Қайднома

Қидирув

Константин ГЕНИЧ: Шомуродовнинг Россияда ўйнаб кетиши ўзига боғлиқ

Константин ГЕНИЧ: Шомуродовнинг Россияда ўйнаб кетиши ўзига боғлиқ

  17.09.2017 03:24
  0
  3315
Константин ГЕНИЧ: Шомуродовнинг Россияда ўйнаб кетиши ўзига боғлиқ

Ўзбек футболи тарихида илк марта Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўйинини хорижлик шарҳловчи шарҳлади.

Россиянинг «Матч ТВ» канали ходими Константин Генич юртимизда меҳмон бўлди ва Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини шарҳ­лади.

Таниқли шарҳловчи билан суҳбатда бўлдик ва «ИнтерФутбол» учун интервью олдик. Хорижлик журналистнинг шарҳловчилик ва ўзбек футболи ҳақидаги фикри қизиқарли бўлиши турган гап.

- Константин, аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз, деб қоламиз. Юртимизга меҳмон бўлишингизни қачон билдингиз?

-       Тўғрисини айтсам, бу ҳақида «Матч ТВ» раҳбариятидан эмас, балки твиттер ижтимоий тармоғидаги саҳифам орқали билдим. Ўзбекистон матбуоти томонидан бу ҳақида хабар берилди ва бундан бироз ҳайрон қолдим.

«Матч ТВ» раҳбарияти эса кейин маълум қилишди. Таклифни бажонидил қабул қилдим. Мен учун Ўзбекистонда меҳмон бўлиш жуда қизиқарли.

-       Яхши биламизки, сиз профессионал футболчи бўлгансиз ва фаолиятингизни якунлагандан сўнг шарҳловчиликка кириб келгансиз. Аммо шарҳ учун футбол ҳақидаги билимдан ташқари яна кўп нарса керак - овоз, актёрлик маҳорати ва сўзамоллик.

-       Албатта, яшил майдондан сўнг бирдан шарҳловчилик курсисига ўтириш осон бўлмади. Аммо бахтимга менга имконият беришди ва аввалига кам аҳамиятли ўйинларни шарҳлаб бориб, тажриба тўпладим.

Очиғи, бу ўйинларни трансляция ташкилотчилари, яъни ўзимиздан бошқа томоша қиладиган жуда кам эди. Нари борса 15-20 мухлисдир (кулади). Аммо айнан мана шу жараён мен учун катта тажриба мактаби бўлиб хизмат қилди.

-       Ва бу тажриба натижасида сизни Ўзбекистон - Жанубий Корея ўйинини шарҳлаш учун таклиф этишди. Шарҳдан олдин жамоалар ҳақида яхши маълумотга эгамидингиз?

-       Очиғини айтсам, ҳар икки жамоа ҳақида ҳам жуда кам маълумотга эга эдим. Деярли йўқ даражада, десам ҳам бўлаверади. Албатта, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Одил Аҳмедов, Виталий Денисов ва Элдор Шомуродовларни яхши биламан.

Аммо бутун ўйинни шарҳлаш учун шунинг ўзи етарли эмас эди. Ўзбекистонга келишимни билганимдан сўнг терма жамоангизнинг Хитойга қарши ўтказган ўйинини атайлаб томоша қилдим. Яна Жанубий Корея ва Эрон учрашувини ҳам кўриб чиққанман.

-       Хитой - Ўзбекистон ўйини ҳақида нима дея оласиз? Ўша учрашувдан қандай таассурот қолди?

-       Таассурот икки хил. Бир томондан Ўзбекистон терма жамоаси ёмон ўйин ўтказмади, ҳар ҳолда хавфли вазиятлар яратди. Аммо бошқа томондан ўз дарвозалари олдида ҳам рақибга имконият беришди. Мағлубиятга сабаб ҳам шунда, деб ўйлайман. Бунақа ўйинларда ҳар бир имкониятдан фойдаланиш шарт.

-       Ўзбекистоннинг ёш ва умидли ҳужумчиси Элдор Шомуродов Россия премьер-лигасида тўп сурмоқда. У ҳақида нима дея оласиз?

-       Россия премьер-лигаси кучли чемпионат ва унда ўйнаш учун юқори савияга эга бўлиш лозим. Футболчилар ўртасида кучли рақобат бор ва унда ғолиб чиқиш осон эмас. Шомуродов ҳаракат қилмоқда.

У ёш футболчи ва ҳали ҳаммаси олдинда. Энг муҳими - тўхтаб қолмаслик. Астойдил ишлаб, меҳнат қилса, албатта, яхши натижага эриша олади.

Россия чемпионатида ўзбек футболчилари ҳақида яхши таассурот бор. Одил Аҳмедов ва Виталий Денисовнинг ишончли ўйини бунга сабаб бўлган. Умид қиламанки, Шомуродов ҳам уларнинг изидан кета олади.

-       Ҳужумчи учун янги жамоага мослашиб кетиш осон эмас. Чунки унинг ўйини жамоага жуда боғлиқ бўлади. Нима деб, ўйлайсиз, «Ростов» Шомуродовни қабул қилармикан?

-       Албатта, қабул қилади. «Рос-тов»даги ички муҳитдан жуда яхши хабардорман, бу жамоада росмана профессионаллар жам бўлишган. Улар Элдорга жамоага мослашиб кетиш учун ёрдам бераётганига шубҳа қилмайман.

-       Аммо бир вақтлари Жаъфар Ирисметов билан бундай бўлмаган эди. «Спартак» футболчилари уни четлаб қўйишганини ҳатто биз ҳам Ўзбекистонда туриб билгандик. Трансляция вақтида ҳаммаси яққол сезилиб қоларди.

-       Ирисметов билан боғлиқ вазият мутлақо бошқача. Олег Романцев давридаги «Спартак»да жуда кучли футболчилар бор эди. Асосий таркиб ҳам аниқ бўлиб, улар узоқ йиллар давомида бирга тўп суриб келишаётганди.

Бир-бирини юмуқ кўз билан ҳам тушунишган. Бундай жамоага бегона футболчи мослашиб кетиши осон эмас.

-       Элдор Шомуродов билан ҳам худди шундай бўлмаслигига умид қилса бўладими?

-       Албатта. Ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Агар катта истак билан меҳнат қилишда давом этса, ҳаммаси яхши бўлади. Боз устига, у жуда яхши мураббий қўл остида.

«Ростов» бош мураббийи Леонид Кучукни яхши биламан, у ёшларга имкон беришга умуман чўчимайди. Элдор Шомуродовнинг «Зенит»га қарши асосий таркибда майдонга тушгани ҳам бу фикримга исбот бўла олади.

НУРУЛЛОҲ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz