Қайднома

Қидирув

ЖЧ-2018 саралаш фактлари ёхуд Игорь Сергеев энг кўп ўйнаганлардан бири

ЖЧ-2018 саралаш фактлари ёхуд Игорь Сергеев энг кўп ўйнаганлардан бири

  25.06.2017 06:14
  0
  1630
ЖЧ-2018 саралаш фактлари ёхуд Игорь Сергеев энг кўп ўйнаганлардан бири

Аввалги ҳафта япониялик Юя Осако, австралиялик Томас Рогич ва Томи Журич ўз терма жамоалари либосида 6-голларини нишонлашди. Қатар терма жамоаси футболчиларига алоҳида тасанно!

Улар нақ 33 йил оралиғида  Жанубий Корея миллий жамоаси устидан илк бора ғалаба қозониш баробарида Ўзбекистон футболига Россия мундиалига бориш умидини қайтариб беришди. Ҳа-я, ҳамюртимиз Равшан Эрматов Австралия ва Саудия Арабистони миллий жамоалари ўртасидаги муҳим учрашувда яна бош ҳакам ролини бажарди, худди биринчи даврадаги каби.

Умумий ҳолат. Айни пайтгача (14 июнь ҳолати) ОФК миқёсида ЖЧ-2018 саралаш босқичлари доирасида жами 212та ўйин ўтказилди ва уларда 635та гол қайд этилди. Ҳозирда Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони)ва Аҳмад Халил (БАА) тегишлича 16 ва 15та гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилиб туришибди. Айни ҳолатга келиб, қитъамизда мундиал йўлланмаси учун кураш олиб бораётган 12та жамоа орасида Ироқ ва Таиланд терма жамоаларида назарий жиҳатдан ҳам имконият қолмади.

Бизнинг гуруҳдаги Қатар ва Хитой термалари эса фақат «плей-офф»га чиқишдан умидвор бўлишлари мумкин, холос. Мухлислар ташрифига келсак, ортда қолган ўйинларни жами 39 938 298 томошабин бевосита стадионларда кузатиб борди. Бу ҳар бир ўйинга ўртача ҳисобда 18 553дан тўғри келади. Эрон миллий жамоаси Россия (мезбон) ва бразилияликлардан сўнг мундиал йўлланмасини нақд қилган 3-терма бўлди.

Эътиборлиси, форслар ЖЧ-2014 саралашида бу масалани 4-бўлиб ҳал қилишганди - Бразилия (мезбон), Япония ва Австралия термаларидан сўнг. ФИФА расмий сайтида ёзилишича, жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичларида энг кўп вақт тўп сурган футболчи - бу Майя Йошида (Япония)дир. У жами 16та ўйинда тўлиқ вақт ҳаракатланди - 1440 дақиқа. Энг кўп гол эса Австралия терма жамоаси ҳисобида - 15 ўйинда 43та.

Турли кўрсаткичлар

ОФК миқёсида энг кўп гол урган жамоалар: Австралия - 43та; Япония - 42та; Саудия Арабистони - 40та; Жанубий Корея, Қатар - 35тадан; Эрон - 34та; БАА - 33та; Хитой - 32та; Сурия - 30та; Ўзбекистон - 26та

Пенальти воситасида энг кўп гол урган жамоалар: Саудия Арабистони - 7та;  Австралия - 6та; Эрон - 5та; Иордания - 4та; БАА, Сурия - 3тадан. Ўзбекистон термаси жорий цикл давомида ҳали бирор марта пенальти тепгани йўқ

Энг кўп сариқ карточка олган жамоалар: БАА - 28та; Қатар, Ўзбекистон -  23тадан; Эрон, Сурия -  21тадан

Энг кўп қизил карточка олган (2-сариқ карточка орқали ҳам) жамоалар: Таиланд - 3та; Тожикистон, Мьянма - 2тадан. Вьетнам, Фаластин, Яман, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Шарқий Тимор, Ўзбекистон, Эрон, Ҳиндистон, Гуам, Филиппин, Сингапур ва Ливан терма жамоалари 1тадан «қизил»га эга.

Энг кўп вақт ўйнаган футболчилар: Майя Йошида (Япония) - 1440 дақиқа; Игорь Сергеев (Ўзбекистон), Умар Абдулраҳмон (БАА), Осама Ҳавсавий (Саудия Арабистони), Анзур Исмоилов (Ўзбекистон) - 1353 дақиқа; Одил Аҳмедов (Ўзбекистон) - 1338 дақиқа; Егор Кримец (Ўзбекистон), Ки Сун Йонг (Жанубий Корея) - 1260 дақиқа

Энг кўп сариқ карточка олган футболчилар: Мудир ал Радаи (Яман) - 5та; Себастьян Сория Куинтана (Қатар), Сердар Аннаоразов (Туркманистон), Даврон Эргашев (Тожикистон), Азизбек Ҳайдаров (Ўзбекистон) - 4тадан. 9 нафар футболчи иккинчи сариқ карточка орқали майдондан четлатилган (улар орасида Азизбек Ҳайдаров ҳам бор). Яна 9 нафар футболчи эса тўғридан-тўғри қизил карточка олган

Тўпурарлар: Муҳаммад ал Саҳлавий (Саудия Арабистони) - 16та; Аҳмад Халил (БАА) - 15та; Тим Кэйхилл (Австралия), Сардор Азмун (Эрон), Ҳассан ал Ҳайдос (Қатар) -  9тадан; Янг Ксю (Хитой), Умар Ҳарбин (Сурия), Меҳди Тареми (Эрон), Али Мабҳут (БАА) - 8тадан

***     Терма жамоамиз етакчиларидан бири Анзур Исмоилов мундиаллар саралашида 39-марта майдонга тушди (20та ғалаба, 6та дуранг, 13та мағлубият). У шунча ўйинда 8 марта сариқ карточка олган. Исмоилов жаҳон чемпионати саралаши доирасида илк марта 2008 йилнинг 7 июнь куни Сингапур термасига қарши кечган уй учрашуви (3:0)да майдонга тушганди.

***     Акмал Шораҳмедов Эрон термасига қарши баҳсга қадар ЖЧ саралаши доирасида миллий жамоамиз либосида сўнгги марта 2013 йилнинг 10 сентябрь куни майдонга тушганди - Тошкентда иорданларга қарши кечган баҳс (1:1)да.

*** 12 июнь кунги ўйиндан олдин берилган маълумотга кўра, Эрон термаси таркибининг умумий нархи 33,28 млн. фунтни ташкил этган ва бизнинг жамоаники бунинг ярмидан кўпроқ эди - 17,6 млн. фунт. Футболчиларнинг ўртача ёши эса деярли тенг: 27,2га 27,1.

*** ЖЧ-2018 саралаши давомида миллий жамоамиз сафида 31 нафар футболчи майдонга тушди. Шунингдек, яна 17та нафар футболчи ўйин қайдномасига кирдию,  майдонга тушиш имкониятига эга бўлмади. Умуман, жамоамиз сафида айни саралаш циклида энг кўп майдонга тушган футболчи Игорь Сергеевдир. У 16та ўйинда жами 1353 дақиқа ҳаракатланиб, 4та гол урди.

*** Эрон терма жамоаси дарвозабони Алиризо Сафар Бейранванд учинчи раунд доирасидаги 7та ўйинда майдонга тушиб, уларда бирорта гол қўйиб юбормади. Форс кипери бу борада жаҳон бўйича Жо Харт (Англия, 5та ўйин) ва Жейми Пенедо (Панама, 5та ўйин)ни ортда қолдирди.

*** Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари форсларга қарши ўйинда жами 316та узатманиамалга оширдилар ва улардан 71,5 фоизи аниқ чиқди. Футболчиларимиз ижросидаги атиги 60та узатма узун «пас» бўлди. Вакилларимиз бутун вақт давомида 13 марта кроссга киришдилар.

*** Қатар миллий жамоаси ўз тарихида Жанубий Корея термасини 2-марта мағлубиятга учратди. Араблар корейслар устидан қозонилган илк ғалабани 1984 йилнинг 10 декабрь куни Осиё кубоги финал босқичида нишонлагандилар - 1:0. Улар шундан кейинги даврда корейсларга 4 марта ютқазиб, 2та учрашувда дуранг қайд этишганди.

*** 28 ёшли марказий ярим ҳимоячи Ки Сунг Йонг Қатар термасига қарши баҳсда Жанубий Корея миллий жамоаси сафида 93-марта майдонга тушиб, 10-голини нишонлади. У мамлакат бош жамоасидаги голлари ҳисобини 2008 йилнинг 10 сентябрь куни КХДР термасига қарши кечган мундиал саралаши ўйинида очганди. Шунингдек, 1996 йили туғилган ҳужумчи Хванг Хи Чан Жанубий Корея термаси сафидаги 7-ўйинида илк голини нишонлади.

*** Сурия - Хитой баҳсида жарима зарбаси воситасида чиройли гол урган Аҳмад ал Солиҳнинг терма жамоадаги самарали зарбалари сони 2тага етди (38та ўйинда). Эътиборлиси, Суриянинг барча ёш тоифасидаги термаларида ўйнаган ал Солиҳ сўнгги учрашувда сардорлик боғичи остида ҳаракатланди.

*** Австралия термаси ҳужумчиси Томи Журич 30-ўйинида 5-6-голларини нишонлади. 25 ёшли футболчи саудлар дарвозасини ишғол қилгунига қадар Япония, Уммон ва Ироқ термалари дарвозабонларини ранжитганди. У 2016 йилнинг 6 октябрида Саудия термасига қарши кечган сафар ўйинида ҳам гол урганди. Томас Петар Рогич ҳам Австралия термаси сафидаги голлари сонини 6та етказди. «Соккеруз» сафида 2012 йили дебют қилган футболчининг барча голлари ЖЧ-2018 саралашига тўғри келди.

*** Япония термаси мундиал саралашида 14-марта 1:1 ҳисобига кўнди. Японлар Австралия термаси билан 4 марта ва бизнинг жамоа билан 3 бора шундай ҳисоб қайд этишган.

*** Австралия термаси жаҳон чемпионатлари саралашида қуйидаги статистикага эга: 121та ўйин, 69та ғалаба, 31та дуранг, 21та мағлубият, тўплар нисбати - 314-97.

*** Австралия терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида жами 43та гол урди. Лекин бу «соккеруз» учун рекорд натижа эмас. «Яшил қитъа» вакили  2002 йилги мундиал йўлида 73та гол уриб, атиги 4та қўйиб юборган бўлса ҳамки, якунда йўлланмани ютолмаган. Чунончи, қитъалараро «плей-офф» босқичида Уругвай термасига бас келолмаганди - 0:3.

*** Қатар термаси футболчилари Жанубий Корея жамоаси билан ўйинда 273та «пас» беришди (63 фоизи аниқ). Узун «пас»лар - 65та, кросс - 8та. Умуман, мезбонлар атиги 36,6 фоиз вақтда тўпга эгалик қилишди.

*** Япония термаси ҳужумчиси Юа Осако жамоа сафидаги 19-ўйинида 6-голини урди. Бу ҳужумчи мундиал саралашида ўз ҳисобига илк марта гол ёзиб қўйди.

*** Япония термаси вакиллари - Хироши Кийотаке ва Хироки Сакаи учинчи раунд ўйинларида 3тадан гол ҳаммуаллифига айланишди. Тайсир ал Жассим (Саудия Арабистони) ва Аарон Муй (Австралия) ҳисобида ҳам айнан 3тадан самарали узатма бор.

*** ФИФА рефериси Равшан Эрматов ЖЧ-2018 саралаши доирасида 4-марта ишлади. Австралия ва Саудия Арабистони ўртасидаги ўйинни бошқариб борган 39 ёшли вакилимиз ҳисобидаги ЖЧ саралаш учрашувлари сони 21тага етди (ЖЧ-2006 - 3та, ЖЧ-2010 - 8та, ЖЧ-2014 - 6та, ЖЧ-2018 - 4та). Эътиборли факт: Эрматов саудияликлар ва австралияликлар иштирокидаги 8тадан ўйинда иш олиб борган.

*** Айни саралаш циклида энг кўп ўйин сингапурлик Муҳаммад Тақига топширилди - 8та. У 8-турда Таиланд - БАА ўйинини бошқарди. Аҳмад ал Каф (Уммон) эса жорий цикл доирасидаги 7та ўйинни бошқарди.

*** 8-тур ўйинлари учун берилган «заявка»ларга кўра, жамоалар таркибининг умумий нархи 247,95 млн. фунт стерлингни ташкил этди (7-турга нисбатан 6,19 млн. фунт кўп). Энг қимматбаҳо футболчилар - Сон Хюн Мин (Жанубий Корея) - 21,25 млн., Сардор Азмун (Эрон) - 11,05 млн., Шинжи Кагава (Япония) - 11,05 млн.

Тур қаҳрамони. Ҳассан ал Ҳайдос. 1990 йилнинг 11 декабрида Дохада туғилган. Бўйи - 174 см. Клуби: «Ал-Садд». Айнан шу клуб тарбияланувчиси. Қатарнинг 20 ва 23 ёш тоифасидаги терма жамоаларида ҳам ўйнаган. Миллий жамоадаги дебютини эса 2008 йилнинг 10 сентябрь куни Баҳрайн термасига қарши кечган ўйинда нишонлаган. Ҳозирга қадар жамоа либосида 85 марта майдонга тушиб, 17та гол урди. Улардан 9таси жорий саралаш ўйинларига тўғри келади. Форс кўрфази миллатлар кубоги-2014 турнири ғолиби.

Биласизми?

ОФК миқёсида ЖЧ саралашида майдонга тушган энг ёш футболчи - бу Аҳмад ал Баҳрий. Саудия Арабистони термаси вакили 2005 йилнинг 30 март куни Қувайт жамоасига қарши баҳсда майдонга тушганида, 14 ёш 6 ой 12 кунлик эди. Баҳрийга қадар бу рекорд Лаос термаси вакили Лазафон Ханявонг (14 ёш 9 ой 23 кунлик)га тегишли бўлган. Ушбу мезон бўйича олсак, энг ёши катта футболчи Александр Дуричдир. У 2011 йилнинг 15 ноябрида Сингапур жамоаси сафида марказий ҳужумчи сифатида (!) майдонга тушганида (Хитой термасига қарши) 41 ёш 3 ой 3 кунлик эди.

Қайси жамоада тажриба кўп?

Transfermakt.de портали маълумотларига таянсак, таркибдаги футболчиларнинг мундиаллар саралашида ўтказган ўйинлари умумий сони бўйича Ўзбекистон термаси олдинда. Учинчи раундда таркибга киритилган футболчилар бўйича олсак, 27 нафар ўйинчимиз умумий ҳисобда 321та саралаш учрашувида майдонга тушган. Бу борадаги энг паст кўрсаткич Таиланд термасига тегишли - жами 103та ўйин.

ФИКРАТ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz