Қайднома

Қидирув

Юсуф Поульсен: «Лейпциг» ўтган йилгига нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатади»

Юсуф Поульсен: «Лейпциг» ўтган йилгига нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатади»

  10.08.2017 03:31
  0
  539
Юсуф Поульсен: «Лейпциг» ўтган йилгига нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатади»

«РБ Лейпциг» бундеслигага йўл олганидан 12 ой ўтиб, Чемпионлар Лигасидаги дебютга ҳозирлик кўрмоқда. Камтарин жамоадан бу қадар катта сакрашни ким кутганди?

Аввалги мавсум рақиблар дарвозасини 5 марта нишонга олиш баробарида 4та самарали узатмага муаллифлик қилган даниялик Юсуф Поульсен ҳам «қизил буқалар»нинг қисқа вақт ичида бутун тарихга арзигулик натижага эришишларини ҳаттоки, хаёлига келтирмаган кўринади.

Ҳарқалай, Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси bundesliga.com сайти журналистлари билан учрашув чоғи мавсум-2016|2017даги ишлардан ҳайратда қолганини яшириб ўтирмади.

Мухбирлар ўз навбатида, футболчидан «Ред Булл»нинг ғолиблик менталитети, келажак режалари, ЧЛдаги иштирокдан мақсади ва Жан-Кевин Огюстеннинг клуб сафига қўшилгани нечоғли фойда келтириши мумкинлиги хусусида сўрашди.

- Юсуф, кўпчилик «Лейпциг»дан нисбатан муносиб иштирокни кутган бўлиши мумкиндир, бироқ ҳеч ким мавсумни бу даражада муваффақиятли ўтказиб, 2-ўринни банд этишини ўйламагани аниқ. Қизиқ, сизларга айнан нима шу даражада куч ва иштиёқ бағишлади?

- Ҳаммаси оддий. Бутун мавсум давомида ғалабага нисбатан ишонч ҳисси ва шахсий иродамиз туфайли тетик кўриндик, ўз салоҳиятимизга заррача шубҳаланмадик. Яна майдонда тез фикрлаш хусусияти жуда қўл келди. Аслида бундеслига йўлланмаси қўлга киритилганидаёқ жамоавий руҳ сезиларли даражада мустаҳкамланган эди. Кейин бирин-кетин ўйинларни ўз фойдамизга ҳал қилганимиз ҳам йигитларга алоҳида куч бағишлади ва шу аснода мавсум бўйи турнир жадвали юқори қисмида туришга қодирлигимизни амалда исботладик. Қайтараман, айниқса, майдонда тез фикрлаш ва қарор қабул қилиш кўплаб мураккаб ўйинларда 3 очкони ўз томонимизга оғдиришимизда муҳим аҳамият касб этди.

- «Лейпциг» тажрибага қарши ёшлик шижоатини қўйди. Сизнингча, бу тақдир тақозосими ёки раҳбарият режа бўйича, яъни шу мақсадда таркибни асосан ёшлар ҳисобига шакллантирди?

- Аввало, «тажриба» ибораси тубида қандай мазмун-маъно ётганини теран англаш зарур. Эътибор беринг, сўнгги бир неча йил давомида янги мавсум олдидан жамоамиз бошланғич таркибига атиги 2 ёки 3 нафар футболчи жалб қилинди. Хуллас, жиддий ўйинларда бирга ҳаракатланиш асносида тенг суръатда ўсишга эришдик, ҳаммамиз аслида нималарга қодирлигимизни билдик. Шу тариқа яхлит жамоа сифатида ўйнаб, кўп нарсаларга эришиш мумкинлигини амалда синаб кўрдик.

- Бўлажак мавсум арафасида жамоа бирор етакчи футболчи билан хайрлашмади, аксинча, таркибга Жан-Кевин Огюстен («ПСЖ»дан) каби истеъдодли йигитлар қўшилишди. Хўш, «Ред Булл» янги мавсумда янада кучли таассурот қолдира оладими?

- Очиқ тан олиш керак, навбатдаги мавсум биз учун анча оғир кечади - бу аниқ. Аммо ишончим комил, жамоамиз ўтган йилгига нисбатан кучлироқ ўйин кўрсатади. Дейлик, аввалги мавсумда тўп назорати бўйича устунлик қилолмадик, ҳисоб. Шунга мувофиқ, аксарият голларни қарши ҳужумлар чоғи урдик. Чемпионатнинг иккинчи ярмида эса турнир жадвали қуйи қисмида бораётган жамоаларга қарши баҳсларда ўйинни тўғри ташкил қилиш эвазига муваффақиятлироқ ҳаракатландик. Шунинг ўзиёқ клубимиз қисқа вақт ичида нечоғли ўзгарганию, тез ривожланганидан далолат. Мана, шу меҳнатлар самараси ўлароқ, Чемпионлар Лигасига чиқдик ва энди ўйинимизни янада кучайтиришимиз шарт.

- Демак, жамоа олдига янги мавсум учун аниқ мақсад ва вазифалар қўйилган...

- Йўқ, ҳозирча бу масалада расмий суҳбат бўлмади. Лекин ўйлайманки, раҳбарият аниқ вазифа топшириши шарт. Зеро, барчамиз ўтган мавсумдагидек ғалабага чанқоқлик ҳиссини туйишимиз керак. Шундагина жамоа фақат олдинга интилиши мумкин. Бу гапим бундеслига ва Чемпионлар Лигаси учрашувлари, шунингдек, Германия кубоги баҳсларига бирдек тааллуқли. Тўғри, ўзимиз юқори савияга эгалигимиздан бохабармиз, аммо барчасини амалда кўрсатиш учун озгина турткига эҳтиёж сезишимиз тайин. Қолаверса, энди майдонга нисбатан кўп тушамиз. Демакки, кучли тўғри тақсимлаш ҳам муҳим.

- Дания миллий термасининг тўлақонли аъзоси саналасиз (Поульсен ўз мамлакати бош жамоасига 19 марта чақирилган).  Шуни назарда тутсак, тиғиз тақвимли оғир мавсум сиз учун янгилик эмас...

- Ҳа, бир тарафдан қарасак, ҳақсиз, аммо халқаро футбол бутунлай бошқа нарса, менимча. Мана, янги мавсумда деярли ҳар ҳафта оғир учрашувда майдонга тушишимизга тўғри келади. Шундай экан, клубимизга чамаси 15-16 нафар тенг савияли футболчи зарур. Ҳарқалай, асосий таркибнинг 11 нафар вакили билан қийналиб қолишимиз турган гап. Ахир мавсум ўта оғир кечиши кутиляпти ва ҳар бир учрашувда 1-дақиқадан охиргисига қадар майдонда тўлиқ куч билан тўп суришнинг мутлақо имкони йўқ. Бундай ҳолатда жисмоний ҳолат эртами-кеч панд бериши муқаррар.

- Шахсий фаолиятингизга қарасак, «Лейпциг» билан учинчи дивизиондан Чемпионлар Лигасигача бўлган йўлни босиб ўтдингиз. Бу клуб билан ҳамоҳанг тарзда ўсиб-ривожланиб бораётганингиздан далолат. Шундайми?

- Биринчи галда, «Лейпциг» масаласига тўхталсам, клуб олдига айнан бундеслигага йўл олиш вазифаси қўйилганди. Ёдимда, Ральф Рангник (собиқ бош мураббий, ҳозирда клуб спорт директори) бу ҳақда 4 йил олдин бот-бот гапирганди. Хусусан, мен билан шартнома тузилаётган пайтда ҳам клубнинг яқин 3-4 йил мобайнида биринчи бундеслигага чиқиш салоҳияти кенг муҳокама қилинганди. Қарангки, биз мақсадга анча эрта эришдик. Бунақаси режада бўлмагани аниқ! Ўзимга келсак, ҳозирги ҳолатимдан мамнунман.

- Айнан қайси жиҳатларни назарда тутяпсиз?

- Мана, фаолиятимнинг бошланиш қисмидаёқ миллий терма жамоа сафида тўп суриш имкониятига эга бўлдимки, бу ғоят ёқимли. Қолаверса, бундеслиганинг ажойиб клуби таркибида Чемпионлар Лигаси баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Ростини айтсам, 2013 йили Даниядан Лейпцигга кўчиб ўтганимда, воқеаларнинг бундай ривожини хаёлимга ҳам келтирган эмасдим.

- Хўш, ўтган йил ёзда бундеслигани қандай тасаввур қилгандингиз?

- Ҳаммаси айнан биз кутгандек - футбол сифати, ўйинлар суръати, мухлислар... Тўғри, ўзимиз бу даражада яхши ўйнашни режалаштирмагандик (кулади). Хуллас, бундеслига қандай турнир эканлигидан хабарим бор эди ва шунчаки, унинг бир қисмига айланишни истагандим. Мислсиз муваффақиятга эришганимиз кўпчилик қатори биз учун ҳам ёқимли «сюрприз» бўлди.

- Алан Симонсен ва Брайан Лаудрупдан Юсуф Поульсенгача - кўплаб данияликлар бундеслигада муносиб иштирок этишган-этишмоқда. Бунинг алоҳида сири борми?

- Эҳтимол, ҳамма гап данияликлар ва немисларнинг фикрлаш масаласида бир-бирларига яқин эканликларидадир. Ер юзида айнан Германия Данияга энг ўхшаш мамлакат ҳисобланади. Италия, Испания, Франция каби давлатлар эса бу борада биздан анча узоқ... Ҳа, данияликлар балки немисларга нисбатан анча хотиржамроқдирлар ва мулоқотда норасмийликка кўпроқ урғу беришар, аммо бу икки халқ меҳнат этикаси ва интизом масаласида жуда ўхшаш.

- Майдонда айниқса, Тимо Вернер билан яхши ҳамкорлик қилдингиз, у ҳақда нима дея оласиз?

- Тимо учун ҳаммаси кутилганидан ҳам аъло даражада ривожланди. Қаранг, у клуб футболидаги омадли мавсумдан сўнг Конфедерациялар кубогида ғолибликка эришди! Фикримча, бундестим футболчилари аввалига унга мослашолмадилар, чунки шу кунгача бундай тезкор ҳужумчи билан ўйнашмаганди. Энг муҳими, барчаси яхшилик билан тугади. Ўзаро ҳамкорлигимизга келсак, ўтган мавсум 30та учрашувда бирга майдонга тушдик ва ҳозирга келиб, унинг бир неча сониядан кейин қандай йўналиш бўйича ҳаракатланишини гап-сўзсиз тушунаман. Тимо ҳам мени муаммосиз тушунишига шубҳа йўқ.

- Яна «Ред Булл»да Мюнхен «Бавария»си аъзоси Жошуа Киммих билан ҳам ажойиб тандем ҳосил қилгансиз ва билишимизча, ҳозиргача ўзаро яхши муносабатдасизлар. Июнь ойида Германия ва  Дания термалари ўртасида Копенгагенда бўлиб ўтган баҳс (1:1 ҳисоби қайд этилганди)дан сўнг эски қадрдонингиз билан бафуржа гаплашдингизми?

- Эҳ, 88-дақиқада айнан Жошуа ҳисобни тенглаштирди ва бунинг учун ундан роса ранжидим (кулади).  Жиддий гапирсам, албатта, ўртамизда алоқа йўқ эмас: хусусан, ўша ўйиндан кейин оз-моз суҳбатлашдик. Эртаси куни эса телефон орқали клубларимиз учун мавсум қандай якунига етганини муҳокама қилдик, янги чемпионатдан нималар кутаётганимизни ҳам.

- «РБ Лейпциг» бўлажак мавсумни «Шальке»га қарши ўйин билан бошлайди. Ўтган йилги натижаларни ҳисобга олиб, сизларни жуфтлик фаворити сифатида кўрсатиш мумкинми?

- Фикримча, бундеслигада доимий битта фаворит жамоа бор - «Бавария». Қолаверса, аввалги мавсум «Шальке» билан баҳсларда атиги дуранг натижа қайд этдик. Шундай экан, ўзимизни фаворитдек ҳис қилолмаймиз. Ҳа, «Шальке» ўтган чемпионат стартида омадсизликка учради, аммо бу клуб аъло савияга эга, барибир ва еврокубоклар йўлланмалари учун курашда хоҳлаган грандга хавф туғдириши тайин, шубҳасиз.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz