Қайднома

Қидирув

Дайдиликдан қиролликкача етган Каземиро

Дайдиликдан қиролликкача етган Каземиро

  01.07.2017 06:13
  0
  1425
Дайдиликдан қиролликкача етган Каземиро

- Маркиньо, бугун сеникида қолсам майлими?

Каземиро беш ёшда эди ва у дўстлари фойда келтириши мумкинлигини биларди. Ҳар ҳолда, тунагани жой ажратишади. Карлоснинг онаси бунга қарши чиқмайди. У - оиладаги тўнғич фарзанд, демак бошпана топишни ўзи уддалаши лозим; иккинчи ўғил холасиникига юборилади, учинчиси - бувисиникига.

Аёлнинг ўзи эса бир илож топиб тонг оттиради. Мабодо омади юришмаса, кўчанинг бирор бурчагига жойлашиб, маст-аласт кишилар сезиб қолмаслигига умид боғлайди...

Уст-боши кирланган Маркиньо дўстининг илтимосини ерда қолдирмади. Карлос билан бирга шовқинли кўчаларни кесиб, фавелага боришди: ўғрилик авж олган ҳудудда имкон қадар сездирмай юриш талаб этиларди. Умуман, Маркиньонинг ҳаёт тарзи ҳам Карлосникидан деярли фарқланмасди: тўрт томони фанер бўлаклари билан ўралган кулбани улар уй деб аташарди.

- Вақти келиб, «Реал»да ўйнайман, - дерди Маркиньо етти киши жойлашган камтарона уйни кўздан кечираркан.

Каземиро эса сукут сақлайди. Унинг орзу қилишга вақти йўқ; тонгги ўйинда яхши қатнашиш учун яхшилаб ухлаб, куч йиғиб олиши лозим. Балки у скаутлар назарига тушар, шундагина қийинчиликлардан қутулар, ҳеч бўлмаса, штат чемпионатига таклиф этишар?! Кейинги муҳим вазифа Силвага мурожаат этиш; бир ойдан буён бошпана сўраб унга мурожаат этмаганди. Агар рад жавобини олса, Карлос онаси билан кўчада қолади.

Эртасига улар майдонга тушишлари лозим, унинг энг яқин дўсти Маркиньо имкон қадар Каземиро билан бир таркибга тушишга интилади. У тезкор, техникаси юқори, аммо Карлосга қарши тўп суришни ёқтирмайди. Бунақаси кимга ҳам ёқарди? Каземиро ҳар битта яккакурашда ғолиб чиқишга уринади. У жамоадаги энг кучли футболчи, унга қарши ўйнаш деворга мушт уришдек гап.

Каземиро рақиб дўсти бўладими ёки рақиб, фарқи йўқ, қўпол ўйин кўрсатади: ҳаётнинг ўзи уни бўшашмасликка ундарди.

Каземиро ўн бир ёшга тўлганда уни «Сан-Паулу» академиясига қабул қилишди. Карлосга интернатда яшаш таклифи билан чиқишганда, аввалига ишонмади. Очиқ эшик олдида тураркан, имкони йўқдек туюлган нарсанинг рўёбини кўргандек эди: энди ўз хонаси бор.

«Мунтазам равишда ухлашим мумкин бўлган жой топилди. Хонамда телевизор, кондиционер ҳамда мусиқа тинглаш учун имконият бор эди, шу ерда овқатланардим. Буларнинг бари ғаройиб туюлганди».

Ниҳоят, Каземиро ҳам бор эътиборини футболга қаратадиган кунлар келганди. Аммо таомларга кўникиш осон бўлмади: у ҳам ўзи, ҳам укаларига овқат тайёрларди. Каземирога стипендия белгиланган, аммо қорни тўқ, тунашга жой бор - пулларнинг нима кераги бор?

Карлос уларни онасига юборарди, ўзига эса ёқтирган сутли коктейли учун озгина олиб қоларди.

Ҳаёти аста-секин изга тушди, аммо буларнинг барига қандай эришганини асло унутмайди. Тақдир унинг бўшашишига йўл қўймас, ўзи ҳам ҳеч кимни аямасди. «Сан-Паулу»да ҳам тўп учун жон-жаҳди билан курашиш бобида унга етадигани йўқ эди. Тенг­дошлари имкон қадар унинг жамоасига қўшилишни истаб, шундай имконият туғилганда бошқа академиядаги футболчиларга қарши кўтаринки кайфиятда тўп суришарди.

Рақиблар Каземиро билан бўладиган ҳар бир тўқнашувда ерга қулашарди. Карлосни жамоадошлари ва ишқибозлар жуда яхши кўришарди. Мураббийларнинг қарашлари эса бошқача эди: уларга яхши техника ва ҳимоявий ҳаракатлардаги мустаҳкамлик муҳимроқ. Қаҳрамонимиз 14 ёшда машҳурликка эришди: европалик скаутлар унинг ўйинларини кузатиш учун ташриф буюришди.

«Уни илк бор «Сан-Паулу»да кўргандим. Гўёки, катта ёшли футболчи болаларга қарши тўп сураётгандек эди. Карлос тенгдошлари орасида ўзгача сифатлари билан ажралиб турарди. Ҳар бир баҳсда майдон марказида ҳукмронлик ўрнатарди. Унинг жисмоний имкониятлари юқори, боз устига, бразилияликларга хос техникани ўзлаштирган», - деганди афсонавий Казираги ўйинчилик фаолиятини якунлаб, скаут сифатида ишлаб юрган кезлари.

Каземиро 16 ёшга тўлганида скаутлар эътиборидан четда қолди. Аммо Казираги ҳамон уни кузатарди. Карлосда аниқлик йўқола бошлаган, асосий зарбалар тўпга эмас, рақиб оёғига йўналтириларди. Бироз вазн орттириб, тезликда ютқаза бошлаганди. Кимлардир уни сафдан чиқаришга улгуришди. Таксичилар - Бразилияда футболчилар ҳақида айнан шу касб эгаларидан сўрашар, улар йигитчанинг айш-ишратга берилганлигини таъкидлашарди.

Каземиро ҳар оқшом машғулотларга маст ҳолда келарди. Мураббийлардан танбеҳ эшитгач, майдонга тушарди. Карлос рақиб жамоа футболчилари ва ҳакамларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлар, ҳар бир баҳсда сариқ карточка олгач, мураббий томонидан алмаштириларди: уни шу тариқа тарбиялашга уринишарди.

Шу тариқа қаҳрамонимиз Каземарра деган тахаллус орттириб олди - унинг номига marrento, яъни «такаббур» қўшимчаси қўшилганди. Каземиро ҳамма билан низо чиқарарди - дўстлари, рақиблари, мураббийлари, - кейинчалик журналистлардан шикоят қилишга тушди. Унга Лукас Моуранинг академия юлдузи сифатида ардоқланиши ёқмасди. Карлос орзусидаги барча нарсага етишганди: харобадан қутулди, онасига уй сотиб олиб берди - энди эса бутун жаҳонда ўзига жой тополмасди...

19 ёшга тўлганида Каземиро бутун дунё унга хайрихоҳ эканини тушунди. Мураббийлар Карлосни ижобий томонга ўзгартириб, уни янги мақсадлар сари руҳлантиришди. Эртасига Судамерикана U-20 турнирига йўл олади; бу жамоанинг қанотларида Неймар ва Лукас Моура ажойиб ўйин кўрсатишади, сардорлик эса Каземирога насиб қилади. У Эквадорга қарши кечган муҳим баҳсда масъулиятни ўз зиммасига олиб, шерикларини ғалаба сари руҳлантиради ва кейинчалик бразилия­ликлар уругвайлик тенгдошларини мағлубиятга учратишади.

Каземиро хотиржам. Карлос ҳали ҳеч нимага эришмаганини тушуниб, такаббурликдан воз кечди. Унинг фаровонлиги онасининг уйи каби бир зумда йўқ бўлиши мумкин эди. Ўз устида тинмай ишлади, ҳар куни кучайишда давом этди, аниқлиги ошди. Кўп ўтмай, «Реал» «Сан-Паулу» билан алоқага чиқди, аммо футболчига фақат «Кастилья»дан жой кафолатланганди. Карлос учун «учранглилар» сардори экани, 100дан ортиқ ўйинда майдонга тушгани аҳамиятсиз эди. Бу болаликдаги дўстларининг орзуси ва уни амалга ошириши шарт.

Анчелотти Каземирони яхши таниб улгурмай, бир тўхтамга келди: 16 ёшида ундан нотўғри фойдаланишган. Карлос таянч нуқтасига ўтказилди, ушбу позицияга тезда киришиб кетди, аммо «галактикос» асосий таркибига кириш осон эмасди. Шу тариқа «Порту»га йўл олиб, Лопетегида ёрқин таассурот қолдирди.

Карлос вақт ўтгани сари «аждарлар» етакчисига айланди. Уни Португалиядаги энг яхши хавбек сифатида ардоқлашади. Мадридга Бенитес келгач, Пересга шундай деди: «Жамоамизда битта камчилик бор - Каземиро «Порту»да ўйнаяпти».

Шундан сўнг бразилиялик ярим ҳимоячи Испания пойтахтига қайтди. У энди миллионер, бемалол оиласини боқиши мумкин. Рождествода укалари унга унга «Раҳмат, отажон!» деб ёзилган қутлов мактублари жўнатишади. Каземиро «Реал»да ҳам энг бақувват футболчи эди, аммо бунинг ўзи камлик қиларди. У пас узатиш ва позиция танлаш бўйича ишлади, журналистларга эса мураббий ҳамиша ҳақ эканлигини таъкидлади. Зидан Карлосдаги ўсишни пайқаб, уни асосий таркибга жойлади...

Каземиро 25 ёшга тўлганида ўз олдига қўйган мақсадига етди. У оиласи ва шахсий ҳаётини тўлиқ таъминлаганди. Энди «Реал»га ҳам фойдаси тегяпти. Ҳар бир ҳаракати билан жаҳоннинг энг яхши клуби ўйинини ўзгартира олади, жамоада баланс ва тартиб ўрнатилишига ҳисса қўшади. Карлос рақибдан тўпни олиб қўйиш бўйича Испанияда тенгсиз. Муаммо туғилиши ҳамоно, дарвоза томон зарба йўллаб, «Реал»ни ўйинга қайтаради.

Мадридликлар Чемпионлар Лигаси финалига чиқишди, ўйин ўрталарида Каземиро Пьянични йиқитди. Босниялик ярим ҳимоячи оғриқдан қийналарди, Карлос эса шунчаки, жилмайди: ҳаёт ундаги талабчанликнинг пасайишига йўл қўймади, «Реал» ярим ҳимоячиси эса буни рақибларга қўлламоқда...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Месси майдонни голсиз тарк этган ўйинда, Аргентина маҳорат бобида Россияга дарс берди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.