Қайднома

Қидирув

Германия терма жамоасининг истиқболи тизими

Германия терма жамоасининг истиқболи тизими

  16.07.2017 06:12
  0
  285
Германия терма жамоасининг истиқболи тизими

Якшанба куни Германия терма жамоаси Конфедерациялар кубоги-2017 финалида иштирок этди. Немислар мусобақаларга қандай таркибда боришмасин, ҳамиша фаворитлар қаторида бўлишади. Бунинг сири нимада? «Советский спорт» шуни таҳлил қилишга уриниб кўрди.

Яқиндагина германияликлар «Бундесфутбол борасида нима қиламиз?», деб бошларини қотиришарди. Маҳаллий мутахассисларнинг ишончлари комил эди: клуб футболи бундесманшафт билан бирга ўсишдан тўхтаб қолганди. Ўтган ўсрнинг 90-йиллари бошларида собиқ ГДРдан келган янги қон аллақачон тугаганди. Ёшлар эса грандларни қизиқтирмай қўйишганди.

Бунинг устига жаҳон чемпионати мезбонлигига оз қолганди. Албатта, мамлакат терма жамоаси ўз майдонида бўлиб ўтадиган мундиалда шарманда бўлмаслиги талаб этиларди. Мана, орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтди. Вазият эса тубдан ўзгариб кетди. Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Германия термасининг ўртача ёши 25ни ташкил қилди. Улардан фақатгина Гана ва КХДР терма жамоалари ёшроқ эди. Бунинг сабаби оддий - мамлакатда 2002 йилдан буён «Футбол иқтидорларини рағбатлантириш миллий дастури» ишлаб келмоқда.

Ваҳоланки, бу бир марталик эмас экан. Масалан, Йоахим Лёв Конфедерациялар кубогига ўринбосарлар таркибини олиб келди. Улар эса бирорта мағлубиятга учрамаган ҳолда финалгача етиб боришди. Аммо буни ўринбосарлар дейиш ҳам ноўрин. Чунки Германияда бундай тушунча йўқ. Айни пайтда бундесманшафт бош мураббийи терма жамоага муносиб 35-40 нафар футболчига эга. У якуний 23 нафар футболчини улар орасидан танлаб олишга бош қотиради. Бизда эса, аксинча, якуний 23талик таркибни тўлдириш муаммо.

Футбол мактаблари тизими

Германияда футбол мактаблари олдиндан анча савияли бўлган. Унда бу ислоҳот нима учун керак бўлди?

Негаки, ақлли одамлар қўлга калькулятор олиб ҳисоблашни бошлашди. Рақамлар кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Барча кучли мактаблар клублар ихтиёрида экан. Лекин улар терма жамоа учун кадрларни тайёрлаб беришни тўхтатишганди. Шу билан бирга рақобатбардош ёшларнинг ўсиши тўхтаб қолганди. Хуллас, Германия футбол иттифоқи раҳбарлари клублар мактаблари терма жамоа учун керакли бўлган кучли футболчиларни тарбиялай олмаслигига амин бўлишди. Юқори марраларни забт этган юлдузлар эса регионал мактаблардан чиқишганди. Баллакнинг қаердан чиққанини биласизми? «Мотор Карл-Маркс-Штадт» клуби. Бирхофф-чи? «99|6 Эссен». Леманн «Хайсинген»да, Йеремис эса «Моторе» (Герлитц)да ўйнаган.

Қайсидир футболчилар кечроқ етилишган. Мисол учун, Мирослав Клозе ҳеч қачон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларида ўйнамаган.

Демак, футболчилар бор. Лекин уларни топиш керак. Натижада регионал мактаблар тизими ўйлаб топилди. Бунинг учун ГФИ 10 миллионлаб евро сарфламоқда. Айтайлик, ҳар қандай мактабга бориш учун бола 25 км.дан кўп йўл юрмаслиги керак. Агар боланинг иқтидори бўлса-ю, ота-онаси йўл кира беришга қодир бўлмаса, болага мактабдан уйигача автобус учун чипта берилади. Барча машғулотлар куннинг иккинчи ярмига белгиланади. Албатта, иккита машғулот орасида икки соат назарий машғулотлар ўтказилади. Ана шу икки соат болалар билан мактаб дарсликлари бўйича репетиторлар иш олиб боришади. Орадан беш, етти йиллар ўтгач, репетиторлардан воз кечишга тўғри келди. Чунки футбол мактабига қатнаётган бола мактаб фанларидан ҳам яхши ўқишни бошлаганди. Улар онгига «Спортчининг ёмон ўқиши мумкин эмас», деган тушунча жойлаштирилганди. Мамлакатда эса ота-оналар фар­занд­ла­рини спорт мактабларига бериш жараёни тезлаб кетди.

Дастур бўйича 390та база қуришган. Дастлабки йилиёқ бундай мактабларга 11дан 17 ёшгача бўлган 22 минг нафар бола қабул қилинди. Улар билан 1200 нафар мураббий иш олиб борди. Аммо хорижлик мутахассислар таклиф этилмаган. Шундоқ ҳам Германияда футбол мураббийлари етарли бўлган. Энди улар учун иш кўпайганди.

Бу гигант тизимни Германия футбол иттифоқининг 30 нафар координатори бошқаради. Улар базаларга ташриф буюриб, ҳаммаси қандай иш олиб бораётганини текшириб туришади.

Бу қанча туради?

«Иқтидорларни рағбатлантириш дастури» учун Германия футбол иттифоқи бир йилда ўртача 10 миллион евро сарфлайди. Албатта, бу катта сумма. Аммо федерациянинг шунга яраша ҳомийлари бор. Айнан улар бу маблағнинг кўп қисмини тўлашади.

Клублар учун пуллар

XXI аср бошларида бундеслига асосан телевидениедан олинадиган даромад эвазига яшарди. Лекин 2002 йили Лео Кирхнинг медиахолдинги инқирозга юз тутди. Натижада клублар қуруқ қолишди. Кирхнинг ўрнини эгаллашга ҳеч ким шошилмасди. Оқибатда клублар харажатларни камайтиришга ўтишди. Легионерлардан воз кечиб, маҳаллий ёш футболчиларга эътибор кучайди. Масалан, 2003 йили шу йўлни тутган «Штутгарт» иккинчи ўринни эгаллади. Ўшанда жамоа сафида ҳали танилиб улгурмаган Тимо Хильдебранд, Кевин Кураньи, Андреас Хинкель, Александр Глеб каби футболчилар ўйнашарди. Ке­йинчалик бошқа клублар ҳам шу моделни такрорлашга ўтишди. 2006|2007 йиллар мавсумига келиб Германияда легионерлар лимитини бекор қилишди. Чунки энди бунинг кераги ҳам йўқ эди. Клублар хориждан арзон ишчи кучини харид қилишни тўхтатишганди. Фақатгина аниқ бир режа асосида кучли легионерларни сотиб олишни бошлашди. ГФИ эса бунга қаршилик қилмади.

Германия клубларининг молиявий ҳолатлари яхшиланганига анча бўлди. Бунинг устига бундеслига Европанинг энг сердаромад лигасига айланди. «Нимага  АПЛ эмас?», деб сўрашингиз мумкин. Тўғри, Англия клубларининг даромадлари анча катта. Лекин туманли албиондаги жамоа­ларнинг аксарияти зиёнга ишлайди. Германияда эса даромад харажатдан кўп. Маошлар ҳам катта эмас. Мисол учун, Англияда футболчи Германияга қараганда 1,5-2 баравар кўп ҳақ олади.

Клубларга кимлар эгалик қилади?

Яна Англияга солиштирсак. У ерда клубларга олигархлар эгалик қилишади. Агар жамоанинг ишлари орқага кетса, ҳамиша ёрдам берадилар. Шу боис ҳам инглизлар янги футболчиларни харид қилишда тўхтаб туришмайди.

Германия қонунларига мувофиқ, клубларга бир киши эгалик қила олмайди. 50 фоиздан ошиқроқ акция «спорт жамиятлари»га тегишли бўлади. Яъни шу жамоа мухлисларига. Рус олигархи ёки араб шайхи немис клубини сотиб ололмайди.

Аммо бу қоидани четлаб ўтишнинг бир йўли бор. Инвестор компания назорат пакетни қўлга киритиши мумкин. Фақат бунинг учун шу клубга камида 20 йил ёрдам берган бўлиши лозим.

Шу боис ҳам «Байер» ва «Вольфсбург» клубларига йирик компаниялар эгалик қилишади. Қолган клублар эса юқоридаги қоидалар асосида яшашади.

Борди-ю клуб молиявий инқирозга юз тутса, ҳеч ким ёрдам бермайди. Шу боис ҳам жамоалар бундай ҳолатга тушиб қолмаслик учун ҳаракат қилишади.

Яқинда бундеслигада Ҳасан Исмаик ва RedBull пайдо бўлди. Биринчиси иорданиялик миллиардер, Arabtec қурилиш компанияси эгаси. У «Мюнхен-1860» клуби акцияларининг 49 фоизини 18 миллион еврога сотиб олган. Унинг пуллари клубни банкротликдан қутқарди. Исмаикнинг мақсади назорат пакетига эгалик қилиш. Ҳозирча бу борада жиддий уринишлар қилмади.

Немис футболининг асосий антагонисти RedBull ҳисобланади. Австрия компанияси «РБ Лейпциг» клубини «дунёга келтирди». Бу корпорация Австрия ва АҚШда ўз клубларига эга. Спортга қилинадиган харажатлар борасида фақатгина Adidas, Nike ва Coca-Colaдан кейинги ўринда туради. Аммо RedBull ни ҳомийлик камроқ қизиқтиради.

2006 йили компания Лейпцигнинг «Захсен» клубига номини олиб юриши учун тилла тоғларни ваъда қилганди. Гарчи бу жамоа тўртинчи дивизионда ўйнасада, фанатлар бунга қаршилик қилишган. Футбол иттифоқи эса клубларда компаниялар номи бўлмаслигини айтди. Натижада RedBull бунинг ўзгача йўлини топди. Шу орқали «РБ Лейпциг» туғилди. РБ - RasenBallsport яна майдонда тўп ўйнаш дегани, RedBull эмас. Брендни футбол жамоасига айлантиришда Лейпцигдан узоқда бўлмаган «Маркранштедт» клуби ёрдам берди. Бу жамоа 5-дивизионда тўп сурарди. Улар қўшилишга рози бўлишган.

«Бавария» - бундесфутбол локомотиви

«Бавария» Германиядаги спорт ва молиявий тарафдан ҳам энг йирик клуб ҳисобланади. Ушбу спорт жамиятининг 225 минг нафар аъзоси бор.

Айни пайтда клубнинг 24,9 фоиз акцияси Германиянинг учта йирик компаниясига тегишли: Adidas, Allianz суғурта компанияси ва Volkswagen автоконцерни таркибига кирувчи Audi компанияси.

Allianz «Бавария»нинг 8,3 фоиз акцияси учун 110 миллион евро тўлади. Шунингдек, жамоа шу компания номи акс этган «Альянц Арена» стадионида ўйнайди. Қолаверса, жамоа кўп йиллардан буён асосий ҳомийси - Adidas компанияси либосларини кияди.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

ЖЧ-2018 расмий тўпи – Telstar 18 тақдим қилинди

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.