Қайднома

Қидирув

Криштиану Роналду Шанхайда учрашув ўтказди, «Челси» эса узр сўради

Криштиану Роналду Шанхайда учрашув ўтказди, «Челси» эса узр сўради

  06.08.2017 06:18
  0
  1048
Криштиану Роналду Шанхайда учрашув ўтказди, «Челси» эса узр сўради

Ҳам зиёрат, ҳам тижорат деганларидек, Европанинг номдор клублари мавсумлар оралиғидаги узоқ танаффусни хориж сафарларида ўтказишмоқда.

Айрим футбол юлдузлари эса ўз жамоаларининг розилиги билан ҳомийлари олдидаги мажбуриятларини бажаришмоқда.

Криштиану Роналду. Шанхайдаги учрашувлар

Португалиялик юлдузнинг «Реал» сафида АҚШга бормагани унинг Мадридни тарк этиши хусусидаги миш-мишларни кучайтириб юборди. Тўғри, шов-шувлар ўта кучли эмасди.

Лекин барибир, Зидан доимо бир хил мазмундаги саволларга жавоб қайтаришдан зерикди ва шогирдининг ҳозир таътилда эканлиги, жамоа таркибига 6 августда қўшилишини маълум қилди. Португалиялик футболчи бу пайт Осиёда ўзининг шахсий мажбуриятларини адо этиш билан машғул эди.

Табиийки, Хитойдаги саёҳат стадионларга ташриф буюришни ҳам ўз ичига олганди. Жумладан, Роналду «Шанхай Сипг»-«Гуанжоу Эвергранд» баҳсини бевосита стадиондан томоша қилди. Ташриф футболчида ҳам, мухлисларда ҳам кучли таассурот қолдирди. Чунки бу жамоаларга Роналдунинг эски қадрдонлари - Андреа Виллаш- Боаш ҳамда Луиз Фелипе Сколари устозлик қилмоқда.

Мураббийлар собиқ шогирдларини мамнуният билан кутиб олишгани аниқ. Учрашув арафасидаги тантаналардан олинган лавҳа эса интернет ёрдамида бутун дунёга тарқалди.

Майдон марказига етиб келган Роналдуга сухандон шундай деди: «Бугун Шанхайнинг 145 йиллик тарихида энг иссиқ кун бўлди!» мухлисларнинг гулдурос қарсаклари остида Роналду ҳам камтарлик қилиб ўтирмади: «Чунки мен Шанхайдаман!».

Жулия Робертс энди «МЮ» мухлисаси

Криштиану Осиёни кезиб юрган паллада АҚШнинг Санта-Клара шаҳрида унинг собиқ ва ҳозирги жамоалари майдонга тушдилар. Стадионни тўлдириб ўтирган мухлислар ҳатто «Олтин тўп»нинг амалдаги соҳиби майдонга тушмаганига ҳам парво қилишмади. Чунки Антони Мартиаль худди «Интер»дан кўра «МЮ» учун кўпроқ зарур эканлигини Моуриньога исботламоқчи бўлгандек фантастик ўйин кўрсатди.

Унинг ажойиб дриблинги ва заргарона аниқлик билан Лингардни тўп билан таъминлаши ҳисобнинг очилишига олиб келди. Ҳужумчининг беқиёс маҳорати барча мухлислар қатори машҳур кино юлдузи Жулия Робертснинг қалбини ром этди.

Актриса ўша оқшом «Қизил иблислар» либосида келганди. Апрелда Жулия Мадриддаги «класико»га ташриф буюргани, учрашув арафасида «Реал» футболчилари билан учрашгани, ўйиндан кейин «Сантьяго Бернабеу»дагиларни ақлдан оздирган голни амалга оширган Месси билан суратга тушгани кўпчиликнинг хаёлидан ўтган бўлса, ажабмас.

Бевосита беллашув хусусида тўхталсак, ўйиннинг асосий вақти жанговар дуранг (1:1) билан якунланди. Ғолиб ўта муваффақиятсиз (10та зарбадан учтаси аниқ) кечган пенальтилар сериясида аниқланди. Тақдир тақозосига кўра, иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштирган Каземиро ҳал қилувчи паллада хатога йўл қўйди - тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Афтидан, баразиялик футболчи сардорлик боғичининг юкига мослаша олмаган кўринади.

«Челси» узр сўрашга мажбур бўлди

Аввалига ҳаммаси чемпион учун рисоладагидек кетаётганди. Антонио Конте Альваро Моратани таркибга қўшиб олди, жамоага янги сардор (Кэйхилл) тайинланди, ўртоқлик учрашувида «Арсенал» устидан йирик (3:0) ғалабага эришилди. Пекиндаги учрашувда АПЛ чемпионининг ярим ҳимоячиси Кенеди «қовун туширди».

Захирадан майдонга тушган бразилиялик футболчини мухлислар негадир ҳуштакбозлик билан қарши олишди. У эса бор аламини Инстаграмга жойлаб, иш жойида ухлаб қолган қўриқчини калака қилди, кейин Хитой халқи шаънига бемаъни фикрлар ёғдирди. Оқибатда футболчининг бу қилмиши учун инглиз ва хитой тилларида узр сўради. Клуб илиқ қабул учун хитойликларга миннатдорчилик билдиришни ҳам унутмади.

Хайриятки, «Челси» яқин келажакда Хитой майдонларида ўйин ўтказмайди - «Бавария» ва «Интер»га қарши баҳслар Сингапурда бўлиб ўтади. Кейин Антонио Конте ўз шогирдларини Англия суперкубоги учун «Уэмбли»да «Арсенал»га қарши майдонга олиб тушади.

«Сити» офиси Лос-Анжелесга кўчди

«Шаҳарликлар»нинг океан ортига йўл олганликлари трансфер ишлари якунланганлигини англатмайди. Шунчаки, жамоа барча масалаларни вақтинча Лос-Анжелесда ҳал қилади. «Реал» ҳимоячиси Данилу ҳам шу шаҳарда «Сити» таркибига ўтди. Қизиқ, бразилиялик футболчининг Хосеп Гвардиола жамоасида тўп суриш азалий орзуси бўлгани хусусидаги эътирофини собиқ жамоасида қандай қабул қилишди экан?

Ҳа, майли, келишув энди тарихга айланди. Ҳозир «шаҳарликлар» «фаришталар шаҳри»да «Монако» аъзоси Бенжамен Мендини кутишмоқда. АҚШдаги тиббий кўрик чоғида келишувга монеълик қиладиган сабаблар туғилмади ва францилиялик ўйинчи футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланди. Манчестерликлар унинг трансфери учун 57,5 млн. евро сафрлашди.

Траппнинг «қовунлари»

Таркибни кучайтришга интилаётган «ПСЖ» Неймар учун 220 млн. евро ажратгани футбол оламида қизғин баҳсларни юзага келтирди. Лекин парижликлар бундан бир неча баробар камроқ маблағ эвазига рисоладагидек дарвозабонни харид қилишса, ўринлироқ бўларди. Албатта, Кевин Траппни умуман ношуд посбон дейишга тил айланмайди. Баъзан ақл бовар қилмас сэйвларни амалга оширади.

Аммо айрим вазиятларда кечириб бўлмайдиган хатоларга йўл қўяди. Мана, Орландода бўлиб ўтган «Тоттенхэм»га қарши баҳсда икки марта ўта қўпол хатога йўл қўйди. Аввалига қаршисида турган Дайерга тўпни бериб қўйиш билан гол совға қилди.

Иккинчи бўлимнинг илк дақиқаларида эса ўз жарима майдончаси ташқарисида тўпни эгаллашга уриниб, кейин хатосини тузатиш мақсадида Кейнга қўполлик ишлатди. Натижада жамоа иккинчи 45 дақиқаликни 10 киши бўлиб ўтказишга мажбур бўлди. Якунда 2:2 ҳисоби 2:4 кўринишини олди.

Коутиньо ишлаб чиқарган!

«Лестер» устидан эришилган ғалаба(2:1)дан кўнгли тўлмаган Юрген Клопп ўз ҳиссиётларини яшириб ўтирмади: «Жамоа жуда суст ҳаракатланяпти, футболчиларнинг спорт формаси талаб даражасидан йироқ». Балки мураббий ҳақдир? Лекин Фелиппе Коутиньо ўзининг бетакрор зарбаларини амалга ошириши учун спорт формасининг умуман алоқаси йўқдек.

Бундай самарали зарбани у кўзларини юмиб ҳам бажара олишига ишонгингиз келади. Гонконгдаги Premiere Leegue Asia Trophy турнирининг ғолиби таркибидаги энг ёрқин юлдузга «Барселона» скаутлари ёпишиб олишгани бежиз эмас. Улар Фелиппенинг баҳосини 72дан 90 млн.га кўтаришди. Лекин «қизиллар» таклифни рад этишди.

«Бавария» ўз мактабини очади

Мюнхен гранди шанба оқшомида жорий трансфер мавсумидаги фаоллиги билан ажралиб турган «Милан»­дан йирик ҳисобдаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Бироқ мазкур омадсизликка қарамай, улар Шэньжен стадионига тўпланган мухлислардан ўз миннатдорчиликларини дариғ тутмадилар. Хитойнинг технология маркази мақомини олган 17 млн.лик шаҳар «Бавария»нинг ижодий ҳамкори ҳисобланади.

Шу йилнинг март ойида жамоа бу шаҳарда 1000 нафар болакай таҳсил оладиган мактаб очишини маълум қилганди. У 2018 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилади.

Хитой сафари чоғида «Бавария» президенти Ули Хёнесс ва клуб бошқарувининг раиси Карл-Хайнц Румминигге бўлажак масканнинг 16та майдондан иборат машғулотлар маркази тақдимотида иштирок этишди.Эътиборлиси, кўпни кўрган мартабали меҳмонлар у ерда бунёд этилган иншоотлардан ҳайратда қолганликларини яшириб ўтирмадилар.

Содиқ СОБИР тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz