Қайднома

Қидирув

Александр Гейнрих: "Эрон ва Хитойдан очко олсак бўлгани..."

Александр Гейнрих: "Эрон ва Хитойдан очко олсак бўлгани..."

  10.06.2017 05:15
  0
  1129
Александр Гейнрих:

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Александр Гейнрих ФИФА расмий сайтига интервью берди. ЎФФ матбуот хизмати томонидан ташкил қилинган суҳбат чоғида тажрибали футболчи фаолиятидаги қийинчиликлар, саралаш босқичидаги бўлажак тўқнашувлар, ЖЧ–2018 турнирига чиқиш орзуси ҳамда Сурияга қарши ўйиндаги селфи ҳақида сўзлаб берди.

ФИФА мухбири Александр Гейнрихнинг Сурия билан ўйинда олган селфисига олдиндан тайёргарлик кўрган-кўрмагани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди: “Сурия билан ўйиндаги селфи ўз-ўзидан келиб чиқди. Журналист Нодирхўжа Йўлдошев телефонини менга узатди ва ажойиб эҳтирослар остида селфига тушдик”.

Ўзбекистонлик ҳужумчидан интервью олган мухбир Гейнрихни бир неча кун олдин фаолиятини якунлаган Франческо Тоттининг селфи билан гол нишонлашига қиёслади.   

“Тотти менга ёқади, у ҳақиқий афсона. Унинг сўнгги ўйинини кўрдим ва футбол билан хайрлашганини кўриб йиғладим. У сингари гол нишонлаганимдан мамнунман”, – дея жавоб берди ҳужумчи.

Ўзбекистонлик ҳужумчи Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига чиқиш истаги ҳақида қўйидаги фикрларни билдирди: “Россиядаги ЖЧга боришни жуда ҳам хоҳлар эдим. ЖЧ қандай экани ҳақида тушунчага эгаман, чунки 2003 йили БААдаги U-20 Жаҳон чемпионатида иштирок этганман. Россиядаги ЖЧ–2018 турнирида қатнашиб, кейин фаолиятимни тугатишни истардим”.  

Александр Гейнрих Ўзбекистондан ташқари фаолияти давомида Россия, БАА, Жанубий Корея чемпионатларида тўп сурган. Айни вақтда эса у Қозоғистонда ўйнамоқда. Футболчи турли мамлакатларда ҳар хил футбол маданиятига дуч келгани ва ўзига яраша тажриба орттирганини маълум қилди.

“Россияга биринчи борганимда жуда ёш эдим ва у ерда футбол ўйнаш осон эмаслигини тушундим. Машҳур лига, номдор футболчилар, катта пул. Асосий таркиб аъзоси бўлиш осон бўлмаганини тан олиш керак. БААда умуман бошқача бўлган: ўзгача техника ва ноодатий маданият. Россия ва БААдаги фаолиятим давомида ўзим учун керакли хулосалар чиқариб, тажриба тўплаганман.

Жанубий Кореяда эса қийналганман. Бу ердаги ҳаёт тарзи, маҳаллий овқат, шунингдек, машғулотларга кўникиш осон кечмаган. Бир ой ўтгач К-Лигада менга мушкул бўлишини тушундим. Менимча, Кореядаги карьерам энг қийини бўлган. Қозоғистонда ҳам анчадан буён ўйнайман ва бу ер менга маъқул. Қозоғистон ва Ўзбекистон бир-бирига яқин бўлгани учун деярли барча нарсалар бир хил ва айнан шу нарса менга қулайлик яратмоқда”, – деди ўзбекистонлик хужумчи.

Маълумот ўрнида: Александр Гейнрих фаолияти мобайнида “Дўстлик” (2001), “Пахтакор” (2002, 2005, 2007–2011), ЦСКА (2003–2004, Россия), “Торпедо” (2005–2006, Россия), “Сувон Блювингс” (2011, Ж.Корея), “Эмирейтс” (2012, БАА), “Актобе” (2012–2014, Қозоғистон), “Локомотив” Тошкент (2014) клубларида тўп сурган. 2015 йилдан буён эса у Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда.

Александр Гейнрих 2002 йилдан буён миллий терма жамоа шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт мобайнида у 93 учрашув ўтказиб, 31 та голга муаллифлик қилди. Терма жамоа сафидаги ўйинлари сони 100 тага етиб қолганига қарамай, Гейнрих индивидуал натижалар муҳим эмаслигини, асосийси жамоавий ўйин эканини таъкидлади.

“Мен шахсий натижа ёки рекордлар ортидан қувмайман. Футбол – жамоавий ўйин ва бу энг асосийси”, – деди Гейнрих.

ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи ҳақида фикр билдирар экан, Александр Гейнрих сўнгги турда Жанубий Кореяга қарши кечадиган ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга ёки эга эмаслиги ҳақида гапириш эрталигини айтди.

“Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта. Жанубий Кореяга қарши ўйин ҳал қилувчи бўлиши учун олдиндаги ўйинларда очко олишимиз керак. Кейин кореяликларга қарши ўйинни ҳал қилувчи десак бўлади. “ЖЧ–2018 мусобақасига автоматик равишда йўл олиш учун бор кучимизни берамиз. Барчаси ўз қўлимизда”, – деди ҳужумчи. 

Маълумот ўрнида: ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-туридан кейин вазият қуйидагича: Эрон 17 очко билан пешқадам. Жанубий Корея 13 очко, Ўзбекистон 12 очко билан мос равишда 2–3 ўринларни эгаллаб турибди. Гуруҳдаги 4–6 ўринларни эса тегишли равишда Сурия (8 очко), Хитой (5 очко) ва Қатар (4 очко) эгаллаган.

Александр Гейнрих Ўзбекистон сафида гол урса қандай нишонлаши ҳақидаги саволга қуйидагича фикр билдирди. “Навбатдаги голимни қандай киритишимни ТВ орқали кўрасиз. Бу сиз учун ‘сюрприз’ бўлади”, – дея интервьюга якун ясади Александр Гейнрих.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон миллий терма жамоаси 12 июнь куни Теҳронда Эрон меҳмони бўлади. 31 август куни эса Самвел Бабаян шогирдлари сафарда Хитой билан, 5 сентябрь куни эса Тошкентда Жанубий Корея билан тўқнаш келади.


Манба: the-uff.com


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz