Қайднома

Қидирув

Акаси ёки укаси ортидан шартномага эга бўлган 9 нафар футболчи

Акаси ёки укаси ортидан шартномага эга бўлган 9 нафар футболчи

  23.09.2017 00:01
  0
  3513
Акаси ёки укаси ортидан шартномага эга бўлган 9 нафар  футболчи

Кимнидир сотиб олишга пул камлик қиляптими? Нима, унинг ўзи жамоага ўтишни истамаяптими? Бу ҳолатда яширин «қурол»ни ишга солиш мумкин.

Яъни ўша номзод футболчининг акаси ёки укасига ҳам шартнома таклиф қилиш умумий вазиятга ижобий таъсир этиши ҳеч гап эмас. Қуйидаги мисоллар бунга далолат.

Кристиан ва Жонатан Бентеке

Жонатан Бентеке ва «Цульте-Варегем» (Бельгия) ўртасидаги шартнома муддати ўтган йили ёзда тугади ва футболчи акаси - Кристиан ортидан тўғри «Кристал Пэлас» сафига қўшилди. Аммо Англияда 22 ёшли ҳужумчини оғир ҳаёт кутиб турарди.

Ҳар ҳолда, 17та ўйинда майдонга тушиб, лоақал 1та гол урмаган футболчининг савияси Лондон клубига мувофиқ эмаслиги шундоқ сезилиб турарди. Аммо машҳур фамилия унга қўл келиб, яна бир йил жамоада қолди.

Тўғри, Жонатан мавсум-2016|2017 мобайнида атиги битта ўйинда кўриниш берди, холос. Аниқроғи, «Мидлсбро»га қарши кечган ва «Пэлас»нинг чиройли ғалабаси билан тугаган учрашувда ўз акаси ўрнини эгаллаб, 6 дақиқагина ҳаракатланди. Мавсум якунида эса уни қўйиб юборишди.

Жанлуижи ва Антонио Доннарумма

«Милан» ёзда вундеркинд-дарвозабон - Жанлуижи Доннаруммани таркибда олиб қолиш йўлида анча жиддий ишлашига тўғри келди. Ҳаттоки, ёш кипернинг кетишига шубҳа ҳам қолган эмасди, аммо клуб раҳбарияти вақтида зарур чораларни кўрди ва Миланда ортиқ ўйнамаслигини ошкора айтаётган «Жижи-2» 4 йиллик янги шартнома остига имзо чекишдан ўзини тийиб туролмади.

Гап шундаки, «россонерлар» унинг акаси - Антониони ҳам жамоага қабул қилишди. Бу футболчи Жанлуижидан деярли 10 ёш катта ва ёшлар жамоасида узоқ вақт «ўтириб» қолгач, 2012 йили миланликлар билан хайрлашганди.

Яъни унга «Милан»нинг асосий таркибида майдонга тушиш насиб этган эмасди. Айтганча, Антонио ўтган мавсум Грециянинг «Астерас» клуби шарафини ҳимоя қилди. Энди эса иқтидорли укаси шарофати билан яна «Милан» сафига қайтди.

Роке ва Хулио Санта Крус

Роке Санта Крус «Блэкберн» сафига 2007 йили қўшилди, бунгача эса нақ 8 мавсум машҳур «Бавария» ўйинларида жавлон урганди. Англия жамоасидаги дебюти ҳам чакки чиқмади - парагвайлик ҳужумчи илк мавсумда 19та гол урди.

Умуман, унинг иқтидорига ҳеч ким шубҳаланмасди, хусусан, Марк Хьюз ҳам. Хуллас, ушбу мураббий 2009 йили Рокени «Манчестер Сити»га таклиф қилди. Аммо голеадор ҳужумчининг укаси - Хулио савияси бўйича шубҳалар етарли эди. Бу кейинчалик ўз тасдиғини топди ҳам - 2008 йили акаси ортидан «Блэкберн»га жойлашган футболчи ҳеч нимага эриша олгани йўқ.

Хулио Англияда 3 йил яшаган бўлсада, бировнинг хотирасида қолмади, чунки асосий жамоа сафида лоақал бир марта майдонга тушмади, ўринбосарлар таркибида ҳам аҳён-аҳёнда кўриниш бериб турди, холос. Хулио якунда Парагвайга қайтди ва айни пайт «Депортиво Капиата» жамоасида ўйнамоқда.

Кларенс ва Седрик Зеедорф

ЧЛнинг 4 карра ғолиби Кларенс Зеедорф кўринишидан, шартнома тузиш чоғи клублар олдига укаси Седрикни ҳам иш билан таъминлаш шартини қўйган, шекилли. Ҳар ҳолда, кенжа Зеедорф аввалига «Реал» ёшлар академияси жамоасида ўйнади, кейин Кларенс ортидан «Интер»-га борди.

Шундан сўнг маълум муддат Голландия ва Италиянинг номи чиқмаган клубларида акасисиз тўп сурган Седрик бирданига яна катта доирада пайдо бўлди. Оддий айтганда, Кларенс «Милан» билан шартнома тузгач, жонажон укасини олдига чақириб олди.

Рафаэль ва Фабио да Сильва

Бразилиялик ёш ака-укалар - Рафаэль ва Фабио «Манчестер Юнайтед» таркибига бир вақтда, яъни 2007 йили қўшилишди. Муҳими, ҳар иккиси ўз иқтидорини имкон қадар кўрсата олди. Тўғри, Фабио доимо акаси соясида қолгани ҳам рост.

Таққослаш учун айтсак, Рафаэль «қизил иблислар» либосида 170 марта майдонга тушган бўлса, Фабио атиги 56та ўйинда қатнашиш билан чекланди. Рафа айни пайт Францияда «Лион» шарафини ҳимоя қиляпти, укаси эса чемпионшип вакили - «Мидлсбро»да қайта бош кўтаришга уринмоқда.

Кака ва Дигао

Бразилиялик маэстро Кака 2003 йили «Милан»га ўтди. Яна бир йилдан кейин эса ортидан кенжа укаси Дигао ҳам «россонерлар» сафига қўшилди. Миланликлар эҳтимол, унинг салоҳиятига ишонишгандир, балки шунчаки, Кака Италияда ўзини ёлғиз ҳис қилишини исташмагандир.

Охир-оқибат, Дигаонинг жамоага майдонда наф беролмаслиги ойдинлашди - ҳимоячи атиги битта ўйинда қатнашди, холос. Кейин эса Италия, Бельгия ва Португалиянинг кўплаб клубларида салоҳиятини синаб кўрди, аммо айтарли каромат кўрсатолмади.

Шундай бўлсада, 2012 йили «Нью-Йорк Буллз» билан шартнома тузди. Американинг етакчи жамоаларидан бирида 1 дақиқа- гина(!) ўйнагани қаттиқ таъсир қилдими, футболни четга суриб қўйишни маъқул кўрди. Хуллас, Диаго 2013 йили 27 ёшида бутсаларини михга илди.

Хесус ва Марко Навас

Хесус Навас «Манчестер Сити» сафига қўшилгач, илк даврда роса қийналди - жонажон ватанини қўмсарди. Клуб раҳбарияти футболчида мослашув жараёни оғир кечаётганидан хабар топиб, зудлик билан чора излади. Хуллас, «шаҳарликлар» қўшни жамоа - «Бери»га ҳиммат кўрсатиб, Хесуснинг 30 ёшли акаси Марко трансферини туҳфа этишди.

Табиийки, иккинчи лига жамоаси вакиллари бундан бағоят хурсанд бўлишди: «Манчестер Сити» раҳбарияти Хесус Навас бу ерда ўзини ёлғиз сезмаслиги учун акасини унга яқинлаштирди.

Бироқ Маркони ҳеч нарсага арзимайдиган футболчидек қабул қилманг. У профессионал даража, хусусан примерода етарлича ўйнаган тажрибали йигит». Бироқ катта Навас Англияда ўзини сира кўрсатолмади - бор-йўғи 3та ўйинда иштирок этганидан кейин 2014 йилнинг январида клуб билан хайрлашиб, Испанияга қайтди.

Эден ва Торган Азар

Торган Азар 2012 йили янги порлаган акаси Эден ортидан Англия томон юришни бошлади. Туманли ўлкада тўнғич Азар барчасини қо-йиллатаётган пайт Торган ҳеч нарса қилолмади, ҳисоб. Натижада «Челси»нинг бирор ўйинида қатнашмасдан аввалига ижара келишувлари бўйича «изғиди», кейин «Боруссия» М. таркибини тўлдирди.

«Бельгияда ўйнашни бошлагунимча ҳамма менга шунчаки, «Эденнинг укаси» қабилида қарарди. Муҳими, маълум вақтда нимадир қўлимдан келишини исботладим. Шу тариқа «Эденнинг укаси» мақомидан халос бўлдим»,-деганди Торган. Айтганча, август охирида «Челси» таркибига яна бир Азар - Килиан ҳам қўшилди. Фантастик тарих. Азарлардан яна борми? Ҳа, 14 ёшли Этан ўз навбатини кутяпти.

Паоло ва Фабио Каннаваро

Паоло ҳам доимо акаси соясида юраверишдан қийналган бўлса керак. Эҳтимол... Аммо факт шуки, у 1999 йили айнан Фабио туфайли «Парма» сафидан жой олганди. Чунончи, кичик Каннаваро бунгача «Наполи»нинг атиги 2та ўйинида иштирок этганди.

Кейинчалик Фабио гранд клубларни қўлқопдек алмаштирди - «Интер», «Ювентус», «Реал». Паоло эса бу вақтда «Парма»да сокингина ўйнашда давом этди: 7 йил бадалига 128та ўйинда майдонга тушди, 2005 йили УЕФА кубоги чорак финали юзини кўрди. У ҳозир 36 ёшда ва «Сассуоло» учун ўйнамоқда.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz