Қайднома

Қидирув

Фаолияти давомида жиддий бурилишларга юз тутган 12 нафар футболчи

Фаолияти давомида жиддий бурилишларга юз тутган 12 нафар футболчи

  17.09.2017 06:23
  0
  1261
Фаолияти давомида жиддий бурилишларга юз тутган 12 нафар футболчи

Хитойдан «Барселона»га ёки «Портсмут»дан «Реал»га. Ҳа, футбол олами ажиб сир-синоатлару, бир қарашда ақлни шошириб қўядиган трансферларга тўла.

Ёрқин мисол, бразилиялик Паулиньо айланиб-айланиб, Хитой супер-лигасидан тўғри «Барселона»га йўл олишини ким кутганди? Боз устига, каталонияликлар ярим ҳимоячи учун «Гуанжоу Эвергранд»га нақ 40 млн. евро тўлашди.

Бу ҳол нафақат мухлислар, балки футболчилар ҳамда мутахассисларни ҳам ҳайратга солган бўлса, ажабмас. Эслатиш ўринли, Бразилия терма жамоаси вакилининг хизмат дафтарчасида бир қатор оддий клублар номи бор - «Вильнюс» (Литва), «Лодзь» (Польша), Жанубий Американинг «нотаниш» жамоалари.

Тўғри, у «Тоттенхэм»да ҳам тўп сурган, аммо эсда қоладиган айтарли ҳеч нарса кўрсатолмаган. Энди эса жаҳоннинг энг кучли клубларидан бири сафида ўйнаш имкониятига эга бўлиб турибди.

Хўш, яна кимлар бу каби антиқа фаолият йўлини босиб ўтишган?

Одил ТААРАБТ. Ҳақиқий топишмоқ футболчи. Марокашликнинг иқтидорига шубҳа билан қараш ярамайди, аммо унга ёмон хулқи ва дангасалиги панд берди. Фаолияти йўналиши: «Ланс» - «Тоттенхэм» - «КПР» - «Фулхэм» - «Милан» - «Бенфика». Охирги йўланиши: «Бенфика» - «Женоа» (ижара келишуви бўйича).

Колин КОЗИМ-РИЧАРДС. Бу футболчининг исм-шарифиёқ қизиқиш уйғотади, меҳнат дафтарчаси эса ноёб инсон эканлигидан далолат. Диққат қилинг, Колин 2005 йили «Брайтон» билан шартнома тузганини Coca-Cola акциясида ютилган 250 минг фунт эвазига барча газеталарда овоза қилганди.

Фаолияти йўналиши: «Бери» - «Брайтон» - «Шеффилд Юнайтед» - «Фенербахче» - «Тулуза» - «Фенербахче» - «Галатасарой» - «Олимпиакос» - «Блэкберн» - «Бурсаспор» - «Фейеноорд» - «Селтик» - «Коритиба». Охирги йўналиши: «Коритиба» - «Коринтианс».

ХАЛК. Ҳаммага таниш бразилиялик бақувват ҳужумчи ёшлигидаёқ алоҳида иқтидори билан кўзга ташланган бўлсада, тез орада Японияга йўл олади. Факт шуки, Халк орада еврофутболда ўйнаганидан сўнг яна Осиёга юзланган бўлсада, ҳамон Бразилия термасига жалб этилмоқда, ваҳоланки, ёши 31га етди. Фаолияти йўналиши: «Витория» - «Кавасаки Фронтале» - «Консадоле Саппаро» - «Токио Верди» - «Порту» - «Зенит». Охирги йўналиши: «Зенит» - «Шанхай СИПГ»

Асамоа ГЬЯН. Гана терма жамоаси ҳужумчиси ўз юртида эрта кунда танилиб, 17 ёшидаёқ Европа сари отланди. У шу-шу сайру саёҳатдан бўшамаяпти. Фаолияти йўналиши: «Либерти Профешнлс» - «Удинезе» - «Модена» - «Ренн» - «Сандерленд» - «Ал-Айн» - «Шанхай СИПГ» - «Ал-Аҳли» (БАА).  Охирги йўланиши: «Ал-Аҳли» - «Қайсариспор».

Мишель БАСТОС. Бразилиялик вингер терма жамоа сафида атиги 10та ўйин ўтказган бўлсада, фаолияти сира зерикарли эмас. Ахир у футбол баҳона турли мамлакатлар билан яқиндан танишди. Фаолияти йўналиши: «Пелотас» - «Фейеноорд» - «Атлетико Паранаэнсе» - «Гремио» - «Фигейренсе» - «Лилль» - «Лион» - «Шальке» - «Ал-Айн» - «Рома» - «Сан-Паулу». Охирги йўналиши: «Сан-Паулу» - «Палмейрас».

Лука ТОНИ. Итальян ҳужумчиси мухлисларни кўп бора ҳайратлантирган, футболдаги йўли эса бир неча кишига бемалол етиб ортади. Эътиборли томони, Тони Италиянинг ўртамиёна клублари аро 11 йиллик саёҳатдан кейингина юқори даражага кўтарилди ва барчасига муносиб нуқта қўйди. Фаолияти йўналиши: «Модена» - «Эмполи» - «Фиоренцуола» - «Лодижани» - «Тревизо» - «Виченца» - «Брешиа» - «Палермо» - «Фиорентина» - «Бавария» - «Рома» - «Женоа» - «Ювентус» - «Ал-Наср» (БАА) - «Фиорентина».  Охирги йўналиши: «Фиорентина» - «Эллас Верона».

Жози АЛТИДОР. Вақтида Америка футболининг умиди сифатида таърифланган Алтидор АҚШ миллий жамоаси тўпурарлари рейтингида 3-ўринга кўтарилгани билан мақтаниши мумкин, аммо клуб даражасидаги ишлари унча ўхшагани йўқ. Фаолияти йўналиши: «Нью-Йорк Ред Буллз» - «Вильярреал» - «Херес» - «Халл Сити» - «Бурсаспор» - АЗ - «Сандерленд». Охирги йўналиши: «Сандерленд» - «Торонто».

Лассана ДИАРРА. Франция терма жамоаси вакили самарали фаолияти билан ғурурланиши мумкин - Англия ва Испанияда чемпион бўлди, шунингдек, кўплаб кубоклар соҳибига айланди. Аммо мутахассислар унинг тимсолида мегаюлдузни кўришганди. Фаолияти йўналиши: «Гавр» - «Челси» - «Арсенал» - «Портсмут» - «Реал» - «Анжи» - «Локомотив» М. - «Марсель». Охирги йўналиши: «Марсель» - «Ал-Жазира».

Хенрик ЛАРССОН. Тасаввур қилинг, швециялик истеъдодли ҳужумчи деярли 33 ёшигача чинакам гранд клубларни кўрмади. Бундай ёшда «Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»да ўйнаш ҳақида ўйлашдан маъно йўқдек, аммо Ларссон ўйлади ва бунга эришди ҳам. Фаолияти йўналиши: «Хёгаборг» - «Хельсинборг» - «Фейеноорд» - «Селтик» - «Барселона» - «Хельсинборг» - «Манчестер Юнайтед» - «Роо». Охирги йўналиши: «Роо» - «Хёгаборг».

Рохан РИКЕТТС. «Арсенал»тарбияланувчиси нақ 12та мамлакатда ўйнашга муваффақ бўлди. Энг қизиғи, Рикеттс «канонирлар» сафида атиги 1 марта майдонга тушиш баробарида жамоанинг азалий душмани - «Тоттенхэм» либосини 24та ўйинда кийди. Фаолияти йўналиши: «Арсенал» - «Тоттенхэм» - «Барнсли» - «Торонто» - «Дьошдьёр» - «Дачия» - «Вильгельмсхафен» - «Шемрок Роверс» - «Эксетер Сити» - «Демпо» - «Депортиво Кеведо» - «ПТТ-Районг». Охирги йўналиши: Гонконг - Бангладеш.

ЖУНИНЬО. Англияда ҳалигача Жуниньони эслаб туришади. Ўта иқтидорли йигит, аммо у Европа ва Бразилия ўртасида саргардон юришдан сира чарчамади. Эътиборга олинг, гап Жуниньо Пернамбукано эмас, Освальдо Жирольдо Жуниор ҳақида кетяпти. Фаолияти йўналиши: «Сан-Паулу» - «Мидлбро» - «Атлетико» - «Мидлсбро» - «Васко да Гама» - «Фламенго» - «Мидлсбро» - «Селтик» - «Палмейрас» - «Фламенго» - «Сидней». Охирги йўналиши: «Сидней» - «Итуано».

Жорж БЕСТ. Шимолий ирландиялик афсонанинг «Манчестер Юнайтед»даги ўйинларини кўпчилик яхши эслайди. Аммо у инглиз гранди билан хайрлашгач, яна 10 йил футбол билан шуғулланди - турли ўлкаларда. Фаолияти йўналиши: «Манчестер Юнайтед» - «Жуиш Гилд» - «Данстабл Таун» - «Стокпорт Каунти» - «Корк Селтик» - «Лос-Анжелес Ацтекс» - «Фулхэм» - «Лос-Анжелес Ацтекс» - «Фордт-Лодердейл Страйкерс» - «Хиберниан» - «Сан-Хосе Эртквейкс» - «Си Би» - «Гонконг Рейнжерс» - «Борнмут» - «Брисбен Лайонс» - «Осборн» - «Нанитон Боро».  Охирги йўналиши: «Нанитон Боро» - «Тобермор Юнайтед».

А.Эшонхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz