Қайднома

Қидирув

Ўзбек дербиларида кимлар устун? (иккинчи қисм)

Ўзбек дербиларида кимлар устун? (иккинчи қисм)

  19.09.2017 00:26
  0
  1551
Ўзбек дербиларида кимлар устун? (иккинчи қисм)

Газетамизнинг аввалги сонларида Ўзбекистон миллий чемпионати доирасида ўтказиладиган ўйинлар, аниқроғи, турли вилоятлар дербилари ва уларда кузатиладиган муросасиз курашлар ҳақида ҳикоя қилишни бошлагандик.

Бугун ушбу мавзуни давом эттирган ҳолда, навбатдаги принципиал қарама-қаршиликлар хусусида сўз юритамиз.

ҚАШҚАДАРЁ ДEРБИЛАРИ

«НАСАФ» - «МАШЪАЛ»

Ўзаро учрашувлар сони: 29та

«Насаф» ғалабаси: 15та

«Машъал» ғалабаси: 8та

Дуранглар: 6та

Урилган голлар сони: «Насаф» - 46; «Машъал» - 27.

«Насаф»нинг энг йирик ғалабаси: 3:0

«Машъал»нинг энг йирик ғалабаси: 4:1

Қашқадарё дербилари футболимиз жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиши барчага маълум. Хусусан, «Насаф» ҳамда «Машъал» жамоалари ўртасида кечадиган баҳслар аксарият ҳолларда кўпсонли ишқибозлар гувоҳлигида ўтади.

Бундай ўйин­ларда ҳар бир клуб майдонга 6 очко илинжида тушади, десак асло муболаға бўлмаса керак. Таъкидлаш керакки, ушбу икки жамоа миллий чемпионатларимизда 29 марта ўзаро баҳс олиб боришган. Ўйинлардаги устунлик қаршиликлар томонида. «Насаф» футболчилари 15та баҳсда зафар қучишган. «Газчилар» эса 8та ўйинда майдонни бошлари баланд ҳолда тарк этишган.

Яна 6та учрашув дуранг билан якунига етган. «Аждарлар» сўнгги йилларда «Машъал»га камдан-кам ўйинларда имкониятни бой беришмоқда. Қарши шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган клуб муборакликларни 2015 йилда ўз майдонида 3:0 ҳисобида енгганди.

Мана шу ғалаба «Насаф» учун ушбу қарама-қаршиликда энг йириги бўлиб турибди. «Машъал» эса «аждарлар» устидан энг йирик ҳисобдаги ғалабасини 2007 йилда қозонган. Ўшанда «газчилар» рақибни 4:1 ҳисобида таслим этишганди.

«ШЎРТАН» - «НАСАФ»

Ўзаро учрашувлар сони: 23та

«Шўртан» ғалабаси: 5та

«Насаф» ғалабаси: 17та

Дуранг: 1та

Урилган голлар сони: «Шўртан» - 24; «Насаф» - 52.

«Шўртан»нинг энг йирик ғалабаси: 3:2

«Насаф»нинг энг йирик ғалабаси: 5:0

Воҳанинг яна бир дербиси «Шўртан» ҳамда «Насаф» ўртасида кечади. Ушбу жамоаларнинг ўзаро қарама-қаршилигида «аждарлар» каттагина устунликка эгалар. Қаршилик футболчилар ўзаро учрашувларнинг 23тасидан 17тасини ўз фойдаларига ҳал этишган.

«Шўртан» эса 5 мартагина зафар қучган. Ғузорликлар ушбу рақибни сўнгги бор 2011 йилда мағлуб этишни уддалашганди.

Ўшандан буён «Насаф» «Шўртан»га мағлуб бўлмай келмоқда. Қарши жамоаси ғузорликларни йирик ҳисобларда кўп бор мағлуб этган. Энг йирик ғалаба эса 2011 йилда Қаршидаги «Марказий» стадионида қайд этилган.

Ўшанда ОФК кубоги-2011 ғолиблиги учун баҳс олиб бораётган «Насаф» миллий чемпионат биринчи даврасида «Шўртан» дарвозасига жавобсиз 5та гол урганди.

«МАШЪАЛ» - «ШЎРТАН»

Ўзаро учрашувлар сони: 22та

«Машъал» ғалабаси: 13та

«Шўртан» ғалабаси: 8та

Дуранг: 1та

Урилган голлар сони: «Машъал» - 39; «Шўртан» - 19.

«Машъал»нинг энг йирик ғалабаси: 5:0

«Шўртан»нинг энг йирик ғалабаси: 3:1

«Машъал» ва «Шўртан» жамоалари ўртасидаги тўқнашувлар тарихи 2005 йилдан бошланган. Ғузор жамоаси илк ўйинда ўз майдонида «газчилар»ни қабул қилиб, 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган.

Шу тариқа муборакликлар илк учрашувларданоқ ўзаро қарама-қаршиликда устунликни қўлга олишган. Умуман, «Машъал» ва «Шўртан» шу пайтга қадар жами 22 марта баҳс юритишган.

«Газчилар» ушбу ўйинларнинг 13тасида ғолибликни тантана қилишган бўлса, «оқ бўрилар» 8та учрашувда зафар қучишган. Жамоаларнинг 2008 йилда ўтган тўқнашуви эса 0:0 ҳисобида дуранг билан якунланган ва ушбу дуранг ҳозирга қадар бу қарама-қаршиликда ягона бўлиб турибди.

 ТОШКEНТ ВИЛОЯТИ ДEРБИСИ

«ОЛМАЛИҚ» - «МЕТАЛЛУРГ»

Ўзаро учрашувлар сони: 19та

«Олмалиқ» ғалабаси: 10та

«Металлург» ғалабаси: 8та

Дуранг: 1та

Урилган голлар сони: «Олмалиқ» - 39; «Металлург» - 36.

«Олмалиқ»нинг энг йирик ғалабаси: 4:1

«Металлург»нинг энг йирик ғалабаси: 4:2

Олий лигада Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қиладиган «Олмалиқ» ҳамда «Металлург» жамоаларининг ўзаро учрашувлари ҳам анчайин қизиқарли ва муросасиз руҳда ўтиб келади.

Олмалиқ клуби ҳам, бекободлик футболчилар ҳам рақибга асло имкониятни бой бермасликка уринишади. Қайд этиш жоизки, ушбу икки жамоа шу пайтгача миллий чемпионатимизда 19 бор ўзаро баҳс юритишган.

Олмалиқликлар ўйинларнинг 10тасида ғалабага эришган бўлишса, 8та баҳсда бекободликларнинг қўллари баланд келган. Битта учрашув дуранг билан якунланган. Ушбу икки клуб ўзаро илк учрашувни 2008 йилда Олмалиқда ўтказишган ва ўшанда мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучишган. Ўзаро беллашувларда урилган голлар сони ҳам бир-бирига анча яқин - 39-36.

«Металлург» «Олмалиқ» устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабасига ўтган йили эришганди. Бекободда кечган учрашувда «маъданчилар» 4:2 ҳисобида рақибдан устун келишганди.

«Олмалиқ»нинг ушбу рақиб устидан қозонган энг йирик ғалабаси эса 2011 йилда қўлга киритилган. Ўшанда олмалиқликлар учрашувни 4:1 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал этишнинг уддасидан чиқишганди.

Зокир шоҳ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz