Қайднома

Қидирув

Олий лига 18-турининг тўлиқ шарҳи

Олий лига 18-турининг тўлиқ шарҳи

  21.08.2017 15:17
  0
  791
Олий лига 18-турининг тўлиқ шарҳи

Айтишларича, «Бухоро» раҳбарияти мавсум бошида жамоа бошқарув рулини Улуғбек Бақоев эмас, Вадим Абрамовга топшириш ҳақида ўйлаган ва бу борада обдон ҳаракат қилган экан.

Фақат Вадим Карленовичнинг ўзи тавсия қилгач, Бақоев бош мураббий лавозимига тайинланган. Ўша вақт ҳеч ким «Бухоро»нинг 18-турдан сўнг турнир жадвали 2-ўрнига кўтарилиб олишини тасаввур қилмаган бўлса керак.

Ахир ёш мураббийга таяниш катта таваккал демакдир. Шунинг баробарида «Таваккал иш тутмаган дарёдан кечиб ўтолмайди» қабилида гап ҳам йўқ эмас...

«Бухоро» - 2-поғонада!

Олий лиганинг 18-тури кутилмаган натижаларга бой бўлганини айтиш қийин. «Динамо»нинг ўз майдонида «Пахтакор» билан дурангга имзо чекканини айтмаганда, бошқа учрашувлар мантиқан кутилган ҳисобларни тақдим этди. Ҳаттоки, «Насаф»нинг Қаршида «Бунёдкор»га ютқазганини ҳам маълум даражада изоҳлаш мумкин. Ҳарқалай, Миржалол Қосимов «қалдирғочлар» бошқарувига қайтгач, жамоа етакчиларга қарши ўйинларда ҳозирча салбий натижа қайд этгани йўқ. Масалан, биринчи давра доирасида «Насаф»га қарши кечган баҳсда ҳам ғалабани тантана қилганди - 3:2. Мана, чемпионат ҳисобидан иккинчи тўқнашув ҳам «Бунёдкор» фойдасига ҳал бўлди. Фарқи битта, бу сафар 3 очко олиш учун позицияси ўзгарган Отабек Шукуровнинг пенальтидан урган ягона голи кифоя қилди. Эсингиздадир, «қалдирғочлар» аввалги турда айнан Отабекнинг биргина аниқ зарбаси эвазига «Олмалиқ»ни енгишганди.

Етакчилардан яна бири - «Қўқон-1912» ҳам қимматли очколарни бой берди. Нўъмон Ҳасанов жамоаси сафарда «Қизилқум»га 1:3 ҳисобида ютқазди ва бу натижа балки мантиқан тўғридир. Зеро, қўқонликлар шундоқ ҳам бир бош баланд сакрашга улгуришди. Бинобарин, бир йил олдин олий лигада зўрға қолган жамоа учун кучли учликда туришнинг ўзи катта натижа. Демак, «Қўқон-1912» мухлислари Навоийдаги мағлубиятни юракка жуда яқин олмасликлари лозим.

«Пахтакор» эса «Динамо»га қарши сафар ўйинида ҳаттоки, мағлубиятга учраши ҳеч гап эмасди. Майдонда анча жиддий кураш борди. Ўзи «динамочилар» бу йил «Пахтакор» учун ноқулай рақибга айланишди. Эсланг, самарқандликлар чемпионат бошида пойтахтда ғалаба қозониб, илк «сенсация»лардан бирини тақдим этишганди. Бу сафар ҳам «Динамо» бироз хавфлироқ кўринди, аммо ҳисоб очилмади.

Шу натижалар таъсиридами, «Бухоро»нинг 2-ўринга кўтарилганини кўпчилик сезмай ҳам қолди. Бухороликлар «Обод» майдонидан 3:2 кўринишидаги ғалаба билан қайтишди. Учрашув анча қизиқарли тус олди, аммо «Обод»га бироз омад ва қатъият етишмади. Натижада «Бухоро» жорий мавсум илк бора пешқадам ортига жойлашди. Афтидан, бу йил асосий кураш кумуш медаль учун кечади, шекилли. Қаранг, айни пайт мусобақа жадвалида 2-қаторни эгаллаб турган «Бухоро» ва 8-ўриндаги «Машъал» ўртасида уч очколик фарқ бор, холос. Карвонбоши - «Локомотив» ва бошқаларни ажратиб турган очколар миқдорини эса айтишга ҳам қўрқади киши...

«Локомотив» чемпион (ми?)

18-турнинг энг аҳамиятли натижаларидан бири «Металлург» - «Локомотив» баҳсида қайд этилди. Умуман, бу учрашув ҳақида истаганча гапириш мумкин. Энг аввало, бекободликлар номинал мезбонсаналишсада, учрашув «Локомотив» стадионида бўлиб ўтганини айтиш лозим. Футбол олами ҳар доим ҳам бундай ажойиботни кўравермаса керак. Олий лигамиз учун эса бунақа ғаройибот оддий ҳолдек... Хуллас, «Металлург» Тошкентда мезбонлик қилган ўйинда «меҳмон» жамоа 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижадан сўнг «темирйўлчилар» ўз очколари сонини 42тага етказиб, энг яқин таъқибчидан нақ 12 очко олдинлаб кетишди. Мавсум финишига 12та тур қолганини инобатга олсак, «Локомотив»нинг чемпионликдан мосуво бўлиши учун ўртача ҳисобда ҳар 3та ўйиндан биттасида мағлубиятга учраши талаб этилади. Андрей Микляев ва Мирко Йеличич шогирдлари бундай устунликни бой берадиган даражада содда бўлмасалар керак-ов. Шундай экан, афтидан, «жўжани кузга қолдирмай санаб қўямиз», шекилли...

Аутсайдерлар, аҳвол қандай?

«Обод»нинг навбатдаги мағлубияти олий лигада қолиш учун курашаётган жамоалар тақдирига анча ойдинлик киритиб бериши мумкин эди. Айни пайт пойтахтликлар ҳисобида 9тагина очко бор ва энди уларга ҳеч нарса ёрдам беролмаса керак. Аммо «Обод»нинг турнир жадвалидаги қўшниларидан ҳеч бири бу турда ғалаба кўчасига кирмаганини ҳам айтиш жоиз. Шу боис, ҳозирча аутсайдерлар масаласини очиқ қолдиришга тўғри келади. Хуллас, ўтган ҳафта қуйи поғоналардаги жамоалар орасида биргина «Нефтчи» очко олди. Яъни Вадим Абрамов шогирдлари ўз майдонларида «Навбаҳор» билан дуранг қайд этиб, ҳисобларига «қимматбаҳо» очко ёзиб қўйишди. Қолган аутсайдерлар эса синхрон равишда мағлубиятни тан олишди. Дейлик, «Шўртан» Муборакда «Машъал»га айтарли қаршилик кўрсатолмади - 0:4. «Сўғдиёна» эса Олмалиқда ҳарчанд уринмасин, Игорь Шквириннинг собиқ жамоаси олдида ожиз қолди - 1:2. Хуллас, бу учрашув биринчи навбатда, Игорь Анатольевичнинг «Олмалиқ»қа рақиб сифатида гавдалангани билан ёдда қолди. Аммо мураббий учун принципиал характер касб этган учрашувда шогирдлари мағлубият аламини тотиб кўришди.

Тур қаҳрамони - «Бухоро»

«Бухоро» аввалги мавсум энг катта бюджетга эга клублардан бири бўлганди. Аммо жамоа етарлидан кўп маблағ сарфлаб ҳам, кучли учликка киролмаган, яъни 4-ўрин билан кифояланганди. Жорий мавсум бошида эса жамоа бошқача йўл танлаб, нисбатан тежамкорлик қилди. Шу боисми, бухороликларнинг қуйи ўринларда қолиб кетишлари тахмин қилинганди. Аммо «Бухоро» нафақат аутсайдерга айланмади, балки 18-турдан сўнг чемпионатнинг иккинчи жамоаси бўлиб олди. Шунинг ўзи Улуғбек Бақоев бошқарувидаги клубни ҳафта қаҳрамони сифатида тан олиш учун етарлидир...

Тур иқтибослари

- Мағлубиятга учрадикми, бунда барчамиз бирдек айбдормиз. Геннадий Кочнев («Шўртан» мураббийи).

- «Машъал» олдида жиддий мақсад йўқ, очколарни эса кузда санаймиз. Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи).

- Футболчиларни қайси жиҳат хусусида огоҳлантирган бўлсак, худди шу ҳолатларга эътиборсиз қарашди, гўё. Игорь Шквирин («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Ўйиндан олдин дурангга 2 очко йўқотиш сифатида қарардим. Энди эса воқеалар ривожини назарда тутиб, 1 очко олганимизни таъкидлайман. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- Учиб кетаётган самолётни тўхтатиб, таъмирлашнинг иложи йўқ, уни аввал ерга қўндириш керак. Танаффус биз учун ерга қўниш вақти бўлади ва ўз камчиликларимизни билиб оламиз. Андрей Демченко («Обод» бош мураббийи).

«МЕТАЛЛУРГ» - «ЛОКОМОТИВ» - 1:2 (0:1)

Тошкент. 18 август. 522 томошабин.

Ҳакамлар: Ҳ.Рўзиев (Тошкент) - 8,5; О.Абдувасилов (Тошкент) - 8,5; С.Шоюсупов (Тошкент) - 8,5; О.Тўйчибоев (Фарғона) - 9,0.

Голлар: И.Исоқжонов (90Қ1) - О.Зотеев (28), М.Бикмаев (51).

«Металлург»: 1. З.Сафоев, 2. А.Ҳусинов, 4. Ҳ.Ҳошимов (14. Д.Каримкулов, 63), 7. Д.Одилов, 8. А.Нўъмонов, 11. М.Тошматов (13. С.Қодирқулов, 73), 15. З.Абдуллаев (38. М.Султонов, 84), 17. М.Сулаймонов, 19. А.Зиёвуддинов, 22. И.Исоқжонов, 70. Ж.Абдумўминов.

«Локомотив»: 1. И.Нестеров, 5. К.Махарадзе, 9. И.Алибоев, 10. М.Бикмаев (19. О.Блессинг, 89), 15. С.Мирзаев, 18. Т.Кападзе (55. С.Шоаҳмедов, 68), 20. И.Тўхтахўжаев, 22. М.Бобожонов (99. М.Машарипов, 66), 28. Ш.Муҳаммадиев, 33. О.Зотеев, 42. М.Коне.

Огоҳлантиришлар: Д.Одилов (26), Ж.Абдумўминов (70, М.).

Энг яхши ўйинчилар: З.Абдуллаев - М.Бикмаев.

Назоратчи: О.Дачев (Тошкент).

Комиссар: В.Лёткин.

Андрей Микляев («Локомотив» бош мураббийи): - Яхши ўйин кўрдик. Натижадан қониқдик, чунончи, кичик танаффусга ғалаба билан чиқяпмиз. Ҳа, сўнгги дақиқалар бизни ҳаяжонга солди. Вазиятлардан фойдаланиш даражасини оширишимиз керак. Гол қўйиб юборгач, негадир бироз асабийлашдик. Муҳими, 2:1 ҳисобида ғалаба қозондик, демак, 3 очко чўнтакда. Йигитларга раҳмат. 

Рустам Мирсодиқов («Металлург» бош мураббийи): - Гол урилгунига қадар шогирдларим бироз ҳайиқиб ўйнашди. Футболда «Сен урмасанг, сенга уришади» тушунчаси бор. Мана, кўплаб вазиятлар яратдик, аммо гол уролмадик. Рақиб эса ҳисобни очди ва хотиржам тўп сурди. Агар ғалаба қозонганимизда, ўйиндан қониққан бўлардим. Ютқаздикми, демак, қаердадир камчиликларга йўл қўйганмиз...

--------------------------------------------------------------------------------------------

«НАСАФ» - «БУНЁДКОР» - 0:1 (0:1)

Қарши. 18 август. 8517 томошабин.

Ҳакамлар: З.Қодиров (Навоий) - 8,8; О.Жумаев (Навоий) - 8,8; Р.Самандаров (Навоий) - 8,8; Ш.Ражабов (Бухоро) - 9,0.

Гол: О.Шукуров (34-пен.).

«Насаф»: 35. С.Қувватов, 2. А.Шораҳмедов, 6. А.Ғаниев (45. Б.Абдухолиқов, 79), 7. О.Ҳамробеков, 15. Ш.Эркинов (20. И.Кенжабоев, 57), 18. Б.Абдураҳимов, 22, И.Голбан, 34. Ф. Сайфиев, 69. Д.Черан, 77. Ж.Ҳасанов (14. Ш.Муҳиддинов, 70), 92. У.Эшмуродов.

«Бунёдкор»: 32. С.Султонов, 3. И.Қобилов, 4. А.Комилов, 6. А.Ғофуров, 8. Ж.Иброҳимов, 9. Ш.Нурматов (11. В.Чемиртан, 62), 17. Д.Ҳамдамов (30. Х.Ғиёсов, 82), 21. Д.Аҳмадалиев, 22. Ш.Гадоев, 29. О.Шукуров, 44. М.Қосимов (28. Д.Умиров, 68).

Огоҳлантиришлар: А.Ғаниев (33), Ш.Эркинов (43) - Ш.Гадоев (19), Ж.Иброҳимов (32), А.Комилов (43), О.Шукуров (89).

Энг яхши ўйинчилар: А.Шораҳмедов - О.Шукуров.

Назоратчи: С.Нажафалиев (Тошкент).

Комиссар: Б.Ҳайдаров.

Миржалол Қосимов («Бунёдкор» бош мураббийи): - Бир-бирига муносиб икки жамоа иштирокидаги ажойиб ўйин гувоҳига айландик. Майдонда асабий руҳ сезилиб турганини таъкидлашим жоиз. Ўзи «Насаф» майдонида ўйнаш ҳамиша оғир. Шунга қарамай, йигитлар бор имкониятни ишга солиб, ҳаракат қилишди ва 3 очко олдик. Иккинчи бўлимда юзага келган вазиятда Чемиртан гол урганида, ўйин балки бунчалик асабий кечмасмиди? «Насаф» ҳақида яхши фикрлар айтишим мумкин. Таркибида кучли футболчилар бор. Мураббий шогирдларига доимо имкон беради. Бундай ҳолатда ҳар қандай футболчи ўзини кўрсатиши керак. Баъзан омад ҳам керак, албатта.

Элдор Шомуродов ҳақида нима дейишим мумкин? Унга фақат омад тилайман. Майдонга кам тушаётганига келсак, ўйлашимча, мураббий салоҳиятини яхши ўрганса, унга кўпроқ имконият беради, албатта. Бунга озроқ вақт керак.

Рўзиқул Бердиев («Насаф» бош мураббийи): - Жамоамиз икки бўлимда турлича ўйин намойиш этди. Энг ёмони, яратилган вазиятлардан фойдаланолмадик. Қолаверса, «Бунёдкор» яхши ҳимояланди. Яна бугун омад ҳам биздан юз ўгирди. Ҳаттоки, бир метрдан ҳам тўпни дарвоза ичига киритолмадик. Аммо йигитларга эътирозим йўқ. Улар ғалаба учун майдонга тушишганди. Аммо гол урмасдан ижобий натижага эришиш мумкин эмас. Энди мағлубиятлардан керакли хулоса чиқарсак, бас. Зеро, ҳозирги руҳий ҳолатдан тезроқ чиқиб кетишимиз керак. Демак, бор эътибор шунга қаратилади.

-----------------------------------------------------------------------

«ДИНАМО» - «ПАХТАКОР» - 0:0

Самарқанд. 18 август. 1355 томошабин.

Ҳакамлар: Р.Эрматов (Тошкент) - 9,0; А.Расулов (Тошкент) - 9,0; Ж.Саидов (Тошкент) - 9,0; К.Расулов (Қарши) - 9,0.

«Динамо»: 27. Т.Жўраев, 6. А.Бозоров, 8. Ж.Азимов, 9. С.Сулаймонов (11. А.Абдуллаев, 82), 14. Р.Рогак, 15. Ш.Холматов, 17. А.Николаев, 19. О.Мамажонов (50. Ф.Тожиев, 65), 20. А.Сафаров (70. М.Исаев, 26), 28. А.Ораховац, 90. Д.Исмоилов.

«Пахтакор»: 12. А.Лобанов, 7. А.Аҳмедов, 8. Ш.Каримов (27. Д.Иброҳимов, 82), 10. Ж.Искандеров (71. З.Ўринбоев, 86), 11. И.Сергеев, 24. Д.Ҳошимов, 24. В.Козак, 52. Г.Канюк (80. Р.Гриффитс, 63), 55. М.Симич, 70. Ш.Аъзамов, 77. Т.Безерра.

Огоҳлантиришлар: Ф.Тожиев (81), Ш.Холматов (87) - М.Симич (38), Р.Гриффитс (71), Д.Ҳошимов (74).

Энг яхши ўйинчилар: Ж.Азимов - А.Лобанов.

Назоратчи: Д.Роман (Тошкент).

Комиссар: А.Фролов.

Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи): - Аввало, «Динамо» ўйинини эътироф этишим керак. Мезбонлар жиддий қаршилик кўрсатиб, бизни анча тер тўкишга мажбур қилишди. Шогирдларим эса гоҳида ўз ўйинларини кўрсатолмаяптилар. Умуман, ҳар бир очко учун жиддий кураш олиб боришимизга тўғри келяпти. Бугунги ўйинимиз ёқдими ёки йўқ? Билмадим, билганим шуки, шогирдларим охиригача курашишди. Яъни бутун 90 дақиқа тиним билишмади. Лекин бу стандарт ўйинимиз эмас, ҳарқалай, йигитлардан ҳар ҳафта бошқача футбол талаб қиламан. Хулоса битта - ўйинимизни   ҳали яхшилашимиз лозим.

- «Динамо»дан қандай ўйин кутгандингиз?

- Рақибнинг агрессив футболга таяниб, қарши ҳужумларга эътибор қаратишини тахмин қилгандим. Чунки таркибида тезкор ҳужумчилар бор. «Динамо» мени ҳайратлантирдими? Йўқ. Кўпроқ «Пахтакор» ҳайратга солди. Дейлик, биринчи бўлимда ҳар иккинчи узатма учун курашда «Динамо»га ютқаздик. Умуман, тўпга биринчи бўлиб эга чиқиш масаласида оқсадик. Айнан шу туфайли ўйинимизда муаммолар юзага келди.

- 2 очко йўқотилдими ёки 1 очко олинди?

- Бу савол ўйиндан олдин берилганида, дуранг 2 очко йўқотганимизни англатишини таъкидлардим. Аммо воқеалар ривожидан келиб чиқсак, бугун 1 очко олдик.

- Шота, Самарқандга илк ташрифдан таассуротларингиз қандай?

- Чиндан ҳам, ажойиб шаҳар. Афсуски, вақт тиғизлиги боис, диққатга сазовор жойларга бориб, бемалол сайр қилолмадим. Умид қиламанки, менда ҳали яна Самарқандга келиш ва шаҳар билан танишиш имконияти бўлади.

Олег Тюлькин («Динамо» бош мураббийи): - Мардонавор кураш ва очиқ футбол гувоҳига айландик. Бундай ўйин ҳар қандай мухлисга ёқади. Бугун ҳар бир футболчи майдонда ўзини ҳам, рақибини ҳам аямади, охиригача курашди. Эътибор беринг, олдинги мағлубиятимизга қарамай, стадионга қанча мухлис келди! Самарқанд аҳли бизга ишонаётгани учун ҳам майдонда бор куч ва имкониятимизни ишга солдик. Мухлисларга жамоамизни ажойиб тарзда қўллаб-қувватлашгани учун алоҳида раҳмат.

- Хўш, бугун 1 очко қўлга киритилдими ёки 2 очко йўқотилди?

- Шубҳасиз, 2 очко йўқотдик. Чунки «Пахтакор»дан кўра, «Динамо» ғалабага яқин эди. Кўрдинглар, меҳмонлар айтарли вазиятга эга бўлишмади, йигитларимиз кучли прессинг қўллаб, ҳимояда тартибли ҳаракатланишди. Агар биринчи бўлимда Амиржон Сафаров ва Сардор Сулаймонов ажойиб имкониятлардан фойдаланишганида, «Пахтакор»ни мағлубиятга учратардик. Аммо ўша вазиятларда меҳмонларни Лобанов қутқарди. Лекин дуранг учун ҳам шогирдларимизга катта раҳмат. Улар кўрсатмаларни тўғри бажаришди. Хуллас, бугун «Пахтакор» эмас, «Динамо» 2 очко йўқотди.

- Ҳа, «Динамо» ажойиб ўйин намойиш этди. Муҳим очколар йўқотилган «Металлург» ва «Шўртан»га қарши олдинги 2та ўйинда шундай ҳаракатланишга нима тўсқинлик қилганди?

- Биласиз, иккинчи давра олдидан сафимизга 4 нафар янги футболчи қўшилди. Шу боис, оптимал таркибни аниқлаб олишимиз қийин кечди.

- Фарҳод Тожиев Самарқандда олдин ҳам ўйнаган бўлсада, унинг жамоага мослашиши оғир кечаётгандек...

- Фарҳод тажрибали футболчи ва жамоага ёрдами тегади. Бугун иккинчи бўлимда майдонга тушиб, кўрсатмаларни аниқ бажарди. Ишончим комил, у тобора ўйинимизга мослашиб, ўз сўзини айтади, албатта.

- Амиржон Сафаров жароҳатланиб, майдонни эрта тарк этди. Унинг ҳолати қандай?

- Унинг олдинги жароҳати қайталанди, шекилли. Ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Ҳаммаси тиббий кўрикдан кейин маълум бўлади. Умид қиламанки, Амиржоннинг жароҳати жиддий эмас. У кейинги ўйингача сафга қайтиши керак. Шунингдек, Саиджамол Давлатжонов ҳам «Навбаҳор»га қарши баҳсга қадар сафга қўшилади.

- «Динамо»ни олдинда «Навбаҳор», «Қўқон-1912» ва «Бухоро»га қарши мураккаб ўйинлар кутиб турибди. «Пахтакор» билан намойиш этилган футбол сифатидан келиб чиқсак, бугун оптимал таркибни кўрдикми?

- Йўқ, бундай дейишга ҳали эрта. 18талик рўйхатга кирган ҳар бир футболчимиз асосий таркибга кириш учун лойиқ. Демак, ўйин вақти ким яхшироқ тайёргарликка эга бўлса, у майдонга тушади. Хуллас, оптимал таркибни шакллантиришда давом этамиз.

- «Динамо»нинг стандарт вазиятлардан фойдаланиш коэффициенти жуда пастлигича қолмоқда. Машғулотларда бу борада иш олиб бориляптими?

- Тўғри айтдингиз, стандарт вазиятлардан фойдаланиш бобида оқсаяпмиз. Машғулотларда бунинг устида алоҳида шуғуллансакда, негадир натижаси кўринмаяпти. Шундай экан, хато ва камчиликлар бўйича ишлашни сусайтирмаймиз.

------------------------------------------------------------------------

 «НЕФТЧИ» - «НАВБАҲОР» - 1:1 (1:1)

19 август. Фарғона. 6903 томошабин.

Ҳакамлар: В.Цейтлин (Тошкент) - 9,0; А.Цапенко (Тошкент вил.) - 8,1; А.Буров (Бухоро) - 8,5; Ж.Мухторов (Тошкент) - 7,0.

Голлар: М.Мамазулунов (29) - Р.Аҳмедов (41).

«Нефтчи»: 1. Ў.Юсупов, 3. Д.Турсунов, 4. К.Кападзе, 10. М.Мамазулунов (99. О.Ҳайдаров, 76), 17. М.Музаффаров, 19. Ж.Ҳасанов, 23. А.Абдулҳақов (70. М.Саидов, 62), 24. А.Исроилов, 32. М.Тўйчибоев, 34. И.Раҳимов, 71. А.Шоғуломов (20. Д.Эрматов, 64).

«Навбаҳор»: 30. А.Омонов, 5. Ғ.Комилов, 7. О.Қиличев, 9. Д.Жабборов, 19. М.Ғофуров, 21. А.Алиев, 22. Р.Аҳмедов (18. Д.Усмонов, 75), 24. С.Азимов (17. И.Бойдедаев, 66), 32. Ж.Меҳмонов, 44. Д.Станоевич, 70. А.Махсталиев (84. Н.Йованович, 65).

Огоҳлантиришлар: А.Абдулҳақов (25) А.Махсталиев (17).

Энг яхши ўйинчилар: М.Мамазулунов - О.Қиличев.

Назоратчи: А.Попов (Тошкент).

Комиссар: Р.Черников.

Илҳом Мўминжонов («Навбаҳор» бош мураббийи): - Гувоҳ бўлдинглар, ўйин дерби мақомига мос тушди. Натижа ҳам майдондаги курашга мос. Сафарда тўп сурган бўлсакда, мухлислар далдаларини яққол ҳис қилдик. Бунинг учун ортимиздан Фарғонага келган мухлисларга раҳмат. Ўйин давомида ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин. Мисол учун, кучли саналган еврофутболда ҳам бир суръат кузатилавермайди. Дейлик, биринчи бўлимда фаол ҳаракатланган жамоа танаффусдан кейин умуман бошқача ўйин кўрсатиши мумкин. Фарғоналиклар ҳисобни очишгач, натижани сақлаб қолишга уринишди. Ҳарқалай, таянч ярим ҳимоячиси Исроилов орқароққа ўтгач, «Нефтчи» 5 нафар ҳимоячи билан ўйнади. Шунга қарамай, жавоб голи уришни уддаладик. Иккинчи бўлимда дарвозалар олдида яққол хавфли вазият кузатилмади, ҳисоб. Ҳа, Махсталиев ва Усмонов, шунингдек, мезбонлар сафида захирадан сафга қўшилган Ҳайдаровда имконият туғилди, лекин улар чин маънода хавфли эмасди. Охирги 10 дақиқада омад биз томонда бўлганини тан оламан. Чунончи, дарвозабонимизнинг қўпол хатоларидан кейин мезбонлар 2та гол уришлари мумкин эди. 

Ҳозир Рўзимбой Аҳмедов ажойиб спорт формасида. У «Қизилқум»га қарши учрашувда гол уриш баробарида яхши ўйин намойиш этди. Шуни ҳисобга олиб, Йовановични захирада қолдирдим. Неманья ҳам асосий ўйинчиларимиздан бири. Ҳужумда рақобат бор экан, ким гол уриб, самара келтирса, уни асосий таркибда майдонга тушираман. Мана, Йованович захирадан сафга қўшилиб, ўйинни кучайтирди. Аҳмедов эса 2та учрашувда шунча гол уриб, яхши спорт формасида эканлигини исботлади.  

Вадим Абрамов («Нефтчи» бош мураббийи): - Хавфли вазиятларга бой ўйин. Афсуски, имкониятлардан етарли даражада фойдаланолмадик. Йигитлар ҳаракатидан қониқдим - улар охиригача курашишди. Тўғри, хатолар ҳам кузатилди. Афсуски, ғалаба қозонолмадик, аммо дуранг ҳам - натижа. Учрашув давомида рақибга мослашиб ҳаракатланишга интилдик. Ҳар бир ўйин олдидан футболчиларга керакли кўрсатмалар беряпман. Йигитлар ўйинга муносабат ва эътиборни янада кучайтиришларини истардим. Ҳозир қийин ҳолатдамиз ва йигитларда босим йўқ эмас. Бундай шароитда кучли жамоалар ҳам вазиятдан чиқиб кетишда қийинчиликларга дуч келишади. Дейлик, Тошкентдаги йиғин чоғи шогирдларим бошқача футбол намойиш этишганди. Бироқ энди ўз имкониятларини тўлиқ ишга сололмаяптилар. Очиғи, мухлислар қаршисида ўйнаш ҳам мушкул. Стадиондаги бундай муҳитда ҳис-ҳаяжонни жиловлаш осон эмас. Муаммоларимиз бор ва улар устида ишлаш ва интилишда давом этамиз.

-----------------------------------------------------------------------

«ҚИЗИЛҚУМ» -«ҚЎҚОН-1912» - 3:1 (3:1)

19 август. Навоий. 6501 томошабин.

Ҳакамлар: О.Толибжонов (Тошкент) - 8,5; Т.Галеев (Тошкент) - 8,6; А.Пўлатов (Тошкент) - 8,4; А.Шукуруллаев (Тошкент) - 9,0.

Голлар: С.Шодмонов (33), О.Зокиров (37), Ғ.Жумаев (40) - Д.Гожкович (13).

«Қизилқум»: 55. Э.Жабборов, 3. Ш.Пўлатов, 4. Э.Бойдуллаев, 9. О.Зокиров, 14. Ф.Қамбаров, 17. А.Геворкян, 18. С.Шодмонов (6. И.Комилов, 88), 20. Ғ.Жумаев, 23. Ш.Жўраев, 27. И.Юнусов, 89. О.Исроилов (93. М.Юрку, 69).

«Қўқон-1912»: 13. Н.Рибкин (12. А.Ашуров, 46), 7. Ж.Ҳасанов (98. Х.Авилов, 46), 10. Ж.Сиддиқов, 14. Д.Ҳасанов, 19. С.Бердиев (11. А.Сидоров, 73), 23. А.Мерзляков, 26. А.Холмуродов, 55. Д.Гожкович, 70. Қ.Рўзиев, 77. М.Холмуҳаммедов, 99. Ф.Райевац.

Огоҳлантиришлар: Ғ.Жумаев (7) А.Холмуродов (57).

Энг яхши ўйинчилар: О.Зокиров - Ж.Сиддиқов.

Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент).

Комиссар: Б.Маметов.

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Бугун мухлислар очиқ футбол кўришди. Иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилдик, аммо... Аслида ўйинни яхши бошладик. Лекин «Қизилқум»нинг тажрибали ўйинчилари биринчи бўлим охирида 3та гол уриб, барчасини ўзгартиришди. Афсуски, кейинги кўплаб ҳужумлардан самара чиқаролмадик. Дарвозабонни нега алмаштирдим? Чунки гол қўйиб юборилган вазиятларда ишончли ҳаракат қилмади, айниқса, учинчисида айби бор. Иккинчи даврада 2та мағлубиятга учраган бўлсак-да, ҳали ҳаммаси олдинда. Ишонаманки, кейинги учрашувларда мухлисларимизни қувонтирамиз. Райевацга келсак, у охирги ўйинларда ишончни оқлолмаяпти. Хусусан, бугун ҳам кутилган даражада ўйин намойиш этолмади.

Ҳамиджон Актамов («Қизилқум» бош мураббийи): - Майдонга ғалабани кўзлаб тушган эдик ва мақсадга эришдик. Ҳисобни гарчи меҳмонлар очган бўлишсада, кейинчалик ташаббусни қўлга олиб, кетма-кет 3та гол урдик. Ўша лаҳзаларда қўқонликлар бўш ҳаракатланишди. Меҳмонлардан Жавоҳир Сиддиқовнинг ўйинини алоҳида эътироф этишим жоиз. У бутун 90 дақиқа давомида фаоллиги билан ажралиб турди. Кейинги турда принципиал рақиб - «Бухоро» билан куч синашамиз ва албатта, ижобий натижа учун курашамиз.

------------------------------------------------------------------------

«МАШЪАЛ» - «ШЎРТАН» - 4:0 (1:0)

19 август. Муборак. 1823 томошабин.

Ҳакамлар: В.Серазетдинов (Тошкент) - 8,5; Р.Нугманов (Тошкент) - 8,6; Б.Баҳромов (Тошкент) - 8,6; Д.Каримов (Тошкент) - 9,0.

Голлар: Ҳ.Муртазоев (16, 70), И.Шойқулов (58), К.Тўраев (66-пен.).

«Машъал»: 35. Ж.Илёсов, 2. И.Шойқулов, 6. С.Абдураимов, 10. Ҳ.Муртазоев, 13. Ш.Шайманов, 18. А.Шодмонов, 19. З.Қўзибоев (8. М.Камолов, 46), 23. К.Тўраев (90. З.Тўраев, 73), 27. Н.Павленко, 55. А.Агалиев, 77. А.Олимов (11. Т.Мурамацу, 78).

«Шўртан»: 25. А.Туробов, 4. Ж.Отақулов, 7. О.Каримов (20. Ш.Хурсанов, 69), 9. И.Таран (17. Ғ.Раҳмонов, 58), 12. Л.Убайдуллаев, 15. О.Жўрабоев, 18. Э.Бойматов, 38. С.Мамадалиев, 76. А.Омонов (99. М.Сафаров, 24), 77. О.Нарзуллаев, 85. Р.Мелзитдинов.

Огоҳлантиришлар: Р.Мелзитдинов (49), О.Каримов (68), Ж.Отақулов (89, Ш.).

Энг яхши ўйинчилар: Ҳ.Муртазоев - Ж.Отақулов.

Назоратчи: Ш.Жумаев (Қарши).

Комиссар: Г.Ртвеладзе.

Геннадий Кочнев («Шўртан» мураббийи): - Биринчи бўлим омадсиз келди - ўйинимиз қовушмади, аксига олиб, танаффусга чиқиш арафасида яхши вазиятдан гол уролмадик. Ҳисоб 2:0га етгач эса футболчиларимиз назоратни йўқотиб қўйишди ва жиддий хатоларга йўл қўйдик. Яна нима дердим? Энди кейинги ўйин ҳақида ўйлашимиз керак. Хуллас, бугунги хатолар устида ишлаб, «Металлург» билан учрашувга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Асосийси, йигитларни руҳан тикласак, бас. «Машъал»ни ўрганмаганмидик? Йўқ, рақиб ўйинини бутун жамоа бўлиб кўриб чиққандик, шунчаки, футболчилар негадир бошқача ўйнашди. Жамоа ютқаздими, демак, ҳамма айбдор, кимнидир алоҳида кўрсатишим ножоиз. Фақат айтишим керак, йирик ҳисобда енгилган бўлсакда, рақиб дарвозасини ишғол қилиш учун қатор имкониятлар яратдик, аммо улардан фойдаланолмадик.

Александр Хомяков («Машъал» бош мураббийи): - Албатта, ўйиндан ҳам, натижадан ҳам қониқдим. Анчадан буён мухлисларимиз кўз ўнгида бундай ўйнамагандик. Ҳаракатларимиз қовушиб, 4та гол урдик. Ўйлайманки, мустақиллик байрамига муносиб совға тайёрладик. Давралар оралиғида тайёргарликка бошқача ёндашгандик. Сабаби, биринчи давра охирида жисмоний томондан муаммолар кузатилди. Шу боис, асосий урғуни жисмоний ҳолатни тиклашга қаратдик. Япониялик футболчи сафимизга яқинда қўшилди. У секин-секин ички муҳит, тартиб-қоидалар ва тактикага мослашяпти. Ўйлайманки, Мурамацу ҳали ўзини кўрсатиб, асосий таркибга муносиблигини исботлайди. Жамоа олдида жиддий мақсад йўқ. Лекин ҳар бир ўйинда ғалабани кўзлаймиз, асосийси шу. Очколарни эса кузда санаганимиз маъқул.

-----------------------------------------------------------------------

«ОЛМАЛИҚ» - «СЎҒДИЁНА» - 2:1 (2:0)

19 август. Олмалиқ. 3825 томошабин.

Ҳакамлар: В.Коваленко (Тошкент) - 9,0; А.Сидоров (Тошкент) - 8,6; Д.Сайлалов (Тошкент) - 8,6; И.Худойдотов (Тошкент) - 9,0.

Голлар: Ш.Муллажонов (2), З.Полвонов (32) - С.Рашидов (51-пен.).

«Олмалиқ»: 45. А.Тўраев, 5. Д.Жўраев (88. И.Йелич, 55), 10. Ш.Норбеков, 13. Л.Тўраев, 17. К.Мурзоев, 18. Ш.Муллажонов, 19. И.Иномов, 23. З.Полвонов (11. В.Клишин, 84), 55. Р.Бердимуродов, 70. С.Рихсибоев (2. А.Ҳожиакбаров, 73), 90. В.Косминин.

«Сўғдиёна»: 16. М.Абдуллаев, 2. С.Қулматов, 7. С.Рашидов, 8. С.Қобилов, 17. И.Тошпўлатов (11. Ш.Достонов, 46), 18. Қ.Баҳодиров (3. А.Исроилов, 81), 27. О.Валижонов (4. Э.Орипов, 74), 47. Ш.Жалилов, 55. С.Қаҳҳоров, 77. С.Эминов, 91. Ж.Гусейнов.

Огоҳлантиришлар: С.Рихсибоев (54), К.Мурзоев (56), В.Косминин (65) - С.Қобилов (15), Ж.Гусейнов (65).

Энг яхши ўйинчилар: З.Полвонов - С.Рашидов.

Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент).

Комиссар: Н.Лутфулин.

 

Игорь Шквирин («Сўғдиёна» бош мураббийи): - Ўйин айнан шундай кечишини футболчиларга олдиндан айтган эдик. Рақиб асосан стандарт вазиятлар чоғи хавфли эканлигини инобатга олиб, бурчак тўпи ва жарима зарбаларига олиб келадиган ҳолатларни иложи борича камайтириш, бундай ҳолатда ҳар бир футболчини индивидуал қўриқлаш ҳақида кўрсатма бергандик. Афсуски, йигитларимиз бу масалада оқсашди ва айнан «стандарт» оқибатида тезкор гол қўйиб юбордик. Зафар Полвоновнинг бош билан яхши ўйнаши, уни кўздан қочирмаслик зарурлигини ҳам уқтиргандик. Энг қизиғи, қайси жиҳат ҳақида огоҳлантирган бўлсак, футболчилар шуларга бироз эътиборсиз қарашди. Умуман, назаримда, йигитлар ҳозирча ўз салоҳиятларига ишонишмаяпти. Мана, бугун бир марта жарима майдонига ёриб киришди ва пенальти ишлашди.

- Санжар Рашидов дисквалификациядан сўнг майдонга қайтди. Унинг ҳаракатларидан қониқдингизми?

- Менимча, Санжарнинг имкониятлари бундан-да баланд. У 3та ўйинда жамоага ёрдам беролмади. Оралиқ танаффусни ҳисобга олсак, 1,5 ой майдонга тушмади. Бугун шу нарса ҳам билинди. Ўйлайманки, у тез орада ўз ўйинини топади.

Виктор Кумиков («Олмалиқ» бош мураббийи): - 2:0 ҳам қалтис ҳисоб, бежиз бундай дейилмаган. Биринчи бўлимда ўйинни ўз назоратимизда ушлаб турдик, 2та гол урдик. Қолаверса, ҳисобни янада оширишимиз мумкин эди. Танаффусдан кейин эса бўш ўйнадик. 

- Бугун легионерлардан биргина Владислав Косминин асосий таркибда майдонга тушди, қолганларга нима бўлди?

- Мусабеков бетоб, Йелич ва Григалашвили эса «Бунёдкор»га қарши кечган аввалги ўйинда суст ҳаракатланишганди. Мана, Йелич бугун захирадан майдонга тушиб ҳам, яхши ўйнолмади. Ахир легионер маҳаллий йигитлардан кучлироқ кўриниши керак-ку.

- «Олмалиқ»нинг навбатдаги учрашуви қолдирилди. Қисқа танаффус учун қандай режалар бор?

- Аввалига 5 кун тоғ ҳудудида шуғулланамиз, кейин машғулотлар Тошкентда давом эттирилади.

----------------------------------------------------------------------

«ОБОД» - «БУХОРО» - 2:3 (0:2)

Тошкент. 672 томошабин.

Ҳакамлар: И.Ибрагимов (Нукус) - 6,9; Ж.Сарсенов (Нукус) - 8,6; Б.Канназаров (Нукус) - 8,3; Д.Жалимов (Тошкент вил.) - 9,0.

Голлар: Т.Васильев (48), Т.Толипов (83) - Ж.Қаҳрамонов (6), С.Қутибоев (45), Р.Ҳасанов (78).

«Обод»: 47. Ш.Эшбўтаев, 44. Т.Васильев (59. М.Комилов, 79), 53. А.Комилов, 55. А.Мирзаев  (18. С.Тўрақулов, 57), 57. Б.Раҳимов, 58. Р.Аъзамов, 75. Б.Усмонов, 77. Т.Толипов, 83. Д.Абдураҳмонов (74. Ғ.Ўрунов, 75), 88. Э.Равшанов, 99. О.Ҳакимов.

«Бухоро»: 12. А.Турсунбоев, 3. Б.Омонов, 11. С.Шихов (23. З.Пиримов, 36), 16. А.Филипосян, 27. Р.Ҳасанов, 29. В.Баенко, 72. А.Саматов, 75. С.Қутибоев, 77. И.Нагаев (55. А.Алланиёзов, 84), 87. А.Саноев (9. Н.Умиров, 59), 99. Ж.Қаҳрамонов.

Огоҳлантиришлар: Р.Аъзамов (77) - Р.Ҳасанов (59), В.Баенко (67), А.Алланиёзов (90Қ1).

Энг яхши ўйинчилар: Т.Толипов - И.Нагаев.

Назоратчи: А.Клепиков (Тошкент).

Комиссар: Ф.Магометов.

Улуғбек Бақоев («Бухоро» бош мураббийи): - Тўғриси, ўйин қийин кечди. Аслида футболчиларга олдиндан шундай бўлишини айтгандим. Зеро, рақибни яхши ўрганиб чиққандик. «Обод» охирги ўринда турган бўлсада, ҳар бир очко учун жиддий курашмоқда. Йигитларимиз ва Бухородан шунча йўл босиб келган мухлисларимизга раҳмат.

- Иккинчи давра стартини қандай баҳолайсиз?

- Ижобий. Ҳозирча 3та ўйинда 7 очко олдик, бу яхши кўрсаткич. 

- «Бухоро» якунда кучли учликка кира оладими?

- Ҳозирча бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ. Лекин ҳар бир учрашувда фақат ғалаба учун курашяпмиз.

- Иван Нагаевнинг терма жамоага чақирилмаётгани муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бу борада нима дея оласиз?

- Терма жамоа мураббийлари ишига аралашишим яхши эмас. Лекин холис фикр билдирсам, Нагаев миллий жамоага лойиқ футболчи. Ҳар ҳолда, имконият берилса, ўзини кўрсата олади.

Андрей Демченко («Обод» бош мураббийи): - Ғалаба қозонмас экансан, ҳаттоки, журналистлар ҳам камайиб қолишади. Футболда ҳаммаси натижага боғлиқ: ҳаёт, оила, машғулот, раҳбарият муносабати. Ютсанг зўрсан, ютқазсанг, муаммолар келиб чиқаверади. Ҳозир футболчиларимиз қандайдир чуқурликка тушиб қолгандек. Балки уларни Қўқондаги мағлубият тушкунликка солгандир. Оқибатда 2та оддий гол қўйиб юбордик. Йигитларда ҳаяжон бор ва бунинг таъсирида ўйин тизгини қўлдан чиқарилди. Лекин иккинчи бўлимда кўзга ташланди, жамоамизда салоҳият йўқ эмас. Акс ҳолда, 2та гол уролмасдик.

- Қўйиб юборилган голларда ким айбдор: дарвозабонми ё ҳимоячилар?

- Голлар одатда элементар хатолардан бошланади ва бунда ҳаммани айблаш мумкин. Битта хато занжирдек бир-бирига боғланиб, якунда голга олиб келиши ҳеч гап эмас. Дарвозабон эса халқанинг охирги бўғини ҳисобланади. 

- Сизнингча, жамоа ўсяптими?

- Аввалги 2та ўйинда гол уролмагандик, бугун бунинг уддасидан чиқдик. Шуни айтишим мумкин, тўғри йўлдамиз. Жамоа ўсяпти, лекин натижа кўрсатиш учун вақт керак.

- Балки «Обод»нинг таваккал ўйнагани маъқулдир, ўхшаса - ўхшади, ўхшамаса - йўқ...

- Шунчаки, омад келишини кутиб ўйнашдан маъно йўқ. Жамоа ҳар қандай ҳолатда ўз услубига таяниб ҳаракатланиши керак.

Тур статистикаси

Ўйин: 8. Гол:22  (ўртача: 2,75)

Томошабин:30118 (ўртача: 3764...)

Мезбонлар ғалабаси: 3. Меҳмонлар ғалабаси: 3. <str


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz