Қайднома

Қидирув

Сайёрамизнинг 5 нафар «қариликда» «очилган» футболчилари

Сайёрамизнинг 5 нафар «қариликда» «очилган» футболчилари

  09.05.2017 09:50
  0
  6929
Сайёрамизнинг 5 нафар «қариликда» «очилган» футболчилари

Футболни футбол қилган футболчилар анчагина. Улар орасида эса узоқ вақт ўрта тоифадаги ҳисобланган, аммо алал-оқибат кейинчалик «очилиб», кўпчиликнинг тилига тушганлар саноқли. Қуйида мана шундай спортчилар билан танишасиз.

Карлос БАККА

2015 йилнинг ёзида - грекларда дефолт ҳолати кузатилганида, чилиликлар бўлса уйда ўтказилган Америка Кубогидан «томлари кетиб» турган бир пайтда, Карлос Бакка (28 ёшида) 30 млн. евро эвазига «Милан»га ўтди. Агар Бакка мазкур трансфер амалга оширилишидан 3 йил аввал ватанида тўп сурганини, 6 йил олдин эса профессионал бўлганини, ундан ҳам олдин автобус ҳайдагани ва балиқ савдоси билан шуғулланганини эътиборга олсак, ҳаддан ортиқ кўп миқдор, шундай эмасми?!

Кимларгадир ошириб юборилаётгандай кўринар, аммо: форварднинг ёрқин парвози Ольга Смородская сабабчи бўлмаганида умуман амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди. 2011 йилнинг ёзида айнан Ольга Юрьевна нисбатан арзонроқ бўлган колумбияликдан Фелипе Кайседо фойдасига воз кечди. «Энг сўнгги-сўнгги лаҳзаларда, ўша йигит Москвага учиб кетиши лозим бўлган пайтда «Локомотив» вакилига бу  футболчи ёқинқирамай қолди». Трансфер ўша заҳоти музлатиб қўйилди ва «Локомотив» бутун ёз давомида икки ҳужумчини ахтарган бўлса-да, фақатгина Фелипе Кайседо Москвага йўл олди», - деб ҳикоя қилади Юрий Дудь.

Оқибатда, Бакка «Брюгге»да қўним топди (25 ёшида!), 31та гол урди, вице-чемпионга айланди ва лига ўйинчиси совринини қўлга киритди. 1,5 йил ичида унинг баҳоси 5 баравар ошди: «Брюгге» ўз тарихидаги энг яхши шартномага имзо чекди - ҳужумчини 10 млн. евро эвазига сотиб юборди. Испанияда Карлос яна 50га яқин тўп киритди, Европа Лигаси кубогини боши узра кўтарди (икки марта) ва халқаро даражадаги юлдузга айланди, сўнг 30 млн. евро эвазига (28 ёшида!) модалар пойтахтига йўл олди. Ким нима деса десин-у, бугунги «Милан» ўйинини Бакканинг ҳаракатларига мослаяпти, у эса стабил равишда тўп киритишда давом этяпти ва бу голларнинг анчаси класс даражасида.

Жанлука ЛАПАДУЛА

Лападула - бюджети миллионларни ташкил қиладиган кино учун тайёргина сюжет. Тасаввур қилинг: 2015 йилнинг декабрига қадар Sports.ru базаси унинг шахсий тегига ҳам эга эмасди, ярим йил ўтгач эса у «Милан» сафидан жой олди, яна шунча вақтдан сўнг - Италия термасидан. Лападуланинг ёшлиги қийин кечганди: у доимий равишда муштлашар, безорилик қилар ва «Торино» мухлислари даҳасида яшаса-да, «Ювентус» мухлиси эди. 14 ёшида уни «Ювентус» тизимидан ҳайдаб солишди - албатта, кўп бор дарсларни қолдиргани учун, 15 ёшга тўлганида эса отаси билан айтишиб қолди ва кичик укаси Давидни ўзи билан олганча, уйдан чиқиб кетди.

Кейинги 2 йилни ҳаваскор ҳисобланган «Риволи»да ўтказди. Давид ҳам қобилиятли ҳисобланса-да, почтальон бўлиб етишди, Жанлука эса бир йил ўтар-ўтмас тўртинчи дивизиондаги «Про Верчелли» билан шартноа имзолади. Унинг футбол оламини забт этиш йўли 10 йилга чўзилди: 17 ёшида «С2» сериясида дебютини ўтказди, 22га тўлганида эса - «B» сериясида, фақатгина 26га тўлганида - «А» сериясида.

Бу йигитга хос яна бир жиҳат: Лападула 2014 йили (24 ёшида) ҳужумчига айланди, бунгача почтальонлик, официантлик қилди, футбол фаолияти давомида дарвозабон, марказий ҳимоячи, ўнг қанот вингери сифатида майдонга тушди ва фақат шундан кейингина унда гениал даражадаги форвардлик иқтидори борлигини пайқашди. «Мен қўрқмасдим, аммо ўзимни бошқача сезардим. Мени «Женоа», «Сассуоло», «Наполи» ўз сафларига чорлашди. Ўзимга ўзим шундай дердим: 2 йил аввал «Нову Горицу» шарафини ҳимоя қилгандим, нима бўляпти? Кейинроқ «Милан» варианти пайдо бўлди. «Милан»? Бу ерда нимани ўйлаш керак? Менга шартномани беринг, дарҳол имзойимни қўяман, - деб хотирлайди Жанлука Undiciга берган интервьюсида. - «А» сериясига ўтиш учун 6 ой давомида барча дивизионларда ғолиб бўлишимга тўғри келди. Термага чақиришганида эса, мендан бахтли одам йўқ эди. Аммо ўзимни ҳар қачонгидан ҳам енгил ҳис қилардим. Муаммоларим йўқ, демайман-у, аммо уларни енгишни уддалаяпман. Хотиржам бўлдим».

Ян КОЛЛЕР

Гапни Коллер ўсган қишлоқда футбол жамоаси тузиш учун одам етмаганидан бошласак. Ўша пайтларда собиқ Чехословакияда муддатли ҳарбий хизмат сақланиб турган ва Ян 19 ёшга тўлганида барча тенгдошлари сингари армияга чақирилганди. 1992 йили йигитлик бурчини ўтаган Коллер жомадонларини йиғиштирди-да, Прагага йўл олди. У ерда автомарказда механик бўлиб ишлади, бувисиникида яшади. Яшаш мутлақо мумкин бўлмай қолганида эса, қишлоқдаги жамоадошининг уйига кўчиб ўтди.

У ерда куннинг биринчи ярмида эски валютани янгисига алмаштирди, тушликдан сўнг эса ҳаваскорлар жамоаси бўлган «Крчи»да шуғулланди. Ўша кунларнинг бирида уни «Спарта» кўриб қолди ва ўшанда Коллер шериги билан минг йилликнинг буюк аферасини амалга оширди - ярим профессионал клуб бўлган «Сметановой Лготой» билан шартнома имзолади ва ўзини 100 минг кронга пуллади. «Жамоа фанатлари мени куракда турмайдиган сўзлар билан «сийлашар», тинмай ҳуштак чалишарди. Айрим ўйинчилар - айниқса, ўрниларига майдонга тушганларим жиғимга тегишарди. Аммо уларни ҳам тушуниш мумкин эди: болаликларидан мамлакатнинг энг яхши академияларида шуғулланишганди, мен эса карьерамни 21 ёшимда бошлагандим», - хотирлайди Коллер Прагадаги фаолиятига тўхталаркан.

25 ёшга тўлганида Коллер Дортмундга кўчиб ўтди. Бир йилдан сўнг 13 та тўп киритиб, бундеслигада ғолиб бўлди, топ даражасидаги форвардлар қаторидан ўрин олди.

Илия НЕСТОРОВСКИ

Несторовски - Роберт Левандовскийнинг соддалаштирилган нусхаси, деб санаш урф бўлган. Новча ва унча ҳам тезкор бўлмаган йигит ўзига голли вазиятлар яратади. Ҳозир у 27 ёшда ва ҳаммасини уддалашни қойиллатмоқда: Италиянинг бомбардирлар рўйхатига 10та гол билан киритилган - бу «Палермо»нингг жорий мавсумда киритган тўпларининг қарийб ярми, демак.

Илия Несторовски - Жанубий Македония футболи тарбияланувчиси. Карьерасининг дастлабки 3 йилини Прилепскнинг «Победе»сида ўтказди - биринчи лиганинг ўртамиёна жамоасида. 20га яқин гол урди ва Чехияга кўтарилиб кетди. Кейинги 5 мавсумда у ҳақда ҳеч ким эшитмади - Илия 3 бор жамоасини ўзгартирди. Фақатгина Запрешич шаҳрининг «Интер» клуби таваккалга қўл урди. Биринчи йили Илия рақиблар дарвозасини 20 марта забт этди - аммо ҳеч ким буни сезмади ҳам, ахир «Интер» ҳамон 2-дивизионда эди-да. Иккинчи мавсумда эса 24та голни номига расмийлаштирди - клуб биринчи лигага йўл олди, бироқ у билан яна ҳеч кимнинг иши бўлмади. Учинчи йилда эса «Интер» 5-ўринда тўхтади, Илия бўлса ўтган йилги натижасини қайтарди - 25 гол. Термага чақирув ва ҳудудий танилиш.

Бор-йўғи ярим йил аввал Несторовски Хорватия биринчилигида қатнашарди, уни Сицилияга чақирган инсонни эса баъзилар ахмоқ деб ҳам ўйлашади. «Сиздан фарқли равишда мен футболчининг муваффақиятларидан ҳайратда эмасман. Мен бир қарашдаёқ унда Индзагининг иқтидорини пайқаганман. Биз топ-форвард билан муомала қиляпмиз, у туғма бомбардир ва буни ҳозирча кам киши билади. Ҳамма Жованни Симеонени мақтайди. Бироқ мен сизга шуни айтмоқчиман: бизнинг Несторовски сизнинг Симеоненгиздан икки карра афзалроқ», - деганди «Палермо»нинг собиқ президенти Зампарини бу футболчи сотиб олинганидан сўнг боши осмонга етганча. Бугун македониялик - «Палермо»нинг суперюлдузига айланган. Унинг хизматларига «Севилья», «Атлетико» ва ҳатто «Лестер» ҳам қизиқяпти.

Самуэль Дидье БИАНГ

Аср бошида Дидье Бианг шундай ишни амалга оширдики, ҳайратда қолмаган инсоннинг ўзи қолмади - Россияга ўқиш учун келди (20 ёшида!), лекин футболга қизиқиб қолди (22 ёшида!!) ва профессионалга айланди (24 ёшида!!!).

Самуэль Дидье Биангнинг афсонаси қуйидагича. Дидьенинг отаси ўғлига футбол ўйнашни ёшлигиданоқ тақиқлади - бунинг ўрнига ўқиши кераклигини айтди. Дидье обрўли мактаблардан бирига борди ва келажакда учувчи бўлишни мақсад қилди. Битириш имтиҳонидан сўнг хизмат сафаридан келган ота шундай деди: «Сен Россияга борасан». Дидье Краснодарга учди, КубДУнинг математика факультетига ўқишга кирди, талабалардан дўстлар орттирди. Ёшлар ҳафтанинг ҳар жума кунлари футбол майдонини ижарага олишарди. Бир кун келиб улар Дидьени ҳам ўзлари билан футбол ўйнагани олиб кетишди. Камерунликда спортнинг бу турига бўлган иқтидор юзага чиқа бошлади, аммо кеч эмасмикан: бу ёшдан карьерани бошлаш умуман, нормал ҳолми?

Маълум бўлишича, шунақаси ҳам бўларкан: уни «Кубан»нинг ёшлар жамоаси ўз сафига чорлади. Тасаввур қилинг, 16 ёшли мактаб ўқувчилари 23 ёшли қора танли билан бир жамоада тўп суришарди. Бир йиллик машғулотлардан сўнг Хамза Багапов уни маҳаллий «Славянск» жамоасига ўтқазиб қўйди - иккинчи дивизионнинг ўртамиёна клубига. У ерда ҳам Бианг ёмон кўринмади, лекин бир йилдан сўнг хорижликларга лимит ўрнатилди. Натижада, камерунлик ярим профессионал «Немком»га ўтиб кетди - бу жамоада ойига 15 минг рубл, ғалаба учун ҳам яна шунча тўлашарди. Бир ярим йилдан кейин, Олег Долматов футболчини «Кубан»га таклиф қилди - ўшанда жамоа эндигина биринчи дивизионга чиққан ва олға юришда давом этишни ният қилганди. Омад эса қўшалоқ келди: краснодарликлар иккинчи бўлиб финишга етиб келишди, Дидье эса 13та гол киритди. 2004 йилда эса у премьер лигада дебютини ўтказди.

ИЛЁСБЕК тайёрлади.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz