Қайднома

Қидирув

Хайрулла Ҳамидов: Тушларимда футбол шарҳлаганман

Хайрулла Ҳамидов: Тушларимда футбол шарҳлаганман

  20.09.2017 03:37
  0
  3369
Хайрулла Ҳамидов: Тушларимда футбол шарҳлаганман

Кўплаб ёш журналистлар устоз сифатида қарайдиган таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телевидениега қайтди. Мана, мухлисларимиз яна унинг шарҳлари остида футбол томоша қилишмоқда.

Орамизда Хайрулла ака сабаб миллионлар ўйинига ошуфта бўла бошлаганлар бир талай. Чамаси 10 йил муқаддам бир киши билан суҳбатлашганимда, у шундай деганди:

«Хайрулла Ҳамидов «Реал» ўйинини шарҳлар экан, зўр жумла ишлатди - «Зидан ўз техникаси «қурбони»га айланди». Шуни эшитиб, футболга чинакамига  мухлислик қила бошлагандим...».

 Бундайлар жуда кўп ва Хайрулла аканинг интервьюси уларда катта қизиқиш уйғотиши турган гап.

ҚАЙТИШ

- Хайрулла ака, телевидениега қайтишингиз қандай рўй берди? Бундай гап-сўзлар анча олдин урчиганди.

- Ҳа, бу борада ҳаракатлар анча олдин бошланганди. Зеро, ҳар доим ўзим учун қадрдон касбга қайтишни истаганман. Ўз ўрнида давлатимиз раҳбарига алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Ҳаётда турли ҳолатлар бўлади. Мен ҳам оғир дамларни бошдан ўтказдим.

Президентимиз тавсияларига кўра, турли «қора» рўйхатлар бекор қилинди ва фуқароларга исталган соҳада фаолият юритиш имкони берилди. Бунинг қадрини фақат бошидан ўтган одам билади. Айнан шу қарор туфайли телевидениега қайтдим.

Мана, «Спорт» ва «Ёшлар» телеканалларида қайта фаолият бошладим. Асосий ишим «Спорт»да, «Ёшлар»да эса ҳозирча бир марта кўриниш бердим. Яъни «Давр ҳафта ичида» кўрсатувида 5 дақиқача Ўзбекистон терма жамоаси ўйинига муносабатимни билдирдим.

- «Ёшлар» телеканалидаги келгуси ишингиз қандай кўриниш олади?

- Яқин орада «Ёшлар» учун ҳам футбол мавзусини қамраб олган кўрсатув тайёрлаш ниятим бор. Аммо ҳозирча «Спорт»да иш кўлами катталиги боис, вақт тиғиз бўлиб турибди. Яқинда Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларини шарҳладик. Афсуски, улар вакилларимиз учун муваффақиятсиз якунланди.

ТУШ

- Телевидениега қайтмай, бошқа соҳада ишлашингиз ҳам мумкинмиди?

- Тўғриси, ТВга қайтиш фикри мени ҳеч қачон тарк этмаган ва бунга ҳар доим ишонардим. Чунки журналистикадан четга чиққаним йўқ. Хусусан, ўтган вақт давомида радиода чиқишлар қилиб турдим, овозимни эшитишган ва футболга тайёрлигимни билиб, чақиришгандир.

Демоқчиманки, журналистикага дабдурустдан қайтганим йўқ. Турли тадбирларда иштирок этдим, газеталарда фаолият юритдим. Мана, яна ТВдаман ва бунинг учун МТРК раҳбариятига алоҳида раҳмат.

- Ҳа, журналистиканинг турли соҳаларида ишлагансиз, ишлаяпсиз - матбуот, интернет, радио... Хўш, шарҳнинг аҳамияти қай даражада баланд?

- Тўғриси, телевидениедан четда юрган вақтлар ҳаттоки, тушларимда футбол шарҳлаганман. Саволингизга бундан ортиқ жавоб беролмасам керак...

- «Спорт»да қайта ишга киришганингиздан буён ўзингиз учун қайси ўйин энг муҳими бўлди?

- Аҳамият жиҳатидан олсак, мантиқан «Ювентус» ва «Кальяри» ўртасида кечган баҳс 1-ўринда туриши лозим. Чунки айнан шу шарҳ билан ТВга қайтдим. Аммо терма жамоа ўйнаган вақт ҳаммаси бир четга сурилиши турган гап.

Ўйинга муносабат, ҳиссиёт, кузатиш ва масъулият бутунлай ўзгаради. Ҳаттоки, қарашлар ҳам. Ахир икки бегона клуб ўйинида холисликни сақлаб қолиш муаммо эмас. Аммо Ватанинг жамоаси майдонга тушганида, ҳаммаси ўз-ўзидан унутилади.

Бундай ўйинларга жуда нозик ёндашиш керак. Барчасини худди оддий баҳсдагидек шарҳлашга минг уринманг, табиий равишда мухлис кўзи билан қараш эҳтиёжи туғилади. Бу умуман бошқача ҳиссиёт.

- Узоқ вақт телевидениедан четда юрдингиз. Ҳамкасблар қандай кутиб олишди?

- Жуда яхши. Ҳа, чамаси 10 йил давомида ТВдан узоқда бўлдим. Муҳими, ҳамкасблар қайтишимдан хурсанд эканликларини яширишмади. Очиғи, шунча вақт давомида ходимлар таркиби унча ўзгармаган. Айниқса, техник ходимлар деярли ўша-ўша.

Хуллас, ҳамма илиқ муносабатда бўлди. «Спорт» ҳам, «Ёшлар»да ҳам эски ҳамкасблар билан самимий кўришдик. Тўғри, янги авлод наздида катта одамдекман. Аммо табиатан ўзимни катта тутишни ёқтирмайман ва улар билан тезда киришиб кетдик.

Тан оламан, узоқ вақт четда қолганимнинг таъсири йўқ эмас, барибир. Баъзан аввалгидек фаоллик кўрсатмай қўйсам, бошқалар дарров далда беришга ҳаракат қилишмоқда: «Эски шижоат билан юраверинг, бу ерда ҳамма сизни билади». Аммо кўникишга барибир, бироз вақт керак, шекилли...

ОЛИЙ ЛИГА

- Хайрулла ака, нима учундир аввалги фаолиятингиз давомида олий лига ўйинларини шарҳламагансиз...

- Нега энди? Баъзи ўйинларни шарҳлаганман.

- Мухлис сифатида фаолиятингизни узоқ вақт кузатганман ва негадир олий лига баҳсларини шарҳлаганингизни эслолмаяпман...

- Илгари «Ёшлар» телеканалида ишлаганимда, «Интерфутбол» дастурига Европа майдонларидаги энг сара ўйинлар танлаб бериларди. Шу боис, шарҳларим кўпроқ еврофутболга боғлиқ бўлган.

«Спорт» каналига ўтганимдан кейин эса Европа миллий чемпионати баробарида олий лига ўйинлари шарҳига ҳам қўйилганман. Аммо кўп эмас, 2 ёки 3та ўйинни шарҳлагандим.

- Шарҳловчи зерикарли тус олган ўйинга ҳам қизиқиш уйғота олиши керак. Бу тушунчага қандай қарайсиз?

- Шундай ўйинлар бўладики, улар шарҳловчига озуқа беради. Масалан, яқинда «Ювентус»нинг «Женоа»га қарши ўйинини шарҳладим. Бундай учрашувлар яхшигина масаллиқни таъминлайди. Ахир қизиқарли ўйин ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўз аҳамиятини йўқотмайди.

У шунингдек, шарҳловчига ҳам ижобий таъсир қилади. Тўғри, баъзан «Яхши шарҳловчи ўйинни қўшимча безайди», дейишади, лекин маълум маънода шундай. Ўта зерикарли ўйинни қизиқарли қилиб кўрсатиш қийин масала. Бунинг учун аввало, майдондаги футболчилар ҳаракат қилишлари лозим.

ОҒРИҚЛИ МАВЗУ

- Энди оғриқли мавзуга келдик - Ўзбекистон термасининг сўнгги икки ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Жамоамизни бундай оғир вазиятларда кўп кўрганмиз, кўп марта ЖЧ чиптасидан қуруқ қолганимиз барчага аён. Аммо шу сафар Хитой термасини ютишимизга қаттиқ ишонгандим. Чунки савия жиҳатидан бу рақибдан устун эдик.

Ҳозиргача алам қиляпти, Жепаров ва Сергеевда 2тадан зўр имконият бўлди, аммо гол урилмади. Жанубий Корея термасига қарши ўйинга келсак, ҳаммасини Самвел Бабаяннинг тактикасизлиги ва таркиб танлаш масаласида қайсарлиги ҳал қилди.

- Ўзи миллий жамоамиз бундай ўйин билан мундиал чиптасига муносибмиди?

- Биласизми, Голландия термаси ҳар доим саралаш баҳсларини яхши ўтказиб, жаҳон чемпионатига чиқарди, аммо кўп ҳолларда финал раундида ҳеч нарса қилолмаган. Демоқчиманки, саралаш мусобақасини мундиал билан солиштириш мумкин эмас.

Шундай экан, бундай гап- сўзлардан маъно йўқ. Боз устига, яқинда федерация раҳбарияти ўзгарса керак. Демак, жамоамиз жаҳон чемпионатига чиққан тақдирда ҳам, Бабаяннинг кетиши эҳтимоли катта эди. Яхши мураббий келган тақдирда эса, йигитларимиз ўзгаришга юз тутишарди.

Эрон термаси аввалги ЖЧда аргентиналикларга қарши қандай ўйнаганини бир эсланг. Агар Месси сўнгги дақиқаларда гол урмаганда, ЖЧнинг энг катта «сенсация»ларидан бири қайд этиларди.

Терма жамоамиз мундиалга бориб, йирик ҳисобларда мағлубиятга учраган тақдирда ҳам, унча ранжимасдим. Чунки мундиалда ўйнаш футболнинг умумий ривожи учун муҳим.

Футболчилар шу орқали дуч келган рақиб билан бемалол ўйнашни ўрганишади, савия кўтарилади. Мана, «Насаф» нима учун чинакам катта жамоага айланолмаяпти? Чунки миллий биринчиликда лоақал бир марта бўлсада, чемпионлик нашидасини сурмаган.

Сузишни ўрганмоқчи бўлган киши аввало, сувга тушиши керак. Океан ва денгизлар, дарё ва бассейнлар ҳақида 100та китоб ўқиб, назарияни ёдлаб олган тақдирда ҳам, сувга тушмаса, сузишни ўрганмайди.

Хулоса шуки, жамоамиз ҳам аввало, сувга тушиб кўриши шарт. Чўкиш хавфи остида қолсак ҳам, қулоқ-бурнимиздан сув кирса ҳам, шуни татиб кўришимиз талаб этилади. Дунё футболида шундай жамоалар борки, айнан ЖЧга чиққанидан кейин кескин кўтарилган.

Афсуски, бизга яна насиб қилмаган экан. Начора, яна 4 йил ўз ёғимизда қовуриламиз. Бунга ким жавоб беради? Биласизми, ёшлигимда бир мартагина профессионал футболчилар орасида ўйнаб кўрганман.

Ўшанда уларга панд бериб қўймаслик учун бор зеҳнимни ишга солганман, ўз савиямдан юқорироқ ўйнашга интилганман.

Ўйиндан кейин ҳаттоки, мақтаб қўйишганди: «Анча яхши ўйнар экансиз». Бу гапларни нима учун айтяпман? Терма жамоамиз энг яхшилар орасида ўйнаб кўриши шарт эди. Шунда ҳеч бўлмаса, юқори савия қандайлигини билиб олишарди.

- Хитой термаси 2002 йили ЖЧда иштирок этган, аммо бу мамлакат футболи савиясига таъсир қилмаган...

- Хитойда футболга муносабат бошқача. Вақтида Чин юртига борганман ва айта оламанки, у ерда футбол анча роботлашган. Яъни импровизация жуда кам. Ҳаттоки, Жанубий Кореяда ҳам шундай.

Агар охирги 2та ўйинга қарасангиз, бу фарқни яққол сезасиз. Тўғри, ҳар иккисида ғалаба қозонолмадик, аммо Хитой ва Жанубий Корея термаси футболчиларининг индивидуал жиҳатдан қандайдир феноменал ўйин намойиш этишганини кўрдингизми?

Бизда эса шундай йигитлар бор. Мураббий уларни майдонга туширмагани ёки имкониятларидан фойдаланолмагани эса  - бошқа масала. Кореяликлар асосан меҳнат орқали юқорига кўтариладилар. Уларда ижодкор ўйинчилар йўқ, ҳисоби.

Аминман, агар мундиалга чиққанимизда, бу футболимиз ривожига катта туртки берарди. Биласиз, жамоамиз асосан легионерлар ҳисобига кучли. Мундиал эса футболчиларимизга етакчи чемпионатлар эшигини очармиди?

Тан олайлик, ҳар доим легионерларга катта умид боғлаймиз. Мана, Шомуродов қай даражада ўсганини кўрдик. Ваҳоланки, у Россия чемпионатида бир неча дақиқа ўйнади, холос.

Демак, хорижда фаолият юритган футболчи савияси кескин ўсади. Ўзбек футболи кўтарилиши учун эса бундай легионерларимиз сафи кенгайиши керак. Ишонаманки, шундай бахт бир куни бизга ҳам насиб этади...

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz