Қайднома

Қидирув

2 дақиқали дебют ёки легионерларимиз ҳақида

2 дақиқали дебют ёки легионерларимиз ҳақида

  01.08.2017 17:49
  0
  733
2 дақиқали дебют ёки легионерларимиз ҳақида

Ҳисоб зўр, аммо... Япония чемпионати олий дивизиони қисқа танаффусдан сўнг қайта йўлга тушди. 19-тур учрашуви турнирда иштирок этаётган ягона ҳамюртимиз Фозил Мусаев учун нохушлик билан тугади. Аниқроқ айтсак, «Жубило Ивата» шарафини ҳимоя қилаётган легионеримиз «Кавасаки Фронтале»га қарши кечган сафар ўйинида доимгидек бошланғич таркибда майдонга тушди ва 53-дақиқада сариқ карточка олди. У чамаси 20 дақиқалардан сўнг иккинчи марта огоҳлантирилди ва майдонни анча барвақт тарк этди. Энг муҳими, «Ивата» якунда 5:2 ҳисобида зафар қучиб, Мусаевнинг «қизил» олганини сездирмади ҳам.

Назорат ўйинида гол. БААнинг «Ал-Жазира» клуби аъзосига айланган ҳамюртимиз Сардор Рашидов Голландиянинг «Фортуна Ситтард» жамоасига қарши кечган назорат учрашувида ўзини кўрсатди. Муросасиз курашлар руҳида ўтган ўйин якунида «Жазира» 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳамюртимиз ушбу ўртоқлик баҳсида 45 дақиқа ҳаракатланиб, рақиб дарвозасини бир марта ишғол қилди.

2 дақиқали дебют. Яқинда «Ростов» сафига қўшилган Элдор Шомуродов Россия премьер-лигаси 3-турида янги клуби сафида дебют қилди. Умидли ҳужумчимиз «Амкар»га қарши кечган сафар учрашувнинг 88-дақиқасида  Владимир Дядюн ўрнини эгаллади. Натижага келсак, ростовликлар иккинчи бўлим ўрталарида урилган ягона гол эвазига ортга 3 очко билан қайтишди. «Локомотив» - «Анжи» ўйини (1:0)да эса мезбон жамоа вакили Виталий Денисов майдонга тушмаган бўлса, махачқалъаликлар ярим ҳимоячиси Вадим Афонин асосий таркибдан жой олиб, тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди. Россия премьер-лигасидаги яна бир легионеримиз Вагиз Галиулиннинг клуби - «Тосно» бу сафар «Зенит»ни қабул қилиб, 0:1 ҳисобини қайд этди. Ҳамюртимиз бу учрашувда 64 дақиқа ҳаракатланиб, сариқ карточка олди.

Ўхшамаса қийин-да. Одил Аҳмедов жамоаси - «Шанхай СИПГ» пешонасига Хитой суперлигасида карвонбошига айланиш битмаган кўринади. Ҳарқалай, турнир жадвали пешқадами - «Гуанжоу Эвергранд» очко йўқотган турда шанхайликлар ҳам шундай тақдирга дуч келишяпти. Мана, 19-тур ўйинини 1 кун олдин ўтказган гуанжоуликлар ҳамшаҳарлари - «Гуанжоу РФ» майдонида ютқазишди - 4:2. Аксига олиб, «СИПГ» ҳам «Шандон Луненг» майдонидан қуруқ қайтди - 1:2. Айтганча, Андре Виллаш-Боаш жамоасининг ягона голига майдонда доимгидек тўлиқ вақт ўйнаган Одил ҳаммуаллифлик қилди. «Ляонинг» меҳмони бўлган «Чанчунь Ятаи» ҳам мағлубиятга учради. Барчасини мезбон жамоанинг ягона голи ҳал этган ўйинда Анзур Исмоилов тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди, аммо жамоасининг салбий натижадан қутулиб қолишига ёрдам беролмади. Егор Кримецга келсак, терма жамоамиз ҳимоячиси «Пекин Гуоан»нинг «Хенан Жианье»га қарши ғалабали ўйини (2:0)да ҳам қайдномага киритилмади.

Саломов озгина ўйнади. «Атирау» Қозоғистон премьер-лигаси 22-турида «Тобол»ни қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа сафидаги Шавкат Саломов мазкур ўйиннинг 72-дақиқасида захирадан майдонга тушди. «Ордабаси» (Александр Гейнрих жамоаси)нинг эса «Астана» билан учрашуви 7 август кунига қолдирилди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz