Қайднома

Қидирув

Шоҳруз Норхонов: Бабаяннинг «Обод»га келиши ҳақида эшитдим

Шоҳруз Норхонов: Бабаяннинг «Обод»га келиши ҳақида эшитдим

  04.07.2017 01:22
  0
  4707
Шоҳруз Норхонов: Бабаяннинг «Обод»га келиши ҳақида эшитдим

Олий лигада биринчи давра якунига етган паллада турнир жадвалининг қуйи қисмида яққол аутсайдер деярли ойдинлашиб қолди.

Ўтган йили олий лигада дебютини нишонлаб, мавсум охирида кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолган «Обод» ҳозирча 9 очко билан сўнгги поғонани эгаллаб турибди. Қолаверса, жамоанинг иккинчи даврада қатнашиши ҳам даргумон.

Ушбу клубнинг етакчи футболчиларидан бири, ўтган йили олий лигада 14та гол урган Шоҳруз Норхонов билан уюштирган суҳбатимиз чоғида ушбу гап-сўзлар бежиз тарқамаганига амин бўлдик.

- Шоҳруз, биринчи давранинг сўнгги турини «Пахтакор»га қарши ўтказиб, йирик ҳисобда ютқаздинглар. «Обод» шундай мағлубиятга лойиқмиди?

- Менимча, ундай эмас. Шунчаки, ўша куни «Пахтакор» яхшироқ ўйнади ва юзага келтирилган вазиятлардан бизга қараганда унумли фойдалана билди. Қайсидир маънода, мағлубиятга ўзимиз ҳам сабабчи бўлдик. Рақиб жамоа футболчиларига эркин ҳаракат қилишлари учун имконият бердик.

- «Обод» биринчи даврани омадсиз ўтказди. Бу аввалдан кутилганмиди ёки?..

- Очиғи, бундай бўлишини, шу даражада кўп очко йўқотишимизни кутмагандик. Лекин жамоамиздаги мавжуд шароитда ҳам йигитлар астойдил ҳаракат қилишди. Ҳар бир ўйинда ижобий натижа учун майдонга тушдик. Яъни, зиммамиздаги профессионаллик бурчини адо этишга интилдик.

- Шароитлар ростдан ҳам яхши эмасми?

- Бошқа жамоалар билан таққослаганда, яхши шароитда эмасдик, демоқчи бўлдим.

- Маошларни вақтида оляпсизларми?

- Кечикиб бўлсада оляпмиз.

- Охирги марта қайси ойнинг маошини беришди?

- Ҳаммасини десам ҳам бўлади.

- Маошлар берилаётган экан, унда муаммо нимада?

- Ўзига яраша бошқа муаммолар бор. Бир томондан омад ҳам бизга кулиб боқмаяпти. Баъзи ўйинларда рақибга нисбатан устунликка эга бўл-япмиз-у, лекин буни якуний натижада акс эттира олмаяпмиз. Қолаверса, тан олиш керак, рақиблар реал ҳолатда биздан кучлироқ.

- «Обод» олий лиганинг қолган жамоаларидан кучсизми?

- Бир қарашда буни турнир жадвалига қараб ҳам айтиш мумкин. Лекин биринчи даврада бизга кўпроқ омад етишмади. Асосий муаммолардан бири ҳам шунда бўлди.

- «Обод»нинг иккинчи даврада ўйнамаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу маълумот қанчалик ҳақиқатга яқин?

- Ушбу масалани клуб раҳбарияти ҳал қилади.

- Шундай гап борми?

- Матбуотда, кўчада, одамлар орасида мен ҳам шу ҳақида эшитдим. Юқорида айтганимдек, бу масалани жамоамиз раҳбарлари ҳал қилишади.

- Демак, ҳозирча вазият жиддийлигича қолмоқда, шундайми?

- Ҳа.

- Самвел Бабаян жамоани қабул қилиб олиши мумкинлигини айтиш-япти. Бу хабарни сиз ҳам эшитдингизми?

- Эшитдим. Бу сўнгги пайтда миллий терма жамоадан сўнг энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири. Ҳамма учун жуда қизиқ мавзу.

- Агар шундай бўлиб чиқса, бу клуб учун яхши хабар бўладими?

- Менимча, шундай. «Обод» олий лигадаги иштирокини давом эттиради ва иккинчи даврада ўзини кўрсата олади, деб ўйлайман.

- «Обод»да қоласизми ёки жамоадан кетишингиз аниқ бўлиб улгурдими?

- Катта эҳтимол билан иккинчи даврани бошқа клубда бошлайман. Ўзим учун бир қарорга келдим.

- Лекин клуб раҳбарияти бунга осонликча рози бўлмаса керак?

- Ҳозирги ҳолатда кетишимга қаршилик кўрсатишмайди, деб ўйлайман.

- Мавсум бошида Тошкентнинг 3та жамоаси - «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Локомотив» сизни ўз сафига чорлаганди. Ўша таклифлар ҳали ҳам ўз кучидами?

- Ҳа, кучида деб ўйлайман. Таклифлар етарлича бўляпти. Ҳаммасини тарозига қўйиб, яқинларим билан маслаҳатлашиб, бир қарорга келаман.

- Шартноманинг ҳали икки йили бор, шундайми?

- «Обод» билан 3 йиллик битим имзолаганман. Кейинги йил сўнггида эркин агентга айланаман. Айни пайт трансфер ҳуқуқим «Обод»га тегишли.

- Клуб раҳбарлари бундан фойдаланиб, трансфер баҳосини жуда ошириб юборишлари мумкин. Бундан хавотирга тушмаяпсизми?

- Ўз устимда янада кўпроқ ишлаб, олдинга қадам ташлашда давом этишим шарт. Бундай ҳолатда клуб раҳбарияти ҳам мени тушуниб, қўллаб-қувватласа керак. Айтишим мумкинки, «Обод» раҳбарияти кучлироқ жамоага ўтишим тарафдори.

- Демак, улар бунга қаршилик қилишмайди?

- Худди шундай.

- Қайси жамоанинг таклифи жиддийга ўхшаб кўриняпти?

- Мухлислар буни вақти келиб билиб олишади.

- «Бунёдкор»га ўтишингиз ҳақида ҳам хабар чиқди...

- Ҳа, бу маълумотни тасдиқлайман. Фикримча, ҳозирги ҳолатда айнан «Бунёдкор» мен учун энг тўғри танлов бўлади.

- Сизни шахсан Миржалол Қосимовнинг ўзи жамоада кўришни истаяптими?

- Билмадим, буни ҳам вақт кўрсатади.

- «Бунёдкор» устози билан гаплашдингизми?

- Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмади. Лекин шахсан ўзим «Бунёдкор»га ўтиш тарафдориман.

- Бу йилги чемпионатимиз баҳслари аввалгиларидан фарқ қиляпти. Турнир жадвалига эътибор қаратсангиз, етакчи жамоалар бир неча тур мобайнида аутсайдерлар сафида юришди. Сиз ўтишингиз кутилаётган «Бунёдкор»нинг ҳозирги ўрни ўзига умуман мос эмас. Аксинча, ўртамиёна клублар пешқадамлар сафида боришяпти. Нима деб ўйлайсиз, бу вақтинчалик ҳолатмикан?

- Мазкур масалада бир нарса де-йиш қийин. «Қўқон-1912» биринчи даврани кўтаринки руҳда ўтказди. Жамоа бежизга иккинчи ўринни эгаллаб тургани йўқ. Бу ерда мураббийларнинг иши ҳам кўриниб турибди. «Олмалиқ»нинг мақсади ҳам жиддийга ўхшаяпти. Иккинчи даврада чемпионатимиз ўйинлари ҳозиргидек қизиқарли кечса керак. Балки, бу борада адашаётгандирман. Лекин шахсий фикрим шундай. Иккинчи даврада «Пахтакор» ҳам, «Бунёдкор» ҳам ҳали ўз сўзларини айтишади, деб ўйлайман. Бу жамоаларда давралар оралиғида сезиларли ўзгаришлар бўлади. Ишончим комилки, чемпионлик ва совринли ўринлар учун кураш янада кескинлашади. Гранд клубларимизда ижобий томонга ўзгариш юз берган тақдирда ҳам, «Навбаҳор», «Қўқон-1912», «Машъал», «Олмалиқ», «Динамо» каби жамоалар шунчаки томошабин сифатида қараб туришмайди. Улар ўйинларда очколарни жамлашда давом этишади.

- Миллионлар ўйинида «юлдузлик касали» деган тушунча бор. Айниқса, бу ёш футболчиларимизга тегишли...

- Сиз айтган иллатдан йироқда юраман. «Юлдузлик касали» деган тушунча мен учун фаолиятимнинг сўнггига қадар бегона бўлиб қолишига интиламан. Устозларимнинг ўгитларини ҳеч қачон унутмайман. Шу билан бирга ишлашдан, меҳнат қилишдан тўхтамайман.

- Олий лигада тажриба тўпладингиз ва бу жараён давом этмоқда. Лекин чемпионатимиз элитаси сиз учун сўнгги бекат бўлиб қолмаслиги керак...

- Шу ёшимгача ҳеч қандай халқаро мусобақаларда иштирок этмаганман. Ўтган йили олий лигада дебют қилдим. Чемпионатда 14та гол билан тўп-урарлар пойгасида учинчи бўлдим. Бу билан сиз айтгандек, катта тажриба тўпладим. Албатта, ҳамма футболчиларда бўлгани каби менда ҳам Европа чемпионатларида ўйнаш истаги бор. Бунинг учун астойдил ҳаракат қилишим керак. Ҳеч қачон меҳнат қилишдан қочмайман. Шу орқали орзуларимга етишимни жуда яхши биламан. Жароҳат олиш ҳақида ўйламаслик лозим.

- Қайси мураббий қўл остида ишлашни истардингиз?

- Мураббий танламайман. Ҳар бир мутахассиснинг ўзига яраша тажрибаси ва ўйинни ташкил қилиш услуби бор. Уларнинг ҳаммасидан ниманидир ўрганса бўлади.

- Футболчи бўлишингизда асосий сабабчи сифатида Воҳид Холбоевни кўрсатган бўлармидингиз?

- Айнан шу мураббий қўл остида «Оқ-тепа» жамоасида ўйнадим. Ке-йин Воҳид аканинг ўрнига бошқа мураббий келди. Бунинг натижасида ўйинимда пасайиш кузатилди. Бир йил давомида майдонга тушмадим. Фақат машғулот ўтказиш билан чекландим. Шундай ҳолатда ҳам тушкунликка тушмадим. Ўзим учун маш-ғулот ўтказиб турдим. Кўпроқ жисмоний ҳолатимга эътибор қаратдим. «Истиқлол» жамоасида бир йил асосий таркибда тўп сурдим, сўнг «Обод» сафига бориб қўшилдим. Бу жамоада бош мураббий Бобур Зуҳриддинов эди. Бугунги ҳолатга келишимга айнан Бобур ака сабабчи бўлганлар, десам янглишмайман.

- Турли ижтимоий тармоқларда сиз ҳақингизда мухлислар томонидан ёзилаётган изоҳларга қандай фикр билдирасиз?

- Менга бўлган ишонч учун уларга катта раҳмат айтмоқчиман. Биз фақат ҳақиқий ишқибозлар учун ўйнаймиз. Фикрларнинг аксарияти ижобий руҳда эканлигидан хурсанд бўламан. Баъзида танқид ҳам учраб туради, уларни, агар ўринли бўлса, тўғри қабул қиламан.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz