Қайднома

Қидирув

Ўзига хос футболчи Дани Алвешнинг сиз билмаган қирралари...

Ўзига хос футболчи Дани Алвешнинг сиз билмаган қирралари...

  18.05.2017 06:28
  0
  3103
Ўзига хос футболчи Дани Алвешнинг сиз билмаган қирралари...

Бразилиялик ўткир ҳимоячи айни пайт ўзини эрта ҳисобдан чиқариб қўйганлар билан алоҳида ҳисоблашмоқда, гўё. Алвешнинг «А» сериясидаги фаоллигини қўя турайлик, унинг ЧЛ ярим финалида «Монако»га қарши кечган илк ўйинда 2та голга ассистентлик қилганию, жавоб баҳсида ажойиб гол урганининг ўзиёқ «Ювентус» бебаҳо ижрочига эга бўлганидан нишона. Ҳа, бугунга келиб, «Барселона»нинг ушбу қанот ҳимоячиси масаласида қаттиқ янглишгани тўла-тўкис ўз исботини топди. Айтиш жоиз, Дани ажойиб тарихга эга ноёб футболчи саналади.

Қовун ва пиёз етиштириш

Дани Алвеш вақтида эрта азонда, соат 4да уйқудан туриб, қўлига кетмонсимон асбобни олганча отаси ва ака-укалари билан далага йўл оларди. Уларнинг оиласи Жуазейрудан чамаси 30 километр узоқликдаги ўзига хос табиатга эга ҳудудда истиқомат қиларди. Иқлимнинг ўзига хослиги шуки, бу регионда йилнинг ярмида ёмғир-жала сира тинмайди, кейинги 6 ойда эса қуёш жазирамасию, қурғоқчилик ҳукм суради. Шу боис ҳам, бу ерда қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиш доимо катта таваккалчилик ҳисобланган. Яъни деҳконлар бир йил катта даромад олсалар, кейингисида ҳеч вақосиз қолишлари ҳеч гап эмас. Хуллас, ёш Дани Алвеш қовун ва пиёз даласида жавлон урган бўлса, отаси етиштирилган маҳсулотни бозорда сотиш билан шуғулланган. «Ҳа, ҳаётимиз оғир эди, аммо доимо бахтиёрликни ҳис этардик,-дея хотирлайди Дани ёшлик даврини. - Дейлик уйимиз ўта оддий бўлиб, мен бетон каровотда ухлардим. Шунга қарамай, оиламиз аҳил эди, ҳеч нарсадан нолимасдик. Чунки ота-онамиз етарлича қайғуришарди». Алвеш учун даладаги иш чамаси соат 10гача давом этарди. Биринчидан, у мактабга бориши керак эди, иккинчидан, бу вақтга келиб, ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилардики, далада қолиш шунчаки, имконсиз саналарди. Шундай тиғиз жадвалда футбол машғулотига фақат мактабдаги дарслардан кейингина вақт топиларди. Боз устига, Дани профессионал академия эмас, шароитлари ҳаминқадар бўлган оддий даргоҳда шуғулланарди. Хусусан, у ердаги майдон устига тошкўмир хокаси ётқизилганди. Муҳими, бу ҳолат йигитнинг улкан мақсадлар сари қадам босишига халақит бермайди. «Дани 6 ёшидан ўз суратларини уйимиз деворига ёпиштира бошлаган ва келажакда машҳурликка эришиб, кўпчиликка дастхат беришини таъкидларди. Акам доимо шуни хоҳларди»,-деганди футболчининг укаларидан бири.

Аввал кино, кейингина футбол

Тўғри, Алвеш ўша вақт спорт орқали машҳурликка эришиши ҳақида оғиз ҳам очмаган. Чунончи, санъатга иштиёқи баландроқ эди ва бу соҳада танилиш имкониятини юқорироқ баҳолаган. Ҳарқалай, Дани аввалига ўзини кино оламига урган. Мисол учун, Канудус уруши ҳақида суратга олинган фильмда ҳаттоки, эпизодик роль ўйнаган. Бу картина Бразилия ҳукумати ва Алвешнинг жонажон штати - Баияда яшовчи 30 минг аҳоли ўртасидаги тўқнашувлар (1896-1897 йиллар воқеаси) асосида яратилган бўлиб, бўлажак футболчи бир кунлик суратга олиш жараёнидаги иштироки учун 1,5 доллар ҳақ олган. Болакайда футболга чинакамига қизиқиш кейинроқ туғилган. Данининг отаси 30 ёшга тўлгач, мўъжазгина «Палмейрас де Салитра» клубига асос солади. 10 ёшар Дани жамоада энг кичик футболчи бўлсада (шериклари ҳам, рақиблар ҳам ундан анча катта эдилар), ҳудудий чемпионатда барчани бирдек ҳайратлантира бошлайди. У ўша вақт вингер ролини бажарар ёки ҳужумчи ортида ҳаракатланарди. Маълум муддатдан сўнг йигитча шахсий мухлисларга эга бўлади. Ахир миттигина мактаб ўқувчисининг ўзидан катта болаларни енгилгина алдаб ўтишларини кузатиш мароқли эди. Шу тариқа Дани 13 ёшга тўлгач, «Баия» академияга кўчиб ўтади. Эътиборлиси, у таклифга битта шарт эвазига рози бўлади: «Укамни ҳам академияга қабул қиласизлар». Ўз навбатида, ота-онаси иккисига алоҳида квартира олиб бериб, уларни огоҳлантиришади: «Шарт шуки, фақат тўп ортидан югуриш билан чекланмай, ўқишни ҳам давом эттирасизлар. Акс ҳолда, ортга қайтасизлар». Дани бунга жавобан ҳаммаси жойида бўлишига ваъда беради, бироқ ўз сўзи устидан чиқолмайди. Ҳарқалай, онаси май ойида коллежга бориб, ўғлини тополмайди. Сўраб-суриштирганида эса, ўқитувчилар Данининг февралдан буён дарсларда қатнашмаётганини айтишади. Натижада жиддий тарбиявий суҳбат бўладики, Алвеш буни бир умр эслаб қолади. Яна 2 йилдан сўнг Дани қаттиққўл онаси шарафига татуировка чиздиради.

Ўнг қанот ҳимоясига ихтисослаш жараёни

«Севилья» 2003 йили ҳали 20 ёшга ҳам тўлмаган Дани Алвешни сотиб олади. «Баия» унинг учун атиги 550 минг евро олганди. Андалусияликлар орадан 5 йил ўтгач, бразилиялик ҳимоячини «Барселона»га нақ 64,5 баравар (!) қимматига пуллашади - 35,5 миллион евро. Зеро, бу вақтга келиб, Алвеш «ўнг қанот қироли» мақомини олиб улгурганди. Бразилиялик йигит агарда «Севилья»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Хоакин Капаррос билан гаров боғламаганида, эҳтимол, бунчалик ўсишга эришмасмиди? Хуллас, мураббий қанот ҳимоячиси майдон марказидан ўтмаслиги зарурлигини таъкидлайвергач, Дани бу фикрга қарши чиқади. «Нега? Футбол - бу ҳимоя-ҳужум ёки ҳужум-ҳимоя. Бошқа қоида йўқ, қандайдир чеклов ҳам. «Ҳимоявий» атамаси нимани англатади? Бу ҳужумга қўшилмаслик ва дриблинг ишлатмасликни билдирадими? Жин урсин, бунақада футбол жуда зерикарли бўлиб қолади-ку, шундай эмасми? Ҳимоячи ҳужумга ҳисса қўшмаса, ҳужумчи эса ортга қайтмаса, футболнинг маъноси нима? Ғалаба қозониш? Бунинг учун рақибдан кўпроқ гол уриш керак - тамом» - Алвеш фалсафаси шундай. Вақт ўтиши билан унинг бразилча қараши сира ўзгармади. Мисол учун, Дани Испания чемпионатидаги самарали узатмалари сони бўйича тан олинган плеймейкерлар - Месут Озил ёки Анхель ди Мариядан ҳам олдинда. Қаранг, деярли 34 ёшни уриб қўйган Алвеш жорий мавсум ҳаттоки, ЧЛда хавфли вазиятни юзага келтириш масаласида етакчилик қилмоқда. «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри эса баъзан унинг ҳужумга ҳаддан ортиқ даражада берилиб кетишидан юрак ушлаб ўтиради. Муҳими, ҳеч ким Дани ҳимояда бўш эканлигини таъкидлай олмайди. Мисол учун, у мавсум-2014|2015да тўпни олиб қўйиш бўйича Серхио Бускетс ва Хавьер Маскеранодан ҳам яхшироқ кўрсаткичга эришганди: битта ўйинда ўртача - 4,3 марта (Бускетс - 3,7 марта ва Маскерано - 3,6 марта). Дани «Барса»да айниқса, Лионель Месси билан яхши чиқишарди ва бу борада мақтанишдан ҳам тийилмайди: «Жамоада Мессининг гол уришига менчалик кўп ёрдам берган бошқа футболчи топилмаса керак. Леонинг гол уришида энг кўп ассистентлик қилганим - факт. Нафақага чиқсам, одамлар сўрашади - «Ким энг буюк футболчи эди?» Жавоб - «Месси». Яна савол - «Унга ким кўпроқ тўп узатарди?» Жавоб - «Дани Алвеш».

Собиқ хотини - шахсий агенти

Дани Алвешнинг «Монако»га қарши ўйинлардаги эффектли ҳаракатларидан сўнг ҳамма ўша аввалги савол устида қайта бош қотирди: «Барселона» шундай даҳшатли ижрочини нима сабабдан, текинга қўйиб юборган?» Футболчининг ўзи биринчи вариантни кетаётганидаёқ айтганди: «Яхши нарса билан вақтида ва чиройли тарзда хайрлашиш керак». Бу изоҳ таъсирли янграган бўлсада, ҳақиқатга унча мос эмасди. Дани яна 1,5 йилдан сўнг бу мавзуга такроран тўхталди: «Очиғи, мени қадрлашлари ва хизматимга чиндан ҳам, эҳтиёж сезаётганларини ҳис этишни хоҳлайман. Акс ҳолда, кетишни маъқул кўраман. Охирги 3 йил давомида «Барса»дан кетишим хусусидаги хабарлар сира тинмади. Ваҳоланки, клуб менежерлари бу масалада ўзим билан бирор марта гаплашганлари йўқ. Бу - ҳурматсизлик. Боз устига, янги шартнома масаласида фақат ФИФА клубга нисбатан трансфер тақиқи жазосини қўллаганидан кейин оғиз очишди. Бу вақтда музокара жараёнини назорат қилолмасдим. Шу тариқа кейинчалик озод агент мақомини берувчи келишув остига имзо чеккандим». Учинчи сабаб - энг ишонарсизи. Маълум бўлишича, Дани Алвеш ҳамон собиқ хотини Диноранинг агентлик хизматидан фойдаланиб келмоқда. Улар 10 йил бирга яшашган ва икки нафар фарзандлари бор - Даниэль ва Виктория. Эътиборлиси, футболчининг ўнг елкасида ҳалигача собиқ хотинининг татуировка шаклидаги портрети кўриниб туради. Хуллас, Дани ва Динора 2011 йили ажрашган бўлсаларда, профессионал ҳамкорликни тўхтатишмаган ва ўрталарида дўстона алоқалар сақланиб қолган. «Ажрашиш иккимизни ўзаро тушуниб ишлашимиз ва бир-биримизга ҳурмат нуқтаи назари билан қарашимизга заррача таъсир ўтказгани йўқ»,-дейди Динора. Бироқ каталониялик журналистлар Алвеш ва «Барселона» ўртасидаги муносабатлар бузилишида айнан Динорани айблашади. У янги шартнома бўйича олиб борилган музокара жараёни тафсилотларини матбуот орқали достон қилишдан ташқари, «Барса» менежерлари билан учрашувларни атайин ортга сурган ва ошкора равишда бошқа клублар таклифларини кўриб чиққан экан.

Мусиқага ҳам мойил

Дани яна куйлашни ёқтиради ва ҳозирдан бутсаларини михга илгач, мусиқа оламига шўнғишини яширмаяпти: «Ёшлигимда болалар билан гуруҳ тузганмиз, эсимда барча мусиқа асбобларини ўзимиз ясагандик. Ҳозир эса ихтиёримда Compongo продакшн-компанияси бор. Шу аснода Бразилияда янги гуруҳлар очилиши ва уларни ривожланишига ёрдам беряпмиз. Футболдан кетгач, айни шу иш билан кенгроқ шуғулланаман». Айтганча, Дани бразилиялик хонанда Тиаго Матеуш билан бирга қўшиқ ёзишга ҳам улгурган ва бу клипнинг ижтимоий тармоқларда деярли 6 миллион марта томоша қилингани диққатга сазовор факт. «Шундай тушунча бор - кимки куйласа, ўз балоларини ҳавога совуради. Тўғри, атрофимга одамлар тўпланишларини истамайман. Бахтиёрман ва шуни ҳис қилсам, бас. Кўпчилик ўйлаши мумкин - «Яхши маош олганингдан кейин бахтиёр бўласан-да». Йўқ. Дейлик, отам билан қишлоқда ночор яшаганимизда ҳозиргидан кўра, бахтлироқ эдим. Нега? Чунки бу дунё шунчалик бевафо эканлигини билмасдим.  Болаликда буни шунчаки, тушунмасдим. Машҳурлик сени худбин қилади, иккиюзламачи, ёлғончи ва сохта дўстлар даврасига тушасан. Сизга айтсам, машҳурлик ҳеч нарса эмас....». Ҳа, 6 ёшида ҳаммага дастхат улашишни орзу қилган Алвеш эндиликда машҳурлик ҳеч қандай бахт олиб келмаслигини таъкидламоқда.

Кийиниш услуби

Дани Алвеш ҳаётдан лаззатланиб яшашни ҳам ўрнига қўяди. Мана, бир неча йилки, у ёрқин кийиниш услуби билан ажралиб турибди. Қизил пиджак,  жинси шорти, йирик доира шакли бор шим, пуштиранг свитер - уни четдагилар фикри заррача қизиқтирмайди: «Ўз услубимни индивидуал ва жасурлик белгиси сифатида таърифлайман. Кийиниш масаласида биров билан маслаҳатлашмайман. Шунчаки, ўз дидимга мос келган кийимларни танлайман».

Маълумот учун

Даниэль  Алвеш да Силва

Туғилган санаси ва манзили: 1983 йил 6 май, Жуазейру, Баия (Бразилия)

Фуқаролиги: Бразилия, Испания

Бўйи: 171 см. Вазни: 70 кг.

Амплуаси: ўнг қанот ҳимоячиси

Фаолияти: «Баия» (Бразилия) - 2001-2002; «Севилья» (Испания) - 2002-2008; «Барселона» (Испания) - 2008-2016; «Ювентус» - 2016 - ...

Факт. Дани Алвеш Испания чемпионатида 422та ўйин ўтказиб, 25та гол урган. Бразилия миллий жамоаси либосини эса 100 мартадан кўп кийиб, 7та голга муаллифлик қилган.

Sports.ru


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz