Қайднома

Қидирув

Тите: «Неймарнинг ўзи терма жамоа сардорлигидан воз кечган»

Тите: «Неймарнинг ўзи терма жамоа сардорлигидан воз кечган»

  28.05.2017 02:53
  0
  1255
Тите: «Неймарнинг ўзи терма жамоа сардорлигидан воз кечган»

Бразилия терма жамоасининг ЖЧ-2014дан кейинги таназзул ҳолатидан чиқиб кетишида янги бош мураббий Титенинг хизматлари катта, албатта. Қисқа вақтда «пентакампеонлар»га аввалги важоҳатни қайтарган мутахассис France Football мухбирининг интервью масаласидаги илтимосини ерда қолдирмай, ўз лақабининг қай тариқа пайдо бўлгани, фаолияти, Роналдо билан муносабати ва Неймарни нима учун сардорлик вазифасидан озод этгани хусусида гапириб берди.

- Тите лақабини Луиз Фелипе Сколаридан олганингиз ростми?

- Ҳа, лекин бу соф тасодиф. Ўша вақт 14 ёшда эдим ва мактаб жамоасида тўп сурардим, Сколари эса «Кашиас» профессионал клубида ўйнарди. У шунинг баробарида жисмоний тарбия ўқитувчиси сифатида ишларди. Сколари бир куни мени ҳам кўрикка чорлади. Асли исмим - Аденор. Жамоамизда эса Тите исмли менга ўхшаган ярим ҳимоячи тўп сурарди. Хуллас, устозимиз болаларни мураббийларга таништириш чоғи янглишиб, мени Тите, дея чақирди. Шу-шу бу лақаб ажралмас ҳамроҳимга айланди.

- Болалигингизда кимга кумир сифатида қарагансиз?

- Фалькаога. Ярим ҳимояда тўп сурган бу футболчининг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ эди. Қисқаси, ўрнак бўлишга арзийдиган ижрочи саналарди.

- Футболчилик фаолиятини тугатгач, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида иш бошлагансиз. 39 ёшда эса «Кашиас»ни мустақил бошқариб, Рио-Гранде-ду-Сул штати биринчилигида «сенсацион» ғалабага эришгансиз. Худди «Лестер»нинг АПЛдаги зафари каби...

- Ҳа, айнан шундай. Зеро, ҳам савия, ҳам молиявий томондан биздан кучлироқ саналган камида 3та жамоа ғолибликка даъво қилганди: Роналдиньоси бор «Гремио», «Пармалат»дек қудратли ҳомий тасарруфидаги «Интернасьонал» ва «Жувентуде». Очиғи, чемпионат арафасида кучли тўртликдан жой олишни юксак натижа, деб ҳисоблаганмиз. Муваффақият сири? Менга клубда 2 йил бемалол ишлаш имкониятини беришгани! Бу Бразилия учун узоқ муддат.

- Кейин «Интернасьонал»ни бошқардингиз ва бир вақтнинг ўзида 4 нафар марказий ҳимоячини майдонга туширишингиз эътиборни тортди.

- Бу ғоя Фабио Капелло давридаги «Ювентус» ўйинларини таҳлил қилиш жараёнида туғилди. Турин клуби 4-2-2 схемасида ўйнарди. Жамоанинг ўнг қанот ҳимоясида ким тўп сурганини биласизми? Лилиан Тюрам. Аслида у марказий ҳимоячи эди. Қисқаси, италияликларга хос ҳимояланишнинг сир-асрорларини эринмай ўрганиб чиқдим ва 3 йилдан кейин «Интернасьонал»ни шу услубда шакллантирдим. Боливар исмли марказий ҳимоячи ўнг қанотда ўйнашга кўниб, мен учун Тюрам бўлди. Муҳими, шу тариқа Жанубий Америка кубогини қўлга киритдик.

- «Коринтианс»ни қабул қилганингизда, афсонавий Роналдо шу жамоада ўйнарди.

- Шартномага имзо чеккач, хаёлимдан бир фикр ўтди: «Қаранг-а, энди «феномен» устозиман!» Узукка кўз қўйгандек мос тушган тахаллус. Ҳаттоки,  жисмоний ҳолати талаб даражасида эмаслигида ҳам, тиззаси шикастланган ҳолда ҳам Роналдуга тенг келадигани топилмасди. У бошқалардан тезроқ фикрлар, ажойиб тўп узатиш қобилиятини усталик билан ишга соларди. 3 марта тўпга тегиниш билан эса битта ўйин тақдирини ҳал қиларди-қўярди. Биринчи тегиниш - гол! Иккинчи тегинишдан кейин трибуналар ҳайратдан ёқа ушларди. Учинчисида тўпни ўта қулай вазиятдаги шеригига аниқ ва вақтида узатарди. Ҳа, Роналдо билан ҳамкорликдаги иш мислсиз роҳат бағишлаган.

- 2014 йили танаффус олиб, Европага йўл олдингиз. Бу орада мураббийликка оид қарашларингиз ўзгардими?

- Ҳа. «Кўҳна қитъа»да етакчи клублар ўйинларини кузатдим, масалан, «Манчестер Сити» - «Барселона» тўқнашувини. Шунингдек, Карлос Бьянки («Атлетико»нинг собиқ бош мураббийи) билан соатлаб баҳслашдим, Карло Анчелотти бошқарувидаги «Реал» машғулотларини кўрдим. Кейин барчасини таҳлил қилиб, ўз қарашларим билан таққосладим. Якунда якдил хулоса чиқардим - менинг жамоаларим янада ҳужумкорроқ футболга таяниши керак. «Коринтианс»га қайтгач, услубга тегишли ўзгаришлар киритдим ва ўйинимиз сифати ва самараси анча ошди.

- 2016 йили терма жамоада Дунга ўрнини эгалладингиз. «Коринтианс»даги шогирдингиз Пауло Андренинг айтишича, Дунгадек ҳалол инсоннинг  конфедерациядаги коррупционерлар босими остида ишлашга мажбур бўлганидан афсусланган экансиз...

- Таклифни қабул қилишда роса иккиланганим рост. Узоқ вақт ўйладим, мулоҳаза қилдим. Аввало, конфедерация режалари билан танишишим лозим эди. Қолаверса, қай даражада мустақил иш юрита олишим муҳим саналарди. Тўғри, кўтаринки кайфият ҳам йўқ эмасди. Зеро, ниҳоят, орзуларим рўёбга чиқиб, футболимиз ривожига бевосита ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлгандим, ахир.

- Неймарни сардорлик мақомидан маҳрум этиш яхши қарорларингиз қаторидан ўрин олмаса керак...

- Бу  меники эмас, унинг қарори. Неймарни Олимпиада олтин медали билан муборакбод этганимда, у шундай деди: «Устоз, энди сардорлик қилишни истамайман».  Шунда вазиятни юмшатишга уриндим: «Майли, ҳозир байрам, бу масалани кейинроқ ҳал қиламиз». Неймар эса кулиб қўйди. Лекин қарорини ўзгартирмади.

- Футболни кўпинча боксга қиёслайсиз. Нима учун?

- Футболни баскетболга таққослаш ҳам мумкин. Иккиси ҳам тўп билан ўйналади. Боксга келсак, бу спорт тури маълум суръатни бир маромда ушлаб туришни тақозо этади. Шу йўсинда куч тежалади. Буни илмий жиҳатдан исботлашган. Ўйинни сен бошқарасан, ўнгдан, кейин чапдан зарба. Ниҳоят, марказдан аниқ зарба ва - нокаут! Футболда ҳам шундай.

Ҳ.АТАВУЛЛАЕВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz