Қайднома

Қидирув

Футбол кайфияти бутунликка муҳтож

Футбол кайфияти бутунликка муҳтож

  19.07.2017 06:26
  0
  1065
Футбол кайфияти бутунликка муҳтож

Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионати саралаш босқичи дастлабки икки турида дадил ўйин намойиш этишига мухлисларимиз ҳар жиҳатдан ишонишганди. Қисқаси, улар 2та учрашувдан кўнгилни тўқ қилиб, аллақачон вакилларимиз ҳисобига 6 очко ёзиб қўйишганди.

Бунинг сабаби тушунарли - рақиблар. Айни чоғда Ливан ва Непал ёшлар терма жамоалари устидан қозонилган ғалабалар ўлароқ, Равшан Ҳайдаров шогирдларини шон-шуҳратга буркаш ноўрин. Ливанлик ва непаллик ёш футболчиларни ижобий натижа йўлида жон куйдирмаганликда айб­лаш ҳам кулгили.

Чунки натижалар - ҳар бир мамлакатдаги мавжуд футбол муҳити ва тараққиётининг ҳосиласи. Агар вакилларимиз шу турнирга бошқа бир мураббий раҳбарлигида бутунлай янги таркиб билан боришганида ҳам, даст­лабки икки тур натижаси ижобий бўлиши аниқ эди.

Негаки, футбол савия, мантиқ ва ҳақиқат чегарасини қаттиқ бузиб юбормайди. Бундай ҳолатлар миллионлар ўйини тарихида жуда кам учрайди.

Шу маънода айтсак, Ўзбекистон ёшлар термаси савияси ўзига нисбатан паст рақиблар билан баҳсларда «сенсация»га изн бермайдиган даражада.

Хулоса шуки, жамоамизнинг ҳақиқий кучи БАА ёшлари билан кечадиган муҳим учрашувда билинади. Тан олиш керак, шу учрашув ҳақида сўз бошланиши билан аввалги ишонч қаёққадир йўқолади. Кимдир ғалаба хусусида ўйласа, яна биров дурангга ҳам рози. Хуллас, ишонч борасида бўлиниш, иккиланиш яққол кўзга ташланади.

Ҳолбуки, гап БАА ёшлар терма жамоаси ҳақида кетмоқда. Рақиб Германия, Англия ёки Бразилия ёшлар жамоаси бўлса ҳам майли эди. Нима, биздаги ишонч кучи БАА ёшлари босимига ҳам бардош беролмайдими? Бундай кайфиятда футболимиз катта ғалабаларга эришиши қийин-ку.

Ҳозирги кунда 20 ёшни ҳатлаб ўтган футболчилар орасида иқтидорлилар етарлича топилади. Элдор Шомуродовнинг «Рос­тов»га ўтиши - фикримиз далили. Хайриятки, у айни вақтида муҳитни янгилади. Чунончи, сўнгги пайтлар Элдорнинг ўйинида депсиниш ҳолати кузатилаётганди, яъни у вазиятга мувофиқлашиб тўп суришга одатланаётганди.

Мувофиқлашиш эса ривожланиш ва ўсишга тўсиқ ҳисобланади. Элдор Шомуродов мисолида шу салбий ҳолат олди олинди. Энди ҳаммаси унинг ўзи, янада аниқроғи, қатъиятига боғлиқ. Табиийки, «Ростов»­да ҳам ҳамюртимизга осон бўлмайди. Қолаверса, Қурбон Бердиев жамоадан кетди.

Ташқаридан сезилмаса ҳам, бу ўзгаришнинг клубдаги ички тартибга таъсир қилиши барчага аён. Шу вазиятга чидаса ва рақобат жараёнида ўзини кўрсатса, Элдор чинакам юксак савияли футболчи сифатида тобланади. Шундагина мухлислар келажакда миллий жамоамиз етакчисиз қолишига боғлиқ хавотирлардан қутулишади.

Ишончимиз комилки, Элдор Шомуродов ва унинг тенгдошлари тимсолида яна 2-3 йилдан сўнг футболимизда мутлақо янгича руҳиятга эга авлод бўй ростлайди.

Ҳозир бу авлод вакиллари изланмоқдалар, ўзларига йўл ва имкон қидирмоқдалар. Улар бош­қачароқ футбол ўйнашни исташади. Лекин олий лигадаги мавжуд муҳит бунга изн бермайди. Юзаки қараганда, биров бошқанинг ишига аралашмайди. Ҳар бир клуб ва футболчи ўзи билан ўзи овора. Моҳиятан эса катта ёшли футболчилар беихтиёр укаларини таъсир доираларига тортишади.

Мазкур доирада эса кўпроқ фаолиятни бир маромда ўтказиш, тирикчиликни ташлаб қўймаслик, ортиқча чиранмаслик ҳақидаги масалалар муҳокама қилинади. Шу тариқа ҳафсаласизлик пойдеворига битта-битталаб ғишт қўйилади. Кейин ҳафсаласизлик биноси қад кўтаради.

Биз билган неча ўнлаб иқтидорли футболчиларни шу бинода яшаш кайфияти ўсишдан тўхтатди ва улар олий лига руҳини белгилашди. Юқорида тилга олинган авлод вакиллари эса ҳозирча бу руҳ таъсирига бутунлай берилишгани йўқ. Шу боис ҳам, мухлислар Равшан Ҳайдаров шогирдларининг дастлабки ютуқларига ишонишган.

Аслида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БАА вакиллари билан ҳам муваффақиятли баҳслашишга қодир. Бироқ олий лигадаги умумий кайфият сабаб, мухлислар уларнинг ғалабаларига якдиллик билан ишонишолмайди.

Хўш, шунга нима? Футболчилар барчасини унутиб, майдонда ғалаба учун охиригача курашишса бўлмайди? Йўқ, бирор фавқулодда ҳодиса юз бермаса, уларда кутилмаган ғайрат-шижоат уйғониши амри-маҳол.

Ҳа, футболчилар бирга ўқиган мактабдош, бирга яшайдиган маҳалладош мухлислар ҳурмати ғалаба қозониш учун тўп суришади. Афсуски, энг муҳим учрашувларда уларнинг истаклари реалликка бўйсунавермайди. Шунинг учун бир футболчи миллий жамоамиз жаҳон чемпионатига бориш учун тайёр эмаслигини таъкидласа, бошқаси Жанубий Корея термаси устидан ғалаба қозониш шарти сифатида Хитой сафаридаги ютуқни кўрсатади.

Миллий футбол фазоси ҳам ҳозир турли қарашлар билан тўла. Бу қарашлар орасида, айниқса, ватанпарварлик билан боғлиқ муносабатлар салмоқли. Гўё айни чоғда терма жамоамизда ватанпарварлик руҳи паст ва буни кўтарсак, бас, Хитой «девори» қулаши муқаррардек.

Тўғри, футболчиларимизни яна руҳлантириш зарурдир, балки. Лекин унутмайликки, футболда ватанпарварлик ғалаба учун асос эмас. Куни кеча 19 ёшли инглиз футболчилари қайси жиҳат эвазига Европа чемпиони бўлишди? Таъкидлаш ўринли, уларга ҳаракат, маҳорат ва бардош чемпионликни тақдим этди.

Гарчи сўнг­ги дақиқаларда бир футболчи кам бўлиб ўйнашсада, ғалабани сақлаб қолишди. Энг асосийси, автогол уларни довдиратмади. Бизнинг футболчилар эса автоголдан ёки тезкор гол қўйиб юборишдан чўчиб ўйнашади аксарият баҳсларда. Мана шу чўчиш ва хавотир туйғуси мураббий, футболчилар ва мухлислардаги ишончнинг якдиллигига путур етказади.

Аёнки, дард ва бўлинишлар ягона мақсад руҳига соя солади. Қанчалик оғир бўлмасин, айтиш керак, футболимизда ҳозир шундай кайфият ҳукмрон. Демак, аввало, футбол кайфиятида бутунликка эришишимиз даркор.

Муҳаммад Вали


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz