиб кетаётганда ушлаб қолишган. Масала ўша заҳоти ечимини топди. Жазо чораси сифатида Де Хеанинг икки ой мобайнида дўконларга кириши тақиқланди. Таъкидлаш жоизки, дарвозабон тановул қилган кулчанинг нархи бир ярим фунт бўлган.

Абдессадки ва шампунь,2011 йил

Турли даражадаги меҳмонхоналарда тез-тез учраб турадиган ҳолат: тўртта идишдаги шампунь йўқолди, қаватларнинг бирига ўрнатилган сув идиши (кулер) бузилди. Воқеа Германияда рўй бергани боис, дарҳол муҳокамага киришилди. Текширувлар натижасида ҳаммасига Кёльндаги меҳмонхонага жойлашган «Фрайбург» клуби аъзоси Ёсин Абдессадки айбдор экани ойдинлашди. Бино маъмурияти дарҳол клубнинг компенсация тўлаши кераклигини билдирди. Эртасига эса жамоа тартиббузар футболчи билан шартномани бекор қилди.

Кейта ва президент жомадони, 2012 йил

Ўша йили Португалиянинг «Лейрия» клуби жиддий молиявий муаммоларни бошдан кечираётганди - тўрт ойлик маошлар тўланмаётгани боис 16 нафар футболчи навбатдаги турдан ўрин олган «Фейренсе»га қарши сафар баҳсида майдонга тушишдан бош тортишди. Мураббий ёшлар жамоасидан ўйинчиларни жалб этди, аммо бу ҳам етарли эмасди - таркибдан фақатгина саккиз футболчи чиқди. Ўйин «Лейрия»нинг 0:4 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди, жамоани «Атлетико»нинг бўлажак кипери Ян Облак ҳам қутқариб қололмади. Энг қизиқ ҳолат учрашув арафасида рўй берди. Клуб президенти Жоау Бартоломеу олти минг евро солинган чемодан билан ташриф буюрган, баҳс якунлангач, ўйинчилар маошининг бир қисмини тўлашга ваъда берганди. Мутасаддининг айтишича, уни кузатиб юрган ярим ҳимоячи Альфуссени Кейта қўлидан чемоданни тортиб олиб, стадион яқинида аввалдан тайёрлаб қўйган автомобилга ўтириб, жуфтакни ростлаган. Қизиғи, бир неча кундан сўнг клуб расмий сайтида тушунмовчилик юзага келгани, Кейтанинг пулларни ўғирламагани ҳақида баёнот пайдо бўлди. Бартоломеу «Лейрия»ни тарк этди, «айбдор» эса «Бенфика»га қарши кечган навбатдаги ўйинда майдонга тушди. У кейинчалик ҳам маошлар тўланмаётганидан шикоят қилди ва мавсум охирида барибир, клубдан кетди.

Колкер ва пишлоқ, 2013 йил

Москванинг «Локомотив» клуби англиялик Стивен Колкернинг хурмача қилиқларидан ўз вақтида хабар топиб, шартнома имзоламасликка қарор қилди. Маст ҳолда автомобиль ҳайдаган футболчининг Лондон жанубидаги темир йўл станциясида пиёдаларни уриб юборишига бир баҳя қолди. Оқибатда суд 25 ёшли ҳимоячига 755 фунт жарима белгилаб, харажатлар учун яна 99 фунт ундирди. Сумманинг бундай кўриниш олишига сабаб шуки, Стивен аввал ҳам шу каби муаммоларга йўлиққан. Улардан энг кулгилиси 2013 йили рўй берган. Колкер супермаркетдан 300 грамм пишлоқ олиб, ҳақини тўламай чиқиб кетмоқчи бўлган. Воқеа жойига етиб келган полиция айбдорнинг қўлига кишан тақди ва фақатгина оқшом пайти ўғрининг АПЛда тўп сурувчи машҳур футболчи экани ойдинлашди. Стивен жарима тўлаш билан қутулди. Айтиш керакки, ўғирланган пишлоқнинг нархи 1,85 фунт стерлинг эди. Колкер эса ўша пайт «КПР»да ҳафтасига 40 минг маош оларди.

Руни ва сувенирлар, 2016 йил

Уэйн ўз номини Англия футболи тарихига ёзиб улгурган, бироқ у ҳам обрўсига ярашмаган қилиқлари билан омма эътиборини тортди. Жумладан, ўтган йилнинг мартида «МЮ» форварди ноқулай вазиятга тушиб қолди. «Уэмбли» стадионидаги камералар ҳаммасини очиқ-ойдин тасвирга туширган: бокс беллашувига таклиф этилган Руни жанг якунланиши ҳамоно уч дўсти ҳамроҳлигида VIP-меҳмонларга аталган совғалар сақланадиган хонага кирган. Уэйн ҳадяларни кўздан кечиргач, ахлат қутисидан бир пакетни олиб, унга бир нечта сувенирларни жойлаган. Руни видеоёзувдаги шахс бошқа киши эканини таъкидлагач, иш у қадар жиддий тус олмади.

О~Коннор ва кийим,2017 йил

Гарри О~Коннорнинг хатти-ҳаракатларига ҳеч қачон намуна сифатида қаралмаган - 2007 йили «Бирмингем» футболчиси допинг қабул қилганликда айбланди. Яқинда «Локомотив» (Москва) собиқ форварди яна бир марта ғалати воқеа қаҳрамонига айланди. Эдинбург суди кийимлар дўконидан пиджак ўғирлаган О~Коннорга 200 фунт жарима солди. Гарри айбига тўлиқ иқрор бўлгани учун компенсация миқдори унчалик йириклашмади. Аммо кийимни қайтармади ва шу боис яна 700 фунт тўлашга мажбур. Айни пайт Гаррининг мунтазам даромад манбаига эга эмаслигини инобатга олган ҳолда, суд ушбу сумманинг бўлиб тўланишига рухсат берди. Энди О~Коннор муаммодан йироқ юришни истаса, пиджак учун ҳар ой 100 фунтдан ажратади.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.