Қайднома

Қидирув

Ортиқча баҳо ёхуд «Олмалиқ»нинг бугунги аҳволи ҳақида

Ортиқча баҳо ёхуд «Олмалиқ»нинг бугунги аҳволи ҳақида

  15.08.2017 06:18
  0
  1142
Ортиқча баҳо ёхуд «Олмалиқ»нинг бугунги аҳволи ҳақида

Аслида, бу мақола анча олдин ёзилиши лозим эди. Бироқ «Олмалиқ»нинг футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида қайд этган натижаси ва айниқса, кўрсатган ўйини, юмшоқ қилиб айтганда, шу қадар ёмон чиқди-ки, бу истакни бир неча кун ортга суриб юборди. Аммо барибир, ёзишга тўғри келган экан, мана, яна клавиатура қаршисидаман.

«Олмалиқ»нинг Осиё чемпионатидаги иштироки футзалимизнинг бугунги кундаги асл савиясини кўрсатиб берса керак. Йўқ, бу савия биз ўйлагандек бир йил олдин бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги каби эмас. Акс ҳолда, таркибида деярли Ўзбекистон терма жамоасини жамлаган «Олмалиқ» бу қадар шармандали натижа қайд этмасди. Биз ўзимизга ҳаддан ортиқ юқори баҳо бериб юборган эканмиз.

Ўзбекистон терма жамоаси охирги икки йилни яхши ўтказди. Футзал ҳақида сўз очдингизми, буни эътироф этмаслик адолатдан бўлмасди. Аммо дўппини олиб қўйиб, ўйлаб қарасак, ушбу муваффақиятнинг ортида бир инсон турганини тан олиш лозим бўлади - Хосе Мария Мендез. У ўзбек футзали ривожи йўлида жуда катта ишларни амалга оширди. Ўз вазифасига масъулият билан ёндашди, ҳар бир шогирдидан бор потенциалини «суғуриб» олди ва якунда буларнинг барчаси жаҳон чемпионати йўлланмасини келтирди. Унинг бошқаруви остида Ўзбекистон терма жамоаси илк марта мундиалда иштирок этди.

Айтишларича, Мендез рақибларнинг ўйинини ҳар доим шахсан кузатиб борар экан. Бирор учрашув ўтиши ҳамоно тун бўйи таҳлил қилиб чиқар ва эрталабки назарий машғулотда шогирдларини видеолавҳалар орқали рақиб билан батафсил таништириб ўтаркан.

Ва бу анъана бирор марта бузилганини ҳеч бир футзалчи эслай олмайди. Бир сўз билан айтганда, Мендез Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида қанча маош олмасин, тийин-тийинигача оқлаб улгурган. Шундай мутахассиснинг юртимизда ишлаб кетгани ўзбек футзалининг бахти бўлса керак. Аммо...

Агар бутун бошли мамлакат футзали бир мураббий туфайли кўтарилиб, у кетгач қуйига шўнғийдиган бўлса, билингки, демак қаердадир нотўғри иш олиб борилмоқда. Ўзбек футзали мисолида эса ўша муаммо қаерда эканини кўрсатиш учун узоққа бориш ҳам шарт эмас. Энг аввало, ҳар бир муаммо ички биринчиликка бориб қадалади. Ўзбекистон чемпионати эса, афсуски, мақтанадиган мусобақалар сирасига кирмайди.

Барча жамоалар бир жойга жам бўлиб, тезликда ўзаро ўйинларни ўтказиб юборадиган ва қандайдир ўн кун ичида бутун бошли давра ўйинлари тугаб кетадиган турнирни профессионал деб сира атаб бўлмайди. Магарки, футзалимиз Осиёда етакчилар сафида қолишини истасак, ишни бош-қача йўлга қўйиш лозим. Жуда бўлмаганда, ён қўшнимиз Қозоғистон ёки Россия биринчилигидан андоза олсак кифоя.

Ўзбекистон чемпионати профессио-нал тарзда ўтказилган тақдирда халқаро майдонда ҳам доимий ғалабалар кутишга ҳақли бўламиз. Ҳозир юртимизда ёпиқ спорт иншоотлари ҳар бир вилоятда мавжуд. Иш тўғри йўлга қў-йилган тақдирда футзал чемпионати учун ўша ареналардан фойдаланиш мумкин. Бу эса ички биринчиликни «уй-сафар» тизимида ўтказиш имкониятини беради.

Бизнинг наздимизда профессионал чемпионат шундай ўтказилади. Жамоалар аввалгидек қисқа муддат эмас, балки бутун бошли мавсум давомида формани ушлаб туришга ҳаракат қилишади. Спортнинг асоси шу бўлиши керакмасми, аслида?!

Юқорида Хосе Мария Мендезнинг ўзбек футзалига қўшган ҳиссаси ҳақида гапириб ўтдик. Бизнинг спортчиларимиз ташқи олам билан алоқани асосан у орқали оларди. Чунки ички биринчиликда ундан бошқа хорижлик мураббий ёки футзалчи фаолият юритмаган. Тўғри, терма жамоа таркибида четда ўйнаб келганлар бор эди. Аммо уларнинг кўргани ҳам нари борса Қозоғистон ва Россия чемпионати бўлган. Жанубий Америка ёки Европада иш қандай кечаётганини фақат Мендез орқали билардик. Энди бу мутахассис ҳам кетди.

Клублар ўртасидаги Осиё чемпио-натида «Олмалиқ»нинг муваффақиятсизлигига ҳам айнан шу нарсани сабаблардан бири сифатида келтириш мумкин. Эътибор берсангиз, мусобақа давомида ўз сафига легионерларни қўшиб олган клублар кўпроқ зафар қучишди. «Олмалиқ»нинг бевосита рақиблари - «Банк оф Бейрут» ва «Чонбури» сафида ҳам хорижликлар етарли эди.

Айниқса, таиландликларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу мамлакат футзали шусиз ҳам кучли ҳисобланади. «Чонбури» таркибида эса Таиланд терма жамоасининг асосини ташкил этадиган Жетсада, Апиват ва Субхавут каби етакчилар бор эди.

Шунга қарамай, таиландликлар Бразилиядан таклиф этилган легионер ҳисобига таркибни янада кучайтиришди. Энди ўйлаб кўринг, фақат маҳаллий спортчиларга таяниб қолган «Олмалиқ» бундай жамоаларга қарши ўйинда бирор имкониятга эгамиди ўзи?

Халқимиз футзални қай даражада яхши кўришини бир ярим йил муқаддам Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида кўрганмиз. Ўзбекистонда спортнинг бу турини ривожлантириш учун етарлича шароит ва энг муҳими - қизиқиш мавжуд. Фақат бунинг учун ишни тўғри йўлга қўйиш лозим, холос. Ўшанда балки клублар ўртасидаги қитъа биринчилигини юрак ҳовучлаб кутмасмиз...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz