Қайднома

Қидирув

Фернандо Кавенаги: Мақсадим – «Ривер» билан умрбор бирга бўлиш

Фернандо Кавенаги: Мақсадим – «Ривер» билан умрбор бирга бўлиш

  05.10.2017 03:36
  0
  202
Фернандо Кавенаги: Мақсадим – «Ривер» билан умрбор бирга бўлиш

Бир пайтлар Аргентина терма жамоасининг умиди деб ҳисобланган Фернандо Кавенаги унчалик ишончни оқлай олмади. Яқинда футболчи La Naciуn наш­рига интервью берди.

Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Кавенаги олти ой Марбельяда истиқомат қилди. Бироқ Ўрта ер денгизи соҳилидаги кошона ҳам унинг учун иккинчи уй бўла олмади. Фернандо ўзи туғилиб-ўсган О~Брайен шаҳарчасига қайтди.

- Аввалига Марбельяда барчаси кўнгилдагидек эди, -деб гап бошлади Кавенаги. - Биз шинам уйда хавф­сиз яшаётгандик. Лекин менинг ватаним - Аргентина. Дўстлар ва бошқа жиҳатлар ортга қайтишимизга сабаб бўлди.

Катта фарзандларим уйга қайтишни хоҳлаб қолишди. Натижада турмуш ўртоғим билан О~Брайенга қайтишга қарор қилдик. Саккиз ёшли Бенхамин ва олти ёшли Софиянинг истаги якуний қарорни қабул қилишимизга сабаб бўлди. Албатта, бир ёшли қизим Анна бунга қаршилик қилмади. Кейинчалик рафиқам Соледад билан йўлга отландик.

- Футболдан кетишга қачон қарор қилдингиз?

- Тўғрисини айтсам, яна бироз ўйнамоқчи эдим. Кипрдаги фаолиятим ёрқин кечаётганди (АПОЭЛда 18та ўйинда 19та гол). Лекин ўтган йилнинг апрелида тиззамдан олган жароҳатим барчасини барбод қилди. Натижада олдинги даражамга чиқа олмадим. Операция қилишди, саккиз ой даволандим. Лекин қайтишнинг иложи бўлмади.

- Тиззангиз ҳамон оғрияптими?

- Ҳа. Ҳаммаси Францияда бошланганди (Фернандо 2009 йилнинг мартида  «Тулуза» дарвозабони Седрик Каррассо билан тўқнашиб, жароҳат олганди). Шундан кейин танам ҳеч қачон 100 фоизга тайёр бўлмади.

Ўша пайтда Европага мослашаётгандим, мавсум охирида чемпионликни нишонлаган «Бордо» тўп-урари эдим. Мени турнирнинг энг яхши легионери деб топишди.

«Лион»даги Жуниньодан юқори қўйишганди. Бензема («Лион») ва Жиньяк («Тулуза»)лар билан тўпурарлик учун кураш олиб бораётгандим. Афсуски, чемпионатнинг сўнгги 12 турида майдонга туша олмадим.

- Ҳозир ҳам футбол ўйнаб турибсизми?

- Жуда кам. Деярли ўйнамай қўйдим.

- Матбуотнинг эътибори камайганидан бахтлимисиз?

- Ҳозир олдингидек эмасман. Футболчилик давримда мағлуб бўлсам кўчага чиқа олмасдим. Энди эса масъулият йўқ.

- Енгилликни ҳис қиляпсизми?

- Ҳа. Олдин оилам билан бахтли лаҳзаларни ўтказиб юборгандим. Энди ўш онларни ортга қайтаряпман. Эрталаб соат 6:30 тураман, кейин болаларни мактабга олиб бораман. Кейин Бенхаминни футбол мактабига, Софияни ролик учишга элтаман.

- Кўчада кўришса нима дейишади?

- «Ривер» ишқибозларидан яхши гапларни эшитаман. Албатта, «Бока» мухлислари кўриб қолишса, ёқтиришмайди.

- «Ривер Плейт»нинг 116 йиллик тарихида фақат тўрт нафар футболчи билан хайрлашув учрашуви ўтказилган: Норберто Алонсо, Энцо Франческоли, Ариэль Ортега ва сиз. Ўзингизни эркатойдек ҳис қиласизми?

- Билмадим. Шундай номлар қаторида бўлишнинг ўзи катта гап. Бундай бўлишини орзу ҳам қилмагандим. «Ривер» мухлислари чипталарни 24 соат ичида харид қилиб, мени ҳайрон қолдиришганди. Ўша ўйинни хайрлашув учрашуви деб ҳисобламайман. Мақсадим - «Ривер» билан бир умр бирга бўлиш.

Фернандо Кавенаги

Туғилган санаси: 1983 йил 21 сентябрь

Туғилган жойи: О’Бра­йен, Аргентина.

Ўйнаган жамоалари: «Ривер Плейт» (2001-2004, 2011-2012, 2014-2015), «Спартак» (Россия, 2004-2007), «Бордо» (Франция, 2007-2010), «Мальорка» (Испания, 2010), «Вильярреал» (Испания, 2012-2013), «Интернасьонал» (Бразилия, 2011), «Пачука» (Мексика, 2013), АПОЭЛ (Кипр, 2015-2016).

Ютуқлари: Аргентина чемпиони (4), Франция чемпиони (1), Франция Лига кубоги соҳиби (2), Франция суперкубоги соҳиби (2), Кипр чемпиони (1), Жанубий Америка кубоги соҳиби (1), Жанубий Америка суперкубоги соҳиби (1), Либертадорес кубоги соҳиби (1) ва ёшлар U-20 ўртасида Жанубий Америка чемпиони.

Аргентина миллий терма жамоаси сафида 4та ўйин ўтказган.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

МАВЗУГА ОИД БОШҚА ХАБАРЛАР

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

Жамоа Ў О
тўлиқ маълумот »

Кун фотоси

FUTBOL TV телеканалининг 16-декабрь кунидаги кўрсатувлар дастури

  • Ўзбекистон терма жамоасининг янги бош мураббийи ким бўлиши мумкин?

  • Ҳўш, сайтимиз сизга ёқдими?


© "Interfutbol.UZ". © 2006-2017. Мобил версия
Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!
Барча ҳуқуқлар амалдаги қонунчиликка биноан ҳимояланган.