Қайднома

Қидирув

Бу ўша «А» сериясими?

Бу ўша «А» сериясими?

  08.06.2017 00:16
  0
  1252
Бу ўша «А» сериясими?

Қанчалик ҳайратланарли туюлмасин, бу факт - ҳимоявий футболи туфайли «зерикарли» мақомини олган Италия «А» серияси якунланган мавсумда энг сермаҳсул лига бўлди. Хўш, Европанинг етакчи 7та лигасида асосий статистик кўрсаткичлар қандай кўриниш олди?

Маҳсулдорлик

Гоҳида футбол шундай натижалар тақдим этадики, улар йиллар давомида шаклланган тушунча-хулосаларни буткул парчалаб ташлайди. Ҳа, «А» серияси мавсум-2016|2017 якуни бўйича энг сермаҳсул лига сифатида кўрсатилиши мумкинлигини ким ўйлаганди? Ахир мавжуд тушунчаларга кўра, Италия жамоалари аввало, ҳимоя ва ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлашни ўйлайди ва омадли қарши ҳужумларга умид боғлайди. Умуман, итальян футболига нисбатан «ҳимоявий» таърифини ишлатиш оддий ҳолатга айланиб улгурган. Энди аниқ рақамларга эътибор қаратинг: Италия чемпионати доирасидаги жами 380та ўйинда 1123та гол қайд этилди. Яъни бир мавсум аввалги кўрсаткичга нисбатан 144та кўп гол урилди. Хуллас, ўртача маҳсулдорлик 2,58дан 2,96га ошди. Оддий айтганда, «А» серияси ихлосмандлари битта ўйинда ўртача ҳисобда деярли 3тадан гол кўришди. Яна бир диққатга сазовор томони шуки, кучли 5та лига қаторига кирувчи қолган чемпионатларда ҳам гол масаласида ўсиш кузатилди. Дейлик, Англия премьер-лигасида ўртача кўрсаткич 2,70дан 2,80та голга ошди. Бошқа чемпионатлардаги ўсиш динамикаси ҳам чакки эмас: Испания - 2,74та ўрнига 2,94та, Германия - 2,83та ўрнига 2,87та, Франция - 2,53та ўрнига 2,62та гол. Россия премьер-лигасидаги манзара эса мутлақо тескари: чемпионатдаги 240та ўйинда 512та гол қайд этилди ва бу мавсум-2015|2016дагидан 76та кам. Хуллас, рус лигасидаги ўзи анча паст бўлган ўртача маҳсулдорлик (1та ўйинда ўртача ҳисобда 2,45та гол) янада тушди. Битта ўйинда 2,13та гол - бу жуда аянчли.

Айтганча, 31 март ҳолатига кўра, 7та лига доирасидаги 17та ўйинда 8тадан кўп гол кузатилганди. Мавсумнинг қолган 1-1,5 ойида булар қаторига яна нақ 13та ўта маҳсулдор ўйин қўшилди. Хуллас, умумий ҳисобда мавсум доирасидаги 30та ўйинда мухлислар камида 8та гол кўришди. Улар орасида фақат «Бавария» ва «Гамбург» ўртасидаги баҳсда голлар битта жамоа томонидан урилди. Яъни мюнхенликлар 8:0 кўринишида ғалаба қозонишди. Умумий ҳисобда айтсак, Италия «А» сериясида 12 (!)та «жимжимадор» натижа қайд этилди. Германиядаги 7та, Испаниядаги 5та, Англиядаги 3та, Португалиядаги 2та ва Франциядаги 1та ўйинда мухлислар камида 8та гол гувоҳига айланишди. Биргина Россия чемпионатида бундай самарадорлик кузатилгани йўқ. Рус премьер-лигасидаги ўйинларда максимал натижа 7та голни ташкил этди: «Томь» — «Локомотив» - 1:6 ва «Терек» — «Урал» - 5:2. Энг қизиғи, бундан аввалги мавсум «А» сериясининг бирор ўйинида 8та ёки кўпроқ гол урилган эмасди, аксинча, Россия элит дивизионида нақ 3та учрашувда шу даражадаги голлар «жала»си юз берганди.

Голсиз дуранглар бўйича энг юқори кўрсаткич Россия чемпионатига тегишли: жами ўйинлардан 13,8 фоизида мухлисларга гол тортиқ этилмади. Бу борадаги энг паст натижа Италияда қайд этилди. Эътибор беринг, «А» сериясининг атиги 5,0 фоиз учрашуви 0:0 ҳисобида тугади.

Чемпионат «зичлиги»

Мавсум якунига кўра, худди бир йил олдингидек, Германия (2,27) ва Франция (2,48) чемпионатлари «зичлик» бобида алоҳида ажралиб турди. 3тадан етакчи ва аутсайдер ўртасидаги энг катта фарқ эса Испания (3,58) ва Италия (3,47) биринчиликларида кузатилди. Энди 20та клуби бор лигаларни ўзаро таққослаймиз: 4та чемпионатда етакчилар учлиги умумий ҳисоблаганда деярли тенг миқдорда очко тўплади ( Англияда - 257та, Испанияда - 261та, Италияда - 264та ва Францияда - 260та). Аммо Франция лигаси аутсайдерлари биргаликда нақ 105 очко олиб, бу борада қолган биринчиликлардаги қисматдошларини анча ортда қолдиришди. Зеро, АПЛнинг 3та аутсайдери атиги 86 очко тўплаган бўлса, Ла-лигада 18-20-ўринни банд этган иштирокчилар 73 очко билан чекланишди. Италия чемпионати аутсайдерлари ҳисобига эса жами 76 очко ёзилди. Россия премьер-лигасида етакчилар ва аутсайдерлар ўртасидаги фарқ 2,49дан 2,74га ошди. Бу мавсум-2016|2017 етакчилари бир йил аввалги пешқадамларга нисбатан 5 очко кўп жамғаришгани (187та ўрнига 192та) ва аутсайдерлар аксинча 5 очко кам олишгани (75та ўрнига 70та) билан боғлиқ.

Пенальти масаласи

11 метрли жарима зарбасини муваффақиятли бажариш масаласида Франция элит лигаси олдинда - 78,4 фоиз аниқлик. Россия лигаси вакиллари ҳам пенальтини амалга оширишда чакки эмаслар - 76,8 фоиз ҳолатда гол уришган. Бу борадаги энг паст натижа «А» сериясига тегишли - Италияда футболчилар 71,5 фоиз пенальтини гол билан тугатишган, холос. Бундеслигада бу кўрсаткич 72,4 фоизга тенг. Умуман, таҳлил учун олинган 7та чемпионатда пенальтидан фойдаланиш фоизи ўртасида фарқ у қадар катта эмас. Пенальти масаласини бир йил олдинги статистика билан солиштирсак, Франция (}7,4 фоиз) ва Испания (}1,6 фоиз)да ўсиш кузатилган бўлса, Германия (-6,7 фоиз) ҳамда Португалия (-6,1 фоиз)да сезиларли пасайиш қайд этилди. 1та ўйинга ўртача ҳисобда тўғри келадиган пенальти бўйича энг юқори натижа Испания (0,36та) ва Франция (0,33та)да. Англия (1та ўйинда ўртача 0,28та), Португалия ва Россия (0,29тадан)да эса нисбатан кам пенальти белгиланди. Бир йил олдинги ҳолат билан таққосласак, Францияда 11 метрли жарима зарбаси сони кўпайди (1та ўйин учун ўртача ҳисобда }0,09та).

Айтганча, «Барселона», «Лацио» ва «Спортинг» (Лиссабон) клублари бир йил аввал ҳам ўз лигасида энг кўп пенальти тепган жамоа бўлганди. Эътиборли факт, 7та лигадаги жами 132та клубдан биргина «Ростов» (Россия)га пенальти тепиш насиб этмади.

 ------------------------------------------

P.S.: 7та миллий чемпионатга дахлдор сариқ ва қизил карточкалар, тўпурарлар ҳамда мухлислар статистик таҳлили билан газетамизнинг кейинги сонларида танишишингиз мумкин.

31 мартдан кейин 8та ёки кўпроқ гол урилган ўйинлар

Англия: «Халл» — «Тоттенхэм» - 1:7

Испания: «Барселона» — «Осасуна» — 7:1, «Депортиво» — «Реал» — 2:6

Италия: «Фиорентина» — «Интер» — 5:4, «Лацио» — «Палермо» - 6:2, «Лацио» — «Сампдория» — 7:3, «Кьево» — «Рома» — 3:5, «Сассуоло» — «Кальяри» — 6:2, «Торино» — «Сассуоло» — 5:3

Германия: «Хоффенхайм» — «Боруссия» М. — 5:3, «Вердер» — «Хоффенхайм» — 3:5, «РБ Лейпциг» — «Бавария» — 4:5, «Герта» — «Байер» — 2:6

7та лигада энг кўп пенальти тепган жамоалар ва «нуқта»га энг кўп ишора қилган ҳакамлар

Англия (38та ўйин). «Борнмут» — 10та (7таси самарали); М.Оливер - 33та ўйинда 13та пенальти

Испания (38та ўйин). «Барселона» — 9та (8таси самарали); Х.М.Мартинес - 21та ўйинда 10та пенальти

Италия (38та ўйин). «Лацио» ва «Рома» — 14тадан (12тадан самарали); А.Дамато - 17та ўйинда 11та пенальти

Германия (34та ўйин). «Байер» — 9та (4таси самарали); Ф.Брих - 18та ўйинда 11та пенальти

Франция (38та ўйин). «Лион» — 14та (12таси самарали); Й.Амель ва Ф.Шнедер - тегишлича 22 ва 23та ўйинда 11тадан пенальти

Португалия (34та ўйин). «Спортинг» - 13та (9таси самарали); Б.Пайшау ва А.Диаш тегишлича 13та ва 18та ўйинда 8тадан пенальти

Россия (30та ўйин). «Локомотив» — 10та (8таси самарали); А.Еськов ва С.Иванов тегишлича 15 ва 13та ўйинда 9тадан пенальти

Ҳ. АТАВУЛЛАЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz