Қайднома

Қидирув

Хитойча акцент билан ёхуд «Милан»нинг суперклубга айланиш режаси

Хитойча акцент билан ёхуд «Милан»нинг суперклубга айланиш режаси

  17.07.2017 00:22
  0
  1213
Хитойча акцент билан ёхуд «Милан»нинг суперклубга айланиш режаси

СИЛЬВИО БЕРЛУСКОНИНИНГ СОБИҚ КЛУБИ - «МИЛАН» ИҚТИСОДИЁТИГА БОҒЛИҚ ЧИЗГИЛАР. Июнь ойи ўрталарига келиб, Милан супержамоасининг бизнес-режаси ошкор қилинди. Яқиндагина Хитой сармоялари билан қувватланган клуб яқин 5 йил ичида даромад салмоғини нақ 2,5 барабар оширмоқчи? Хўш, ниманинг ҳисобига? «Советский спорт» газетаси айнан  шу савол жавобини топишга уриниб, бизнес-лойиҳанинг асосий жиҳатларига эътибор қаратди.

«Милан»нинг янги ижрочи-директори - Марко Фассоне вақтида «Ювентус»да маркетинг тараққиётига жавоб берган, кейин навбати билан «Наполи» ва «Интер» бош директори сифатида фаолият юритди. Шундай тажрибали мутахассис жорий йил апрелда «Милан» бошқарувини қўлга олди. Эндиликда у жаҳон футболида амалга татбиқ этилаётган энг улкан маркетинг лойиҳаларидан бирига бошчилик қилади: «Милан» ўз олдига молиявий кўрсаткичларини кескин яхшилаш вазифасини қўйган. Клуб бунинг учун аввало, Европа ва Хитойда кўпроқ даромад олишни кўзламоқда. Хуллас, режага кўра, яқин 5 йил ичида «Милан»нинг моддий улуши 2,5 баравар ошиши керак. Ваҳоланки, охирги 2 мавсумга назар солсак, миланликларнинг даромадлари миқдори деярли 10 миллион еврога камайди.

Матбуотда хитойлик бизнесмен Йонхон Лининг «Милан» ФК президенти лавозимига қандай келгани ҳақида етарлича  ёзилди. Шундай бўлсада, яна бир бор эслатиб ўтамиз, у жорий йил номдор клубни сотиб олиб, Сильвио Берлусконининг 30 йиллик бошқарув даврига нуқта қўйди. Sport Connect газетасида ёзилишича, келишув амалга оширилгани ҳамоно «Милан»нинг маркетинг йўналиши Хитой томон бурилиши тахмин қилинган эди. Мана, итальянлар қабул қилган бизнес-режа бу тахминларни қисман тасдиқлади. Лекин клуб биргина Осиё бозорини забт этиш билан чекланмоқчи эмас. Умуман, лойиҳага кўра, барча йўналишлардаги даромади барқарор равишда ўсиши керак. Тўғри, «Милан» раҳбарияти асосий урғуни Хитой бозорига қаратмоқчи ва бу борада яқин вақт ичида «портлаш эффекти»ни кўрсатмоқчи. Аслида «Милан» аввалги 3та мавсумда Хитой бозорида айтарли каромат кўрсатолмаган. Энди эса чемпионат-2017|2018 давомида «хитойча улуш» миқдорини нақ 90 миллион еврога кўтармоқчи.

Эътиборли жиҳати, «Милан» ихтиёрида 1та эмас, балки 2та молиявий режа бор. Италиянинг Il Sole 24 нашри молия бўлими муҳаррири Карло Феста маълумотларига кўра, вариантлардан бири клуб ходимлари учун мўлжалланган. Иккинчи режа эса УЕФА бошқарув органларига ҳавола этилган ва унда тахминий даромадлар миқдори 20 фоиз камайтириб кўрсатилган. Бироқ шу ҳам УЕФА томонидан фантастик режа сифатида баҳоланмоқда. Таққослаш учун:  «Барселона» 2016 йили Осиё бозорида 14та ҳомийлик шартномаси воситасида 19 миллион евро топди. Каталония клуби ушбу йўналишни 2013 йилдан буён ривожлантирмоқда. Мисол учун, ўша вақтдаёқ Гонконгда «Барса» офиси очилганди. Хуллас, «Милан» ҳали УЕФА вакилларини ўз режасига ишонтириши керак. Чунончи, нашрда қайд этилишича, Европа Лигаси  квалификацион раундида ўйнайдиган жамоанинг молиявий кўрсаткичи сезиларли даражада минус кўринишида - чамаси 70 миллион евро.

Бошқа томондан қарасак, «А» серияси раҳбарияти ҳам Осиё бозорига алоҳида қизиқиш билан ёндашмоқда: мамлакат суперкубоги учун ўйин 4 марта Хитойда ва 2 марта Қатарда ташкиллаштирилгани кўп нарсадан далолат. Қолаверса, чемпионат доирасидаги марказий ўйинлар ҳеч қандай муаммосиз Италия вақти бўйича куннинг биринчи ярмига белгиланмоқдаки, бундан кўзланган мақсад аниқ - хитойлик мухлисларга томоша учун қулайлик яратиш. Мисол учун, апрель ойида «Милан дерби»си маҳаллий вақт билан соат 12:30да бошланди. Оддий айтганда, ўйинга Пекин вақти билан соат 19:30да старт берилди. Италиялик фанатлар бундан қаттиқ жиғибийрон бўлишганини алоҳида эслатиш шарт эмасдир - ҳаммаси ўз-ўзидан тушунарли. Бироқ уларнинг фикрларию, эътирозларига қулоқ солувчи киши топилмади.

Хўш, «Милан» Хитой ташқарисидаги бизнес-лойиҳасини қандай йўлга қўймоқчию, улушини ниманинг ҳисобига кўпайтирмоқчи? Демак, жамоа мавсум-2018|2019да УЕФАдан 46 миллион евро олмоқчи. Жамоанинг мавсум-2013|2014дан буён Чемпионлар Лигасида иштирок этмаётгани қайсидир маънода янги раҳбарият фойдасига ишлайди. Зеро, «Милан» еврокубоклардан четда қолиш натижасида мўмай даромаддан мосуво бўлган ва энди молиявий кўрсаткични кескин яхшилаш имконияти бор. Ҳарқалай, даромадни 2,5 баравар ошириш режасида аввалги натижалар таъсири ҳам йўқ эмас, албатта. Марко Фассоне май ойидаёқ «Милан» учун «Ювентус» танлаган йўлни асос қилиб олиш истаги борлигини таъкидлаганди. Аммо клуб учун янги стадион қуриш масаласида дадил гапиролмаганди. Яъни «Милан»нинг бу ишга тайёрлигини тасдиқламаган. Туринликлар эса атиги 2,5 йил ичида янги арена бунёд этиб, бунинг ортидан даромад миқдорини сезиларли даражада оширгандилар. Тўғри, «Юве» стадиони 41000 мухлисга мўлжалланган, «Милан» эса арена сиғими 60 мингдан кам бўлмаслигини хоҳламоқда. Шундай экан, «Сан Сиро»ни модернизация қилиш варианти паст эмас. Биринчидан, у клуб учун жуда қадрли, иккинчидан, таъмирланишга муҳтож, учинчидан эса, «Интер»нинг хитойлик эгалари шахсий стадион қуришга қарор қилишлари мумкин, барибир. Шундай тақдирда «Интер» маълум муддатдан сўнг «Сан Сиро»дан воз кечади ва у «Милан»нинг ўзига қолади.

Охирги 2 мавсумдаги кўрсаткич ва янги режа

Мавсум-2015|2016: 206,3 млн. евро

Мавсум-2016|2017: 196,2 млн. евро

Мавсум-2017|2018: 273 млн. евро

Мавсум-2018|2019: 426,2 млн. евро

Мавсум-2019|2020: 447,5 млн. евро

Мавсум-2020|2021: 486,1 млн. евро

Мавсум-2021|2022: 524 млн. евро

Хитой бозорига боғлиқ даромад режаси

Мавсум-2017|2018: 90 млн. евро (умумий даромаднинг 30,3 фоизи)

Мавсум-2018|2019: 183 млн. евро (умумий даромаднинг 42,9 фоизи)

Мавсум-2019|2020: 196 млн. евро (умумий даромаднинг 43,8 фоизи)

Мавсум-2020|2021: 213,5 млн. евро (умумий даромаднинг 43,9 фоизи)

Мавсум-2021|2022: 225 млн. евро (умумий даромаднинг 42,9 фоизи)

А. АҲМЕДОВ  тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz