Қайднома

Қидирув

Маҳаллий мутахассисга таяниб…ёки Бабаян ва Шин Тэ Йонг қарама қаршилиги давом этади

Маҳаллий мутахассисга таяниб…ёки Бабаян ва Шин Тэ Йонг қарама қаршилиги давом этади

  10.07.2017 15:52
  0
  1291
Маҳаллий мутахассисга таяниб…ёки Бабаян ва Шин Тэ Йонг қарама қаршилиги давом этади

Ҳозир Осиёда жаҳон чемпионати саралаши мусобақаси тўхтаб турибди, шу боис янгиликлар ҳам у қадар кўп эмас. Аммо жорий ҳафта бошида биз учун етарлича қизиқишга сабаб бўладиган маълумот барибир, тарқади - Жанубий Корея терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди. Хабарингиз бор, Ули Штилике кетма-кет муваффақиятсизликлардан сўнг истеъфога чиқарилгач, анчадан буён янги мураббий тайинланмаганди. Ниҳоят, узоқ кутилган хабар чиқди - мундиал йўлланмасини қўлга киритиш йўлида миллий термамизнинг асосий рақобатчисига айланиб қолган жамоани энди Шин Тэ Йонг бошқаради.

Албатта, бу янгилик биз учун муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, Жанубий Корея термаси билан ЖЧ саралашида бир гуруҳда кураш олиб бормоқдамиз. Иккинчидан ва энг муҳими эса - саралашнинг сўнгги ўйини айнан шу жамоага қарши бўлиб ўтади. Шундай экан, асосий рақибга эътибор юқори бўлиши турган гап.

Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам худди Жанубий Корея сингари саралашда омади чопмаяпти. Охирги мағлубиятлар эса жамоани тамоман издан чиқарди. Агар кореяликлар сал олғирроқ бўлганларида аллақачон иккинчи йўлланма тақдири ҳам ҳал бўларди. Ўз навбатида, миллий термамиз ҳақида ҳам худди шундай фикр билдириш мумкин: биз аллақачон Ж.Корея жамоасини ортда қолдириб, айни пайт Россиядаги ЖЧга тайёргарлик кўраётган бўлишимиз мумкин эди. Афсуски, Эрондаги баҳсда майдон эгалари биздан устунроқ чиқиб қолишди. Аммо ушбу мағлубиятдан кейин ҳам тақдир бизга яна бир имкониятни тақдим этди. Қатар термаси корейсларни мағлубиятга учратди-ю, гуруҳдаги вазиятни янада чигаллаштириб юборди. Энг асосийси, бизда ҳамон мундиалга чиқиш имконияти сақланиб турибди. Бошқача айтганда, ҳаммаси яна ўз қўлимизда.

Эронликлар аллақачон ўз улушларини қўлга киритиб бўлишди, энди Россияда ўтадиган жаҳон чемпионати эшиги улар учун очиқ. Ҳамма гап иккинчи йўлланманинг кимга насиб этишида қолди. Бу йўлдаги кураш эндиликда Жанубий Корея ва Ўзбекистон термалари учун ҳаёт-мамот масаласига айланади. Шундай экан, айни пайт энг асосий рақибимизга айланган жамоада мураббий ўзгарганига бефарқ қараб туролмаймиз. Ж.Корея ва Ўзбекистон термаларининг муаммолари бир-бирига ўхшаш. Фарқи шундаки, жамоалар ушбу муаммолардан турлича йўл билан чиқишга қарор қилишди. Хўш, биз бу мутахассис ҳақида нималар биламиз?

Шин Тэ Йонг бунга қадар Жанубий Корея U-20 терма жамоасини бошқариб келаётганди. Ушбу мутахассис Ули Штилике келгунига қадар, яъни 2014 йилнинг сентябрида бош мураббий лавозимини бажарган. 46 ёшли Тэ Йонг мураббийлик фаолиятини 2005 йили бошлаган. Дастлаб уч йил давомида «Брисбен Роар» клубида ёрдамчи вазифасини бажарди. 2009 йил «Сеонгнам Илва Чунма»га келиб, 2010-2012 йилларда шу жамоа бош мураббийлигига тайинланди. 2014-2016 йилларда Жанубий Корея термаси мураббийлар штабида меҳнат қилди. Охирги икки йилда Жанубий Корея U-23 ва U-20 термаларини бошқарди. Демак, 31 август санаси корейслар Шин Тэ Йонг бошчилигида ўз майдонларида Эрон термасини қабул қилишади. 5 сентябрда эса Тошкентда меҳмон бўлишади.

Албатта, бу ўзгариш қайсидир маънода вазиятга ўз таъсирини ўтказиши тайин. Ёки Шин Тэ Йонг бошчилигида корейслар асосий мақсадларини рўёбга чиқаришади, ё бўлмаса, мундиал йўлланмасини Ўзбекистон термасига топширишади. Табиийки, мазкур ҳолатда биз учун иккинчи вариант маъқулроқ. Ахир юқорида таъкидлаганимиздек, барчаси ўз қўлимизда ва футболчиларимиз бизни хурсанд қилишларига ишонамиз.

Яна Жанубий Корея термаси мавзусига қайтадиган бўлсак, бу жамоа гуруҳдаги баҳсларни ёмон ўтказмади ва кўп ҳолларда омадсизлик туфайли очко йўқотди. Бироқ шунга қарамай, барибир, бош мураббийни алмаштиришни маъқул кўришди. Чунки керакли натижага эришилмади ва Штиликедек тажрибали мутахассис истеъфога чиқарилди.

Албатта, Жанубий Корея термаси бошқарувига янги мураббий келгач, иш услуби ва сифати ҳам ўзгариши турган гап. Шунга яраша жамоа футболчиларидаги кайфият бошқача, яъни ижобий тус олиб, майдонга ўзгача иштиёқда тушишларини тахмин қилиш қийин эмас. Бу эса, Ўзбекистон миллий жамоаси вакиллари зиммасидаги масъулият юкини янада оширади. Йўқ, рақибимизнинг бош мураббийини ўзгартириши бизни асло чўчитмайди. Шунчаки, тайёргарлик икки ҳисса кучайтирилиб, футболчиларимизга жанговарлик руҳи сингдирилса, биз ҳар қандай рақибни енгиб, асосий мақсадимизга эришиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритамиз. Ҳаттоки, қаршимизга турли ўзгаришларга қўлга урган Жанубий Корея термаси чиқса ҳам.

Айтганча, Шин Тэ Йонг бизнинг Самавел Бабаянга нотанинш эмас. Улар Қатарда ўтказилган U-23 Осиё чемпионати (Олимпиада-2017 саралаши) баҳсларида рўбарў келишган эди. Ўшанда  кореяликлар 2:1 ҳисобида зафар қучишган эди...

Жанубий Корея - Ўзбекистон — 2:1
Голлар: Мун Чанг Жин (20, пен), Мун Чан Жин (47) - Достонбек Ҳамдамов (58)
Жанубий Корея U-23:
Ким Донг Жин, Мун Чанг Жин, Ли Чанг Мин, Хванг Хи Чанг, Ёнг Жай Мин, Сён Жу Хун, Сим Санг Мин, Жин Сёнг Ук, Ли Сёл Чан, Рю Сёнг Ву, Парк Ёнг Ву
Ўзбекистон U-23:
Абдумавлон Абдужалилов, Акром Комилов, Максимилиан Фомин, Владимир Козак, Жамшид Болтабоев, Отабек Шукуров, Жавоҳир Соҳибов, Жамшид Искандеров, Достонбек Ҳамдамов, Игорь Сергеев, Элдор Шомуродов


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz