Қайднома

Қидирув

Ширин қўмсаш ёки ностальгия...

Ширин қўмсаш ёки ностальгия...

  08.08.2017 06:24
  0
  1097
Ширин қўмсаш ёки ностальгия...

Ностальгия! Агар олий лига 16-турига тариф бериш лозим бўлса, ўтмишни қўмсаш маъносини берадиган айнан шу сўзни қўллаш лозим. Чунки бир вақтлар Игорь Шквирин «Олмалиқ» бошқарувида «Бунёдкор»дан очко тортиб олар эди.

Энди «Сўғдиёна» билан шу ишни уддалашга бел боғлаган кўринади. «Насаф» эса «Қўқон-1912»га қарши кечган ўйинда ким аслида кимлигини исботлаб берди.  «Пахтакор» шунча ўзгаришларга қарамай, яна очко йўқотди.

Ҳаммаси худдики яқин ўтмишни эсга солаётгандек. Эътиборга лойиқ жиҳат эса - турнинг 4 та баҳсида дуранг натижа қайд этилди...

ПОЙТАХТДАГИ ЙЎҚОТИШЛАР

Олий лига 16-тури пойтахт клублари учун омадсиз келди. «Обод» ўз майдонида «Навбаҳор»дан мағлубиятга учраган бўлса, «Бунёдкор» ва «Пахтакор» сафарда очко йўқотди. Бундай натижаларни олдиндан тахмин қилиш жуда қийин эди. Чунки танаффус пайтида «қалдирғочлар» ва «шерлар» анча ўзига келиб олгандек туюлаётганди. Амалда эса ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди.

«Обод» - «Навбаҳор» учрашуви олдидан меҳмонлар рақиб ҳақида жуда кам маълумотга эга эди. Дарҳақиқат, давралар оралиғида энг сирли жамоа айнан мезбонлар эди.  Буни «Навбаҳор»нинг расмий сайти ҳам тан олди. Ўйинга бағишлаб чиқарилган превьюда «Обод» ҳақида кўп нарса номаълумлиги айтиб ўтилганди.

Бироқ бу мавҳумлик наманганликларга  ҳалал бергани йўқ, аксинча қўл келди. Ўйин «Навбаҳор»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. «Обод»га эса  омад етишмади. Ҳар ҳолда тарқалиб кетиш хавфи остида турган клуб олий лигада иштирокини давом эттираётгани ҳам таҳсинга сазовор.

«Пахтакор» эса Шота Арвеладзе мураббийлиги остидаги илк ўйинда ғалаба қозона олмади.  «Шерлар» сафарда «Қизилқум»га қарши майдонга тушишди ва гарчи Нуруллаев ҳисобни очганига қарамай, устунликни ушлаб қола олишмади. Иккинчи бўлим бошида «Қизилқум» ташаббусни ўз қўлига олди ва Зокиров ҳисобни тенглаштирди. Дарвоқе, бу ўйинда «Пахтакор» дарвозасини кутилганидек Элдор Суюнов эмас, балки Александр Лобанов қўриқлаганини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Бунёдкор» эса «Сўғдиёна»га қарши кечган ўйинда нурсиз дурангга розилик билдиришдан ўзга чораси қолмади. Жиззахликлар Игорь Шквирин қўл остида ўтган илк ўйинда илк очкони қўлга киритишди. «Сўғдиёна» бутун ўйин давомида тартибли ҳимояланди ва қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилди.

Биринчи вазифа аъло даражада уддаланди. Иккинчисида омад жиззахликларга кулиб боқмади. Аммо бир очко ҳам «Сўғдиёна» учун муваффақиятли ҳисобланиши турган гап. Игорь Шквирин шогирдлари кейинги турларда «Локомотив», «Олмалиқ» ва «Насаф»га қарши оғир ўйинларни ўтказишлари лозим. Ўша учрашувлар олдидан бу 1 очко катта далда бўлиши аниқ.

МАРКАЗИЙ ЎЙИН

Турнинг марказий баҳсида эса «Насаф» ва «Қўқон-1912» ўзаро тўқнаш келди. Бу учрашувда қаршиликлар рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва йирик ҳисобда ғалабага эришди. Иккинчи даврага икки жамоа икки хил ҳолатда кириб келди. «Насаф» Шерзод Аъзамов ва Элдор Суюнов каби етакчиларидан айрилиб, «яраланган аждар»га айланиб қолганди.

«Қўқон-1912» эса аксинча, Жавоҳир Сидиқов билан доимий шартнома имзолади ва камига Нўъмон Ҳасанов яна бир «пахтакорчи» Хушнудбек Авиловни ҳам  шогирдлари қаторига қўшишнинг уддасидан чиққанди. Бу ҳолат қўқонликлар кайфиятини кўтариши керакдек эди. Аммо якунда футбол чархпалаги тескарисига айланди.

Учрашув Шароф Муҳиддиновнинг тезкор голи билан бошланди. У ёғини эса легионерлар давом эттиришди - Драган Черан ва Игорь Голбан киритган тўплар якуний ҳисобни таъминлади.

Бу ғалабадан сўнг «Насаф» иккинчи ўринга кўтарилиб олди ва «Қўқон-1912» эса рақибининг ўрнига тушишга мажбур бўлди. Аслида бу поғона ҳам омонат бўлиб қолиши ҳеч гап эмас, Нўъмон Ҳасанов жамоаси учун. Чунки «Металлург» Самарқандда ажойиб ғалабага эришди ва тўртинчи ўринга кўтарилиб олди. Орадаги фарқ эса бор-йўғи бир очкони ташкил этади.

ТЎРТИНЧИЛАР

Олий лигада совриндор ўринлар билан бирга тўртинчи поғона учун кураш ҳам анча қизиқарли кўриниш олмоқда. «Олмалиқ» биринчи даврани айнан медалларга яқин ҳудудда якунлаганди. Бироқ иккинчи давра анча омадсиз бошланди ва Виктор Кумиков шогирдлари ўз майдонида «Бухоро»дан мағлубиятга учрашига бир баҳя қолди. Агар, агар учрашувни бошқариб борган ҳакам Равшан Эрматов сўнгги дақиқада «Бухоро» дарвозасига пенальти белгиламаганда...

11 метрли нуқтадан Григалашвили унумли фойдаланиб, ҳисоб 1:1 бўлишини таъминлади. Ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида «Бухоро» бош мураббийи Улуғбек Бақоев пенальти ҳақида берилган саволга жавоб қайтараркан, ҳакамлар қарорига кўнишдан ўзга илож йўқлигини таъкидлаган. «Олмалиқ» ушбу шубҳали пенальти орқали бир очкони ўз ҳисобига ёзиб қўйди, аммо тўртинчи ўринни сақлаб қола олмади. «Металлург» беш ўйиндан иборат ғалабали сериясини давом эттириб, олтитага етказди.

Бекободликлар 16-турда «Динамо» меҳмони бўлишди ва рақибга ҳеч қандай имкон қолдиришмади. Самарқандликлар мавсумни жуда яхши бошлашган эди, аммо афтидан «динамочилар» бор кучни Кубок баҳсларига сафарбар этган кўринишади. Айни пайтда кўҳна шаҳар жамоасининг Олий лигада ишлари юришмай турибди. Чемпионат илк турларида кучли учликка даъво қилиб турган клуб «Металлург»дан учралган 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг 12-ўринга тушиб кетди.

АУТСАЙДЕРЛАР

Мусобақа аутсайдерлари орасида турнинг марказий ўйини эса «Нефтчи» ва «Шўртан» ўртасида кечди. Бу жамоалар биринчи даврадан сўнг 14 ва 15-ўринларни эгаллаб туришган эди.

Орадаги фарқ эса 4 очко. Агар Вадим Абрамовнинг янги тузган жамоаси ўзаро кечган баҳсда ғалаба қозона олганида борми, фарқни 3тага қисқартирарди. Аммо иккинчи давранинг илк туридаги «аутсайдерлар тўқнашуви»да ҳам бу ҳолат ўзгаришсиз қолди, чунки учрашув 1:1 ҳисобида якунига етди.

«Нефтчи» биринчи давра якунига етиши олдидан бир қатор ўзгаришлар қилди ва жамоа бошқарувига Вадим Абрамов чақирилди. Тажрибали мураббий Фарғонада енг шимариб ишга киришгани билиниб турибди. Ҳар ҳолда «Нефтчи»нинг ўйини анча қизиқарли кўриниш олган. Бироқ бу ўзгаришлар натижага ҳам ижобий таъсир ўтказгунга қадар бироз кутишга тўғри келади, шекилли. Чунки узоқ вақт бир жойда депсиниб қолган отнинг бирдан йўрғалаб кетиш осон кечмайди.

ТУР ҚАҲРАМОНИ - Игорь ШКВИРИН

Игорь Анатольевични тур қаҳрамони сифатида тан олиш учун бир қатор сабаблар бор. Биринчидан, у аутсайдер клуб бошқарувига келди ва уч кунлик муддат ичида жамоани тартибга келтириб, «Бунёдкор»дек жамоадан очко тортиб олишнинг уддасидан чиқди. Албатта, бу натижада мураббийнинг ҳиссаси катта.

Бироқ шу билан бирга Шквирин оғир тақвимга қарамасдан аутсайдер клубни қабул қилишдан бош тортмагани билан ҳам ҳурматга лойиқ. «Сўғдиёна» иккинчи даврани «Бунёдкор»га қарши ўйин билан бошлади. Келаси ҳафталарда эса жиззахликларни жиддий синовлар кутаётганини ҳам эслатиш ўринли. «Локомотив», «Олмалиқ» ва «Насаф»га қарши майдонга тушиши лозим. Агар бу ўйинлардан сўнг ҳам Шквирин қаҳрамон сифатида тан олинса, билингки, «Сўғдиёна» учун мавсум қутқарилган бўлади.

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳали ўз ўйинимизни топиб оламиз. Бунга ишонаман! Ўзбекистонга жиддий мақсадлар билан келганман. Андрей ДЕМЧЕНКО («Обод» бош мураббийи).

- Кейинги учрашувлар учун эртаданоқ енг шимариб тайёргарлик кўрамиз. ««Динамо» ҳали ўз сўзини айтади. Олег ТЮЛЬКИН («Динамо» бош мураббийи).

- Пенальти бўйича берилган саволга жавоб - ҳакамлар шуни лозим кўришдими, бунга рози бўлишдан бошқа илож йўқ. Улуғбек БАҚОЕВ («Бухоро» бош мураббийи).

-  Мансур Саидовнинг ўйини қовушмади. Шу сабабли биринчи бўлимдаёқ захирага олдим. Балки ёши ўтаётгани ўз сўзини айтаётгандир. Вадим АБРАМОВ («Нефтчи» бош мураббийи).

Давоми бор. Мазкур таҳлилий мақола давомини "ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 8 август кунги сешанба сонида ўқийсиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz