Қайднома

Қидирув

Шаҳрам Ғиёсов жаҳонда тенгсиз! Терма жамоа эса мусобақани иккинчи ўринда якунлади

Шаҳрам Ғиёсов жаҳонда тенгсиз! Терма жамоа эса мусобақани иккинчи ўринда якунлади

  03.09.2017 21:40
  0
  686
Шаҳрам Ғиёсов жаҳонда тенгсиз! Терма жамоа эса мусобақани иккинчи ўринда якунлади

Германиянинг Гамбург шаҳрида 9 кун давомида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати кеча, 2 сентябрь куни якунига етди.

Мусобақанинг сўнгги кунида барча – 10 та вазн тоифасида финал жанглари бўлиб ўтди. Ана шу 10 та вазннинг тўрттасида ўзбекистонлик боксчилар рингга чиқишди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон делегацияси биринчи марта жаҳон чемпионати финалига бир йўла тўрт боксчиси билан етиб келди.

Шу пайтга қадар Ўзбекистон терма жамоаси 12 та жаҳон чемпионатида иштирок этган бўлса, уларнинг ҳеч бирида бундай натижа қайд этмаганди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Ярим финалда терма жамоамизнинг олти нафар аъзоси иштирок этди, уларнинг тўрттаси ҳал қилувчи баҳсларга йўлланма олиб, чемпионлик учун курашиш имкониятини сақлаб қолган бўлса, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсуновлар бронза медали билан чекланишга мажбур бўлишди.

-49 кг. вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов финалда кубалик Йоаннис Аргилагосга қарши рингга кўтарилиб, кўпгина жабҳаларда рақибидан устунлик қилди. Аммо, якунда ҳакамлар 3:2 ҳисобида кубалик боксчининг ғалабасини қайд этдилар. Натижада Ҳасанбой шахсий коллекциясига жаҳон чемпионатининг кумуш медалини қўшиб қўйди.

-52 кг. Жасурбек Латипов кубалик Йосбани Веитиага қарши жанг ўтказди. Беллашувда кубалик боксчи 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медаль соҳибига айланди. Латипов эса иккинчи марта жаҳон чемпионтанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Маълумот учун, Латипов 2013 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медални қўлга киритганди.

-64 кг. вазн Иқболжон Холдоров кубалик тажрибали боксчи Энди Круз Гомесга қарши рингга кўтарилди. Афсуски, 20 ёшли Иқболжонга ҳал қилувчи баҳсда бироз тажриба етишмади ва жанг кубалик боксчининг ғалабаси билан якунланди.

Аммо 20 ёшда жаҳон чемпионатининг кумуш медалига эга чиқиш Иқболжон учун катта натижа. Унинг асосий ютуқлари ҳали олдинда эканлигига умид қилиб қоламиз ва Иқболжонни кумуш медаль билан табриклаймиз.

Ва ниҳоят, -69 кг. вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов финалда кубалик яна бир боксчи Рониэль Иглесиасга қарши жанг ўтказди. Шаҳрамнинг тўлиқ устунлигида кечган баҳсда ҳакамлар ҳам ҳеч нарса қила олишмади ва ноилож ўзбек боксчисининг ғалабасини тан олишди.

Жангни 5:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган Ғиёсов жаҳон чемпиони номига сазовор бўлиб, Гамбург ареналарида Ўзбекистон мадҳияси янграшига сабабчи бўлди.

Ана шу тариқа жаҳон чемпионатларида ўзбекистонлик боксчилар томонидан қўлга киритилган олтин медаллар сони 6 тага етди.

Бунга қадар ўзбекистонлик спортчилардан Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Ўткирбек Ҳайдаров (1999 й.), Руслан Чагаев (2001 й.) ва Аббос Атоев (2007, 2009 й.)лар жаҳон чемпионлигини тантана қилишганди. Энди улар қаторига хақли равишда Шаҳрам Ғиёсов ҳам қўшилди.

Демак, Ўзбекистон терма жамоаси Гамбургдаги жаҳон чемпионатини олтита медаль билан якунлади. Шаҳрам Ғиёсовда олтин, Ҳасанбой Дўсматов, Жасур Латипов ва Иқболжон Холдоровда кумуш, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсуновларда бронза.

Ушбу натижаси эвазига Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатини умужамоа ҳисобида Кубадан кейин фахрли иккинчи ўринда якунлади ва бу борада ўзининг барча жаҳон чемпионатларидаги натижасини яхшилашга эришди. Умумжамоа ҳисобида учинчи ўрин Қозоғистон терма жамоасига насиб этди.

Шу пайтга қадар ўзбекистонлик боксчилар икки марта 2001 йили Белфаст (Шимолий Ирландия) ҳамда 2009 йили Милан (Италия) шаҳарлари мезбонлик қилган жаҳон чемпионатиларида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллашганди.

Бу сафар эса ўзбек бокси тарихида биринчи марта терма жамоа жаҳоннинг иккинчи жамоаси сифатида қайд этилди. 


Манба: www.olympic.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz