Қайднома

Қидирув

Камолиддин АТАБАЕВ: «ЖЧ-2020 Тошкентда ўзказилади»

Камолиддин АТАБАЕВ: «ЖЧ-2020 Тошкентда ўзказилади»

  29.07.2017 16:09
  0
  824
Камолиддин АТАБАЕВ: «ЖЧ-2020 Тошкентда ўзказилади»

Австрияда футбол бўйича шифокорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг финал босқичи бўлиб ўтди. Леоганг шаҳри мезбонлик қилган мундиал (Morell Cup)да Ўзбекистон шифокорлар терма жамоаси ҳам муносиб тарзда иштирок этди. Футболчи-шифокорларимиз чемпионатнинг ярим финалига қадар етиб бориб, кучли тўртликдан жой олишди. Умуман олганда, жаҳон чемпионатида ярим финалгача етиб келиш ҳам ёмон натижа эмас. Биз терма жамоа футболчиларидан бири Камолиддин Атабаев билан суҳбат қурдик.

- Жаҳон чемпионатидаги иштирок қандай амалга ошди?

- Шифокорлар ўртасидаги мундиал қарийб 20 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда футболи тараққий этган мамлакатларнинг шифокорлардан иборат термалари иштирок этади. Ўзбекистон жамоаси эса ўз тарихида учинчи бор ушбу мусобақада қатнашди. Ўтган йили жамоамиз 14-ўрин билан кифояланганди. Шунга қарамай, жаҳон чемпионати ташкилотчилари термамизни бу галги турнирга ҳам таклиф этишди.

- Бу жаҳон чемпионати ҳар йили ўтказилар эканми?

- Худди шундай. Энди келаси йилги мундиал Чехияда, 2019 йилгиси эса Мексикада ўтказилади. Қувонарлиси, 2020 йилги шифокорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади. Мусобақа ташкилотчилари бу йилги муваффақиятли иштирокимиз сабаб чемпионат мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топширишди.

- Ўзбекистон терма жамоасига номзодлар қандай саралаб олинди? Тайёргарлик қай тарзда олиб борилди? Ўртоқлик учрашувлари ўтказилдими?

- Мусобақага 6 ой мобайнида тайёргарлик кўрдик. Йиғинларимиз пойтахтда ташкил этилди. Тайёргарликнинг якуний босқичи Австрияда ўтказилди. Ўзимизнинг тиббиёт соҳасидаги жамоаларга қарши ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик.

- Термамиз таркиби фақат шифокорлардан иборатми?

- Албатта. Бу жамоа 2007 йили Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази қошида ташкил этилган. Ҳар йили шифокорлар ўртасида ўтказиб келинаётган анъанавий Nobel Cup турнирида иштирок этадиган жамоалар орасидан истеъдодлилари термага таклиф этилади. 2012 йилда Жанубий Корея тиббиётчилари термаси Тошкентга ташриф буюрганди. Ўшанда икки мамлакат шифокорлари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Бу жамоамизнинг илк халқаро ўйини эди. Учрашувда кореялик ҳамкасбларимиз 4:2 ҳисобида зафар қучишганди. Жанубий Корея шифокорлар жамоасини эслаганим бежиз эмас, албатта. Айнан улар жаҳон шифокорлар футбол ассоциациясига биз ҳақимизда маълумот беришган. 2014 йилда Вологда шаҳрида Россия жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгандик. Мана шу ўйин сабаб жаҳон шифокорлар футбол ассоциациясига аъзо сифатида қабул қилинганмиз. 2015 йили Чехия ва Россия термалари ташриф буюришган. Тошкентда ташкил этилган Ҳамдўстлик кубогида биз ҳар иккала мамлакат жамоаларини мағлуб этиб, чемпион бўлгандик. Ҳозирги терманинг ташкил топишида Фарҳод Умаровнинг ҳиссаси катта.

- Мундиалдаги иштирокдан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва мамлакат футбол федерацияси мутасаддиларининг хабари борми? Ёрдам беришдими? Формаларни қаердан олдинглар?

- Биз Ўзбекистон шифокорлар футбол ассоциациясини ташкил этиш ҳақида сиз айтган икки ташкилотга бир неча бор мурожаат қилганмиз. Лекин ҳар сафар ҳам мурожаатларимиз жавобсиз қолдирилган. ЎФФ томонидан ҳеч қандай реакция бўлмаган. Асосий ёрдамни Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун марказ бош шифокори Шуҳрат Ҳошимовга миннатдорчилик билдирамиз. Терма жамоа футболчиларини либослар билан таъминлаш, ўтказиладиган йиғинлар ва бошқа сарф-харажатларни шифокорларимизнинг ўзлари кўтаришяпти. Бугунги кунда асосий муаммомиз бу - Ўзбекистон шифокорлар футбол ассоциациясини ташкил этиш. Юқорида айтиб ўтганимдек, 2020 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги анча баҳс ва мунозаралардан сўнг Ўзбекистонга ишониб топширилди. Даъвогар давлатлар сони етарлича эди. Насиб қилса, мусобақани юқори савияда ташкил эта оламиз.

- Шифокорлар термаси бош мураббийи Сергей Чигодаев «Бунёдкор» академиясида фаолият юритади. Кейинги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришда тажрибали мутахассисга мурожаат қилинадими ёки шу мураббий билан ишлашда давом этасизларми?

- Унинг ўзи ишлайди, зеро Чигодаев футболчиларни мусобақага жуда яхши тайёрлай олди. Аслида, бу мутахассис жорий йил термамизга бош мураббий этиб тайинланганди.

- Ўтказилган ўйинларга тўхталсак, ярим финалдаги Чехия ва бронза медали учун кечган ўйиндаги Швеция термалари биздан кучлимиди?

- Чехия билан учрашувда асосий таркибнинг икки нафар ўйинчиси майдонга туша олмади. Тўғри, чехиялик ҳамкасбларимиз биздан бўй, гавда жиҳатидан устунлик қилишди. Лекин ўйин борасида, учрашувда вазиятлар яратиш бўйича рақибга ён бермадик. Швеция термасига қарши кечган ўйин алоҳида мавзу. Биз 14 кишига қарши ўйнашимизга тўғри келди. Ҳакамлар европаликлар томонида бўлишди. 0:1 ҳисобида мағлуб бўлишимизга қарамай, ҳакам йўқ жойдан футболчимизга қизил карточка кўрсатди. Швециялик футболчилар иккинчи голларини яққол ўйиндан ташқари ҳолатда уришди. Аксинча, бизнинг фойдамизга 3та юз фоизли пенальтини беришмади, ҳакамлар беҳудага ҳуштак чалаверишди. Бразилия ва Буюк Британия термалари анчадан бери мазкур турнирда қатнашиб келишади. Бу борада тажрибалари катта. Шунга қарамай, вазиятлардан аниқ ва унумли фойдаланганимиз учун номдор рақибларни мағлубиятга учратдик.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz