Қайднома

Қидирув

«Даллоллик»нинг футболга таъсири

«Даллоллик»нинг футболга таъсири

  12.07.2017 21:06
  0
  392
«Даллоллик»нинг футболга таъсири

«Милан» билан шартномани узайтиришни хоҳламаган Жанлуижи Доннарумма можароси «қизил-қоралар» учун жиддий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Ахир 18 ёшли дарвозабоннинг ортида Златан Ибрагимович, Поль Погба, Марио Балотелли ҳамда Ромелу Лукакуга агентлик қилаётган обрўли Мино Райола турибди.

Райоланинг таъкидлашича, дастлаб унинг мижозига шартнома муддати якунлангунга қадар ўйин амалиётисиз қолдириш билан таҳдид қилишган, сўнгра жисмоний зиён етказишларини айтишган. «Номақбул ишларга қўл ураётган спорт директори Мирабели билан ҳамкорлик қилишни хоҳламайман», - деди агент.

Айни пайт Райоланинг мижозлари орасида «Милан»нинг бошқа футболчилари ҳам бор. Франциянинг L~Equipe нашри маълумотларига таянсак, ушбу рўйхатда Италия термаси вакиллари Жакомо Бонавентура ҳамда Иньяцио Абате, шунингдек, 19 ёшли келажаги порлоқ ҳужумчи Козимо Ла Феррара, 17 ёшли ҳимоячи Маттео Габбия бор. Қолаверса, ўтган мавсум мос равишда «Алавес» ва «Зволле»га ижарага берилган 23 ёшли бразилиялик марказий ҳимоячи Родригу Эли ҳамда 19 ёшли марокашлик футболчи Ҳошим Мастурни ҳам унутмаслик даркор. Италия матбуоти агентнинг бир оғиз сўзи билан юқорида номи тилга олинган футболчилар «Милан»ни тарк этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Агар вазият шундай якунланса, футбол олами агентларнинг миллионлар ўйинида тутган ўрин нақадар юксак эканига яна бир бор амин бўлади.

«Зволле»ни ФК «Райола» деб аташганига нима дейсиз? Чунки ўтган мавсум италиялик агентнинг Голландия фуқаролигига эга олти нафар мижози ушбу клуб шарафини ҳимоя қилишганди. «ПСЖ» эътиборига тушган Мастур ва Онгенда сингари ҳужумчилар учун «Зволле» ўйин амалиёти ва тажриба тўплаш имконини тақдим этди.

Голландлар ҳам мамнун. «Райолага раҳмат. Унинг ёрдами билан сотиб олишга қурбимиз етмайдиган футболчилар жамоамизда тўп суришмоқда», - деди январда «Зволле»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Рон Янс.

Италия «В» сериясида қатнашувчи «Новара» клуби ҳақида ҳам айни шу фикрни билдириш мумкин. Райола бу жамоага тўрт мижозини жойлаштирган. Худди шундай квартет (Ибрагимович, Погба, Мхитарян, Ромеро) «Манчестер Юнайтед»да, яна уч нафари «ПСЖ»да (Максвелл, Матюиди ҳамда 18 ёшли Жоржен) тўп суришди.

Севимли клубларига эга суперагентлардан яна бири - Жорже Мендеш. Аммо унинг фаолиятида ўз юртига боғлиқлик сезилиб туради. Мендеш «Бенфика», «Брага» ҳамда «Порту» билан кенг кўламли ишларни амалга оширган. Хусусан, ўтган мавсум «Бенфика»да унинг нақ етти нафар мижози ўйнади: Эдерсон, Нелсон Семеду, Филиппе Аугусту, Пиззи, Гуга Родригеш, Диого Гонсалвеш ва Рубен Диаш.

Аввалроқ Жорже Мендеш «Монако»да ўз отрядига эга чиққанди (Рикарду Карвалью, Хамес Родригес, Кавалейру, Элдер Кошта, Фалькао). Ўтган мавсум Бернарду Силва бор эди. Икки футболчи (Гарай ва Мангала) «Валенсия»да тўп суришди.

Худди Минода бўлганидек, Жорженинг ҳам номига муносиб клуб бор - «Вулверхэмптон». Хитойнинг Fosun International компанияси томонидан сотиб олинган жамоага Мендеш билан «Валенсия» ва «Порту»да ҳамкорлик қилишга улгурган Нуну устозлик қилмоқда. Таркиб эса Кавалейру ҳамда Элдер Кошта ҳисобига тўлдирилди.

Марко Ройс ва Тони Кросснинг ишлари билан шуғулланувчи яна бир машҳур агент Фолькер Струтнинг Германия жамоаларида мижозлари бисёр. Айниқса, «Кёльн»да бундай футболчилар тўққиз нафарни ташкил этади: Рауш, Хорн, Леманн, Риссе, Хайнц, Хартель, Йоич, Озжан, Клюнтер.

Францияда эса Давид Вендителлининг Score Agencies компанияси асосий эътиборни азалий рақобатчилар «Лион» ва «Сент-Этьен»га қаратган. Лионликлар сафида тўққиз мижози тўп сураётган бўлса (улар орасида Ляказетт ҳам бор), «Этьен»да бундай футболчилар сони беш нафарни ташкил этади (жамоа сардори Перрен ҳам улардан бири). Вендителлининг мижозлари рўйхатида асосан ёш ўйинчилар қайд этилган, аммо ким билади дейсиз, балки келажакда айнан шу футболчиларнинг номи энг юқори ўринларда қайд этилар?!

 Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

Карлес Пуйоль - Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга тайёр!

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.