Қайднома

Қидирув

Угу Алмейда: «ЦСКАга ташвиш туғдира оламиз»

Угу Алмейда: «ЦСКАга ташвиш туғдира оламиз»

  01.08.2017 00:13
  0
  584
Угу Алмейда: «ЦСКАга ташвиш туғдира оламиз»

2015 йили Португалия терма жамоасининг собиқ футболчиси Угу Алмейда Россиянинг «Кубань» ва «Анжи» клублари шарафини ҳимоя қилганди. Айни пайтда у Грециянинг АЕК жамоасида фаолият юритмоқда. Мазкур клуб Чемпионлар Лигасининг 3-саралаш раундида Москванинг ЦСКАсига қарши баҳс олиб боради. Шу муносабати билан Championat.com сайти Алмейда билан суҳбат уюштирди.

- Қуръа натижаларини жамоадошларингиздан билиб олдингизми?

- Интернетда кўрдим.

- Нима ҳақида ўйладингиз?

- Бизга доимий равишда Россия чемпиони бўлиб юрган кучли рақиб тўғри келгани ҳақида ўйладим. Бундай жамоа тўсиғидан ўтиш жуда қийин.

- ЦСКА фаворитми?

- Ким фаворитлигини билмайман. Шунчаки, биз учун қийин ўйинлар бўлади. Шу нарса аниқки, иккита бир-бирига муносиб рақиб тўқнаш келади. Худди биз Греция чемпионатига тайёрдек, ЦСКА ҳам Россия чемпионатига шай. Улар шу ҳафтадаёқ чемпионат баҳсларини бошлашади. Ўзаро учрашувимизга қадар ЦСКА керагича ўйин ва машғулотларни ўтказган бўлади. Биз мавсумга 17 кун тайёрланамиз. Ҳозир Польшада йиғин ўтказяпмиз.  Бугун учинчи назорат ўйинимизни ўтказамиз. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетяпти ва 26 июлга қадар ажойиб формада бўламиз. Мавсумни кейинроқ бошлаганимиз бизни кучсиз ёки кучли қилиб қўймайди. Нима қилган тақдирда ҳам ўйинга жанговар кайфиятда бўламиз.

- Ўтган мавсумда АЕК иккинчи ўринни эгаллади. Ўшандан буён жамоада қандай ўзгаришлар бўлди?

- Бир неча футболчи кетди. 3-4 нафар янгилар келди. Таркиб бироз янгиланди. Бу барча учун одатий ҳол.

- ЦСКА вақти-вақти билан ёпиқ ўйин кўрсатади. АЕК қандай ҳаракат қилади?

- АЕК тўпни назорат қилиб, ўйин тизгинини ушлаб туришни ёқтиради. Аммо ЦСКАнинг ҳужумлар учун деярли имконият бермаслигини яхши биламан. Москваликлар таркибида тажрибали футболчилар етарли. Дарвозабон ва ҳимоячилар кўп йиллардан буён бирга ўйнашади.

- Биринчи ўйин Грецияда бўлади. Бу қандайдир муҳим аҳамият касб этадими?

- Албатта, биринчи учрашувнинг Москвада ўтишини истардим. Лекин қўрқинчли жойи йўқ. Уйдаги учрашувда ўзимизга имконият яратишга ҳаракат қиламиз. Шу нарса аниқки, ЦСКА ўз майдонида анча кучли.

- АЕКнинг стадиони ЦСКАникидан икки баравар катта. Афинадаги ўйинга 70 000 томошабин кирадими?

- Бунга умид қиламан. Агар шундай бўлса, ЦСКАга етарлича ташвиш туғдира оламиз.

- Жамоангиз олдин ЦСКА шарафини ҳимоя қилган Чосич билан шартнома имзоладими?

- Йўқ. Унинг олдин ЦСКАда ўйнаганини билмас эканман.

- Сиз ЦСКА дарвозасини ишғол қилгансиз.

- Албатта. Ўша учрашувни жуда яхши эслайман. Ўшанда «Кубан»да ўйнардим. Москваликлар билан Россия кубогининг ярим финалида тўқнаш келганмиз.

- Россияда кимлар билан алоқани сақлаб қолгансиз?

- «Локомотив»даги Мануэл Фернандеш ва «Кубан»дан «Динамо»га ўтган Антонио Сос (Антон Соснин)лар билан қўнғироқлашиб тураман.

- ЦСКАнинг қайси футболчиларини эслаб қолгансиз?

- Акинфеев - дарвозабон ва сардор. Ака-ука марказий ҳимоячиларни. Шунингдек, Загоев ва Ерёменко ҳам кучли.

- Ерёменкони кокаин туфайли дисквалификация қилишган. Унинг АЕКка қарши ўйнамаслиги аниқ.

- Ана, холос! Билмагандим. Янгиликдан бехабар қолибман. Эсимдан чиқай дебди. Тошич ҳам кучли футболчи.

- Тошич яқинда ЦСКАдан кетди.

- Нима ҳам дердим, биз учун яхши бўлибди. Ерёменко ва Тошич ажо­йиб футболчилар.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz