Қайднома

Қидирув

Бой берилаётган мавқе

Бой берилаётган мавқе

  26.08.2017 06:18
  0
  985
Бой берилаётган мавқе

Ҳар бир муҳитдаги футбол ҳавоси ҳароратини баҳолаш учун кўпроқ мухлислар билан мулоқотда бўлиш лозимлиги аён ҳақиқатдир. Тўй - бу борада энг яхши имкон. Навқирон футбол мухлиси, ўз қишлоғи терма жамоасининг фаол аъзоларидан бири уйланаётган бўлса, бу имкон янада кенгаяди.

Чунки ўша хонадон, ўша тўйда футбол бош мавзуга айланади. Мазкур мақолани ёзишдан аввал бизда шундай ажойиб имкон туғилди, сулоламиз вакили, ҳужумчи сифатида ҳамқишлоқларимиз меҳрини қозонган Бекзодбек уйланди.

Тўйда яқин-йироқдан келган меҳмонлар билан суҳбатлашдик, ҳангомалашдик. Албатта, улар орасида футболга қизиқадиган, уни тушунадиган мухлислар сафи кенг эди. Шу боис меҳмонларни кутиб олиш ва кузатиш асносида футбол мавзуси қайнаб-тошишига ишондик.

Афсуски, ишончимиз оқланмади, умидимиз чиппакка чиқди. Меҳмонлар футбол мавзусини четга суриб, тўйга эътибор қаратишди. Тўғри, тўй бугуннинг долзарб мавзуси. Тўйларни оқилона ўтказиш масаласи давлат сиёсати даражасида муҳокама қилинмоқда.

Биз ҳам шундай муҳокамалар иштирокчисимиз ва улардан нари туришни истамаймиз асло. Аммо биз «футбол одамлари» сифатида биладиган мухлислар нега миллий жамоамизнинг эълон қилинган таркиби, «Пахтакор»нинг сафарда яна дуранг ўйнагани, «Навбаҳор»нинг меҳмондан яна мағлубиятсиз қайтгани, евроаренада тобора қизғин тус олаётган баҳсларга бу қадар бефарқ қарашади?

Бундай бўлиши мумкин эмас-ку. Ахир терма жамоамизни олдинда ҳал қилувчи 2та ўйин кутмоқда.

«Пахтакор» ўзгаришлар даврига қадам қўйди. «Навбаҳор» ва «Машъал» жон-жаҳди билан мағлубиятга учрамасликка тиришмоқда, ҳар бир очко учун астойдил курашмоқда.

Шундай вазиятда бефарқ туриш инсофданми? Наҳотки, мухлислар юрагидаги футболга муҳаббат оловини фақат ғалабалар гуруллатса?!

Наҳотки, ҳаммаси ғалабага боғлиқ бўлса?! У ҳолда, бош жамоамизни сафар учрашувида қандай қудратли куч руҳан қўллаб-қувватлайди? Мухлис қалби қачон фидоликнинг фараҳбахш ундовидан безовталанади, оёққа қалқийди? Футбол мухлиси сифатида ҳурматга сазовор меҳмонлардан бир-бир шу хусусда сўрадик.

- Терма жамоамизни барчамиз яхши кўрамиз. Унинг икки ғалабасига интизормиз. Шу икки ўйин натижаси мухлислар муносабатига ойдинлик киритади.

Очиғи, ҳамон улардаги араз ёзилмади. Бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдириш яхши эмаслигини ҳарчанд тушунтирманг, ёш мухлислар бош мураббийни ёқтиришмаяпти.

Жуда ғалати. Қандай изоҳлашга ҳам ҳайронсан киши. Бировни мажбуран кўндириб, ҳурмат қилдириб бўлмаса..., -дея узоқ сўзлади фахрий муаллим Аҳмаджон Саидбоев. Бошқалар у кишининг фикрларини маъқуллашди.

- Агар «Навбаҳор» яна 2та ўйинда ғалаба қозонсами, Пешқўрғон Наманганга кўчиб тушади,-деди Бахтиёр Холмирзаев ҳар доимгидек ўзига хос ишонч билан.

- Ҳай, ҳай, катта гапирманг, хулосага шошилманг,-дейишди тўйнинг кўрки бўлиб дарвоза олдида тизилган меҳмонлар.

Тўй чоғи футбол мавзуси шу суҳбат билан чегараланди. Биз ҳам ашаддий футбол мухлисларини безовта қилиб ўтирмадик. Ёнишдан кўра, ўчишга мойил оловга ўтин ташлаш бефойда.

Бой берилаётган мавқе! Футбол мавзуси ҳақида шундай хулоса айтиш адолатданми? Бу хулоса ҳар қандай ҳолатда «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив» стадионларига тушаётган мухлисларга оғир ботмайдими? Балки оғир ботар. Биз уларга осон тутмаймиз, аксинча, тушунишга интиламиз.

«Нефтчи» нокаутидан наволанган «Пахтакор» мухлислари Самарқандга қандай шукуҳ билан жўнашганди-я. Ўз майдонида «Машъал»га имкониятни бой берган «Металлург» Самарқандда «Динамо»ни «мажақлаб» ташлаганди.

«Шерлар»нинг мухлислари назарида кучсизланган «Динамо» голлар ёмғири остида қолиб кетадигандек эди. Умуман олганда, уларни тушунса бўлади. «Пахтакор» ва «Динамо» иштирокидаги ўйинлар таҳлили мухлисларда шундай ишонч уйғотганди.

Натижа эса улар кутгандек бўлмади. «Динамо»нинг иккинчи даврада уч марталаб мағлубиятга учрашини самарқандлик мухлислар ҳазм қилишолмасди. Бундай ҳолатда рақибнинг кучи ва савияси, унинг номдорлиги унутилади. Мезбон жамоа фақат ғалаба, лоақал дуранг ҳақида ўйлайди. Бошқаси қониқтирмайди мағлубиятдан аламзада жамоани.

«Шерлар» Самарқандда шундай босимга дуч келишди. Олий лигадаги алдамчи аутсайдерлик кайфияти Шота Арвеладзени чалғитди, чоғи. Ҳар ҳолда, биз бу ўйин борасида ўзгача фикрлай олмаймиз. Эҳтимол, кимдир бу борада бошқача фикрдадир. Майли, ранг-баранг мулоҳазалар футболимиз учун ғоят фойдали.

Бу ўринда биз учун муҳими - бой берилаётган мавқе масаласи. Қачонки, футбол мавзуси ҳам юз минглаб мухлисларни қизиқтирса, ижтимоий тармоқлар уларнинг фикрлари билан тўлиб-тошса, вазият тубдан ўзгаради. Ҳозирги ҳолат эса анчайин мавҳум.

Самарқанддаги дурангдан сўнг ҳаттоки, «Пахтакор» мухлислари ҳам талмовсираб қолишди. Улар мавҳумликдан азият чекишяптими, демак, бошқа жамоалар тарафкашлари хусусида гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Боз устига, мавҳумлик фақат олий лигага тааллуқли эмас.

Ахир мухлислар еврофутболга ҳам андак шубҳа билан боқишмоқда. Ана, «Хаддерсфилд» 2та ғалабага эришди. АПЛ дебютанти стартдаги қўшалоқ ютуқни серияга айлантира оладими? Буниси жумбоқ. «Челси» бир амаллаб, сафарда «Тоттенхэм»ни енгди.

«Аристократлар» сафида гол уриш, жарима зарбасини тепиш Маркос Алонсога қолибди. Қарангки, у бу ишни аъло даражада бажарди. Алонсо ким? У Сеск Фабрегас эмас. Ҳатто Виллиан эмас. Антонио Конте эса айнан испан йигитига ишониб, уни қайта кашф қилмоқда.

Офарин! Самбел Бабаян ҳам ундан ўрнак олса қани эди? Бош жамоамиз айни чоғда шундай янгиланишга муҳтож. Жарима зарбасини Сервер Жепаров ёки Одил Аҳмедов эмас, балки Фозил Мусаев амалга ошириши мумкин эмасми? Мумкин! Наинки Фозил, балки Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров каби футболчилар ҳам бу ишни бажаришга қодирлар.

Фақат буни аввало, бош мураббий хоҳлаши керак. У истаса, ҳаммаси ўзгаради, бош жамоамиз ўйини янгиланади. Шундагина футбол мавзусига бой берилаётган мавқе яна қайтади, терма жамоамиз ўйинига қизиқиш ортади...

Муҳаммад Вали


Манба: www.iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz