Қайднома

Қидирув

Сервер ва Одилдан чиройли гол ёхуд легионерларимиз ҳақида

Сервер ва Одилдан чиройли гол ёхуд легионерларимиз ҳақида

  14.08.2017 18:06
  0
  964
Сервер ва Одилдан чиройли гол ёхуд легионерларимиз ҳақида

Рашидов 9-рақам остида ўйнайди. Хабарингиз бор, ҳамюртимиз Сардор Рашидов фаолиятини «Ал-Жазира» клубида давом эттиради. У БАА чемпиони билан 2 йиллик шартнома имзолаган. «Ал-Жазира» 11 август куни ёзги илк ўқув-машғулотлар йиғинини якунлади. Жамоа футболчилари нақ 24 кун давомида Голландияда машғулотлар олиб боришди.

Бу оралиқда 5та назорат учрашуви ташкил этилди. Рашидов хусусан, НEК, «Девентер», «Де Трефферс» ҳамда «Фортуна Ситтард» клубларига қарши учрашувларда майдонга тушди ва 1та гол урди. Абу-Даби шарафини ҳимоя қилувчи жамоа машғулотлари энди ўз қароргоҳига кўчди.

«Ал-Жазира» БАА про-лигаси доирасидаги илк ўйинни 20 сентябрь куни «Ажман»га қарши ўз майдонида ўтказади. Таъкидлаш жоиз, «Ал-Жазира» янги мавсум олдидан Муборак Буссуфа, Аҳмад Халил, Лассана Диарра каби ижрочилар ҳисобига ҳам кучайди. Марокашлик Буссуфа 10-рақамни банд этгани боис, ҳамюртимиз янги жамоасида 9-рақам остида тўп сурадиган бўлди.

3 очко келтирган гол. «Истиқлол» клуби Эрон чемпионати 3-тури доирасида ўз майдонида «Тракторсози»га қарши баҳс олиб борди. Мазкур ўйинда 3 очко тақдирини ягона гол ҳал қилди. Эътиборли томони, «Истиқлол»га ғалаба келтирган қимматли гол терма жамоамиз вице-сардори Сервер Жепаров номига ёзилди.

Унинг «Тракторсози» дарвозабонини ўзига хос кучли айланма зарбаси билан чиройли тарзда доғда қолдирганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Умуман, Сервер «Истиқлол»нинг бошланғич таркибида майдонга тушиб, 85 дақиқа ҳаракатланди.

Супергол. Одил Аҳмедовнинг клуби - «Шанхай СИПГ» Хитой супер-лигаси 21-турида ҳам қимматли очколардан маҳрум бўлди. Шанхайликлар чоршанба куни ҳамюртимиз майдонда тўлиқ вақт тўп сурган сафар учрашувида «Хэбэй»ни енга олишмади - 2:2. Айтиш жоиз, Одилнинг жамоаси аввалги турда ҳам 1 очко билан чекланганди.

Якшанба куни эса «Шанхай» ўз майдонида «Чжичэн Лифан» билан куч синашиб, Одил Аҳмедовнинг 72-дақиқада урган суперголи ёрдами билан 3 очко олди. 3:2 ҳисобида тугаган баҳсда ҳамюртимиз сариқ карточка ҳам олди.

Ушбу натижалардан сўнг «СИПГ» мусобақа жадвалида 2-ўринда қолди (45 очко), бироқ пешқадам «Гуанжоу Эвергранд» билан ўртадаги очколар фарқи 5тага ошди.

«Пекин Гуоан» ҳам аввалига сафарда «Тянжин Куанжин» билан учрашувда муроса йўлини танлади (2:2), кейин «Ляонинг»ни 4та жавобсиз гол билан «сийлади». Афсуски, пойтахт жамоаси таркибидаги Егор Кримец бу ўйинларда ҳам майдонда кўриниш бергани йўқ.

Умуман, терма жамоамиз ҳимоячиси жорий мавсум «Пекин»нинг атиги 2та учрашувида қатнашди, холос. Унинг жамоаси айни пайт 36 очкога эга ва 6-ўринда бормоқда. 21-тур таркибида Анзур Исмоилов тўп сураётган «Чанчун Ятаи» учун омадли келди. Жамоа бу сафар «Хенань Жианье» майдонидан  2:0 кўринишидаги ғалаба билан қайтиб, очколари сонини 26тага етказди.

Ҳамюртимиз мазкур ижобий натижага 90 дақиқалик фаоллиги билан муносиб ҳисса қўшди. Бироқ кейинги баҳсда «Ятаи» ўз майдонида «Янбян» билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Боз устига, Исмоилов 44-дақиқада майдондан четлаштирилди.

Сафардан 4 очко билан. Япония чемпионатида ҳам 21-22-тур ўйинлари ортда қолди. «Жубило Ивата» аввалига меҳмонда «Вегалта Сендай» билан куч синашиб, дуранг қайд этди - 0:0.

Жамоа аъзоси Фозил Мусаев бу учрашувда доимгидек, тўлиқ 90 дақиқа давомида тўп сурди. 22-тур доирасида эса «Гамба Осака» меҳмони бўлган «Жубило» 2та гол урган ҳолда, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Бироқ ҳамюртимиз 83-дақиқада кичик жароҳат сабаб, майдонни эртароқ тарк этди. Унинг жорий чемпионатда жами 19та ўйинда иштирок этиб, 2та гол урганини эслатиш жоиз. «Ивата»га келсак, 38 очко тўплаган жамоа турнир жадвалининг 6-поғонасини эгаллаб турибди.

Энди 3 дақиқа. «Ростов» мураббийлари ҳозирча жамоанинг янги аъзоси - Элдор Шомуродовга майдон тафтини ҳис қилиш имкониятини бериш билан чекланишяпти.

Ҳарқалай, чоршанба куни ўтказилган «Ростов» - «Динамо» (1:0) ўйинида 3 дақиқа ҳаракатланган ҳамюртимиз 6-турдан ўрин олган «Уфа»га қарши сафар учрашуви тугашига ҳам 3 дақиқа қолганида майдонга туширилди. Ўйин эса «Ростов»нинг йирик - 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугади.

Айтганча, ростовликлар бош мураббийи Леонид Кучук «Динамо» билан ўйиндан сўнг ҳужумчиларга алоҳида тўхталди: «Жамоамиз катта молиявий имкониятга эга эмас.

Ҳозир Бухаров даволанмоқда, у Германияда. Хайриятки, Владимир Дядюн ўзини кўрсатмоқда - рақиблар билан курашмоқда, шерикларига вазиятлар яратиб бермоқда. Яна Элдор Шомуродов бор. У яхши сифатларга эга. Мана, Элдор бугун йўқ жойдан юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолиши мумкин эди».  

Вадим Афонин «Анжи»нинг 5-6-турлар доирасидаги 2та ўйинида ҳам тўлиқ 90 дақиқадан ҳаракатланди, аммо уларда махачқалъаликлар очко ололмадилар. Аниқроқ айтсак, «СКА-Хабаровск» майдонида 0:2 ҳисобли мағлубиятни тан олган «Анжи» кейинги турда «Динамо»ни қабул қилиб, 1:3 кўринишида енгилди.

«Тосно» эса икки хил натижага эришди. Қизиғи, Вагиз Галиулин жамоаси ўз майдонида ЦСКАга ютқазиб (1:2), сафарда «Локомотив»дан устун келди (2:0). Вагиз бу ўйинларнинг иккисида ҳам майдонда тўлиқ вақт тўп сурди. «Темирйўлчилар» таркибидаги Виталий Денисовга келсак, у ҳамон четда қолмоқда.


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.