Қайднома

Қидирув

Ирисметовга елкадош аёл

Ирисметовга елкадош аёл

  26.05.2017 03:36
  0
  1465
Ирисметовга елкадош аёл

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Жаъфар Ирисметовнинг Россия матбуотига берган интервьюсини ёритгандик. Бу сафар навбат моҳир тўпурарнинг умр йўлдоши Феруза Ирисметовага. Хуллас, «ИнтерФутбол»нинг яқин ҳамкори - SPORTS.uz сайти яқинда Ирисметовлар хонадони бекасини махсус суҳбатга чорлади.

— Феруза, аввало, ўз ҳақингизда гапириб берсангиз: қаерда туғилгансиз, ота-онангиз...?

— Тошкентликман. Онам Сайёра Авлоқуловна  - собиқ муҳандис-иқтисодчи. Айни пайт нафақа гаштини сурмоқдалар. Отам Абдухалил Қаюмович эса профессор, ҳозирда Қишлоқ хўжалик институтида дарс бермоқдалар. Ўзим Москва тадбиркорлик ва ҳуқуқ университетини тамомлаганман. 3 нафар фарзанд онасиман.

— Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишганингизни эслай оласизми?

— Умуман олганда, учрашувимиз тарихи жуда қизиқ. Биз оиламиз билан тоғда, курорт ҳудудда дам олаётгандик. У ерга борганимиздан 4 кун ўтгач, футбол жамоаси ташриф буюрди ва биз турган жойга яқин коттежларга жойлашди. Шу тариқа бўлажак турмуш ўртоғим билан бос­қичма-босқич танишдим. Ўша  пайтлар уяли телефонлар йўқ эди. Шунинг учун Жаъфар акага уй телефони  рақамини берганман. Эътиборлиси, уйга қайтишимиз билан қўнғироқ қилгандилар: рақамни аниқ берган-бермаганимни билиш учун (кулади). Эсимда, гўшакни олганимда, ғоят хурсанд эканликларини яширмаганлар. Мана, шу-шу  биргамиз.

— Хўш, Жаъфар юрагингизни қандай забт этган?

— Бу борада аниқ гап айтолмайману, лекин бу бир боқишда муҳаббат этди. Албатта, кўнглимни чиройли тарзда овлашга ҳаракат қилардилар. Аммо ўта романтик эмасдилар.

— Давом этамиз: қўлингизни қандай сўраган ва қачон турмуш қургансизлар?

— Буниси ҳам қизиқ. Жаъфар ака билан 4 йил гаплашиб юрганмиз. Ҳар куз яқинлашса, ноябрда таътилга чиқишлари ва уйланишларини айтардилар. Лекин бундай бўлмади. 1998 йилнинг февралида «Панатинаикос» билан шартнома тузиш учун Грецияга учиб кетдилар. Орадан ҳеч қанча ўтмадики, телефон орқали тўйга тайёргарлик кўришим кераклигини таъкидладилар. Аниқроғи, 15 кундан кейин қайтишлари ва шу орада ҳаммаси тўйга шай бўлиши зарурлигини тайинладилар. Шунингдек, тўйдан бир ҳафта ўтгач, Грецияга бирга учиб кетишимизни тушунтирдилар. Табиийки, Жаъфар аканинг яқинлари ҳам, биз ҳам шошиб қолдик. Тўғри, белгиланган вақтгача барчасига улгурдик ва 1998 йилнинг 19 март куни тўй оқшоми бўлиб ўтди. Кейин Грецияга бирга йўл олдик.

— Сизнингча, футболчининг фаолияти оиласига нечоғли боғлиқ?

— Ўйлайманки, ҳаммада бўлгани каби футболчи учун ҳам оила муҳим ўрин тутади. Ахир футболчи оиласи тинч бўлсагина машғулотлар ва ўйинларда хотиржам ишлайди, акс ҳолда...

— Дейлик, сиз муҳим ўйинлар арафасида турмуш ўртоғингизни қай тариқа қўллаб-қувватлардингиз?

— Нафақат муҳим ўйинлар, балки ҳар қандай ҳолатда Жаъфар акага далда бўлишга уринганман. Мисол учун, учрашувлардан олдин болалар дадаларининг яхши дам олишига халақит бермасликларини таъминлардим. Яна жўнашларидан олдин кайфиятларини кўтаришга ҳаракат қилардим. Табиийки, кейин омад тилаб ўтирардим.

— Жаъфар Ирисметов фаолияти давомида бир қатор мамлакатларда ўйнаган. Қизиқ, унга доимо ҳамроҳлик қилганмисиз ёки...?

— Қаерда ўйнамасинлар, бизни ҳам олиб кетардилар. Ўз навбатида, бундай чақирувга доимо тайёр турардим. Мисол учун, Жаъфар ака бошқа мамлакатга йўл олсалар, истаган вақт қўнғироқ қилиб, «Эртага чипта ол»,  де­йишлари ҳеч гап эмасди. Тўғри, мудом шундай вазиятларда олдинроқ огоҳлантириб қўйишларини сўрардим. Чунки сафарга ёлғиз ўзим эмас, болалар билан бирга чиқардим.

— Эрингизга қаратилган танқидларга қандай қарардингиз?

— Табиатан жуда ҳиссиётлиман ва шундай вазиятларда асабийлашиб, қаттиқ сиқилардим, қайғурардим. Тўғри, Жаъфар аканинг ўзи мени доимо тинчлантириб, четдан янграйдиган гапларга эътибор беравериш ярамаслигини уқтирардилар. Умуман, эрим менга нисбатан анча хотиржам инсон. Дейлик, танқидларга унча эътибор бермасдилар.

— Турмуш ўртоғингиз ирими...

— Олдинлари ўйинлардан олдин соқол олмасдилар. Деярли барча учрашувларни соқоллари ўсган ҳолда ўтказганлари боиси шу. Умуман, кўплаб футболчилар шу иримга бефарқ эмаслар.

— Ирисметов айни пайт мураббийлик билан шуғулланмоқда. Эндиликда оилада футболчилик давридагига нисбатан кўпроқ вақт ўтказаётгандир...

— Ҳа, олдинлари уйда кам бўлардилар. Болалар ҳам оталарини соғиниб қолишарди. Эндиликда ҳамиша биргамиз ва бундан хурсандман.

— Эрингиз иштирокидаги ўйинларни нечоғли кузатгансиз, стадионга ҳам борармидингиз?

— Имкониятга қараб, барча ўйинларини кўришга ҳаракат қилганман. Стадионга болалар билан бирга борардик.

— Кўплаб қизлар футболчининг рафиқаси бўлишни исташади. Чунки тушунчага кўра, футболчи кўп маош олади ва унинг турмуш ўртоғи ишламай, уйда ўтирса бўлаверади. Бунга муносабатингиз қандай?

— Тўғриси, бизда футболчилар даромади унча катта эмас. Кўпчилик хориждаги футболчилар маошига қараб, баҳо беради.

— Фарзандларингиз ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

— Тўнғич ўғлимиз Зафар коллежда таҳсил оляпти ва бу йил олий ўқув юртига киришни мақсад қилган. Ботир ва Амир эса айни пайт футбол билан шуғулланишмоқда. Албатта, ҳар бир футболчи фарзанди ўз йўлидан боришини истайди. Жаъфар ака ҳозир айниқса, Ботирнинг маш­ғулотларини назорат остига олганлар. Айтишларича, шу ўғлимиз футбол бобида анча иқтидорли. Нима дердим, Ботирнинг келажакда яхши футболчи сифатида танилишидан умидвормиз.

Жаъфар ва Ферузанинг оила қуришганига 23 йилдан ошди. Улар айни пайт 3 нафар ўғил фарзандни тарбиялашмоқда.

Земфира Яблокова суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz