Қайднома

Қидирув

Эммнуэль Маммана: «Қийин пайтда рафиқам қўллаган»

Эммнуэль Маммана: «Қийин пайтда рафиқам қўллаган»

  25.08.2017 03:38
  0
  157
Эммнуэль Маммана: «Қийин пайтда рафиқам қўллаган»

«Зенит»даги аргентиналик футболчилар сони ортиб бормоқда. Яқинда питерликлар «Лион»­дан марказий ҳимоячи Эммануэль Мамманани харид қилишди.

Championat.com сайти ходимлари фурсатдан фойдаланиб, 21 ёшли футболчини суҳбатга тортишди.

— Питерга мослашиб олдингизми? Квартира топдингизми?

— Ҳозир уй излаяпман. Оилам эса Францияда виза муаммоларини ҳал қилмоқда. Яқин орада улар бу ерга келишади. Лекин Санкт-Петербургда хонадон топиш осон эмас экан.

— Муаммо нимада?

— Иккита итим бор. Шунинг учун уларнинг сайр қилиши учун боғи бор уй топишим керак. Бир нечта хонадонларни кўрдим, лекин барчаси банд экан. Қидиришда давом этяпман.

— Аргентинада жонажон клубингиз «Ривер Плейт» ва «Бока Хуниорс» ўртасидаги дерби ўта қайноқ ўтади. Икки йил олдин Либертадорес кубогида «Бока» мухлислари «Ривер Плейт» футболчиларига қалампирли газ сепишганди. Ўшанда нима бўлганди? Кимлар жабр кўрган?

— Бу яхши хотира эмас. Ушбу ўйин­ни эслашни истамайман. Футбол ҳамма учун байрам. Бундай ҳаракатлар эса уни бузади. Кейинчалик «Бока Хуниорс» мухлислари муаммога дуч келишганини биламан. Умуман олганда, Аргентинадаги ишқибозлик менга ёқади. Тўғри, ҳозир меҳмон жамоа фанатларини стадионга киритишмаяпти. Масалан, «Ривер Плейт» «Бока»ни қабул қилса, трибуналарда фақат мезбон мухлислар ўтиради.

— Леандро Паредес болалигидан Себастьян Дриусси билан дўст­лигини айтганди. Улар нотинч туманда улғайишган экан. Сизнинг болалигингиз қандай ўтган?

— Мен ҳам нотинч туманда истиқомат қилганман. Лекин у ерни жуда яхши кўраман. Чунки шу ҳудудда уйим бор, ўша жойда туғилганман ва тўққиз ёшимгача яшаганман. Болаликда Дриусси, Паредес ва Матиас Краневиттерлар билан дўстлашганмиз. Энг ёқимли томони, барчамиз ҳозир «Зенит» аъзосимиз.

— «Ривер Плейт»да Фернандо Кавенаги билан бирга ўйнагансиз. У «Спартак» ва Россия ҳақида нималарни айтган?

— Умуман олганда, Россияни муҳокама қилмасдик. Чунки у пайтларда юртингизга келиш ҳақида ўйламасдим. Кавенаги - ажойиб инсон. У билан майдонда бирга тўп сурганимдан фахрланаман. Фернандо футболдан кетган бўлсада, алоқаларимиз узилмаган.

— Сизни либеро позициясида ўйнайдиган келажак ҳимоячиси ва плеймейкер дейишганди. Бу сўзларни қандай қабул қилдингиз?

— Албатта, мақтовлар ёқимли. Лекин ҳеч қачон такаббурликка берилмаганман. Карлес Пуйоль ёки Херард Пике даражасидаги ҳимоячи бўлишни истайман. Бунинг учун эса тинимсиз меҳнат қиляпман.

— Сизни илк бора Аргентина терма жамоасига чақиришганида клубингиз сафида бирорта ҳам учрашув ўтказмагандингиз...

— Бу кунни ҳеч қачон унутмайман - орзум ушалган кун. Ўшанда 18 ёшда эдим ва «Ривер Плейт» сафида дебют қилмагандим.

— Лео Месси билан бирга ўйнаб ўзингизни қандай ҳис қилгансиз? У қандай маслаҳатлар берган?

— Жаҳоннинг энг яхши футболчиси билан ўйнаш - ўзгача ҳиссиёт. Мен ва бошқа аргентиналиклар учун ҳам бу эртакнинг ўзгинаси. Месси - буюк ўйин­чи ва яхши инсон. Дебют ўйинимдан олдин Лионель менга «Аргентина терма жамоаси либосида биринчи бор майдонга тушяпсан. Лекин асабийлашма, тинчлан», деганди.

— Аргентинани тарк этиб, «Лион» сафига қўшилдингиз. Францияда кўп йиллар қолишни мақсад қилгандингиз. Аммо орадан бир йил ўтиб у ердан кетишга мажбур бўлдингиз. Лионликлар бош мураббийи ва президенти сизни асосий таркибда кўрмаётганликларини айтишгач, ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

— «Лион»да нима юз берганини билмайман. Лекин вазиятни хотиржам қабул қилдим. «Зенит»га ўтиш имконияти туғилганда эса бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмадим. Боз устига, бу ерда аргентиналик дўстларим билан бирга ўйнайман.

— Матбуотда ёзилганидек, сизга топ-клублар қизиқдими?

— Қатор таклифлар орасидан «Зенит»никини қабул қилдим. Бир тўхтамга келиш осон бўлмади. Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳомиладор эди. Аммо Францияда ўйнаганимдан афсусланмайман. Аслини олганда, «Лион»дан миннатдорман. Европага ўтиш қийин эди, лекин мени яхши қабул қилишди. 20 ёшли футболчи сифатида керакли тажрибага эга бўлдим.

— Балки «Лион»да Матье Вальбуэна Россиядаги ҳаёти, «Динамо»даги фаолияти ҳақида гапиргандир?

— Йўқ. Матье билан бошқа жамоаларни муҳокама қилмасдик.

— Сизга қандай таом ёқади?

— Аргентина ошхонасидан «миланеза»ни хуш кўраман. Гўштни миланча услубда пиширилади. Умуман олганда эса, овқат танламайман.

— Эктор Бракамонтени танийсизми?

— Йўқ.

— У Россия чемпионатлари тарихидаги энг яхши аргентиналик тўп­урар. Шунингдек, гитара чалиши билан ҳам довруқ қозонган. Айтганча, ўзингиз мусиқага қизиқасизми?

— Баъзида пианино чалишга ҳаракат қиламан. Аммо тўғрисини айтсам, кўнгилдагидек чиқмайди.

— Болалигингизда онангизни, 15 ёшингизда отангизни йўқотгансиз.

— Ҳар бир голимни ота-онам, рафиқам ва фарзандимга бағишлайман. Аммо жуда кам тўп киритаман.

— Ота-онангиз билан боғлиқ энг муҳим хотираларингиз қайси?

— Тўғриси, онамни унчалик эслай олмайман, чунки олти ёшлигимда оламдан ўтган. Отам ҳақида эса хотираларим бисёр.

— 16-17 ёшингизда депрессияга тушиб, футболни ташламоқчи бўлган экансиз. Аммо кейинчалик рафиқангиз, яъни ўша пайтдаги қаллиғингиз сизни қўллаб-қувватлаган экан.

— Ҳақиқатан ҳам унинг қўллаши мени оёққа турғазган. Фарзандимиз дунёга келганидан сўнг муносабатларимиз янада илиқлашди.

— Қайнотангизни отангиздек яхши кўраркансиз...

— Бу ҳақиқат. У билан муносабатларимиз ажойиб. Ёлғиз бўлишни ёқтирмайман. Шу боис ҳам турмуш ўртоғимнинг ота-онаси ҳамиша биз билан бирга.

Д.ПАРПИЕВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

30 - Дания

Хозирча сўровнома ўтказилмаяпти.

© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.