Қайднома

Қидирув

«Ливерпул»нинг охирги йиллардаги энг иқтидорли ёшлари (топ-8)

«Ливерпул»нинг охирги йиллардаги энг иқтидорли ёшлари (топ-8)

  12.08.2017 06:07
  0
  1005
«Ливерпул»нинг охирги йиллардаги энг иқтидорли ёшлари (топ-8)

Ҳеч кимга сир эмаски, номдор клублар ёзги трансферлар мавсумида таркибларини кучайтириш билан бирга иқтидорли ёшларни ҳам ўз таркибларига жалб қилишга уриниб кўришади.

Жумладан, «Ливерпуль» ҳам. Аммо бу жамоадаги иқтидорли ёшлар эътиборсиз қолади, дегани эмас. Ўтган мавсум «қизиллар» сафида ҳам бир қанча юксак истеъдодлар борлигини кўрдик.

Бош мураббий Юрген Клопп уларнинг бир қанчасига турли мусобақалар давомида имконият бериб борди. Аммо ундан ким унумлироқ фойдалана олди? Қайси футболчилар асосий жамоага ёрдам бера олиш салоҳиятига эга бўлиб улгуришди?

Ёки трансфер орқали «Ливерпул»га сезиларли даромад келтира оладиган ёш иқтидорлар борми? Қуйидаги мақола айнан шу саволларга жавоб топиб бериши кўзда тутилган.

8. Коннор Рэндалл

Рэндаллни эсладингизми? Бу футболчи «Вулверхэмптон»га қарши кубок доирасидаги баҳсда майдонда 45 дақиқа ҳаракат қилганди. Агар Transfermarkt`га ишонсак, унинг жамоа билан амалдаги шартномаси 2019 йилгача мўлжалланган. Ҳозирда Коннор учун идеал вариант ижара асосида бошқа жамоага йўл олиш. Агар Клопп унга ишонч билдиришини истаса, янги мавсумда Рэндалл Натаниель Клайнни рақобатда енгиши керак.

Аммо ушбу позицияга яна бир номзод бор - Трент Александер-Арнольд. Лекин бу футболчида барқарорлик борасида муаммолар мавжуд. Шунинг учун у кучли рақобат туғдира олмаслиги мумкин.

Рэндаллни ҳозирда жамоага катта ёрдам бера олади, дейиш қийин. Юқорида айтиб ўтганимиздек, унинг учун энг яхши вариант ижара асосида бошқа жамоага ўтиб, кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш.

7. Шейи Ожо

Ожо ўтган мавсум асосий жамоа сафида 104 дақиқа ўйин ўтказган ва бунинг барчаси «Плимут»га қарши Англия кубоги баҳсидаги учрашувга тўғри келганди. Футболчи ноябрь ойида белидан оғир жароҳат олганди. Бу жароҳатини тузатиб қайтди, аммо премьер-лига доирасидаги баҳсларда иштирок этгани йўқ. Шунга қарамасдан, у 2015|2016 йиллар мавсумидаги саккизта ўйин қайдномасига киритилган.

Мавсум якунланганидан сўнг эса футболчи Англия ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионига айланди. Ожо мазкур турнирда энг фаол ўйнаган футболчилардан бири бўлди. Муҳаммад Салоҳнинг «Ливерпуль» сафига қўшилиши Ожога салбий таъсир қилиши мумкин. Чунки улар ҳаракатланадиган позиция деярли бир хил.

6. Харри Уилсон

Харри ўтган мавсум «Ливерпул»нинг 23 ёшгача бўлган жамоасига сардорлик қилди. Ажойиб самарадорлик кўрсатган футболчи ўз номига 28та гол ёздириб қўйишга эришди. Деярли ҳар бир ўйинда тўлиқ иштирок этган вингер машғулотларни кўпроқ асосий таркиб футболчилари билан ўтказарди. «У чап қанотда ажойиб ўйинлар кўрсатади.

Барча Бен Вудбёрн, Трент ва Ови каби ёшлар ҳақида гапириб, Харри сояда қолмоқда. Аммо у келажакда ажойиб футболчи бўлиб етишади», - деганди Адам Лаллана бу жамоадоши ҳақида.

Уэльслик «Ливерпуль» асосий таркибида майдонга тушмаган бўлсада, 2013 йили Бельгияга қарши ўйинда терма жамоа сафида дебютини ўтказган. Ўша пайт Харри 16 ёшу 208 кунлик эди.

Ҳозир Уилсон 20 ёшда ва унга турли клублар қизиқиш билдиришни бошлашди. Хабарларга кўра, май ойида «Селтик» жамоа­сидан келиб тушган таклифни рад этиб ҳам улгуришди. «У юқори даражага етиши учун ўз устида кўпроқ ишлаши керак. Шу кетишда Харри янги босқичга чиқиши мумкин ва асосий жамоа ўйинларида ҳам секин-аста қатнашишни бошлайди», - дейди «Ливерпуль» U-23 устози Майк Гаррити.

5. Ови Эжариа

Эжариа Англия ёшлар терма жамоасининг жаҳон чемпиони бўлишига энг катта ҳисса қўшган футболчилардан бири. Албатта, Ожо билан бирга. Умуман, бутун мавсум унинг учун жуда яхши ўтди. Англия лига кубоги баҳсларида уч марта иштирок этди. Премьер-лига доирасидаги баҳсларда эса икки марта захирадан майдонга тушди.

Албатта, бу аксарият ёшлар ҳавас қиладиган натижа. Клопп Эжариани Испаниядаги йиғин давомида асосий жамоа билан олиб кетиб, катталар орасидаги ҳаракатини муносиб баҳолаганди.

Айтиб ўтиш керакки, бу футболчи «Арсенал» клуби ва мухлислари учун йўқотиш бўлган. Чунки Ови футбол сир-асрорларини ўрганишни айнан шу жамоада бошлаган ва 2014 йили «Ливерпул»га йўл олганди.

Ҳозирда 19 ёшни қаршилаган футболчи ярим ҳимоя чизиғида жуда кучли ўйин намойиш этади. Унинг ҳаракатларидан янги мавсумда кўплаб мухлислар баҳраманд бўлишлари мумкин.

4. Жо Гомес

Гомес «Ливерпул»даги икки мавсумни шифохонада ўтказганди. Аммо жамоа унга ишонч билдирди ва футболчи бу ишончни оқламоқда. Балки «Ливерпуль» мухлислари мамнундирлар, аммо сўнгги пайтларда Жонинг жамоадан кетиши ҳақида жуда кўп гапиришмоқда. Иқтидорли ҳимоячига асосий даъвогарлар қаторида «Брайтон» ва «Селтик» клублари бор.

Футболчи охирги марта ноябрь ойида катта футболда майдонга тушган бўлсада, юқорида номи келтирилган жамоалар уни ўз сафига қўшиб олишга тайёр. Агарда Жо жароҳат олмаганида, ҳозирга келиб анча таниқли футболчига айланиши мумкин эди. Аммо начора, бу ҳам футболнинг бир қисми. Ўтган мавсум у Англия кубоги доирасида учта учрашувда майдонга тушди.

Мана шу ўйинлар кўрсатдики, «Ливерпуль» унинг ўрнига бошқа номзод қидириши керак. Чунки футболчининг ҳозирги салоҳияти асосий таркиб учун етарли эмасдек. Дастлаб Гомес жароҳат туфайли ўша пайтдаги салоҳиятини йўқотгандек туюлганди. Лекин иқтидорли футболчи сафга қайтгандан кейин барқарорлик намойиш этмоқда.

3. Марко Груйич

Захира ўриндиғи ва шифохона - Груйич дебют мавсумининг асосий қисмини шу икки жойда ўтказган. Сербиялик футболчи «Ливерпул»га 2016 йилнинг январь ойида келажаги порлоқ, иқтидорли футболчи мақомида келганди.

Аммо кўп ўтмай, ижара асосида «Црвена Звезда» таркибига бориб қўшилди. У Англияга келгандан буён ҳали мухлисларни хурсанд қила олганича йўқ. АПЛ доирасидаги «Бёрнли» ва «Халл Сити»га қарши баҳсларда мураббий уни майдонга туширишга қарор қилди.

Шубҳасиз, Марко асосий таркиб футболчиси эди, шундай эмасми? Жисмоний тайёргарлиги бунга тўлиқ имкон берарди. Шунга қарамай, мазкур ўйинларда Груйич дарҳол захирага олинди ва бора-бора асосий жамоада йўқолиб қолди. Маълум муддат ўтгач эса жароҳат олиб, уч ой давомида футбол ўйнай олмади.

21 ёшли футболчи 2017 йили асосий жамоа сафида 10 дақиқа ҳаракат қилди. Шундай экан, энди ундан нима кутишяпти? Агар Марконинг вакили Зоран Стоя­диновичнинг гапларига эътибор қаратсак, Клопп футболчига тўлиқ ишонади: «Клопп Груйич асосий таркибнинг бир бўлагига айлана олишини айтмоқда». Марко ўзига берилган ҳар бир дақиқадан иложи борича унумли фойдаланиши керак, чунки агар яна бир шундай омадсиз мавсумни ўтказса, унинг учун жамоадаги сўнггиси бўлиши мумкин.

2. Бен Вудбёрн

Бен Вудбёрн Англия лига кубоги чорак финалида «Лидс» дарвозасига урган голи орқали тезда танилди. Ўшанда 17 ёшу 45 кунлик бўлган футболчи клуб тарихидаги энг ёш гол муаллифига айланди. Олдинги рекорд эса Майкл Оуэнга тегишли эди. Вудбёрн бу голидан бир неча кун олдин АПЛдаги дебютини нишонлаганди. Апрель ойида эса биринчи марта бошланғич таркибда майдонга тушди. У фақатгина 45 дақиқа ўйнади, холос, лекин шу вақт мобайнида Клопп­да илиқ таассурот қолдирди.

Худди жамоа афсонаси Робби Фаулер сингари. «Йигитча яхши ҳаракат қилди. Бен тўғри йўналишда ўсиб бормоқда. Кейинги икки мавсумда у бизнинг диққат марказимизда туради», - деди германиялик мутахассис.

Қойилмақом дебют ёрқин келажакдан дарак беради. Аммо Вудбёрн бу ёғига ишончни йўқотмаган ҳолда берилган кичик имкониятлардан унумли фойдалана олса, бас. Ҳар ҳолда, у ҳали ёш ва барчаси олдинда.

1. Трент Александер-Арнольд

Жамоа ичига бирдан кириб борган футболчилар ҳақида гап кетганда, биринчи навбатда, Трент Александер-Арнольдга тўхталишимиз керак. Бу ҳимоячи бирдан пайдо бўлиб, премьер-лига, Англия кубоги ва лига кубоги учрашувларида майдонга туша бошлади ҳамда Клайнни захира ўриндиғига «михлаб» қўйди.

Трент шунингдек, ярим ҳимояда ҳам бирдек самарали ўйнай олади. Буни январь ойидаги «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувда исботлаганди. Шубҳасиз, ўтган мавсум «Ливерпуль» ёшларининг ҳеч қайсиси  у каби муваффақиятли тўп суролмаганди.

«Ўтган мавсум 23 ёшгача бўлган жамоа таркибида фақат битта ўйин ўтказдим. Асосан U-18 жамоасида ўйнадим. Катталар орасида ҳатто машғулот ўтказишимни ҳам тақиқлаб қўйишган.

Мавсумолди тайёргарликлар жараёнида бор кучим билан ишлаяпман. Мақсадим - янги мавсумни 23 ёшгача бўлган жамоада ўтказиб, шу йўл орқали асосий таркибга кириб бориш», - деди Трент интервьюларининг бирида. Александер-Арнольд мазкур рўйхатдаги энг кучли ва иқтидорли футболчи, аммо асосий жамоа сафида ўйнаш учун бунинг ўзи камлик қилади.

А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz