Қайднома

Қидирув

МДҲда янги турнир тузишга нима дейсиз?

МДҲда янги турнир тузишга нима дейсиз?

  18.08.2017 00:18
  1
  1560
МДҲда янги турнир тузишга нима дейсиз?

Sports.uz сайти ходими жуда қизиқарли мавзу юзасидан мақола тайёрлади. Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар футболи ўзаро ҳамкорлик ўрнатса қандай бўларкин?

Диққатга молик масала, шундай эмасми? Қуйидаги таҳлилда мазкур давлатлар биргаликда мусобақага асос солишса, уни қандай истиқбол кутаётгани хусусида сўз боради.

Муқаддима

Бугунга қадар блог муаллифи Ўзбекистон футболи тарихига доир турли масалаларга атрофлича тўхталишга улгурди. Табиийки, мазкур ҳолатда мамлакат клубларининг собиқ иттифоқ чемпионатларидаги натижалари тилга олинган.

Тўғриси, бу фақатгина ностальгия эмас, балки ҳақиқатан юқори даража эди. Боз устига, ўша мамлакатлар, яъни ҳозирги мустақил давлатларнинг етакчи жамоалари мунтазам равишда юксак савия бўйича катта тажриба тўплашган.

Ҳаттоки, иккинчи лига баҳсларида ҳам турфа мамлакатларнинг турли минтақаларидаги клублар иштирок этиши натижасида ҳудудларнинг глобал уйғунлашуви кузатилган. Мисол учун, ушбу дивизионнинг еттинчи зонаси сўнгги йилларда Ўрта Осиё жамоаларига аталиб, 20дан ортиқ жамоа қатнашган. Бу эса 4та республикани ўзаро бирлаштирган.

Дарвоқе, иштирокчиларнинг ярмидан кўпи бизникилар - ўзбекистонликлар бўлиб, қўшни давлатлар билан солиштирганда ушбу минтақада даражамиз анча юқори эканини кўрсатган.

Биринчи лига ҳақида гапирсак, унинг географияси янада кенгроқ эди. Бу дивизионда 20та жамоа старт­га чиқар, охирги марта ўтказилган турнирда иккита вакилимиз - «Нефт­чи» («Нефтяник») ва «Навбаҳор» қатнашишган. Дарҳақиқат, минтақаларни қамраб олиш бўйича бу энг йирик лига эди: Карпатдан тортиб, Узоқ Шарққача.

Олий лига ҳақида эса миллионлар ўйинига шунчаки қизиқувчи ишқибозлар ҳам эшитишган: унда «Пахтакор» (Тошкент) клубининг иштироки нафақат республикамиз, балки бутун минтақа эътиборини тортганди. Шунингдек, чемпионат-1991 қатнашчиси «Помир» (Душанбе) ҳақида ҳам шундай фикр билдириш мумкин.

Ўз навбатида, Олма-Отанинг «Қайрат»и ҳам кўпчиликда ёрқин таассурот уйғотган. Ҳа, мамлакат футболининг тан олинган етакчилари бизнинг минтақага ташриф буюришга чўчишарди! Киев, Москва, Тбилиси ва бошқалар - бу ерда очкога катта умид боғлашмас, кўпинча аввалдан режалаштирилган медаллар ва юқори ўринлардан бебаҳра қолишарди...

Хуллас, ҳақиқий томошабоп лигалар гувоҳига айланганмиз. Энди бевосита мавзу юзасидан таҳлил ўтказсак.

***

1. ХАЛҚАРО ШАРТНОМА!

1) Бошқача бўлиши мумкин эмас (!)

Муаллифнинг украиналик ҳамкасби билан интернет орқали уюштирган суҳбати ушбу мақоланинг яралишига туртки бўлди. Ҳозиргача шошмади, халқаро даражадаги қўллаб-қувватлашдан умид қилмади. Аммо украиналик машҳур журналист Виктор Ерёмин-Хохлюк дарҳол ушбу ғоянинг амалга оширилишига хайрихоҳлик билдирди.

2) Эсдан чиққан нарса эскирган ҳисобланмайди

Бироз аввал Валерий Георгиевич Газзаевдан ҳам шу каби таклиф чиққан, аммо МДҲда уни тушуниб, қўллаб-қувватлайдиган одам топилмаганди. Йиллар ўтди, мамлакатлардаги ички чемпионат даражаси эса ошмаяпти - бу аниқ! Демак, минтақадаги кучли жамоа­ларни яна бирлаштириш зарурати туғилмоқда.

***

2. У ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

1) Нима?

Мамлакатларнинг кучли клублари даражасидаги уринишларни мужассамлаштириш керак. Йўқ, бу ўринда гап январда ўтказилиб, бир-икки ҳафтага чўзиладиган МДҲ кубоги каби турнир ҳақида бормаяпти. Аксинча, минтақаларда тўлиқ лигалар ташкиллаб, (аниқлик киритиш талаб этилади), унда 30, ҳаттоки, 40тагача жамоа қатнашиши лозим.

2) Қандай қилиб?

Кейинги икки йил мобайнида мамлакатларнинг энг кучли клубларини аниқлаб, уларнинг шундай чемпионат ташкил этиш бўйича розилигини олиш керак. Кейинчалик бу жамоалар МДҲ лигасига (ёки бошқача аташ мумкин, асосийси ном эмас, балки нуфуздир) жалб қилинади.

Қулайлик яратиш учун ҳар бир минтақада 15-20та клуб қатнашсин - бунақаси биринчи марта учраётгани йўқ. Битта мавсумдан сўнг кучлилар ва аксинча, айни даражага муносиб бўлмаганлар аниқланади. Шунга мувофиқ, мос равишда муайян мамлакатлардаги бошқа клубларни ҳам лигага киритиш йўлга қўйилади.

Биринчи навбатда, албатта, қатнашчилар сонини тенглаштириш мақсадга мувофиқ. Шундагина ҳақиқий демократик тамойилга амал қилиниб, спорт принциплари старти таъминланган бўлади.

***

3. БОШЛАНҒИЧ САРАЛАШ ТАРТИБИ: ЛОЙИҲА

1) Қаердан қанча?

Табиийки, айрим мамлакатлар ҳар икки минтақадаги вакиллари сонини кўпайтиришга уринишади. Айниқса, бу гап энг аввало, Россияга тегишли. Шунингдек, бу қаторга Украинани ҳам қўшиш мумкин.

Аммо айнан спортда, хусусан, футболда Россиянинг эндиликда ҳукмронлик қилмаётгани айни ҳақиқат. Шундай экан, бу мамлакат вакиллари вазиятга тўғри баҳо бериб, ўйин қоидаларига амал қилишлари лозим: сиз ҳам биз билан бир хилсиз!

Қолаверса, буёғига ўз устунлигини аввалги йилларда қўлга киритилган медаллар билан безатилган хонада ўтириб эмас, балки футбол майдонида исботлаш талаб этилади. Дастлабки турнир ўтказилганидан кейингина ким қандай квотага муносиб экани ойдинлашади.

2) Муддатлар

Табиийки, бундай чемпионат ички мусобақалардан холи ўтиши лозим. Яъни, энг кучли жамоалар ё ўз мамлакатлари биринчилигидан тўлиқ озод этилади ёки турнир ҳудудлардаги тақвим билан ҳисоблашади. Аниқроғи, ўйинлар чемпионатлар-давралар оралиғидаги танаффус пайти ўтказилади.

Муаллифнинг фикрича, ушбу мусобақа ички биринчиликларга боғлиқ ҳолда ташкил этилиши лозим. Мамлакат чемпиони ва энг яхши жамоалар мазкур чемпионатда қатнашишади, параллель равишда УЕФА ёки ОФК тасарруфидаги Чемпионлар Лигасида иштирок этишади. Қолган жамоалар (мисол учун, Ўзбекистондан) бу ерда ўйнаб, МДҲ лигасидан ўрин эгаллашга лойиқ клуб номига ойдинлик киритишади. Ғолиб эса янги чемпионатда энг паст кўрсаткич қайд этган Ўзбекистон клубини алмаштиради. Бошқа республикаларда ҳам ўзига хос саралаш баҳслари шу тахлит ривож топади.

Муддатларни маҳаллий чемпионатлардаги танаффусларга қараб белгилаш мумкин. Россия ва МДҲнинг аксарият мамлакатлари «куз-баҳор» тизимига амал қилса, Осиёда аксинча, биринчилик «баҳор-куз»да ўтказилади. Вақт топиш мураккаблик туғдирмайди, фақатгина айрим ҳолларда барча ўйинларни ўтказиш учун лигани қисқартириш эҳтиёжи туғилиши мумкин.

Ёки маҳаллий чемпионатларга умуман тегмай, алоҳида МДҲ турнири ўтказиш орқали ЕЧЛда қатнашадиган клублар саралаб олиниши керак. Агар бундай усул баҳсли кўринса, ички биринчиликда ғолиб чиққан жамоа (дейлик, «Пахтакор») билан МДҲ лигасида ўз юрти номидан энг юқори натижа қайд этган клуб (масалан, «Бунёдкор») ўртасида баҳс ўтказиш лозим. Механизм моҳияти тушунарли бўлди, деган умиддамиз...

Мисол

1) Айтайлик, Ўзбекистоннинг «А» жамоаси МДҲ лигасида 3-ўринни эгаллади, «Б» жамоаси эса ички биринчилигимизда муваффақият қозонди. Ушбу клублар ўртасидаги ўзаро баҳс ОЧЛда қатнашишга муносиб мутлақ чемпион номига ойдинлик киритади. Қитъалар конфедерацияси тасдиқлаган квоталарга мувофиқ, бошқа жамоа­лар ўртасида ҳам қўшимча ўйинлар ташкилланади; ушбу механизмни ҳали обдон кўриб чиқиб, кейингина муҳокамага қўйиш лозим.

2) Шунингдек, ушбу мамлакатларнинг турли ўринларни эгаллаган жамоалари аниқланади. Ўша давлатнинг энг паст кўрсаткичга эга вакили МДҲ турнирини тарк этади, ички биринчиликда юқори натижа тўплагани эса унинг ўрнини эгаллайди. Қолганлар ўз жойларида қолишади; эҳтимол, «муайян поғонадан пастини эгалламаслик» принципини қўллаб, шу тариқа бирлашган лигада қолиш мумкиндир...

3) Узоққа сафар уюштирмаслик учун Осиё миқёсида аниқ мисол келтириб, дастлабки «глобус»ни тақдим этамиз.

CAFA турнирида ҳозир 6та мамлакат вакиллари қатнашади. Бу ерда нафақат МДҲ давлатлари, балки Афғонистон ҳамда Эрон ҳам бор. Қизиқиш ва иш режаси борлигига шаъма қилинаётганини пайқадингизми? Бу ҳар ҳар бир қатнашчи мамлакат, ҳаттоки, бироз устунроқдек кўринаётган эронликларга ҳам фойда келтиради: халқаро тажриба ҳар қандай ҳолатда турнир нуфузини оширади, қуйидагиларни юқорига кўтаради. Бу - аксиома! Минтақамизга тааллуқли бўлган муҳим масала...

***

4. ДАВОМИЙЛИК БЎЙИЧА ТАКЛИФ

1) Бундай чемпионат футбол даражасига нима беради?

2) Бу кимлар учун қулай ва фойдали?

3) Бошқа вариантлар...

Жавоблар

1) Ўзаро тажриба алмашиш ва мусобақалашиш орқали даражани ошириш - бу аниқ фактор. Мамлакатлар жамоалари янада кучайишади, лига қамрови кенгайгани сари бундай клублар сони ортаверади.

2) Бу ғояга қаршилар чиқиши турган гап. Уларнинг айнан ким эканини айтмаймизда, шунчаки, ўз фикримизни билдирамиз: тез орада улар ушбу чемпионатда қатнашиш истагини билдиришади. Мазкур ҳолатда эса «Спорт барчани бирлаштиради» нақли амал қилганига гувоҳ бўламиз. Савияси паст жамоаларда эса, ўз-ўзидан, ҳадеб нолийвермай, юқоридагилар қаторига қўшилиш зарурати туғилади. Зеро, биз улар эмас, балки энг яхши ва кучли вакилларимиз ҳисобига мувозанатни ушлаб туришга интиламиз.

3) Шунга ўхшаш яна кўплаб мисолларни келтириб ўтиш мумкин, уларнинг аксарияти асосга эга. Режани кейинги муҳокамаларга олиб қўямиз. Ўз навбатида, ушбу масалани иштирокчи давлатлар федерацияларидаги мутасаддилар ҳукмига ҳавола этамиз.

***

P.S.: Мазкур мавзунинг ривожланишига шубҳам йўқ. Ҳамкасбларим, шу жумладан, юқорида номи келтирилган украиналик журналистдан муносабат кутиб қоламиз. Қолаверса, буни мураббийлар ва бошқа мутахассислар ҳам ўйлаб кўришсин. Янги турнирни УЕФА ва ОФК тасарруфига ўтказиш - бу шунчаки қуруқ расмиятчилик.

Агар стол атрофига йиғилиб, барчасини бафуржа муҳокама қилинса, жаҳонда ҳал бўлмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Аниқроғи, аввалдан барчасини таҳлилдан ўтказиб, шундан кейингина стол атрофида лойиҳаларни таклиф этиш мақсадга мувофиқ. Ҳар бир жиҳатларнинг «плюс» ва «минус»ларини кўриб чиқиб, 2-3-йиғилишда умумий хулосага келиш мумкин.

Дмитрий ПОПОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Жудаям яхши фикр. Регламентини мутахассислар янада мукаммал ишлаб чикишса яхширок буларди. Стадионларга одамлар кайтар эди. ...
18.08.2017 10:48

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz