Қайднома

Қидирув

Мақсаддан гапиринг ёхуд Ўзбек футболининг янги даври ҳақида

Мақсаддан гапиринг ёхуд Ўзбек футболининг янги даври ҳақида

  21.08.2017 06:19
  0
  1448
Мақсаддан гапиринг ёхуд Ўзбек футболининг янги даври ҳақида

Ўзбекистон чемпионати тобора қизиб, кубок ҳам мантиқий якунига қараб кетгани сари клубларнинг мақсад-муддаоси ойдинлашиб бормоқда.

Бу йил ўзбек футболида воқеалар ривожи шиддатли кўриниш олди. Клублардаги турли ўзгаришлар янги давр бошланаётганидан дарак беради. Хўш, бу давр нимаси билан ёдда қолади? Жамоалар ривожланиш учун қандай йўл танлашади?

Ўзбек футболи байроқдори бўлиб келган клублар - «Локомотив», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Насаф»нинг бўлғуси стратегияси қандай кўриниш олади? Бу саволлар ҳаммани қизиқтириши турган гап. Қуйида клубларимизнинг яқин келажагига назар ташлашга қарор қилдик.

«ПАХТАКОР»

Эътиборни энг аввало, айнан «Пахтакор»га қаратганимиз бежиз эмас. Охирги уч ой давомида бу жамоада шу қадар катта ўзгаришлар рўй бердики, яқин 15 йилда ҳали бунақасини кўрмагандик. Клуб қисқа вақт ичида мутлақо бошқача кўриниш олди ва табиийки, бундан кейин эски «Пахтакор»ни кўрмаслигимиз тайин.

Мазкур жамоанинг аввалги иш услуби қандай эди? Биринчи навбатда, ёшларга эътибор қаратиларди. Республика Олимпия захиралари коллежи билан яқинлик туфайли иқтидорли футболчилар «Пахтакор» назарида турарди. Шу боис йилига камида икки-уч нафар иқтидорли футболчи билан шартнома имзоланарди. Бу футболчиларнинг айнан «шерлар» таркибида тўп суриши ҳар доим ҳам шарт бўлмаган. Масалан, ҳозир «Қўқон-1912» шарафини ҳимоя қилаётган ва Ўзбекистон терма жамоасига номзод бўлган Мурод Холмуҳаммедов «Пахтакор»да ўтган даври мобайнида ўз клубидан кўра ижарада кўпроқ ўйнади. Хитойда тўп сурган вақтлар ҳам бўлди. Бунақа футболчилардан истаганча мисол келтириш мумкин - Ойбек Қиличев, Санъат Шихов, Никита Рибкин... «Пахтакор» бюджетининг аксарият қисми айнан ижарадан тушадиган пул орқали қопланарди.

Аммо энди у даврлар ортда қолган кўринади. «Пахтакор»нинг янги раҳбарияти танлаган йўл буткул бошқача кўриниш олган. Шу мақсадда баъзи футболчилардан ҳатто воз кечилди. «Қўқон-1912»да тўп сураётган Жавоҳир Сиддиқов энди Шихов ва Қиличевнинг қисматини такрорламайди. У «Пахтакор»га мутлақо алоқадор эмас. Иқтидорли ярим ҳимоячи қўқонликларга буткул сотиб юборилди. Шунингдек, Хушнудбек Авилов ҳам қўқонликларнинг тўлақонли аъзосига айланди.

«Пахтакор» мана шундай иқтидорли ёшлардан воз кечиб, эътиборни тажрибали футболчиларга қаратмоқда. Ўтган ҳафта клуб яна бир легионер билан шартнома имзолади - австралиялик Ростин Гриффитс энди «шерлар» шарафини ҳимоя қилади. Унга қадар бразилиялик Тиаго Безерра, черногориялик Марко Симич ва исроиллик Гиди Канюклар ҳам «Пахтакор» аъзосига айланишганди. Шунингдек, маҳаллий ўйинчилар ҳам четда қолгани йўқ - «Насаф»дан Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамов, «Олмалиқ»дан Забиҳилло Ўринбоев сотиб олинди.

Буларнинг барчасидан қандай хулоса чиқади? Демак, «Пахтакор» энди аввалгидек «донор» клуб эмас. У ўз иқтидорларини ижарага бериш орқали кун кўрмайди, балки нафақат Ўзбекистон, балки Осиёда етакчи бўлишга интилади. Аммо бу бирдан бўладиган иш эмас. «Пахтакор» мухлислари ўша кунни кўриш учун анча сабр қилишларига тўғри келади.

«БУНЁДКОР»

Сўнгги вақтларда матбуотда «Бун-ёдкор»даги ўзгаришлар ҳақида кўп гапирилди. Бироқ бу терминни бироз бошқача қўллаб, «ўзгаришлар» ўрнига «Бунёдкор» аввалги ўзанга қайтмоқда», десак, тўғри бўлса керак. Бунга сабаб биргина Миржалол Қосимовнинг қайтгани эмас. Клуб амалга оширган охирги трансферлар ҳам шундай фикр юритишга асос бўлади.

Нафсиламрини айтганда, бу қайтишни мантиқан тўғри, деб ҳам айтиш мумкин. Боиси, «Бунёдкор» Миржалол Қосимов кетгандан сўнг ўтган давр мобайнида бирорта совринга эга чиқмади. Бир вақтлари кетма-кет чемпион бўлган жамоа олий лигада ўртамиёналар қаторига тушиб қолди. Чемпионлар Лигасида эса шармандали натижаларнинг адоғи кўринмади. Табиийки, бундай вақтда Қосимовга қайта ишонч билдирилиши олдиндан кутилган ҳолат эди.

Миржалол Қўшоқович эса клубни қабул қилиб олгани ҳамоно эскича иш услубини қайта жорий этишга киришди. Яқинда жамоа таркибига Воҳид Шодиев, Анвар Ғофуров, Сардор Собирхўжаев ва Шоҳруҳ Гадоевлар қайтарилди. Мураббийнинг таъкидлашича, бу футболчилар унинг ғояларидан яхши бохабар ва «Бун-ёдкор»нинг келгуси муваффақиятларига ҳисса қўша оладилар. Албатта, жамоага нима кераклигини у яхшироқ билади ва мураббий билан баҳслашмоқчи эмасмиз. Аммо шу билан бирга бу трансферлар мавсумни қутқариш учун кўрилган вақтинча чора эканини тахмин қилиш мумкин. Чунки Воҳид Шодиев ва Анвар Ғофуровлар Қосимовнинг ғоясини қай даражада яхши тушунишмасин, уни амалга татбиқ этиш учун энди бироз ёшлари ўтиб қолган. Мабодо, «Бун-ёдкор» ўз олдига қўйилган вазифани бажариб, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритган тақдирда ҳам уларни келаси мавсум жамоа таркибида кўриш бироз ғалати туюлиши турган гап.

Шу боис ҳам «Бунёдкор» қишда янги трансферларни амалга оширса керак. Клуб энг аввало, кучли легионер қидириб кўради. Ҳар ҳолда ярим ҳимояда Сато Минори ва Шакер Зуаги каби ижодкор футболчиларга ҳамон эҳтиёж мавжуд. Шунингдек, яхши ҳужумчи ҳам зарар қилмаган бўларди. «Бунёдкор»да ҳозир ёш ва иқтидорли ўйинчилар етарли. Уларнинг сафи яна Шоҳруз Норхонов ҳисобига тўлдирилди. Бироқ «Бун-ёдкор» аввалги савиясига чиқишни истайдиган бўлса, таркибни ҳали анча кучайтиришига тўғри келади.

«НАСАФ»

Бу жамоа ҳар доим юртимизнинг энг барқарор клуби сифатида зикр этиб келинган. «Насаф» бу номни ҳамон оқламоқда. Ҳамма жамоалар янги футболчи сотиб олишга астойдил киришиб кетган вақтда Қарши жамоаси бир маромда ишлашда давом этяпти. Ҳатто Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовларнинг кетиши ҳам «Насаф»ни издан чиқара олмади.

Бир қарашда жамоада дарҳақиқат ўзгартирадиган нарсанинг ўзи йўқдек. «Қизилқум»дан Жасур Ҳасанов таклиф этилди, «Шўртан»дан Умарбек Эшмуродов. Бўлди, бори шу. Яна ким керак? Легионерлар Драган Черан ва Игорь Голбан шундоқ ҳам самарали ўйин намойиш этаётган бўлсалар. Уларни бошқасига алмаштириш шарт эмас. Маҳаллий футболчилардан эса «Насаф»га мос келадигани яқин-ўртада кўзга ташланмаяпти. Ёки кимдир жамоани кучайтирадиган яна бирор ўйинчини тавсия эта оладими? Бўлса ҳам, у «Пахтакор», «Бунёдкор» ёки «Локомотив» аъзоси ҳисобланади. Бу клублардан футболчи олишни эса «Насаф» ўзига эп кўролмайди. Акмал Шораҳмедовни таркибда сақлаб қолишнинг ўзи қаршиликлар учун катта иш ҳисобланиб турибди.

«Насаф» мана шу анъанасига келаси мавсум ҳам содиқ қолса, асло ажабланмаймиз. Ҳар ҳолда бош мураббий Рўзиқул Бердиевнинг тан олиб айтишича, хориждан кучли легионер чақириш учун жамоада етарлича маблағ йўқ. Шундай экан, Геворкян, Переплёткинс ва Бошковичларнинг даври ўтган. Қаршиликлар имкон қадар Черан ва Голбанни таркибда сақлаб қолишса бўлгани, бошқасига кучлари етмаса керак. Элдор Суюнов ва Шерзод Аъзамовнинг трансферидан тушган 1 миллиард сўмга келадиган бўлсак, бу маблағ аллақачон клуб эҳтиёжига сарфланган: Бердиевнинг маълум қилишича, футболчилар маошидаги қарздорлик ёпиб берилган.

Шундай экан, ўша биз билган «Насаф»ни келаси мавсумда ҳам кўрсак керак.

«ЛОКОМОТИВ»

«Темирйўлчилар» раҳбарияти тўрт йил муқаддам суперклуб тузиш ишларини бошлаганда ўзбек футболида бунча ўзгаришлар рўй беришини тушида ҳам кўрмаган бўлса керак. Ўша вақтларда «Локомотив» олий лигадаги энг кучли ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олишда анча фаоллик кўрсатганди. «Бунёдкор»нинг ярим таркиби айнан ўшанда эгнига оқ-қизил либос илган.

Аммо кўп сувлар оқиб ўтиб кетди ва ички бозорда «Локомотив»нинг иштаҳасини бўғиб қўя оладиган рақиблар пайдо бўлди. Энди «Бунёдкор» ўз футболчисини осонгина бериб қўймайди, «Пахтакор» эса керак бўлса «Локомотив»дан тортиб олишга қодир. Шу боис ҳам «темирйўлчилар» ёзги трансфер мавсумида асосий эътиборни яна хорижга қаратишди. Ўтган йили жамоа етакчиларидан бирига айланган Санжар Шоаҳмедов Қатардан қайтиб келди. Қозоғистон чемпионатида тўп суриб юрган Бобур Давлатов эса ниҳоят, олий лигада дебют қиладиган бўлди. У ҳам энди «Локомотив» аъзоси. Клубнинг энг асосий трансфери эса африкалик Олабиран Блессинг Муйива ҳисобланмоқда. Кот-д~ивуарлик ҳужумчининг техник жиҳатдан қай даражада кучли эканини «Локомотив» ўйинларида кўриб олдик.

Хўш, бу трансферлар «темирйўлчилар»га чемпионлик курашида ёрдам бера оладими? Ҳа. Чунки «Локо» ҳозирнинг ўзида энг яқин таъқибчисидан 7 очкога ўзиб кетган. Бундай устунликни бой бериш учун эса ҳаддан зиёд омадсиз бўлиш лозим. «Локомотив» биламизки, бундай клублар сирасига кирмайди. Боз устига, ҳозир асосий рақиблар - «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўтиш даврини бошдан ўтказишмоқда. «Насаф» эса ҳар доим чемпионликка даъвогар бўлган, аммо ундан нарига ўта олмаган. Бу клубнинг чекига фақат кумуш медаль учун курашиш тушган кўринади.

Ҳозирча «Локомотив»га мана шу тадбирларнинг ўзи етарли. Бироқ клуб келаси мавсум ҳам етакчиликни сақлаб қолишни истаса, ҳали кўп ишларни амалга ошириши лозим бўлади.

ЯКУНДА

Хуллас, Ўзбекистон чемпионатида шунақа гаплар. Ҳозир бутун футболимиз ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Бугунги ўзгаришлар эртага улкан ғалабалар учун пойдевор бўлиши лозим. Биз кўп нарсаларга умид қилмоқдамиз - миллий биринчилигимизда рақобат, кубокда эса савия юксалишини истаймиз. Асосий мақсад эса - ниҳоят, Осиё Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш.

ОЧЛда ким ғалабага эришишининг эса мутлақо аҳамияти йўқ - «Локомотив» бўладими, «Насаф», «Пахтакор» ёки «Бунёдкор»ми, муҳими, ўша кунларни кўрсак бўлгани...

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz