Қайднома

Қидирув

Бразилияликлар Парижни севишади

Бразилияликлар Парижни севишади

  01.09.2017 00:45
  0
  1131
Бразилияликлар Парижни севишади

«ПСЖ» ва бразилиялик футболчилар ўртасида доимо ўзгача муносабат сақланиб келган. Юлдузлар, суперюлдузлар, оддий футболчилар, умуман, бразилияликлар бу жамоада фаолият юритишган. Улар орасида Пеле биринчи бўлиши мумкин эди.

1971 йили парижликлар элитага йўл олиб, дебютларини ўтказишга шайланаётгандилар. Ўшанда «Сантос» билан футбол тарихидаги энг яхши ўйинчининг трансферини келишиб олишган, газеталар бу ҳақда тинмай ёзишганди. Битим бўйича ҳамма ишлар деярли ҳал қилиб бўлинганди.

Аммо сўнгги лаҳзада Пеле қарорини ўзгартириб, ватанида қолишини билдирганди. Қуйидаги мақола «ПСЖ»нинг бразилиялик футболчилари ҳақида.

Жоэл КАМАРГО (1971-1972)

Пеле «ПСЖ» таклифини рад этганидан ярим йил ўтиб, «Сантос»дан 1970 йилги жаҳон чемпиони - ҳимоя­чи Жоель Камарго таркибга қўшиб олинди. Тўғри, у мундиал иштирокчилари орасида асосий ўйинчилардан бўлмаган, аммо ўша йилги тенгсиз жамоанинг бир қисми эди.

Футболчи Парижда бор-йўғи икки ой бўлиб, атиги иккита учрашувда тўп сурди. Мураббий режаларидан чиқиб қолган Камарго кейинчалик ўз ватанига равона бўлди.

Рикардо ГОМЕС (1991-1995)

Ўтган асрнинг 80-йилларида «ПСЖ» Франция элитасига қайтиб, ўзининг биринчи чемпионлигини нишонлаганди. 80-90-йиллардаги «ПСЖ» ва «Марсель» ўртасидаги рақобат нафақат мамлакат, балки бутун Европани ўзига жалб этарди. Кейинчалик Марсель шаҳри вакиллари келишилган ўйинлар можароси сабаб қўйи дивизионга «бадарға» қилинди.

Бунинг натижасида «ПСЖ» қисқа вақт давомида Франциянинг биринчи рақамли жамоасига айланганди. Ўша пайт унинг таркибида бразилиялик юлдузлар ҳам бўлган. Улардан бири - марказий ҳимоячи Рикардо Гомес. Бу футболчи маълум вақт давомида Бразилия терма жамоасига сардорлик ҳам қилган.

Фақат жароҳатлар сабаб 1990 ва 1994 йиллардаги мундиалда иштирок этолмаганди. Футболчи «ПСЖ» билан бир марта Франция чемпионлигини, икки марта мамлакат кубоги ва бир марта Лига кубогини қўлга киритган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин эса ярим йил давомида клубга мураббийлик қилган.

ВАЛДО (1991-1995)

Рикардо Гомесдан сўнг 1991 йили «Бенфика»дан ярим ҳимоячи Валдо харид қилинди. Аммо у Гомес каби жамоа билан ютуқларни қўлга кирита олмади. Валдонинг парижликлар сафига келиб қўшилиш қарори ўзини оқламади ва натижада, футболчи яна Португалия клубига қайтди.

РАИ (1993-1998)

Ажойиб плеймейкер, Бразилия терма жамоаси сардори, 1994 йилги жаҳон чемпиони ҳамда «ПСЖ» афсонаси. Бу футболчи Европанинг ҳар қайси топ-клубида ўйнаши мумкин эди. Аммо у Париждан кетишни истамай, 1996 йили «ПСЖ» учун ҳозирча Европа миқёсидаги ягона бўлиб турган ютуқ - Кубок эгалари кубогини қўлга киритган.

ЛЕОНАРДО (1996-1997)

1994 йилги мундиалнинг яна бир чемпиони. Леонардо «ПСЖ»да тўлиқ бир мавсум ўйнаб, сўнгра «Милан»га йўл олган. Футболчи 2011 йили жамоага қайтди, фақат спорт директори сифатида. Аммо бу лавозимда ҳам кўп ишламади, аниқроғи, 2013 йилгача фаолият юритди.

ВАМПЕТА (2001)

Вампета Европада ишлари юришмаган ярим ҳимоячилардан бири. Шунга қарамай, унинг терма жамоадаги иштироки эътирофга лойиқ. Футболчининг «Интер»да ҳам, «ПСЖ»да ҳам фаолияти яхши кечмаган. Бироқ 2002 йилда Бразилия термаси билан жаҳон чемпиони бўлганди.

РОНАЛДИНЬО (2001-2003)

Роналдиньони Европага айнан «ПСЖ» таништирди. Унинг кейинги фаолияти жаҳоннинг энг кучли клубларидан бўлмиш «Барселона» билан боғланди. Футбол афсунгарининг Каталонияда қандай кароматлар кўрсатгани барчага яхши маълум.

ТИАГО СИЛВА, ДАВИД ЛУИЗ, ЛУКАС МОУРА ва бошқалар

2011 йили қатарлик тадбиркорлар «ПСЖ»ни сотиб олишгач, жамоа­га яна машҳур бразилиялик футболчилар жалб қилина бошланди. Тиаго Силва, Лукас Моура ва Максвелл (жорий ёзда фаолиятини якунлади) кабилар жамоа сафида 200дан ортиқ ўйин ўтказишди. Кейинчалик бу рўйхат яна кенгайди.

Маркиньос, Давид Луиз (ҳозирда «Челси» аъзоси) бу ёзда эса Дани Алвес ва Неймар... «Бразилияликлар ва «ПСЖ» орасида алоҳида боғлиқлик бор. Улар францияликлар ва Парижни севишади.

Ҳар бир бразилиялик Франция пойтахтида бўлишни орзу қилади»,-деганди Лукас Моура ўз интервьюсида. Кучли бразилияликларни жамоа бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Албатта, «ПСЖ» Неймарни бежизга рекорд сумма эвазига сотиб олмаган.

А.ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz