Қайднома

Қидирув

ЎФФ футбол мухлисларини «жазо»ладими?

ЎФФ футбол мухлисларини «жазо»ладими?

  23.08.2017 14:53
  0
  521
ЎФФ футбол мухлисларини «жазо»ладими?

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 август куни «Бунёдкор» стадионида Қирғизистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.

Бу ўртоқлик учрашуви миллий терма жамоамизнинг 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг Хитой (31 август) ва Жанубий Корея (5 сентябрь) га қарши саралаш учрашувлари учун тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши керак.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий сайтида маълум қилинишича, ушбу футбол учрашуви ТВда трансляция, интернет сайтларда онлайн трансляция қилинмай, мухлислар стадионга қўйилмайди. Федерация сайти аввалига бу Қирғизистон терма жамоасининг талаби билан амалга оширилганини ёзиб чиққан эди.

Қирғизистон матбуотида бу хабар катта шов-шув келиб чиқиши ва оқибатда қўшниларимиз МТЖси ходимлари барча нарсани рўй-рост айтиши, ЎФФ ёлғон хабар тарқатган бўлиб чиқиши ойдинлашиши мумкинлигидан, хабар олиб ташланди ва кейинроқ федерация сайтида бошқа хабар берилди:

«Ўзбекистон Футбол Федерациясининг қарорига кўра, 25 август кунига белгиланган Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ёпиқ тарзда ўтказилади».

Яъни, бу қарорга барибир Қирғизистон томони эмас, Ўзбекистон футбол федерацияси келганлиги тан олинди.

«Ушбу ўйинни ташкил этиш бўйича ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон терма жамоалари ўйинчини алмаштириш имкониятидан чекланмаган миқдорда фойдаланишга ўзаро келишиб олганлиги муносабати билан ўйин халқаро ўртоқлик учрашуви мақомига эга бўлмайди».

Тушунарли. Лекин, ҳар қандай футбол мухлислар учун эмасми?

«Футбол қоидалари»нинг майдондаги ўйинчиларнинг сони ҳақидаги 3-бандига кўра, миллий терма жамоаларнинг халқаро ўйинларида кўпи билан бир жамоадан 6 футболчининг алмаштирилишига рухсат берилади. 6 футболчидан кўп ўйинчи алмаштирилган ўйинга «назорат учрашуви» мақоми берилади ва у ФИФАнинг халқаро тақвимида рўйхатга қўйилмайди. Шу сабабли, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўйин назорат ўйини сифатида даражаланади ва ФИФА рейтингини ҳисоблашда инобатга олинмайди».

Яхши... Бу ҳам тушунарли. Мухлислар-чи?

«ФИФАнинг 2017 йил 26 июлида ташкилотга аъзо федерацияларга юборган 1593-рақамли циркулярга кўра, бундай назорат учрашувиларининг тарғиботи, ўйинга чипта сотиш, ўйинни трансляция қилишга рухсат берилмаслиги муносабати билан Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги назорат ўйини трансляция қилинмайди».

Рухсат берилмайди — тақиқланади, дегани. Лекин ФИФАнинг ўша циркулярининг оригиналига назар ташласак сал бошқачароқ гапларга дуч келамиз:

Regulations Governing International Matches and, logically, it could not be considered as an international "A" match in any of FIFA's files and registers, therefore not having any effect on the pertinent FIFA/Coca-Cola World Rankings. Furthermore, such "training" matches should not be promoted as international" A" matches in order to prevent any misleading communication among the football family (teams, spectators and media).

Жамоалар, мухлислар ва ОАВ ўртасида ТУШУНМОВЧИЛИК келтириб чиқармаслиги учун «А» тоифадаги ўйинлар сингари тарғибот қилинмасин, деган жойи бор тавсияда. Яъни чипта сотиш мумкин, мухлислар ва журналистлар киритилиши мумкин, трансляция қилиниши ҳам мумкин.

Шунчаки у ўйин ХАЛҚАРО ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВИ мақомида бўлмайди, барча эълонларда НАЗОРАТ УЧРАШУВИ, деб қўйилса бас.

Айниқса, ФИФА «мухлислар стадионга киритилмасин», деб битта ҳолатда қатъий айта олади: ўша мухлислар олдинги ўйинда бирорта ножўя ҳаракат қилган бўлса. Мухлислар учун бу ўзига хос жазо ҳисобланади. Бизнинг мухлисларимиз эса ҳеч қандай нотўғри хатти-ҳаракат қилишгани йўқ. Нега унда ЎФФ уларни «жазо»ламоқда?

Ҳатто ўша ФИФА мухлисларга бан эълон қилган ўша уйинлар ҳам ТВда трансляция килинади! Яъни, стадионда жанжал кўтарган мухлислар ҳам ўйинни ТВда жонли эфирда кўриш мумкин. Бизнинг мухлислар эса қандайдир унданам баттар гуноҳ қилиб қўйишганки, буни ўзлари билишмайди, шекилли.

Ўйинга нафақат фақат чипта сотилмаслиги, ТВда ҳам кўрсатилмаслигидан хулоса қилсак, ўйинни ҳеч ким кўрмаслиги талаби, мураббийлардан чиққан бўлиши табиий.

Тушуниб турибмиз, олдимизда муҳим иккита ўйин турибди. Уларнинг ҳар иккисида ғалаба қозонсак — Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри чиқамиз.

Бу ўйинларга МТЖ бош мураббийи алоҳида тайёргарлик кўриб, айрим тактикаларни синаб олиши мумкин. Шу чоққача терма жамоамиз «оқлар» ва «кўклар»га бўлиниб ўйнарди. Бу сафар «кўклар» вазифасини қирғизлар бажариб бермоқда.

Бу ўйинни кимдир ёзиб олиб, Хитой ёки Корея томонига узатилишидан хавфсирамоқда. Мухлислар қўйилса — Хитойдан келган жосуслар ҳам бемалол ўйинга кириши, ўйинни съёмка қилиши мумкин бўлади.

Хитойлар келмаса ҳам шу ўйинни сёъмка қилиб хитойликларга пуллаши мумкин бўлган инсонлар ҳам орамиздан топилади — бунга ҳам ишонамиз.

Балким стадионда ўйин давомида норози мухлисларнинг ҳайқириқларини эшитишни исташмаётгандир? (Мухлисларнинг «гуноҳи» шу эмасмикин, деган хаёлга бориб қолдим)

Хуллас, барчасини тушуниб турибмиз. Мен мухлислар стадионга кириши керак, дея терма жамоамизнинг иримкаш мураббийларининг режаларини бузмоқчи эмасман.

Натижаларга улар жавобгар. Билган шакарини ейишсин! Лекин шуларни рўй-рост айтса бўлмасмиди футбол федерацияси? Тушунамиз-ку?!

Шуҳрат Шокиржонов


Манба: www.tribuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.