Қайднома

Қидирув

Шунчаки, фактлар

Шунчаки, фактлар

  29.07.2017 04:19
  0
  688
Шунчаки, фактлар

Футболда айрим жиҳатлар борки, ундан ўзига хос мантиқ қидириш шарт эмас. Шунчаки, тақдир тақозоси туфайли айни вазият юзага келган. Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Осиё кубоги баҳслари даставвал мезбон мамлакатнинг бир аренасида ўтказилган. Хусусан, 1956 йили Гонконгдаги Ҳукумат стадиони, 1960 йили Сеулдаги Хёчанг, 1968 йили Теҳрондаги Амжадиеҳ (айни пайтдаги номи Шаҳид Шируди), 1972 йили Бангкокдаги Миллий (айни пайтдаги номи Супхачаласай) ареналари, 1980 йили Ал-Қувайтдаги Сабоҳ Ал Салим, 1984 йили Калланг (Сингапур)даги Миллий стадиони турнирнинг барча баҳсларини ўзида қабул қилган. 1960 йили Исроил 13та ўйинни 4та иншоотда ўтказганини ҳам эслатиб ўтиш ўринли. 1976 йилда эса Эрон жамоаларни Табриз ва Теҳрондаги стадионларда қабул қилганди.

************

Битта баҳсда рақиб дарвозасига 4 ва ундан кўпроқ гол уриш борасида шу пайтга қадар жами 26 марта ўтказилган Ўзбекистон чемпионатларида ҳам ўзига хос қизиқарли ҳолатлар кўзга ташланган. Яъни, 1992 йили ташкиллаштирилган мамлакатимизнинг илк чемпионатида «Наврўз» (ҳозирги «Андижон») жамоаси таркибида Фурқат Эсонбоев Андижон вилоятининг бошқа бир жамоаси «Шаҳрихончи» дарвозасига нақ 5та гол («пента-трик») уриб, бир ўйинда энг кўп тўп киритиш бўйича чемпионатимиз рекордини қайд этганди. Орадан 18 йил ўтиб, 2010 йилги 19-миллий чемпионатимизнинг 20-турида «Шўртан» жамоаси таркибида тўп сурган Шаҳбоз Эркинов «Олмалиқ» дарвозабони Юрий Хриенкони ўз дарвозаси тўридан тўрт марта тўп олиб чиқишга мажбур қилиб, бир ўйинда тўрт ва ундан кўп гол уриш натижасини қайд эта олган навбатдаги футболчи бўлганди. Аксарият мухлисларимиз Фурқат Эсонбоев ва Шаҳбоз Эркиновлар ота-бола эканлигидан хабари бор, албатта.

************

Миллий чемпионатларимиз тарихида бир ўйинда бир футболчининг олти бора гол уриш ҳолати бир бора содир бўлиб, 2000 йилнинг кузида «Бухоро» жамоаси вакили Улуғбек Бақоев (айни пайт мазкур клуб бош мураббийи!) Қўқоннинг «Темирйўлчи» жамоаси дарвозасига урган голлари туфайли «гекса-трик» муаллифи бўлганди. Ўзбек клубларининг халқаро ўйинларида ҳам шундай ҳолат бир марта рўй берган, аммо ўша баҳсда олтита гол уриш рақиб жамоа - Украинанинг «Ворскла» клуби ҳужумчиси Аҳмад Рамзийга насиб этганди. Қизиғи, рақибдан «гекса-трик» қабул қилиб олган жамоа «Бухоро» бўлганди.

************

Африкадаги илк мундиал - ЖАР-2010га йўлланма берувчи саралаш босқичларида Ўзбекистон терма жамоаси баҳрайнликларга икки марта 0:1 ҳисобида ютқазганди. Қизиғи, Баҳрайн пойтахти Манамадаги ва Тошкентдаги гол ҳам баҳрайнлик айнан бир футболчи - Маҳмуд Абдулраҳмоннинг жаримадан йўллаган зарбасидан сўнг терма жамоамиз дарвозасидан жой олган эди. Янаям ажабланарли томони эса, ўша жарима тўпларининг ҳар иккиси ҳам ҳимоячимиз Анзур Исмоиловнинг баҳрайнлик Аъло Хубайлга ишлатган қўполлигидан сўнг белгиланганди.

************

World Soccer журнали томонидан тузиб чиқилган энг чиройли голлар рўйхатига назар ташлайдиган бўлсак, 1994 йили АҚШда бўлиб ўтган XV жаҳон чемпионатида урилган голлар орасида энг чиройлиси Саудия Арабистони вакили Саид ал Овайранга тегишли эканлиги ойдинлашади. Ўшанда осиёлик футболчи Бельгия термаси дарвозасини 5-дақиқадаёқ ишғол қилганди. Эътиборли томони, голни ўтказиб юборган европаликлар дарвозабони Мишель Прюдомм ўша мундиал ва мавсумнинг энг зўр дарвозабони деб топилганди. Бу икки футболчи ўртасидаги боғлиқлик шу билан тугаб қолмади. Мишель Прюдомм 2011-2013 йилларда айнан ал Овайран бутун фаолиятини ўтказган Ар-Риёднинг «Ал-Шабаб» клубига бош мураббийлик қилди.

************

Терма жамоалар ўртасидаги энг катта ҳисоб сифатида 2001 йил 11 апрелда ўтказилган Австралия-Америка Самоаси баҳсида қайд этилган 31:0 натижаси эътироф этиб келинади. Футбол ўйини тўқсон дақиқадан иборат эканлигини инобатга олсак, мундиал-2002 йўлланмаси учун кечган ўша саралаш баҳсида австралияликлар рақиб жамоа дарвозасини ўртача ҳисобда ҳар 3 дақиқада ишғол қилаверишганди. «Яшил қитъа» вакиллари ўйиндаги голлар ҳисобини 10-дақиқада очишганди.

************

Энг йирик ғалабасини 1998 йили Мўғулистон термаси устидан қозонган (15:0) Ўзбекистон миллий жамоаси энг йирик ҳисобдаги мағлубиятига 2000 йили Японияга қарши баҳсда учраган. Энди эътибор беринг, японияликларнинг ҳам энг йирик ғалабаси 15:0 бўлиб, бу натижага (1967 йил) Филиппинга қарши баҳсда эришишган. «Кунчиқар юрт» вакиллари энг йирик мағлубиятни ҳам айнан Филиппиндан қабул қилиб, ўшанда (1917 йил) ўз дарвозаларидан 15та гол ўтказиб юборишганди.

************

Жаҳон чемпионати мақомида ўтказиладиган мусобақаларнинг «Энг тез урилган гол» номинациясида юқори ўриндагилари атай қилгандек бир давлатда бўлиб ўтган мусобақада қайд этилган. 2002 йил ташкил этилган XVII мундиалнинг учинчи ўрин учун кечган баҳсида туркиялик Ҳоқон Шукур ўйиннинг 11-сониясидаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ЖЧ тарихидаги энг тезкор гол муаллифига айланган бўлса, 2007 йил бўлиб ўтган 17 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги XII жаҳон чемпионатида бразилиялик Фабиньо 9-сониядаёқ тўп киритиб, кичик мундиал тарихидаги энг тезкор гол муаллифига айланганди. Ҳар икки голнинг ҳам айнан Жанубий Корея стадионларида урилганига бир сабаб топиш қийин.

************

Ўзбекистон терма жамоаси шу пайтга қадар жами 6 маротаба Осиё кубоги турнирида иштирок этган бўлса, уларнинг дастлабки тўрттасида худди келишиб олинганидек, «С» гуруҳига жойлашган: 1996 йили БААда ташкиллаштирилган XI Осиё кубогини Сурия, Хитой ва Япония терма жамоалари билан «С» гуруҳида ўтказган вакилларимиз орадан 4 йил ўтиб, Ливан яшил майдонларида бўлиб ўтган XII қитъа биринчилигида ҳам гуруҳ босқичида Қатар, Саубия Арабистони ва эски таниш Япония билан «С» гуруҳида юзма-юз келишган. 2004 йили Хитой мезбонлик қилган XIII Осиё кубоги гуруҳ босқичини ҳам миллий жамоамиз «С» гуруҳида ўтказиб, Ироқ, Туркманистон ва эски танишлардан бири Саудия Арабистони термаларига қарши куч синашганди. 2008 йили Пекинда ўтажак Олимпиада ўйинлари сабабли муддати бир йил олдинга сурилиб, 2007 йили ташкиллаштирилган XIV Осиё кубогида ҳам миллий жамоамиз қуръа натижаларига кўра, яна «С» гуруҳидан жой эгаллади. Ўшанда квартетдаги рақиблар мезбон Малайзия, Хитой ва Эрон термалари бўлишганди. Тўғри, Қатар мезбонлигидаги XV Осиё кубогида термамиз ушбу тўртликдан жой олмаган бўлса-да, мусобақага йўлланмани саралашнинг айнан «С» гуруҳида қўлга киритганлиги туфайли анъанани бузилмаган, дейишимиз мумкин.

************

1984 йилги ва ундан кейинги Осиё кубокларининг ҳал қилувчи финал ўйинларида истисносиз тарзда ё Саудия Арaбистони ёки Япония термалари иштирок этиб келишяпти: 1984 йил - Саудия Арабистони, 1988 йил - Саудия Арабистони, 1992 йил - Япония, 1996 йил - Саудия Арабистони, 2000 йил - Саудия Арабистони ва Япония (улар ўзаро учрашган), 2004 йил - Япония, 2007 йил - Саудия Арабистони, 2011 йил - Япония. 2015 йилда бу икки жамоа ҳатто ярим финалга ҳам йўл олишолмади.

Довудхон АКРАМОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz