Қайднома

Қидирув

16та давлат, 25та шаҳар ёхуд ЕЧЛ финали қайси стадионларда кўпроқ ўтган

16та давлат, 25та шаҳар ёхуд ЕЧЛ финали қайси стадионларда кўпроқ ўтган

  16.07.2017 04:33
  0
  459
16та давлат, 25та шаҳар ёхуд ЕЧЛ финали қайси стадионларда кўпроқ ўтган

Жорий йил Европа Чемпионлар кубоги|ЧЛ финалига мезбонлик қилган мамлакатлар сони 16тага етди - Уэльс, тўғрироғи, Кардиффдаги «Миллениум» стадиони илк марта еврофутболнинг асосий клуб турнири ҳал қилувчи баҳсига ўз бағрини очди. Маълумот учун айтиш керак, бу ҳисоб бўйича 62-финал эди. Хўш, шу кунгача «шалпангқулоқ» кубок тақдири қайси мамлакат ва шаҳарларда ҳал этилган?

Италия (9та финал)

Мезбон шаҳарлар (3та): Рим, Милан, Бари

Мезбон стадионлар (3та): «Олимпико» (Рим),  «Сан-Сиро» (Милан) - 4тадан  финал; «Сан-Никола» (Бари) - 1та финал

Қизиқарли факт. Бари ЧК|ЧЛ финалига мезбонлик қилган шаҳарлар орасида алоҳида ўрин тутади. Яъни бу шаҳарнинг жамоаси ушбу турнирда бирор марта иштирок этмаган. Бари жорий йилгача бу борада ягона мезбон эди.

Англия (8та финал)

Мезбон шаҳарлар (2та): Лондон, Манчестер

Мезбон стадионлар (2та): «Уэмбли» (Лондон) - 7та финал;  «Олд Траффорд» (Манчестер) - 1та финал

Қизиқарли факт.  Турнир финалини қабул қилиш бўйича мутлақ рекордчи саналган «Уэмбли» «Барселона» учун омадли аренадир. Каталонияликлар ўз ҳисобларидаги 5та «шалпангқулоқ»дан 2тасини Лондондаги мўъжизавий стадионда қўлга киритишган (1992 ва 2011 йиллар).

Германия (8та финал)

Мезбон шаҳарлар (4та): Берлин, Мюнхен, Штутгарт, Гельзенкирхен

Мезбон стадионлар (5та): «Олимпиаштадион» (Мюнхен) - 3та финал; «Некарштадиум» (Штутгарт) - 2та финал; «Олимпиаштадион» (Берлин), «Арена Ауфшальке» (Гельзенкирхен), «Альянц Арена» (Мюнхен) - 1тадан финал

Қизиқарли факт. Берлин ва Мюнхендаги «Олимпиа-штадион»ларда кечган 4та финалдан 3тасида итальян клублари мағлубиятга учраган: «Милан» ҳамда «Ювентус» (2 марта).

Испания (7та финал)

Мезбон шаҳарлар (3та): Мадрид, Барселона, Севилья

Мезбон стадионлар (3та): «Сантьяго Бернабеу» (Мадрид) - 4та финал; «Камп Ноу» (Барселона) - 2та финал; «Рамон Санчес Писхуан» (Севилья) - 1та финал

Қизиқарли факт. 1999 йилги ўша машҳур финал Барселонада ўтказилган. Майдонда «МЮ» ва «Бавария», Алекс Фергюсон шогирдларининг сўнгги дақиқалардаги жасоратлари - барчаси ёдингиздадир...

Франция (5та финал)

Мезбон шаҳар: Париж

Мезбон стадионлар (2та): «Парк де Пренс» - 3та финал, «Стад де Франс» - 2та финал

Қизиқарли факт. Париж - «Реал» учун омад тимсоли. «Қироллик клуби» Франция пойтахтида 2 марта турнир ғолиби бўлган, боз устига, турли ареналарда нақ 44 йиллик тавофут билан.

Голландия (4та финал)

Мезбон шаҳарлар (2та): Амстердам, Роттердам

Мезбон стадионлар (3та):  «Де Куйп» - 2та финал, «Амстердам Арена», «Олимпия» - 1тадан финал

Қизиқарли факт. Амстердам финалининг ҳар иккисида «Реал» иштирок этган. Мадридликлар 1962 йили «Бенфика»га 3:5 ҳисобида ютқазган бўлсалар, 1998 йили «Ювентус»ни Предраг Миятовичнинг ягона голи эвазига енгишган.

Бельгия (4та финал)

Мезбон шаҳар: Брюссель

Мезбон стадион:  «Эйзель» - 4та финал

Қизиқарли факт. «Эйзель» ҳозирда қирол Бодуэн шарафига унинг номи билан аталади.  «Ювентус» ва «Ливерпуль» ўртасидаги ўйинда машъум фожиа айнан шу аренада юз берган - трибуналарнинг ўзида ўнлаб мухлислар ҳаётдан кўз юмишганди. Эътиборлиси, «Эйзель» Чемпионлар кубоги ҳал қилувчи ўйини учун 4 марта танланган, аммо амалда 5та финални қабул қилган. Гап шундаки, 1974 йили «Бавария» ва «Атлетико» тўқнашувида ғолибни битта ўйин орқали аниқлаш имкони бўлмагач, такрорий жанг Брюсселда ўтказилган.

Австрия (4та финал)

Мезбон шаҳар:  Вена

Мезбон стадион: «Пратер» («Эрнст Хаппель») - 4та финал

Қизиқарли факт. Чемпионлар кубоги|Чемпионлар Лигаси бош соврини учун ўйинни турли номлар остида қабул қилган ягона стадион. Арена 3та финал вақтида «Пратер», деб аталган бўлса, 1992 йили буюк Эрнст Хаппель номини олганди.

Шотландия (3та финал)

Мезбон шаҳар: Глазго

Мезбон стадион:  «Хэмпден Парк» - 3та финал

Қизиқарли факт.  «Хэмпден Парк» 2та муҳим рекордга гувоҳ бўлган. Европа клуб футболидаги асосий турнирнинг энг семаҳсул финали (10та гол) айнан Глазгода қайд этилган, шунингдек, мухлислар ташрифи бўйича энг юқори кўрсаткич ҳам шу аренада кузатилган - 135 минг. Ҳар икки рекорднинг «Реал» ва «Айнтрахт» ўртасида кечган 1960 йилги финалда кузатилганини қўшимча қилиш жоиз.

Греция (3та финал)

Мезбон шаҳар:  Афина

Мезбон стадион: «Олимпия» - 3та финал

Қизиқарли факт.  Чемпионлар кубо-ги|Чемпионлар Лигаси финали нақ 13 марта Олимпиада шарафига аталган ареналарда ташкиллаштирилган. Бу Рим, Мюнхен, Берлин, Амстердам, Истамбул ва Афинадаги ареналар «хизмати». Яна бир йилдан сўнг ушбу рўйхат Киевда жойлашган «Олимпийский» ҳисобига янада узаяди.

Португалия (2та финал)

Мезбон шаҳар: Лиссабон

Мезбон стадионлар (2та): «Миллий», «Эштадиу да Луж» - 1тадан финал

Қизиқарли факт. Британия жамоалари илк кубокни Лиссабонда қўлга киритишган. Яъни  1967 йили финалга бағрини очган «Миллий» аренаси «Селтик»ка омад келтирганди. Шотландияликлар «Интер» (Милан)ни «сенсацион» тарзда мағлуб этишгач, Жок Стейн жамоасига «Лиссабон шерлари» лақаби «ёпишган» - албатта, тарихий ғалаба шарафига.

Швейцария (1та финал)

Мезбон шаҳар: Берн.

Мезбон стадион: «Ванкдорф»

Қизиқарли факт. «Бавария» ва «Атлетико» ўртасида кечган такрорий ўйинни ҳисобга олмаганда, энг кам мухлис гувоҳлигидаги финал айнан «Ванкдорф»да кечган. Хуллас, 1961 йили «Бенфика»нинг «Барса»дан 3:2 кўринишида устун келишини стадионда атиги 33 минг мухлис бевосита томоша қилган.

Сербия (1та финал)

Мезбон шаҳар: Белград

Мезбон стадион: «Црвена Звезда»

Қизиқарли факт. Белграддаги стадионда «Аякс» тарихий натижага эришган. Голландлар ўшанда «Ювентус»ни минимал ҳисобда енгиб, кетма-кет 3-марта Чемпионлар кубоги соҳибига айланишганди.

Туркия (1та финал)

Мезбон шаҳар: Истанбул

Мезбон стадион: «Олимпия»

Қизиқарли факт. Турк заминида атиги 1та финал ўтказилган, лекин қанақа-я! «Милан» ва «Ливерпуль» ўйини эсингизга тушди, албатта. Биринчи бўлимдан сўнг 3:0 - олдинда Карло Анчелотти жамоаси, якунда эса кубок Стивен Жеррард етакчилигидаги «қизиллар» «ўлжа»си.

Россия (1та финал)

Мезбон шаҳар: Москва

Мезбон стадион:  «Лужники»

Қизиқарли факт.  Жон Террининг пенальтилар сериясидаги кичик фожиаси... Эҳ, тан олинган футболчи келиб-келиб, шундай вақтда сирғаниб кетадими? Яна бир факт шуки, «МЮ» сафида ўйнаган Криштиану Роналду фаолиятидаги биринчи «шалпангқулоқ»ни айнан Москвада боши узра баланд кўтарганди.

Уэльс (1та финал)

Мезбон шаҳар: Кардифф

Мезбон стадион:  «Миллениум»

Қизиқарли факт. «Реал» охирги 59 йил мобайнида илк марта мавсумни Испания чемпионати ва ЧЛдаги ғалаба билан якунлади. Қолаверса, мадридликлар Кардиффда замонавий турнир (1991|1992 йиллар мавсумидан кейинги давр)да шаклланган  тенденцияни бузишди. Яъни амалдаги ғолибнинг кейинги мавсум кубокни топшириш одатига чек қўйиб, ЧЛда кетма-кет 2-марта ғалаба нашидасини суришди.

Манба:  soccer.ru,  А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.