Қайднома

Қидирув

Футбол клублари расмий дўконларидаги энг «антиқа» маҳсулотлар

Футбол клублари расмий дўконларидаги энг «антиқа» маҳсулотлар

  07.09.2017 00:27
  0
  1398
Футбол клублари расмий дўконларидаги энг «антиқа» маҳсулотлар

Футбол ва бизнес - бу атамаларнинг ўзаро уйғунлашиб кетганига анча бўлди.

Мисол учун, профессионал клубларга тегишли расмий дўконлар пештахталарига боқиб, биринчи рақамли спорт турининг аллақачон ўз сарҳадини мисли кўрилмаган даражада кенгайтирганини осонгина англаш мумкин.

Демак, бугун футбол жамоалари томонидан сотувга чиқарилган энг «антиқа» маҳсулот ёки буюмларга бирров назар соламиз.

«Сент-Этьен» - гулчелак

Франция клубининг лақаби - «яшиллар». Жамоанинг турли йўналишлардаги ишида бунинг ифодаси яққол кўринади. Дейлик, «Сент-Этьен» асосан яшил рангли футколкадан фойдаланади. Қарангки, клубнинг расмий дўконларида ҳам кўкаламзорлаштириш воситаларини кўриш мумкин.

Мисол учун, боғбонлар учун мўлжалланган сув сочадиган махсус челаклар ҳам сотувга қўйилган. Хуллас, чинакам боғбонлар сифатли гулчелак қидирсалар, бемалол клуб дўконига мурожаат қилишлари мумкин.

«Зенит» - туз

«Зенит» - Россиядаги энг кучли спорт брендларидан бири. Жамоа шунга мувофиқ, турли йўналишларга мансуб ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Мана, «Соль Петербурга» компанияси ўзаро шартномага кўра, клуб дўконини юқори сифатли туз билан таъминлаб келмоқда. Бежирим қадоқларда Санкт-Петербург жамоасининг собиқ ва ҳозирги юлдузлари суратлари бор: Халк, Витцель, Данни...

«Халл Сити» - ваннахона учун ўрдакча  

Айниқса, Россияда Англиянинг «Халл» жамоасига қизиқиш катта. Ахир бу жамоада рус мутахассиси Леонид Слуцкий бош мураббий сифатида иш бошлади. Эътиборли томони, «Халл» расмий дўкони ҳам футболга алоқаси йўқ маҳсулотлар билан тўлдирилган. Бунга ваннахонага мўлжалланган чиройлигина тебранма ўрдакча мисол бўла олади. Табиийки, бу буюмда клуб тимсоли бор.

«Милан» - лонгборд

Италиянинг номдор жамоаси ҳозир бор эътиборини еврофутболнинг элит гуруҳига қайтишга қаратган. Клуб раҳбарияти расмий дўконларда сотувга чиқарилган буюмлар воситасида ҳам турли гуруҳларга мансуб мухлисларни «Милан» байроғи остида бирлаштиришга уринмоқда. Демак, ёш аудитория клубнинг расмий рангига мос сифатли лонгбордни 130 еврога харид қилиши мумкин.

«Крилья Советов» - шампунь ва гель

Бенуа Ангбва биринчи рақамли юлдуз - Криштиану Роналдудан анча узоқда, албатта. Лекин факт шуки, Самара клуби шахсий маҳсулотлари (шампунь ва гель)ни кенг тарғиб этишда айнан шу ҳимоячи сиймосидан фойдаланган.

Ҳа, майдонда меҳнаткашлиги билан ажралиб турган Бенуа ҳозир жамоада эмас - «Крилья» биринчи дивизионга тушиб кетгач, самараликлар сафини тарк этди. Аммо унинг суратини ҳали ҳам шампунь ва гель қутиларида кўриш мумкин.

«Олимпиакос» - болалар беланчаги

Футбол клублари орасида янги фарзандли бўлган мухлисларни ўйлайдиганлари ҳам топилади, албатта. Жамоанинг расмий рангларига ҳамоҳанг ҳолда ишлаб чиқарилган чақалоқлар сўрғичи - оддий нарса. Ҳарқалай, Грециянинг «Олимпиакос» клуби раҳбарияти шундай фикрлаб, клуб дўконида махсус беланчак сотишни йўлга қўйган. 

«Фулхэм» - пластирь

«Фулхэм» ярага ёпиштириладиган малҳамли мато - пластирни сотувга чиқаришдан олдин мухлислар ўртасида сўров ўтказган-ўтказмагани маълум эмас. Аниқи шуки, жамоа фанатларини қандайдир жароҳат безовта қилаётган бўлса ҳам, бу асосан қалб ярасидир. Ахир бир неча йил муқаддам АПЛдан тушиб кетган «Фулхэм» ҳозирча элитага қайтишдан анча йироқ...

«Гремио» - ов ашёси

Лотин Америкасидаги мухлисларнинг ўта эҳтиросли ва «қайноқ» эканликлари барчага маълум. Лекин клуб раҳбарияти расмий дўкон пештахталарига ов пичоғини эсдалик буюми сифатида қўйгани аниқ, албатта.

«Арсенал» - совун

Гигиена воситаси саналган ушбу маҳсулот футбол мухлислари фольклорига ёмон ҳакамлик рамзи сифатида кирган. Шуни назарда тутсак, кўпинча адолатсиз ҳакамликдан нолийдиган клуб ўз дўконида совун сотиши шарт, гўё...

«Астон Вилла» - парда

Бирменгемлик мухлислар ўз уйларини севимли клублари рамзлари билан жилоланган пардалар воситасида жиҳозлаш имкониятига эгалар. Бу улар учун Жон Террининг жамоа сафига қўшилганидан кейинги иккинчи муҳим янгиликдир.

«Боруссия» - жирингловчи соат

Агар уйдаги энг ёқимсиз буюмни аниқлаш учун махсус сўров ўтказилса, уйқунинг айни ширин палласида қулоқни қоматга келтирадиган даражада жиринглайдиган соат олдинги ўринларни эгалласа керак.

Бироқ «Боруссия» айнан шундай соатларни ўз бренди остида сотувга қўйишдан тийилмаган. Эҳтимол, дортмундликлар мухлислар эртароқ туриб, ўйин вақтигача барча юмушларини бажаришга улгуришларини ўйлагандирлар...


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz