Қайднома

Қидирув

«Спорт» ва ПФЛ ёхуд ўйинлар трансляцияси сони қачон ошади

«Спорт» ва ПФЛ ёхуд ўйинлар трансляцияси сони қачон ошади

  27.07.2017 06:16
  0
  1050
«Спорт» ва ПФЛ ёхуд ўйинлар трансляцияси сони қачон ошади

Биласизми, олий лиганинг энг катта муаммоси нима? Ҳа, адашмадингиз, трансляция масаласи оғриқли.

Афсуски, миллий чемпионатимиз ихлосмандларининг энг катта дардлари ҳам шу - барча ўйинларни томоша қилиш имконияти йўқ.

Ҳайтовур, охирги вақтларда вазият анча яхшиланиб қолди, «Спорт» телеканали вилоятларда бўладиган ўйинларни ёзиб олган ҳолда, пойтахтдагиларини эса тўғридан-тўғри тақдим этяпти.

Ҳаммасини ҳам эмас-ку, аммо трансляциялар сони аввалгидан анча кўпайди ва буни алоҳида таъкидлаш лозим. Бироқ баъзан шундай бўладики, ҳаттоки, Тошкентнинг қоқ марказида ўтказиладиган учрашувни ҳам кўролмаймиз.

Сабаби нима? Бу саволга ким жавоб бера олади?

САБАБ

Муҳими, «Спорт» телеканали вазиятдан келиб чиқиб, олий лига ўйинларини имкон қадар трансляция қилиш ҳаракатида. Ҳар ҳолда, канал ходимлари баъзи муаммолар чиқиб турганига парво қилмай, трансляциялар сонини кўпайтириш учун катта куч сарфлашмоқда. Бу ҳаракатлар самарасини яқин вақтлар ичида кўриб қолсак, ажабмас.

Аммо Ўзбекис­тон чемпионатида нима кўп? Яшанг, қолдирилган ўйинлар... Аввалги мавсумларда «сурилиш»лар 10-20тадан кам бўлмагани ҳам рост. Тўғри, бу йил тақвим масаласида ҳам ижобий ўзгариш йўқ эмас. Ҳарқалай, қолдирилган ўйинлар сони нисбатан камайди.

Аммо мухлислар айни шу масалада кўп азият чекмоқдалар, барибир. Чунончи, ўйин вақти бироз ўзгариши режалаштирилган тран-сляциянинг амалга ошишига тўсқинлик қилади. Биламизки, телевидение тизимида кўрсатувлар дастури олдиндан тасдиқланиши керак. Олий лигамизда эса исталган вақт ўйин муддати ўзгартирилиши ҳеч гап эмас.

Ваҳоланки, трансляция қолдирилиши учун бирор учрашувни бошқа кунга суриш шарт эмас, шунчаки, у бир соат олдин ёки кейин бошланса, тамом... Яъни «Спорт» ТВ ходимларининг бош чангаллаб қолишлари учун бир соатлик фарқнинг ўзи етади. Бу ҳолатда улар 2 соатлик эфир вақтини ёпиш учун нималар қилишади. Биз буни билмаймиз, аммо шунчаки, кўнгилдаги бор гапни бўралатиб тилга чиқаришдан тийилмаймиз.

Ёдингиздадир, албатта, бундан 3 ҳафтача муқаддам «Халқаро Пресс-клуб» кўрсатуви айнан спорт масалаларига бағишланди ва унда футбол мавзуси ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Хусусан, дастур давомида «Спорт» телеканали шарҳловчиси Дилшод Тўхтабеков айнан шу муаммони ўртага ташлади. Бироқ унинг саволига тегишли жавоб янграгани йўқ.

ЎФФ вице-президенти Сардор Раҳматуллаев елка қисганча «Келишилган ўйинларга қарши кураш қўмитаси» раҳбари Аҳрол Иноятов томон ишора қилиб қўйди.

Аҳрол ака айтган гаплардан эса истаган маънони чиқариш мумкин, аммо саволга жавоб олишнинг сира иложи бўлмади. Хўп, бу муаммони ҳал қилиш шунчалик даражада қийинми? Афсуски, «Халқаро Пресс-клуб» кўрсатувида берилган саволга жавоб эшитганимиз йўқ. Шу боис, жавобни ўзимиз қидириб кўришга уринамиз...

ЖАВОБ

Аслида олий лига ўйинлари тран-сляцияси масаласида «Спорт» ТВ билан муаммолар бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Бундай манзара кўп йиллардан буён мавжуд. Аммо муаммонинг асл илдизи қаерга (ёки нимага) бориб тақалишини ўйлаб, бунинг устилда алоҳида бош қотирадиган киши топилмаяпти, шекилли.

Ҳар ҳолда, ҳозиргача бирор мутасадди шахс бу ҳақда очиқ-ойдин гапиргани ёки аниқ таклифни илгари сургани йўқ. Табиийки, «Спорт» ТВ режалаштирилган тран-сляциянинг бекор қилинишида ўйин-лар вақтини ўзгартирган ПФЛни айблайди, аммо лига раҳбарияти бунга жавобан қандайдир чора изламайди.

Нега шундай? Чунки ташкилотга трансляциялардан манфаатдорлик йўқ. Аксинча, ўйин ҳақида биров билиб, биров билмай қолса, шуниси яхшироқдек, гўё...

ИЛДИЗ

Муаммонинг асл илдизи ҳам шу бўлса керак - олий лига ўйинларига масъул саналган ПФЛ ва турнирни трансляция қиладиган «Спорт» телеканали ўртасида ҳеч қандай келишув йўқ. Ҳеч қандай! Билишимизча, иккиси ўртасида ўйинлар намойиши бўйича ҳеч қачон қандайдир шартнома ҳам тузилган эмас.

Шундай бўлгач, бири иккинчиси олдида масъулият сезмайди-да. Трансляциялар масаласи бошига битган бало ҳам шу. Ўртада шартнома расмийлаштирилмагач, ПФЛ ўйин вақти ўзгаришидан қандайдир жавобгарлик ҳиссини сезармиди?

Ўз навбатида, бирор ўйин трансляция қилинмай қолса, «Спорт» телеканали ҳам айбдор саналмайди. Бундан эса бечора мухлислар жабр чекишади - ўйинни томоша қилолмайдилар, тамом-вассалом. Хўш, бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин? Наҳотки, муаммо илдизига болта урадиган вақт келмаган бўлса...?

ФОРС-МАЖОР

Тушунарлики, аслида ПФЛ ҳам ўйинларни қолдиришга иштиёқманд эмас. Аммо турли сабаблар ўлароқ, мажбуран шундай қилади. Шу мажбурликка олиб келадиган ҳолатларни тузатишга уринмаслик эса бошқа масала. Бунинг замирида ҳам яна ўша манфаатдор йўқлиги бордир. Ахир минг уриниб, трансляцияга имкон ҳозирласаю, бундан бирор наф чиқмаса...

Шу маънода айтсак, агар ўйинларни ТВ орқали кўрсатилишидан ташкилотга озгина манфаат тегса, у мавжуд муаммоларни бартараф этишнинг бошқа йўлларини ҳам излаб кўрарди, албатта. Ҳа, футболда турли ҳолатлар юзага келиши мумкин.

Битта ўйиннинг ташкиллаштирилиши кўплаб жиҳатларга бевосита боғлиқ: хавфсизлик масаласи, об-ҳаво ва яна турли форс-мажор ҳолатлари. Айтайлик, стадионда ёритиш тизими кутилмаганда, ишдан чиқиши ёки чироқ ўчиб қолиши эҳтимоли бор.

Шунда нима қилинади? Албатта, ўйин вақти сал олдинга сурилади. Шунчаки, мезбон клуб меҳмонлардан розилик олиб ёки олмай, ПФЛга расмий хат билан мурожаат қилади: фалон-писмадон сабабларга кўра, ўйин вақтини бир соат олдинга ёки орқага суриш ҳақида. Шу билан ҳаммаси ҳал бўлади, тамом. Бундан бехабар қолган мухлис дейлик, соат 18:00га яқин стадионга боради ва ўйин аллақачон тугагани ёки давом этаётгани устидан чиқади.

ЖАРИМА ЁХУД «ДВИЖОК»?

Агар ПФЛ ва «Спорт» ТВ ўртасида қатъий шартнома бўлганидами, шундай ҳолат юзага келмасди асло. Чунки ўйин вақти ўзгаргач, ташкилот ҳамкори олдида жавоб бериши лозим бўлади. Мисол учун, шартномага ҳар бир ҳолат юзасидан алоҳида банд киритилиб, трансляция бекор қилинишига олиб келадиган ҳолатлар учун маълум миқдорда жарима белгилаб қўйилсами, ПФЛ аввалдан тасдиқланган тақвимнинг бузилишига йўл қўймаслик учун тегишли чора-тадбирлар топишга ҳаракат қилади.

Мисол учун, элект таъминотида узилиш бўлган пайт «движок»ми, генератордан фойдаланилар ёки ўйин аввалдан трансляция учун энг қулай вақтга белгиланар. Ишқилиб, учрашувлар санаси ва вақти ўзгариши анча камаярди. Қайтарамиз, ПФЛ ўйинни қолдиришдан заррача манфаатдор эмас.

Бу ишга фақат мажбурликдан қўл урилади. «Спорт» ТВ эса шу мажбурлик кўламини камайтиришни истаса, марҳамат қилиб, ПФЛ билан тегишли шартнома тузсин. Бас, муаммонинг асосий илдизи тайин экан, шунга қараб, чора кўриш керак эмасми? Зеро, муаммо оқибати эмас, уни келтириб чиқарувчи сабабларга қарши курашиш самаралироқ, бунга кимда шубҳа бор?

Албатта, ҳаммаси айтишга осон, амалда эса мушкул. Масалан, икки ўртада расмий шартнома имзоланиши энг аввало, молиявий сабабларга боғлиқ. Яхши биламиз, бизнес шерикликнинг асосий мезони - пул ва моддий манфаатдорлик. Хўш, ПФЛ ва «Спорт» ТВнинг бу масалада келишиши имконияти қандай? Умуман, телевидениеда трансляциялар учун тўлашга пул борми, ўзи?

ПУЛ

Очиғи, айнан шу муаммо анча кенг кўламли ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон чемпионати трансляцияси жуда харидоргир эмас. «Спорт» ТВ катта харажат қилиб, ҳар бир тур доирасидаги 8та ўйинни тўлиқ тўғридан-тўғри олиб кўрсатгани билан ҳомийлар ва реклама берувчи мижозлар югуриб келишмайди. Ишонинг, агар шундай бўлганида, ҳар бир ўйин қайта ва қайта намойиш этиларди. Аммо афсуски, олий лига трансляцияси ҳозирча реклама чақирувчи вазифасини бажаролмайди.

Балки «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клубларидаги катта ўзгаришлардан сўнг Ўзбекистон чемпионатига эътибор ва қизиқиш анча ошар. Бироқ ўйинлар трансляцияси ҳозирча йирик компаниялар мижозлари диққатини тортадиган даражада эмас. У ёғини сўрасангиз, телеканалнинг вазифаси нафақат футбол, балки спортнинг бош-қа соҳаларини ҳам ёритишдан иборат.

Яъни «Спорт» бюджетдан ажратилаётган маблағни дзюдо, футзал, бадиий гимнастика, енгил атлетика, волейбол, баскетбол ва бошқа турлар бўйича мусобақаларни ёритишга ҳам йўналтириши лозим. Бундан кўриниб турибдики, ТВда трансляция учун тўланадиган пулнинг ўзи йўқ. ПФЛ эса трансляция учун пул олишни истайди, албатта. Хўш, лига раҳбарияти бу борада ҳақми?

ПФЛ

Бир қарашда, ПФЛ телевидениедан пул талаб қилишга  ҳақли эканлигини баралла айтолмайди. Чунки футбол клубларининг харажатларни мустақил қоплай олмаслиги кундек равшан. Яъни улар ҳомийлар қўлига қарам ёхуд бюджет ҳисобидан кун кўради. Шундай экан, давлат пулига футбол ўйнаётганлар трансляция учун давлат қарамоғидаги телеканалдан пул талаб қилишлари мантиққа тўғри келмайди.

Қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан шу ҳолат ПФЛ ва «Спорт» ТВ ўртасида шартнома тузиш масаласини анча қулайлаштиради. Аниқроғи, «Спорт» ТВ ҳеч қандай пул тўловисиз ПФЛдан шартнома талаб қилиши ва сўнгра унинг амалини ўз назоратига олиши мумкин.

Тўғри, бу ҳолатда иш аввалгидек давом этаверади - фақат энди ПФЛ ўйин вақти ўзгаргани учун масъулиятни кўпроқ ҳис қилади. Жуда иложсиз қолиб, тақвимни ўзгартирган тақдирда эса, «Спорт»га расмий хат билан мурожаат қилиб, олдиндан огоҳлантиради.

РЕКЛАМА

Албатта, ПФЛ ҳам бу ишдан моддий манфаатдор бўлиши лозим. Буниси энди ташкилотнинг ўзига боғлиқ. Зеро, бутун дунёда футбол клублари асосий даромадни трансляциядан олади. Бизда эса кўриб турганингиздек, тизим мутлақо бошқача шаклланган. Бироқ шундай шароитда ҳам ПФЛда пул ишлаб олиш имконияти йўқ эмас.

Шунчаки, «Спорт» ТВ билан тузилажак шартномада ўйинлар вақти ПФЛ рекламаси учун эфир вақти ажратилишини белгилаб қўйиш лозим. Бу вақтдан қандай фойдаланиш эса лига раҳбарияти ихтиёрида бўлади. Биз ўзбек футболида маркетинг ва менежмент масалаларини ривожлантириш зарурлиги ҳақида кўп гапирганмиз.

Марҳамат, ПФЛ ходимлари ҳам имконини топиб, турли компаниялар билан реклама келишувларини йўлга қў-йишсин ва шу орқали ташкилот ҳисобига қўшимча маблағ туширишсин. Ахир бу уддалаш имкони йўқ иш эмас-ку...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz