Қайднома

Қидирув

Алишер Азизов: «Кучлироқ чемпионатда ўйнамоқчиман»

Алишер Азизов: «Кучлироқ чемпионатда ўйнамоқчиман»

  03.10.2017 03:37
  0
  593
Алишер Азизов: «Кучлироқ чемпионатда ўйнамоқчиман»

«Пахтакор»даги ўйинлари билан мухлислар эътиборини ўзига қарата олган ҳужумчи Алишер Азизов «Дордой» клуби сафида Қирғизистон кубоги соҳибига айланди.

Ўш шаҳрининг «Олой» жамоасига қарши кечган учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимларида ҳисоб очилмади. Пенальтилар сериясида омад Алишер Азизов жамоадошларига кулиб боқди.

Жорий мавсум аввалида ушбу мамлакатнинг бир неча карра чемпиони билан бир йиллик шартнома имзолаган ҳамюртимизнинг ўзи жароҳати сабаб майдонга туша олмади.

Биз финал баҳсидан сўнг Алишер билан боғланиб, ундан интервью олдик.

- Алишер, соврин муборак бўлсин. Бу кубокнинг аввал қўлга киритган совринларингиздан фарқи борми?

- Мен учун ҳар бир соврин қадрли. Фақат бу галгисини легионер сифатида қўлга киритганим бошқаларидан кўра қадрлироқ туюлди. Афсуски, финал ўйинида майдонга тушолмадим.

- Финал номига яраша ўтдими?

- Албатта. Унда Қирғизистоннинг иккита кучли жамоаси тўқнаш келди. Бу икки клубнинг финалдаги ўзаро учинчи ўйини бўлди. «Дордой» 8 маротаба мамлакат кубогини қўлга киритиб, бу борада рекорд қайд этган экан. Таққослайдиган бўлсак, «Олой» фақат бир бор кубок соҳибига айланган. Ваҳоланки, клуб 6 бор ҳал қилувчи баҳсда ўйнаганди.

- Асосий вақтда ғалаба қозониш учун жамоангизга нима етишмади?

- Содда қилиб айтганда, гол етишмади. Ўйиннинг асосий вақтида биз устунликка эришдик. Қўшимча бўлимларда эса ўшлик футболчилар яхшироқ ҳаракат қилишди ва бизга нисбатан хавфли вазиятларни кўпроқ юзага келтиришди. Агар ўзимиз юзага келтирган хавфли вазиятларни голга айлантирганимизда, қўшимча бўлимларга ҳожат қолмасди. Албатта, рақибнинг кучини ҳам тан олиш керак. «Олой» Қирғизистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Таркиби деярли бир неча йилдан бери ўзгармай келяпти. Лекин бу жамоани техник-тактик жиҳатдан кучли дея олмайман. «Олой» кучли иштиёқ эвазига ўйнайдиган клублар сирасига киради. Бошқа томондан, финалда томонлар очиқ футбол намойиш этмай, эҳтиёткорликка урғу беришди.

- Ўйинни майдон ташқарисидан кузатиш қийин кечгандир?

- Албатта. Майдонда бўлганингизда 10 дақиқалардан сўнг ҳаяжон тар-қаб кетади. Лекин майдон ташқарисидан ўйинни кузатиш ва жамоадошларга ёрдам бера олмаслик - бу жуда ҳам оғир. Устига-устак, таркибимизда ҳужумчи йўқ эди. Шу жиҳатдан ҳам бизга финал нисбатан қийинроқ кечди.

- Жароҳатни қайси ўйинда орттириб олгандингиз? Қанча муддатга сафдан чиққансиз?

- Битр тур аввал чемпионат доирасидаги «Абдиш-Ота» клубига қарши кечган ўйинда тиззамдан жароҳат олгандим. Шифокорлар қўйган ташхисга ишонсак, бир ой майдонга туша олмайман. Ҳозир бу муддатнинг 10 куни ортда қолди.

- Кубок қўлга киритилди. Энди чемпионат учун ҳам жамоа олдига вазифа қўйилганми?

- Пешқадамдан 15 очко ортда қолиб кетганмиз, етиб олишнинг деярли имкони йўқ. Иккинчи ўрин ОФК кубогида қатнашиш ҳуқуқини бермайди. Шу боис ҳам бор эътиборни кубокка қаратгандик. Фақат шу совринни қўлга киритиш орқали қитъа миқёсидаги турнир йўлланмасига эга бўлардик. Бу қийин вазифани футболчиларимиз шараф билан бажаришди. Шахсан ўзимга келсак, жароҳат олгунимга қадар чемпионат тўпурарлари пойгасида биринчи ўринда эдим. Мавсум якунланишига учта тур қолди. Менимча, африкалик легионер бу борада мендан ўзиб кетса керак.

- Демак, сиз учун мавсум якунландими?

- Шундай деса ҳам бўлади. Балки сўнгги икки турда майдонга тушарман. Чунки ФИФА кунлари муносабати билан Қирғизистон терма жамоасининг икки ҳафталик йиғини бошланади. Бу орада асосий гуруҳда югуришни ҳам бошлайман.

- Умуман, Қирғизистондаги ҳолатингиздан кўнглингиз тўқми?

- Мавсум учун қўйилган минимум вазифа бажарилди - мамлакат кубоги қўлга киритилди. Жами 20та гол урдим. Шулардан 11таси чемпионат доирасидаги ўйинлар, қолгани эса ОФК кубоги ҳамда мамлакат кубоги баҳсларига тўғри келди. Энди янада кучлироқ чемпионатда ўйнаш истагим бор. Ёки хорижга йўл оламан ё Ўзбекистонга қайтаман. Саудия Арабистони, Жанубий Корея клубларидан қизиқишлар бор. Ҳозирча чемпионат якунланишини кутаман.

- «Дордой» билан амалдаги шартномани узайтириш бўйича таклиф олмадингизми?

- Шартномам декабрь ойининг охирида якунига етади. Ҳозирча клуб раҳбариятидан келишувни узайтириш бўйича таклиф бўлмади. Улар ҳам чемпионат якунланишини кутишаётган бўлса керак. Жамоамизга янги бош мураббий тайинланганди. Балки унинг янги мавсум учун ўз режалари бордир.

- Олий лига ўйинлари, хусусан, собиқ жамоангиз - «Пахтакор» иштирокидаги учрашувларни кузатиб боряпсизми?

- Албатта, Ўзбекистон чемпионатини мунтазам равишда кузатиб келяпман. Шубҳасиз, «Пахтакор» иштирокидаги ўйинларга бефарқ эмасман. Меҳмонда «Локомотив» мағлуб этилди. Бу билан жамоа ҳали чемпионлик учун ҳам кураша олишини исботлади.

- Миллий терма жамоамизнинг ЖЧ-2018 саралашидаги иштироки бўйича умумий фикр ва хулосаларингиз қандай бўлди?

- Бизга мундиалга чиқиш учун битта гол етишмади. Ҳужум чизиғида ишларимиз юришмаётган экан, бошқа футболчиларга имконият бериш керак эди. Лекин мураббий ўзи танлаган йўлдан охиригача боришга қарор қилди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Термамиз етакчилари қандай фикрда?

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

  • Сизнингча, Олий лига-2017 ни қайси жамоалар тарк этади?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.