Қайднома

Қидирув

Фёдор Смолов: «Энг эсда қоларли голни Конфедерациялар кубогида нишонлашдан умидворман»

Фёдор Смолов: «Энг эсда қоларли голни Конфедерациялар кубогида нишонлашдан умидворман»

  05.06.2017 03:37
  0
  870
Фёдор Смолов: «Энг эсда қоларли голни Конфедерациялар кубогида нишонлашдан умидворман»

«СЭ» нашри ўз одатига кўра, мавсум якунлари бўйича кенг миқёсли сўров ўтказди. Россия премьер-лигасида иштирок этган 16та жамоанинг нақ 176 нафар футболчиси берган овозлар ҳисоб-китобига асосан, «Краснодар» ҳужумчиси Фёдор Смолов кетма-кет иккинчи марта мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Рус ҳамкасбларимиз «Темирни қизиғида бос» мақолига амал қилиб, дарҳол экспресс-интервью уюштирдилар. Ваҳоланки, Россия элит лигасининг 2 карра энг яхши тўпурари ва энг яхши футболчиси чемпионат тугагач, дарҳол Парижга йўл олганди, албатта, таътил учун.

- «Спартак» чемпион бўлди, унинг таркибида Промес, Глушаков, Зобнин, Фернандо кабилар ўзларини кўрсатишди. Аммо ҳамкасбларингиз энг яхши футболчи сифатида яна сизни танлашди. Кетма-кет иккинчи марта бош лауреатга айланганингиздан «шок» ҳолатига тушгандирсиз...

-  Нега энди «шок»ка тушишим керак?! Ахир яна еврокубок йўлланмасига эга чиққан жамоада тўп сурдим. Қолаверса, кетма-кет иккинчи мавсум мамлакатнинг энг яхши тўпурари бўлдим. Йўқ, ортиқча ҳайратланиш ноўрин. Фақат алоҳида айтишим керак, бу эътироф жуда ёқимли. Айниқса, ҳамкасблар берган овозлар бўйича тан олиниш икки ҳисса ғурур уйғотади.

- Ўз анкетангиз: 1. Смолов; 2. Фернандо; 3. Промес. Демакки, 1-ўринга ўзингизни қўйгансиз... Кўпчилик олдида худбиндек кўриниб қолишдан чўчимадингизми?

-  Аслида кучли учликни ҳазил тариқасида шундай тузгандим, бироқ кимлардир «танлов»имни жиддий қабул қилдилар, шекилли. Нима дердим, бу энди менинг муаммом эмас... Манманлик масаласига келсак, фақат ўзини ўйлайдиган кишилар тоифасига кирмаслигим аниқ. Агар ростини айтсам, «Краснодар» билан хайрлашадиган Володя Бистровмени шундай овоз беришга ундаганди. Очиғи, унинг хоҳишига қарши боролмадим (кулади).

 - Смолов - Россия премьер-лигасининг энг яхши тўпурари, «Краснодар» - ЕЛ йўлланмаси соҳиби. Ҳаммаси  зўр, аммо олдинроқ ҳам бунақаси кузатилганди. Аниқроқ гапирсак, атиги 1 йил аввалги ҳолат такрорланди. Хўш, олдинга қадам ташлаш ўрнига бир жойда туриб қолгандек бўлмаяпсизми? Тўғри, бу жой анча баланд, албатта.

- Россия чемпионатида бош тўп-урарга аталган соврин ютиш асносида эътиборга тушишни орзу қиладиган футболчилар жуда кўп. Шунингдек, чамаси  10та жамоа борки, улар кучли тўртликка киришдан бағоят хурсанд бўларди. Агар жиддий гапирсам, клубимизнинг объектив савияси шу ва энг юқори ўрин учун курашиш йўлида барча йигитлар ўз ўйинларини кучайтиришлари шарт. Муҳими, ўсиш учун имкониятлар етарли: шахсий янги стадион, ақлга сиғмас даражадаги академия, имидж... Умуман, «Краснодар» бутун мамлакатда тобора танилмоқда.

- Промес ва Глушаков «Инстаграм» тармоғи орқали сизни тўпурарлар пойгасидаги ғалаба билан алоҳида табриклашди. «Спартак» бош мураббийи Каррерадан эса бошқа клубларда ўйнаган футболчилар орасида энг яхшисини айтишини сўрашганида, у дарҳол фамилиянгизни тилга олди. Шу йўсинда «Спартак»ка нисбатан қизиқишингизни орттиришга уринишяпти, шекилли...

- «Инстаграм»даги қутлов ўз йўлига. Қолгани эса суҳбат бошида трансфер ишини муҳокама қилмаслик хусусидаги келишувимизга тўғри келмайди.

- Билишимизча, 10 миллион еврога тенг йиллик маошни ўз ичига олган Хитой клублари таклифи ҳамон кучда экан. Ҳаттоки, хитойлик журналистларга интервью ҳам берибсиз - нима учун?

- Хитойликлар ҳолу жонимга қўйишмаяпти! Titan Plus нашрига берилган интервью? Хўш, миллиардлаб аудиторияга эга медиа билан нега гаплашиб кўрмаслигим керак?!

- Конфедерациялар кубогида миллий жамоанинг қайси позициясида қандай футболчилар қуршовида ўйнашингиз мумкин, бу борада тушунчангиз борми?

- Тушунарлики, ҳаммаси тактик услуб ҳамда мураббийларга боғлиқ. Ҳарқалай, мен футболчиман ва асосий мажбуриятим айнан мураббийлар кўрсатмаларини бажариш.

- Кокорин, Мамаев ва Шатов Конфедерациялар кубоги «заявка»сидан четда қолишди. Нима, улар жамоага наф беролмайдиларми? Сизнингча, Кокорин ва Мамаевни спорт нуқтаи назари туфайли олишмаганми ёки бунда Монте-Карлодаги кўнгилхушлик кечаси таъсири бор?

 - Албатта, Шатов ва Мамаев билан мунтазам гаплашиб тураман ва улар учун қайғуряпман. Чунончи, аниқ биламан, иккиси ҳам терма жамоада ўйнаш орзусида эди, бироқ мураббийлар бошқача қароррга келишди.

 - Ўзи Россия терма жамоасига аввалига фуқароликни қабул қилиб, кейин ҳал қилувчи паллада бурнини даволатиш учун тарихий ватанига учиб кетадиган хорижлик футболчи керакми?

- Бу саволни миллий жамоамиз раҳбарияти олдига қўйиш ўринлироқ. Фақат шуни айтишим мумкин, Мария яхшигина ўйинчилик сифатларига эга ва Россия термасини кучайтиришга қодир, хусусан, энг юқори даражада ҳам. Футболчининг жароҳатига келсак, бу борада аниқ маълумотим йўқ ва  уни муҳокама қилолмайман. Ўйлайманки, Фернандес позициясида Игорь Смольников муносиб тўп суриш салоҳиятига эга.

- «Инстаграм»да бир қиз билан тушган суратингиз пайдо бўлди. Кўпчилик ҳақиқатни билмоқчи - у ким? Барчани қизиқтираётган яна бир савол: Фёдор Смолов аввалига уйланадими ёки чемпион бўлади?

- Кўрамиз, муносабатларимиздан нима чиқаркин? Оила қуриш биринчи масалами ёки чемпионликка эришиш? Вақт кўрсатади. Ҳозир 2 йилча олдингидек, шахсий ҳаётим эмас, асосан футболни муҳокама қилаётганимиздан хурсандман. Марҳамат, кейинги савол...

- Мавсум-2016|2017 давомида кузатилган қайси 3та воқеани тезроқ унутишни ва аксинча, нималар хотирангизда абадий муҳрланишини хоҳлайсиз?

- Ёқимсизларини унутишга улгурдим (кулади). Эсда қоларли воқеаларга келсак, аввало, голлар ёдимда қолса керак. Айниқса, чемпионат ўйинида «Терек» дарвозасига урилгани. Ахир пенальтидан тўғри зарба бермай, Павел Мамаев билан «комбинация» уюштиргандик. ЕЛ сафар ўйинида «Ницца» дарвозасига йўлланган гол эса еврофутбол ўлчамлари бўйича жуда чиройли чиқди, менимча. Яна Гана термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида урган голим жамоамизга янги мураббий қўл остидаги илк ғалаба (1:0)ни тортиқ этгани билан аҳамиятли. Айтганча, миллий жамоамиз учун мавсум ҳали якунлангани йўқ ва энг эсда қоларли голни Конфедерациялар кубогида нишонлашдан умидворман.

А. АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz