Қайднома

Қидирув

Футболчи ишлаб чиқарувчи «завод» - «Бенфика» қандай ишламоқда?

Футболчи ишлаб чиқарувчи «завод» - «Бенфика» қандай ишламоқда?

  08.08.2017 00:19
  0
  955
Футболчи ишлаб чиқарувчи «завод» - «Бенфика» қандай ишламоқда?

ПОРТУГАЛИЯ ГРАНДИ ФУТБОЛЧИЛАР ТРАНСФЕРИДАН ҚАНЧА ТОПДИ?

Кўп, жуда кўп. Сир эмас, Португалия примероси вакиллари иқтидорли футболчиларни излаб топиш ва уларни мукаммал даражада тайёрлаб, Европанинг гранд жамоаларига пуллаш ҳадисини пухта ўзлаштиришган.

Бу борада айниқса, «Бенфика» алоҳида ўрин тутади. Очиғи, Лиссабон жамоасининг охирги 7 ойда трансферлар бозорида қандай ишлаганини кўриб, шунчаки, ёқа ушлаш мумкин.

Қаранг, «Бенфика» бу даврда 6 нафар футболчисини сотиш орқали 150 млн. евродан кўпроқ топди.

2017 ЙИЛ - ҚИШ

Гонсалу ГУЭДЕШ. Харидор: «ПСЖ». Сумма: 30 млн. евро

Французлар вақтида «Бенфика»дан Криштиану Роналдуни харид қилишга уринишган, бироқ мақсадларига эришолмагандилар. Мана, улар қишда португал футболи бош юлдузининг ўринсобари сифатида таърифланган Гуэдешни ўз сафларига қўшиб олишди. «Бенфика»нинг 20 ёшли тарбияланувчиси қишки трансферлар давридаги энг қимматбаҳо ўйинчилар қаторига кирганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Элдер КОШТА. Харидор: «Вулверхэмптон». Сумма: 15 млн. евро

Англиянинг камтарин клуби Коштани аслида ижара келишуви асосида таклиф қилганди. Ярим ҳимоячи қисқа фурсатда жамоа раҳбарларига шу қадар ёқиб қолдики, улар «Вулверхэмптон» тарихидаги рекорд трансферга қўл уришни пайсалга солишмади. Чунончи, Элдер 25та ўйин-да 7та гол уришдан ташқари, яна 5тасига ассистентлик қилганди.

Тўғри, «Бенфика» ўз мижозига янада ҳимматлироқ харидор топиши ҳам мумкин эди, бироқ футболчининг ўзи «бўрилар» сафида қолишни ихтиёр этди, шекилли.

2017 ЙИЛ - ЁЗ

ЭДЕРСОН. Харидор: «Манчестер Сити». Сумма: 40 млн. евро

«Сити» ушбу киперни бир йилдан кўп вақт давомида кузатди ва у «Бенфика» либосидаги охирги ўйини чоғи фаолиятини қаерда давом эттиришини яхши биларди. Лекин Эдерсонга Англияда осон бўлмаслиги тайин. Ахир ҳамма футбол тарихидаги энг қимматбаҳо дарвозабонга алоҳида эътибор қаратади ва бу ҳолат қўшимча босим юклайди, албатта. 

Виктор ЛИНДЕЛЁФ. Харидор: «МЮ». Сумма: 35 млн. евро

«Бенфика»нинг Манчестерга йўл олган яна бир вакили ва ундан ҳам катта мўъжизалар кутишяпти. Битта фарқли томони - Виктор Манчестернинг «қизил» томонида каромат кўрсатиши керак.

Ушбу марказий ҳимоячини ҳозирдан Неманья Видич билан таққослашяпти ва унинг Жозе Моу-риньо жамоаси орқа чизиғида барчасини назорат остига олишидан умидворлар. Лиссабонликлар эса 5 йил олдин атиги 3 млн. еврога харид қилинган швед трансферидан қанча фойда қолганини ҳисоблаш билан оворалар.

Нелсон СЕМЕДУ. Харидор: «Барселона». Сумма: 30,5 млн. евро

Алоҳида айтиш керак, бу якуний нарх эмас. Ҳимоячининг «Барселона»даги ҳар 50та ўйини учун «Бенфика» яна 5 млн. евродан олаверади. Энг диққатга сазовор томони, Самеду Лиссабонда юқори даражада атиги битта тўлиқ мавсум ўтказишга улгурганди. Ҳа, бу чинакам бизнес!

МАРСАЛ. Харидор: «Лион». Сумма: 4,5 млн. евро

Яна бир ақлга сиғмас факт: ушбу ҳимоячи «Бенфика»нинг лоақал 1та расмий ўйинида майдонга тушмаган. Яъни ижара келишувлари бўйича бошқа клубларда тажриба оширган. Бу ҳолат лиссабонликларнинг уни топ-чемпионат клубига яхшигина суммада сотишларига халақит бергани йўқ.

Демак, «Бенфика» 2017 йил бадалига амалга оширган шу 6та транфсер ортидан жами 155 миллион евро олган. Бошқача айтганда, ҳар бир футболчини ўртача ҳисобда 25 «лимон»дан кўпроққа сотган. Ваҳоланки, улардан ҳеч бирига лоақал 10 миллион ҳам сарфлаган эмасди.

Ҳ.МАСАИДОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz