Қайднома

Қидирув

Ўзбекистон терма жамоасининг муҳим ўйини олдидан

Ўзбекистон терма жамоасининг муҳим ўйини олдидан

  31.08.2017 13:23
  0
  1240
Ўзбекистон терма жамоасининг муҳим ўйини олдидан

Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ саралаши доирасида Хитой термасига қарши ўта муҳим ўйинда майдонга тушади. Учрашув бугун Тошкент вақти билан соат 17:00да бошланиши кўзда тутилган.

Насиб қилса, ушбу баҳс «Sport» телеканалида намойиш қилинади. Аввалига ўйин трансляцияси ҳақида турли хил гаплар пайдо бўлган эди.

Учрашув тўғридан-тўғри эфирда эмас, балки ёзиб олинган ҳолда кечроқ намойиш этилиши ҳақида гап-сўзлар тарқатилди. Аммо бахтимизга «Sport» телеканалининг ўзи бу тахлит хабарларга барҳам берди.

Хитой - Ўзбекистон ўйини тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади, тамом-вассалом.

Аммо ҳозир бу ҳақда кўп гапирмоқчи эмасмиз. Шунчаки, трансляция борасида мухлислар кўнглини тинчлантирмоқчи бўлдик, холос. Мақоладан мақсад эса, Хитой сафарига йўл олган Ўзбекистон терма жамоаси атрофидаги маълумотлар билан ўртоқлашиш эди. Терма жамоа Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйини ўтказганидан сўнг (5:0) таркибга легионер футболчилар ҳам келиб қўшилди. Хитой сафари арафасида барча футболчилар таркибда жам бўлишди.

Терма жамоа Хитойга қарши кечадиган учрашувга уч кун қолганда сафарга чиқди. Одатда бундай вақтда мураббийлар рақиб майдонига ва иқлимга мослашиш учун анча олдин боришни маъқул кўришади. Шу-нинг­дек, сафар чартер рейси орқали амалга оширилса, нур устига аъло нур. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси муҳим ўйин олдидан бундай қулайликларга эга бўла олмади. Легионер футболчилар эрта кела олмаслиги сабабли 28 август оқшомида йўлга чиқилди. Қолаверса, сафар чартер рейси эмас, балки Тошкент-Пекин авиайўналиши орқали амалга оширилди. Терма жамоа делегацияси Тошкент вақти билан  соат 21:00да Хитой томон учиб кетди.

Учрашув Хэбае провинциясига қарашли Ухан шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. У ерга етиб олиш учун эса Пекинга қўнгач, самолёт алмаштириб, транзит орқали яна уч соат учишга тўғри келди. Терма жамоа аввал ҳам бундай узоқ масофага сафар қилган. Шу боис тажриба етарли. Аввалига 6 соат давомида Хитой пойтахти Пекинга училди, сўнгра маҳаллий рейс орқали Ухан шаҳрига парвоз амалга оширилди. Албатта, бундай узоқ муддатли парвознинг ўзига яраша машаққатлари бўлади. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳайтовур, Тошкент-Пекин рейси терма жамоа учун қулай вақтга тўғри келди. Акс ҳолда, Тошкентдан Сеулга, сўнгра Пекинга ва охирида Уханга учишга тўғри келарди. Бундай ҳолатда футболчиларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур қилиб олаверинг. Аммо шуниси ҳам терма жамоа учун осон бўлгани йўқ. Уханга етиб бориш учун умумий ҳисобда 12 соат вақт кетди. Бу вақтнинг уч соати Пекин аэропортида транзит рейсни кутиш билан ўтганини назарда тутадиган бўлсак, чарчоқ ҳақида гапириш ортиқча бўлса керак. Уханга етиб келгач, терма жамоа автобусда меҳмонхона томон йўлга чиқди. Бу вақтга келиб футболчилар анча ҳолдан тойган эдилар. Бежизга халқимизда «йўл азоби», деган нақл бор эмас.

Бироқ шу билан бирга сафар билан боғлиқ яхши хабарлар ҳам бор. Терма жамоа Ухан шаҳрига етиб келгач, умумий кайфият бироз кўтарилди. Ҳар ҳолда узоқ йўл ортда қолгани кишини хурсанд қилиши турган гап. Шу билан бирга Ухань шаҳри ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтиш лозим. Шаҳар ўзининг ҳайбати ва маҳобати билан кишини анча ҳайрон қолдиради. Кўчалар ораста, чиройли. Кўп қаватли бинолар шаҳар кўркини очиб турибди.

Хитой томони Ўзбекистон миллий терма жамоаси делегациясини жуда яхши кутиб олди. Футболчиларимиз Ухан шаҳридаги «Интерконтиненталь» меҳмонхонасига жойлашдилар. Терма жамоага хитойликлар томонидан кўрсатилган хизматни аъло даражада, деб аташ мумкин. Меҳмонхонадаги шароитлар ҳам жуда яхши, шинам ва қулай. Терма жамоа етиб келганда тушлик вақти бўлиб қолган эди. Делегация аъзолари дарҳол тамадди қилиб олишди. Кейин ҳаммага дам олиш учун вақт берилди.

Терма жамоа мураббийлар штаби ортиқча вақт йўқотмаслик учун шу куннинг ўзида машғулот ўтказишни режалаштирган эдилар. Тошкент вақти билан соат 20:00да Ухандаги дастлабки машғулот ўтказилди. Унда кўпроқ тикланиш машқларига эътибор берилди ва назарий жиҳатдан футболчилар билан мулоқот бўлиб ўтди. Уларга имкон қадар рақиб ҳақида қўшимча маълумотлар берилди.

Терма жамоада муҳим учрашув олдидан кайфият анча яхши. Гарчи узоқ муддатли парвоздан сўнг футболчиларда бироз чарчоқ аломатлари кўринган бўлса-да, ўйинга қадар тикланиб олиш учун бир қатор тадбирлар режалаштирилган. Хитойга қарши кечадиган ўйин қай даражада муҳим аҳамият касб этишини ҳар бир футболчи тушуниб турибди.

АБДУЛЛОҲ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz