Қайднома

Қидирув

Амин Юнес: «Мақсадим – ЖЧ-2018да иштирок этиш»

Амин Юнес: «Мақсадим – ЖЧ-2018да иштирок этиш»

  12.08.2017 03:37
  0
  680
Амин Юнес: «Мақсадим – ЖЧ-2018да иштирок этиш»

Амин Юнес Германия терма жамоасидаги дебютини нишонлади. Шу билан бирга фаолиятидаги муҳим совринни қўлга киритди. Яъни, Россия майдонларида бўлиб ўтган Конфедерациялар кубогида зафар қучди.

Бу ёз Юнес учун ноодатий тарзда кечди. 23 ёшли ярим ҳимоячи ҳар йили шу фаслда отаси туғилган Ливанга борарди. Бироқ жорий йил режаларини ўзгартиришга тўғри келди. У фаолият олиб бораётган Амстердамнинг «Аякс» клуби Европа Лигаси финалида «Манчестер Юнайтед»га қарши баҳс олиб борди.

Ўша учрашувдан сўнг Амин таътилга тайёргарлик кўраётганди. Лекин Германия термаси бош мураббийи Йоахим Лёв уни Конфедерациялар кубогига борадиган таркибга киритди. Шу тариқа мусобақага тайёргарлик жараёнида Данияга қарши ўртоқлик учрашувида Юнес Германия бош жамоасидаги дебютини нишонлади.

Орадан бир неча кун ўтиб, у термадаги дастлабки голини урди. Бу воқеа ЖЧ-2018 саралаш баҳсларидан ўрин олган Сан-Маринога қарши учрашувда юз берди. Конфедерациялар кубогида иккита ўйинни захирада ўтказган футболчи ярим финалда ўзини кўрсатди.

Мексикага қарши учрашувда у жамоасининг тўртинчи голига муаллифлик қилди. Яқинда Амин ота юрти Ливанга бориб қайтди. У ерда Юнесни қаҳрамонлардек кутиб олишди. Мазкур сафар якунланганидан сўнг футболчи FIFA.com сайтига интервью берди.

- Конфедерациялар кубогида зафар қучдингиз. Ҳиссиётлар қандай?

- Бу ажойиб бўлди. Агар бир йил олдин менга шу совринни ютасан, дейишса, ишонмасдим. Бу оилам учун ҳам катта бахт. Чунки терма жамоадаги дастлабки йирик совринимни қўлга киритдим. Натижада яқинларим ҳам ўзларини бошқача ҳис қилишди.

- Сиз учун мавсум ажойиб ўтди...

- Ҳақиқатан ҳам шундай. «Аякс» билан Европа Лигаси финалига чиқдим, Германия терма жамоаси сафида Конфедерациялар кубогида зафар қучдим. Шундай бўлишини барча футболчилар орзу қилишади. Эндиги асосий вазифам - фақат олдинга қадам ташлаш.

- Германия термасининг шундай ёшлар билан турнирда ғолиб чиқишига ҳеч ким ишонмаганди...

- Фикрингизга қўшиламан. Турнир аввалида ўзим ҳам бундай бўлишини кутмагандим. Чунки Чили, Мексика ва бошқа термалар мусобақага энг кучли футболчилари билан ташриф буюришганди.

- Йоахим Лёвнинг тажрибаси ўсишингизга қанчалик ёрдам берди?

- Албатта, у бу борада катта роль ўйнади. Лёв барчамизга ҳар бир футболчи терма жамоа учун муҳимлигини уқтира олди, ёш бўлишимизга қарамай, айримларимиз Европа Лигаси ва ЕЧЛ финалида ўйнаганимизни айтди. Ўзингизга маълум, Юлиан Дракс­лер ва Жошуа Киммихлар ўйин борасида катта тажрибага эгалар. Шунинг­дек, Йоахим бизга бошқа жамоаларни ҳурмат қилишимиз лозимлигини ҳар кун таъкидларди.

- Мексика термасига қарши учрашувда гол уриб, турнир рекордини ўрнатдингиз...

- Конфедерациялар кубоги пайтида буни нишонлай олмадим. Лекин турнирдан сўнг катта иш қилганимни тушуниб етдим. Бундан яқинларим хурсанд бўлишди. Мусобақадаги иштироким Ливанда қандай тантана қилинганини кўрсангиз эди...

- Германия терма жамоасидаги дебютингизни нишонладингиз, биринчи голингизни урдингиз, даст­лабки халқаро совринингизни қўлга киритдингиз. Сиздан яна нима кутиш мумкин?

- Асосий мақсадим - терма сафида ЖЧ-2018га бориш. Мусобақа бошланишига бир йил бор. Конфедерациялар кубогида иштирок этган барча футболчиларнинг нияти шу. Бунинг учун янги мавсумда ўзимизни кўрсатишимиз керак. Умид қиламанки, «Аякс»да яхши ўйнасам, миллий жамоага яна чақиришади. Бунинг учун бор кучимни сарфлайман.

- Нима учун Конфедерацияар кубогидаги ғалаба сиз учун муҳим?

- Турнирдаги атмосфера ажо­йиб эди. Чунки бу мусобақада ҳар бир қитъанинг чемпионлари иштирок этишади. Чили, Камерун ва айниқса, Мексика термасига қарши ўйинлар эсда қоларли бўлди. Турнирдаги ғалаба Германия жамоасининг келажаги порлоқ эканини кўрсатди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz