Қайднома

Қидирув

Терма жамоамизни бошқарган сўнгги тўрт мураббийнинг тўрт сифати

Терма жамоамизни бошқарган сўнгги тўрт мураббийнинг тўрт сифати

  25.09.2017 06:26
  0
  2891
Терма жамоамизни бошқарган сўнгги тўрт мураббийнинг тўрт сифати

Ўзбек футболи ҳозир узоққа югуриш олдидан бироз тин олиб турган атлетга ўхшайди. Гавда бироз олдинга эгилган, нигоҳлар ерга қадалган ва рухсат берилгани ҳамоно олдинга отилишга шай.

Ҳар ҳолда федерация раҳбарияти ўзгаргандан сўнг ҳамма яхши янгилик кутмоқда. Энг интиқ қилган хабар эса, шубҳасиз, Ўзбекистон термаси билан боғлиқ. Миллий жамоага қачон янги бош мураббий тайинланади?

Асосий масала шунда. Аммо шу билан бирга бошқа мулоҳаза ҳам бор - яқин орада термамизни ҳеч қандай мусобақа кутмаяпти.

Шундай экан, ўйини йўқ жамоага мураббий олиб келиш шартми? Шарт бўлса, ушбу вазифага қандай мутахассис тайинланиши лозим?

БИЗГА КИМ КЕРАК?

Ўзбекистон термасига қандай мураббий даркорлиги ҳақида гапиришдан олдин, унинг қандай сифатларга эга бўлиши шартлигини ҳам кўриб чиқсак, зарар қилмаса керак. Бунинг учун ўтган йиллар мобайнида миллий жамоага устозлик қилган мутахассислар номига мурожаат этишга тўғри келади. Сўнгги учта босқичда термамизни маҳаллий мураббийлар бошқарди. Улар ишлаган даврда натижага эришилмагани бошқа масала. Ўзбек футболидан етишиб чиққан мураббийларнинг камчиликлари билан бирга, яхши жиҳатлари ҳам бўлгани тайин. Айнан шу икки жиҳатни таҳлил қилиш орқали, кимга нима етишмаганини аниқлаб олсак.

Демак, ишни аввало, Рауф Инилеевдан бошлаймиз. Зеро Ўзбекистон терма жамоасида хорижлик мураббийлар эраси тугаб, маҳаллий мутахассисларга ишонч билдирила бошланганда «бошқарув пульти» айнан Инилеевга топширилган эди.

ИНИЛЕЕВ

Рауф Инилеев тактик жиҳатдан жуда ақлли мураббий ҳисобланади. Ҳар ҳолда ҳамма ҳам Осиёнинг энг яхши мураббийи, деган эътирофга сазовор бўлавермайди.

Айнан унинг даврида Ўзбекистон терма жамоаси ўзгача футбол намойиш этишни бошлаган эди. Инилеевнинг ғояларини футболчилар жуда яхши тушунишган.

Хусусан, Максим Шацких бошқа ҳеч бир мураббий қўл остида бу қадар енгил ўйин намойиш этмаганди. Айниқса, 2007 йилги Осиё кубоги ҳамон ёдимизда сақланади.

Аммо шу билан бирга Рауф Талгатовичнинг камчиликлари ҳам бис-ёр эди. Унинг даврида терма жамоага «темир қўл» етишмаётгани сезилиб қолди. Тактика бўлгани яхши, аммо мураббий футболчиларнинг бор имкониятини «суғуриб» олмас экан, назарий билимнинг фойдаси кўп сезилмайди. Инилеевга айнан шу нарса етишмади.

У футболчиларни ҳар қандай ҳолатда ҳам майдонга бор кучни ташлаб чиқишга мажбур этолмади. Оқибатда терма жамоа оғир вазиятга тушиб қолганда мураббий ҳам, футболчилар ҳам ўзларини йўқотиб қў-йишди. Агар Инилеев тактик билим билан бирга бироз қаттиққўлликни ҳам ўзлаштирганда, ҳозиргача терма жамоани бошқараётган бўлармиди?!

ҚОСИМОВ

Миржалол Қосимов Ўзбекистон терма жамоасини қабул қилиб олганда ўзбек футболида энг катта ҳурмат ва эҳтиромга эга инсон эди. Бу гапни ҳеч иккиланмай айта оламиз. Аммо бу эҳтиром юз фоиз футболчилик фаолияти билан боғлиқ. Ўзбекистон футбол федерациясининг ишонч билдиришига ҳам айнан шу омил сабаб бўлган.

Хуллас, Миржалол Қосимов футболчилик даврида орттирган обрў-эътибори боис Ўзбекистон терма жамоаси бошқарувига тайинланди. Ва шу нарса катта муаммоларни келтириб чиқарди.

Ҳар қандай соҳада масъулиятли лавозимга тайинланадиган инсон, аввало, бунга муносиб бўлиши лозим. Шу жойда ишлашга ҳақли эканини йиллар давомида исботлаши шарт. Акс ҳолда, муваффақиятга эришиши жуда қийин кечади.

Миржалол Қосимов футболчилик фаолияти давомида кўп мураббийлар қўл остида ишлаган ва уларнинг услуби билан яхши таниш эди. Аммо унга бир нарса етишмас эди - тажриба. Қосимовга терма жамоадаги биринчи даври мобайнида айнан шу омил панд берди.

Миржалол Қосимов - талабчан мураббий. Аммо ўз қарашларини футболчиларга етказиб беришда муаммоларга дуч келди. Терма жамоадаги иккинчи даври мобайнида анча самарали ишлади.

ЖЧ-2014га чиқиш учун етмай қолган иккита голни ҳозирга қадар эслаймиз. Бироқ мураббийнинг қўл остидаги футболчиларни яхлит жамоа сифатида бирлаштира олмагани ҳам айни ҳақиқат.

АБРАМОВ

Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси бошқа мураббий - Вадим Абрамов даврида яхлит куч бўлиб бирлаша олди. Дарҳақиқат, унгача ва ундан кейин бунақа жамоани бошқа кўрмадик. Абрамов терма жамоага келгандан сўнг футболчилар кўзида пайдо бўлган олов шу вақтгача ҳам, кейинчалик ҳам кузатилмади.

2011 йилда бўлиб ўтган Осиё кубоги фикримизга яққол исбот вазифасини ўташи мумкин. Ўша мусобақанинг очилиш маросимида Қатарга қарши кечган баҳс Вадим Карленовичнинг терма жамоадаги фаолиятини таърифлаш учун ташриф қоғозчасидир.

Абрамов ҳар бир футболчини тушуна оладиган мураббий. У жамоага энг яхши шароит яратиб бериш учун қўлидан келган барча ишни қилди. Ушбу мутахассис фаолият юритган даврда футболчилар терма жамоани нафақат клуб, балки ўз манфаатидан ҳам устун қўя олди.

Айтишларича, бир сафар у ҳатто футболчиларнинг оила аъзолари учун ҳам алоҳида йиғилиш ўтказиб, терма йиғини давомида ортиқча безовта қилмасликларини сўраган экан. «Агар оилада бирорта муаммо туғилса, футболчиларга эмас, менга қўнғироқ қилинг.

Ҳар қанча ёрдам керак бўлса, тайёрман. Фақат ўйинчиларнинг хаёлини бўлманглар. Уларнинг фикру-зикри оилавий масалалар ечими эмас, балки терма жамоа ўйинида бўлиши керак», - деган эди мураббий. Бу гапдан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

Аммо Вадим Абрамов ҳам ўзига яраша камчиликлардан холи эмасди. У энг масъулиятли ўйинларда кўп бор тактик хатоларга йўл қўйди. Осиё кубоги ярим финалида Австралияга қарши кечган баҳсни (0:6) эслаш кифоя бўлса керак.

Мураббийнинг миллий жамоа бошқарувидаги охирги ўйини ҳам яна бир мисол. Эрон термаси билан Тошкентда ўтган ўша баҳсда (0:1) Карлуш Кейруш айнан мураббийлик маҳорати эвазига Вадим Карленовични мағлуб этган эди.

САМВЕЛ БАБАЯН

Юқорида Ўзбекистон термасини бошқарган мураббийлар ҳақида сўз очдик. Очиғи, бу рўйхатга Самвел Бабаянни қўшиш олдидан анча ўйландик. Чунки биз миллий жамоанинг ижобий ва салбий жиҳатларига тўхталиб ўтмоқдамиз.

Бабаяннинг эса икки йиллик фаолияти давомида қайсидир жиҳати билан мухлисларни қойил қолдирганини эслай олмадик. Танқид қилинмаган томони деярли қолмагандир - мужмал ўйин, бемақсад югуриш ва дарвоза томон бирорта зарба берилмай тугаган учрашувлар кимга ҳам ёқади дейсиз?

Бабаян қўл остидаги таркибни ўзбек футболи тарихидаги энг кучлиси деб атаганди. Аммо мана шу ўйинчилар билан ЖЧ саралаши сўнгги босқичида жуда ёмон натижа қайд этди. Қолаверса, у «Осиёда таниқли бўладиган ўйин услуби яратиши»ни айтиб мақтанганди. Бироқ бу услуб ўзида нимани мужассам этганини 50 йилдан буён футболга алоқадор бўлган мутахассислар ҳам айтиб бера олишмади.

Шунга қарамай, Самвел Бабаянни ҳам эътироф этадиган битта жиҳат бор - омад! Тан оламиз, ўзбек футболи тарихида ҳали ҳеч қайси мураббий бу қадар омадли бўлмаганди. Сурия ва Эрон термаларидан мағлуб бўлиб, ҳамма умидлар сўнишига тайёр турганимизда Қатар Жанубий Кореяни енгиб берган.

Яна нима дейиш мумкин? Бабаяннинг омадли эканини айтиш учун бошқа гап шарт эмасдир? Гарчи унинг даврида миллий жамоа «чок-чокидан сўкилиб кетган» бўлса ҳам, Бабаянни асло омадсиз мураббийлар қаторига қўша олмаймиз. Асло!

ЧЕВАР

Ҳар қанча аччиқ бўлса ҳам айтамиз, мана шу омадли мураббийдан бизга афтодаҳол жамоа қолди. Ҳозирги Ўзбекистон термаси - мисоли кийими эскиган киши. Энди уни ясантириш учун маҳоратли чеварга эҳтиёж туғилмоқда. Аммо шундай мутахассис бизда бормикан?

Ўзбекистон терма жамоасига ҳозир Рауф Инилеевдек ақлли, Миржалол Қосимовдек талабчан, Вадим Абрамовдек руҳшунос ва Самвел Бабаяндек омадли мураббий керак. Афсуслар бўлсинки, бу инсонларни бирлаштириб, яхлит мутахассисга айлантириш имкони йўқ. Иложи топилган тақдирда, ҳозир у «Барселона» ёки «Интер»да ишлаётган бўларди. Демак, бизда фақат битта йўл қолади - хориждан мураббий таклиф этиш.

ХОРИЖЛИК МУРАББИЙ

Беш-олти йил муқаддам «Пахтакор»да ишлаб кетган Миодраг Радуловичнинг бир гапи бўларди. Унинг айтганларини сўзма-сўз келтириб ўтсак: «Менинг ватаним Черногорияда футболчилар «Барселона» ёки «Реал» сафига қўшилиш илинжида тўп суришади. Европанинг кучли клубларидан таклиф олиш учун машғулотга бор кучларини ташлаб чиқишади.

Керак бўлса, яшил майдонда жонларини беришга ҳам тайёрлар. Сизда эса футболчиларнинг мақсади бошқачароқ экан. Улар асосан кўпроқ пул топиш ниятида ўйнашаркан», - деган эди у.

Албатта, Радуловичнинг ҳамма гапи ҳам ҳақиқат эмас. Масалан, Одил Аҳмедов фақат бойлик орттиришни ўйлаганда, 2011 йилда «Анжи» эмас, «Ал-Гарафа» сафига қўшиларди. Араблар унга бир неча баробар кўпроқ пул таклиф этишганини эшитганмиз. Шундай экан, бизда ҳам футболни пулдан устун қўядиганлар бор. Аммо муаммо шундаки, бундайлар кўп эмас.

Ўзбекистон терма жамоасига эса ҳозир айнан мана шу дунёқарашни ўзгартира оладиган мураббий керак. Агар бизда бир эмас, ўн бир нафар Одил тўп сурса, ишонамизки, жаҳон чемпионати йўлланмаси тақдирини қитъамиздаги бошқа жамоалардан анча аввал ҳал қиламиз.

Албатта, ўз фойдамизга. Мазкур масаланинг ечими энди ЎФФдаги янги раҳбариятнинг қандай ишлашига боғлиқ. Модомики, биз терма жамоадаги менталитетни ўзгартирмоқчи эканмиз, бунинг учун кўп вақт керак бўлади. Беш йилдан кейин ўтказиладиган мусобақага тайёргарликни ҳозирдан бошлаш шарт.

Ишқилиб, ЖЧ-2022га арафасида биз бундай муаммоларнинг ижобий ҳал этилгани-ю, мундиалга қандай тайёргарлик кўриш лозимлиги ҳақида гапирайлик-да!

Зафар ҚОСИМОВ


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz