Қайднома

Қидирув

Хитой миллиардларига Европа клубларининг эҳтиёжи

Хитой миллиардларига Европа клубларининг эҳтиёжи

  29.09.2017 06:22
  0
  1482
Хитой миллиардларига Европа клубларининг эҳтиёжи

Янги аср аввалида иқтисодиёт бўйича катта тараққиётга юз бурган Хитой бугунги кунда энг йирик сармоядорлар мамлакатига айланиб улгурди.

Хусусан, ер юзида бу юрт тадбиркорлари кириб бормаган ҳудуд ҳам, соҳа ҳам қолмади, ҳисоб. Табиийки, хитойлик миллиардерлар миллионлар ўйини - футболга ҳам ошуфталар ва қизиқишлари жиддий эканлигини кенг намойиш эта бошлаганларига анча бўлди.

Мана, яқиндагина Англия премьер-лигаси иштирокчиси «Саутгемптон»нинг 80 фоиз акцияси ишбилармон Жишенг Гао томонидан 210 миллион фунт стерлингга сотиб олинди.

Бу воқеа европалик ҳамкасбларимизни футбол империясидаги хитойликларга яна бир карра эътибор қаратишга ундади...

Туманли ўлкага ҳужум

Эндиликда футбол ватани ҳисобланмиш Англиянинг нақ 6та клубида хитойлик ишбилармонлар улуши бор. Ҳа, бунга бирданига ишониш қийинроқ, кимдир ҳаттоки, матбуотни ортиқча сафсата тарқатаётганликда ҳам айблар балки. Йўқ, бу айни ҳақиқат: «Манчестер Сити», «Саутгемптон», «Вест Бромвич» ва чемпионшипдаги яна 3та жамоа («Астон Вилла», «Вулверхемптон» ҳамда «Бирменгем») акцияларининг бир неча фоизи хитойлик тадбиркорлар ихтиёрида.

Аслида кўпчилик наздида Хосеп Гвардиола бошқарувидаги «Сити» шайх Мансур бин Зайдга тегишли. Тўғри, у 2008 йили Манчестерда иккинчи мақомда бўлган клубни Таиланднинг собиқ бош вазири Таксин Шинаватрадан 265 миллион фунт стерлингга сотиб олганди.

Араб шайхи кейинроқ атиги 13 фоиз улушни айнан шунча суммага пуллади. Харидор гуруҳ - Хитойнинг Media Capital ва CITIC Capital компаниялари.

Эътиборлиси, шайх Мансур манфаатли келишув йўлида 6 ой музокара олиб борди. Узоқ 1919-1920 йиллар мавсумида мамлакат чемпиони мақомига эришган «Вест Бромвич» эса ўтган йилнинг айни шу пайти Чин юрти вакили қарамоғига ўтди. Клубнинг 88 фоиз улуши Yunyi Guokai ташкилоти номига расмийлаштирилгач, маҳаллий мухлислар орзуси ниҳоят, ушаладигандек эди.

Бироқ Хитой компанияси ҳозирча «Бромвич»ни рақобатбардош жамоага айлантиролмаяпти. «Бирменгем»да Хитой ишбилармонлари улуши анча оз. Улар клубнинг бор-йўғи 11 фоиз акциясини сотиб олишган. Аммо «Астон Вилла» ва «Вулхерхемптон» бутунлай  «миллиардер» мамлакатнинг миллиардерлари назорати остида.

Ли Ёнгхонг нажоткорми?

Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони сиёсат майдонида кетма-кет танқидларга учраб, рақобатчиларга имкониятни бой бергани етмагандай, унинг футбол бобидаги ишлари ҳам чаппасига кетди. Дейлик, 3-4 йилки, «Милан» учун Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этиш орзу бўлиб қолди.

Жамоа ҳаттоки, «А» серияси кўлами бўйича ҳам ўртамиёна мақомига айланди-қўйди. «Россонерлар» клуби ташкил топганидан буён тарих унинг бу қадар аянчли аҳволини кўрган эмасди. Мана, энди яқин ўтмиш ортда қолгандек.

Ҳар ҳолда, «Милан»нинг янги саҳифаси очилмоқда. «Кўҳна қитъа»да янги мавсум старт олганига кўп бўлмади, «қизил-қоралар» мухлисларининг эса яна ёруғ кунлар келишига ишончлари тобора ортмоқда. Сабаб бор - Берлускони 31 йиллик бошқарувдан кейин ўз уйидек бўлиб қолган жамоани хитойлик ишбилармон Ли Ёнгхонгга сотди. Албатта, арзон-гаровга эмас.

Ёнгхонг «Милан»ни Sport Investment Lux мулкига айлантириш йўлида 740 миллион евро сарфлади. Шунда ҳам клуб бутунлай унинг ихтиёрига ўтмади. Аниқроқ айтсак, 0,7 фоизгина улуш италияликларда қолди. Хитойликлар «Милан» ҳамшаҳрини ёлғизлатиб қўйишни исташмадими ёки «А» сериясида курашни янада кескинлаштиришни ўйлашдими, ҳарқалай, «Интер»га ҳам «оғиз солишди».

«Нерадзурралар» сармоядори - Эрик Тоҳир эса вазиятни пайсалга солмай, клубнинг 68,55 фоиз акциясини электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Suning Holdingler Groopга пуллади, 31 фоиздан кўпроқ улушни ўзида қолдирди.

Тўғри, Чин юрти тадбиркорлари ҳозирча «А» сериясига ёппасига эътибор қаратишмаяпти. Лекин агарда «Милан» ва «Интер» жорий мавсум ишончни оқласа, унда Италия чемпионати иштирокчилари ҳам хитойликлар орасида талаш бўлиши, шубҳасиз.

Иккинчи «Эль-классико»

«Барселона» - «Реал» ёки «Реал» - «Барселона». Ла-лига тилга олиниши билан аввало, шу икки гранд клуб тушунилади. Эътиборлиси, Хитой пулдорлари энди бундай қарашларга ҳам қарши чиқишмоқчи. Улар «Эль-класико» мавқесини тушириш бўйича аллақачон ҳаракат бошлашган.

Мисол учун, Хитойнинг энг йирик компанияларидан бири - Dalian Wanda Groop раҳбари Ванг Жианлин 2015 йили «Атлетико»ни бутунлай сотиб олишга уринди. Бироқ мадридликлар унинг талабига кўнишмади. Шунда ҳам ўз мақсадидан қайтмаган Жианлин охир-оқибат, 45 миллион харжлаб, 25 фоиз акцияга эга чиқди.

Rastar Groop бошлиғи Чен Яшенг эса Барселонанинг иккинчи жамоаси «Эс-паньол»га таъсир ўтказиш йўлида 56 фоиз акцияга 64 миллион евро ажратди. Демакки, хитойлик сармоядорлар Испанияда иккинчи «Эль-класико»ни вужудга келтирмоқчилар.

Умуман олганда, осиёликлар «оловли юрт» томон ҳамлани шу билан тўхтатганлари йўқ. «Гранада» аслида италиялик бизнесмен Жанпаоло Поццога тегишли эди. У футболдан чарчади, шекилли, 2016 йили жамоани хитойлик ҳамкасби Жианг Лишангга пуллади.

Бу тадбиркор футболнинг катта мухлиси эмас. Ҳарқалай, у шу пайтга қадар баскетболга сармоя тикиб келаётганди. Айни пайт АҚШнинг «Миннесота Тимбервулвс» жамоаси айнан Лишангга қарашли.

Бироқ юртдошлари испан футболига чанг сола бошлашгач, у ҳам бу масалада ортда қолишни истамади, гўё. Айтганча, «Валенсия» ҳам аллақачон хитойликлар мулкига айланган.

Шарқий Европа томон йўналиш

«Ницца» аввалги мавсум Франция чемпионатида ажойиб ўйинлар кўрсатди. Буни кўпчилик клуб таркибида маҳоратли ижрочилар жамланишгани билан изоҳлади. Аслида эса бу кўтарилиш аввало, хитойлик миллиардерлар - Чин Ли ва Алекс Зенг ҳаракатларига боғлиқ.

Чунончи, улар ҳамкорликда «Ницца»ни кучли клубга айлантириш учун пул аяшмаяпти. Ли ва Зенг жуфтлиги 2016 йили жамоанинг 80 фоиз акциясини сотиб олганди. Францияда яна бир жамоа - «Сошо» ҳам хитойлик ишбилармонлар назоратида.

Европа нашрларида ёзилишича, футбол бозори ҳудудини янада кенгайишига Чин юрти миллионерлари катта ҳисса қўшишмоқда. Негаки, уларнинг барчаларида кучли бешлик сирасига кирувчи чемпионатлар клубларини харид қилиш имконияти йўқ.

Шарқ ва Шимол бозорида эса «то-вар»лар нисбатан арзонроқ. Шу боис, бироз «камбағал» тадбиркорлар Голландия, Дания, Чехия ва Болгария каби мамлакатлар клубларига қўл узатишмоқда.

Абдуллохон Исроилхонов тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz