Қайднома

Қидирув

Роналду «Реал»дан кетади, нахотки? Ўзи у билан нималар содир бўлмоқда?

Роналду «Реал»дан кетади, нахотки? Ўзи у билан нималар содир бўлмоқда?

  25.06.2017 23:45
  0
  3820
Роналду «Реал»дан кетади, нахотки? Ўзи у билан нималар содир бўлмоқда?

«Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналду жамоадан кетиши ҳақида оғиз очгани ҳамоно унга даъвогар клублар сафи кенгайиб кетди. Хусусан, Англиянинг «Манчестер Сити» клуби ҳам курашга қўшилди. Бу ҳақда The Sun нашри хабар тарқатди.

Умуман, Роналдуга 4та яққол даъвогар бор - «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ», «Бавария» ва айнан «Манчестер Сити». Айрим манбаларда алоҳида таъкидланишича, футболчининг Испания солиқ органлари билан юзага келган муаммолар таъсирида «Мадрид»дан кетиши ҳақида айтган гаплари мутлақо жиддий ва у бу борада ҳаттоки, якуний тўхтамга ҳам келиб улгурган.

Криштианунинг фикрича, клуб уни етарли даражада ҳимоя қилмаяпти. Эътиборлиси, «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти «Реал»дан нафақат Криштиану Роналду, балки Альваро Моратани ҳам харид қилмоқчи. Tuttosportнинг қайд этишича, «қизил иблислар» икки футболчи учун 210 миллион евро ва қўшимчасига дарвозабон Давид де Хеани таклиф қилмоқчилар. Манбада қўшимча қилинишича, бу келишув амалга ошса, «Реал»нинг қизиқиш доирасига тушган «Милан» кипери Жанлуижи Доннарумма «Ювентус» билан музокара жараёнини бошлаши мумкин.

Диққатни тортадиган томони шуки, «Реал» Роналдуни 400 миллион евродан камига сотмоқчи эмас. Ҳар ҳолда, Daily Mail нашри шу мазмунда хабар тарқатди. Қисқаси, мадридликлар шу йўл билан футболчига қизиқаётган реал харидорлар ҳовурини босмоқчилар. «Реал» раҳбарияти ўз навбатида, клуб президенти Флорентино Перес, бош директори Хосе Анхель Санчес ва Криштиану Роналду ўртасида махсус учрашув ташкил қилиб, юзага келган вазиятни обдон муҳокама қилмоқчи.

Аммо бу учрашув футболчи Конфедерациялар кубоги-2017даги иштирокини якунлаганидан кейингина амалга ошиши мумкин. Эслатиш керак, Роналду  ва «Реал» ўртасидаги шартнома муддати 2016 йилнинг ноябрида узайтирилган. Футболчи 2021 йилгача тузилган битимга асосан, ҳафтасига 400 минг евро миқдорида маош олади. Шу келишувда Роналду учун белгиланган товон пули нақ 995 миллион евродир. Агар барчаси ҳақиқатга айланиб, Криштиану чиндан ҳам, клуб билан хайрлашса, нима бўлади?

«Реал» раҳбарияти ҳозирдан унинг ўрнига қайси футболчиларни жалб этишни ўйлаб қўйган, шекилли. Демак, Мадрид клубининг асосий «нишон»и - «Монако» ҳужумчиси Килиан Мбаппе. Испания чемпиони ушбу футболчи трансфери учун 135 миллион евро сарфламоқчи.

«Мадрид» рўйхатининг иккинчи қаторида 2 ойча олдин «Ювентус» билан шартномаси муддатини 2022 йилга қадар узайтирган Пауло Дибала турибди. Бордию, шу иккала вариант ҳам амалга ошмаса, учинчи номзод - «Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовскига эътибор қаратилади.

Умуман, Роналду ва «Реал» йўллари айро бўлиши ҳақидаги хабарлар тобора кенг қулоч очмоқда. Яъни ҳар куни янги-янги тафсилотлар юзага чиқмоқда. Айтиш жоиз, португалиялик футболчининг солиқ билан боғлиқ можаролар туфайли Испаниядан чиқиб кетишни ўйлаётгани ҳақидаги дастлабки маълумот Португалиянинг A Bola нашри томонидан тарқатилди.

BBCнинг хабар беришича эса, футболчининг вакиллари пайшанбадан жумага ўтар кечаси Испаниянинг етакчи нашрларига қўнғироқ қилиб, тонгда сотувга чиқариладиган A Bola муқовасига алоҳида эътибор қаратишни сўрашган. Шунингдек, Роналду Португалия термаси футболчиларига ҳам «Реал»дан кетаётганини маълум қилган.

AS газетаси тахминига кўра, Криштиану «Реал»дан кетишни бундан 2 ой муқаддам режалаштирган. Яъни апрель ойида шахсий агенти Жорже Мендешга ўз мақсадини айтган. Таъкидланишича, футболчи айнан Мендеш маслаҳати билан муҳим ўйинлар олдидан ўз қарорини ошкор қилмай турган экан. AS маълумотларига ишонсак, кетиш ҳақидаги гап-сўзлар солиқчилар билан юзага келган муаммога боғлиқ эмас. Marca эса Роналду Португалия термасидаги шерикларига айнан нима деганини аниқлади.

Газетада ёзилишича, у бу масалада қатъий оҳангда гапирган: «Реал»дан кетаман. Якуний қарорим шу. Орқага йўл йўқ». Marca шунинг бабобарида «Реал»нинг Роналдуни сотишга тайёрланаётганини ҳам тахмин қилди. Хусусан, газетада «Қироллик клуби» 32 ёшли футболчини сотиб олишни истаган клублар учун трансфер нархи белгилагани ҳақида ёзилди.

Унга кўра, «Реал» Криштиануни 179,5 млн. евро эвазига қўйиб юборишга мойил. Олинган маблағ эса «Монако»дан Килиан Мбаппени сотиб олиш учун йўналтирилади. Криштиануга энг муносиб даъвогар сифатида эса «МЮ» тилга олинди.

Биласиз, португалиялик футболчи 2003-2009 йиллар оралиғида айнан «қизил иблислар» шарафини ҳимоя қилган. Marca нашри якунда Криштиану Роналду ўрнини босишга номзод 5 нафар футболчини эътироф этди - Килиан Мбаппе («Монако»), Антуан Гризманн («Атлетико»), Роберт Левандовски («Бавария»), Неймар («Барселона») ва Пауло Дибала («Ювентус»). Экспертлар тахминича, «Мадрид» ўз етакчисини йўқотиши таъсирини камайтириш мақсадида трансферлар бозорида катта шов-шув кўтаришга ҳаракат қилади.

Эслатма, айни пайт Испания прокуратураси Криштиануни 14,7 млн. евро миқдоридаги солиқ тўловларини яширганликда айбламоқда. Агар айблов ўз тасдиғини топса, футболчи 5 йил муддатга қамалиши мумкин.

Forbes рейтингида қандай ўзгариш бўлади?

Forbes журнали Криштиану Роналду «Реал»дан кетиши клубнинг келажакдаги рейтингига қандай таъсир қилиши мумкинлигини баҳолаб кўрди. Sports Money Index томонидан тузилган рейтингга асосланган тахминларга кўра, клубнинг мавқеси сезиларли даражада тушади. «Реал» айни пайт ушбу рейтингда 4-ўринни эгаллаб турибди. Forbes тахминича, 32 ёшли футболчи трансферга қўйилса, «қаймоқранглилар» «спортча куч» ва «оммавийлик» рейтингида 15-ўринга тушиб кетишади. Эътиборлиси, футболчининг ўзи мазкур рейтингда 6-ўринни эгаллаб турибди.

Sports Money Index рейтинги (топ-10)

1. Nike (спорт буюмлари ишлаб чиқарувчи компания)

2. «Барселона» (футбол клуби)

3. Pepsi (истеъмол маҳсулоти ишлаб чиқарувчи компания)

4. «Реал» (футбол клуби)

5. ЛеБрон Жеймс («Кливленд Кавальерз» баскетболчиси)

6. Криштиану Роналду («Реал» ҳужумчиси)

7. «Нью-Йорк Янкиз» (бейсбол клуби)

8. Creative Artists Agency (креатив агентлиги)

9. «Нью-Йорк Никс» (баскетбол клуби)

10. Budweiser (истеъмол маҳсулоти ишлаб чиқарувчи компания)

Кальдерондан алоҳида маслаҳат

«Реал»нинг собиқ президенти Рамон Кальдерон ҳам Криштиану Роналдунинг жамоадан кетиш ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. «Эсимда, уни «МЮ»дан сотиб олганимизда, худди шунга ўхшаш ҳолат кузатилганди.

Яъни Роналду Англиядан кетишни истади ва биз шартнома туздик. Шундан келиб чиқиб айтсам, Криштиану чиндан ҳам, кетишни истаётган бўлса, ҳаммаси тугаган ҳисобланади.

Ҳарқалай, бу ҳолатда президент сифатида ҳеч нарса қилолмайсан. Демак, уни яхшиликча қўйиб юбориб, фойдали келишувга эришиш маъқулроқ. Йўқ, Роналду Хитой ёки Яқин Шарқ томон йўл олмайди - бунга ишонмайман.

Ахир у ҳамон жуда яхши спорт формасида ва зўр ўйнамоқда. Моҳиятан қараганда, Кришнинг трансфери Погбаникидан қиммат бўлиши керак. Хуллас, уни ўз сафида кўришни истаётган клубнинг катта пул таклиф этишига тўғри келади»,-деди Кальдерон.

ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz